Йилғай Дурдиев (1934-1997)

Йилғай Дурдиев (Ýylgaý Durdyýew) – Туркманистон халқ ёзувчиси. 1934 йили Берекет туманида туғилган. Туркманистон давлат университетини тамомлаб, турли йилларда “Адабиёт ва санъат” газетасида, “Совет адабиёти” (ҳозирги “Қорақум”) журналида, Туркманистон Ёзувчилар уюшмасида, Маданият вазирлигида ишлаган.

МАКСИМ ТАНКГА

Инсон фарзандига қодир табиат
Барча бойлигини этганда эҳсон.
Вахш билан сийлади Турсунзодани,
Қорли тоғлар бўлди Расулга макон.

Сенинг чекингда-чи, дарёлар, кўллар,
Қирғоғидан тошган тўлқинлар саси.
Мовий кенгликлардан бағрига чорлар
Белоруснинг мангу яшил арчаси.

Бамисли ойнадек тиниқ кўлларинг
Узукка ёқут кўз, деган гапга мос.
Саробга тамшаниб чанқоқ чўлларим
Кўлларинг    сувини қилади ҳавас.

Сенда оқ қайину ўқ ўтмас ўрмон,
Менда оппоқ ёлли саркаш Қорақум.
Мақсади бир халқнинг йўли оқ мудом,
Сеникидек ҳалол еган туз-ноним.

Уч юзта дарёнг бор, уч юз мингта қалб,
Уч юз минг соз бир даврада бўлди жам.
Бешик-бешик тўлқинларинг қучоқлаб,
Мовий қўлларингда сайр этдим мен ҳам.

«Кумуш камар қилиб белга боғлаб ол,
Дарёнинг бирини.» Тутдинг қўшқўллаб.
Уч юз минг дарёнинг шавқи шу зумда
Шоир юрагимга қуюлди гувлаб.

Сафар хотирасин сўзласам келиб
Она Қорақумга, кўрдим бир ҳолат:
У изҳор айлади ловуллаб, тўлиб
Сенга, қардошликка чексиз муҳаббат.

Очил Тоҳиров таржимаси.