Соғин Ақматбекова (1949)

Соғин Ақматбекова (Сагын Акматбекова) 1949 йил 16 февралда Қирғизистоннинг Калинин туманида туғилган. Москвадаги М. Норький номидаги адабиёт институтини тамомлаган (1973).

Илк шеърий тўплами 1970 йили «Ёмғир» номи билан чоп этилган. Шеърлари рус, украин, латиш, туркман, турк, немис тилларига таржима қилинган. Соғин Ақматбекова япон ва хитой классиклари Басё, Исса, Ли Бо, Ду Фу шеърларидан қирғизчага таржима қилган.

ПОЕЗД ЧОПАР

Ёлғиз ётгум. Ўғлим кетган овулга,
Ёлғиз ётгум. Поезд борар узоқлаб.
Поезд ўтар гоҳ таракдаб, гоҳ пастлаб,
Поезд чопар йўл танобин тузоқлаб.

…Кўзим толиб, қани уйқу келса-чи,
Ёнбошлайман дилни ўртар аланга.
Ўйга ботиб, тилсиз-унсиз сўзлаган,
Дуч келаман ўта сирли оламга.

Ёш чоғимда мен ҳам тушиб кетувдим,
Ана шундай поездларга бир маҳал.
Сарҳуш қилиб тўрғайларнинг овози,
Яшил олам асир этган галма-гал.

Кун айланар турфа гулга бурканган,
Тунлар ойли, беғубордир — ёрқиндир.
Яшаш асли ташвишларга омухта,
Бу қарашлар шоирона талқиндир.

Кетган эдим… Йўл чироқни кўтариб,
Пешвоз чиққан эди талай йўлчилар.
Балким қариб, кўз юмгандир қанчаси,
Балким тирик «қани бўл, ҳа, бўлчилар».

Баъзан юриб, баъзан тўхтаб, зириллаб,
Поезд каби олисларни кўзлайди.
Мен уқмаган оҳанг ила тўлғаниб,
Мен билмаган тиллар билан сўзлайди.

Турмуш нима? Нени кўрдим, не билдим,
Ёки унинг оловида куймадим.
Балким асли ёмонларни ёқтирмай,
Балким мени ёқтирганни суймадим.

Ёлғиз ётгум. Ўғлим кетган овулга,
Ёлғиз ётгум. Поезд борар узоқлаб.
Поезд юрар гоҳ тарақлаб, гоҳ пастлаб,
Поезд чопар йўл танобин тузоқлаб.

Вокзал яқин. Тун… бир маҳал… Йўлчилар
Равон бўлсин, бугун Сизнинг йўлингиз.
Йўллар бўлар гул тўшалган, қор ёққан,
Файзли бўлсин, дўстлар, ўнгу сўлингиз.

Дош бергайсиз, изғирин, қор, шамолга,
Мадад олиб гулзорлардан, боғлардан.
Тенг-тўш билан қувнаб яйраб, овуниб,
Фориғ бўлиб дилга инган доғлардан.

Йўлчироқлар қолиб кетар, ўт қуяр,
Қизил куяр, сариқ куяр, кўк куяр.
Олам шундай, олтмиш мингли тўсиқдан,
Эҳтиётлаб олиб ўтган бўрк куяр.

«ҚИЗИЛ ЎРИК»

…Ётган эдик битта касалхонада,
Ён палата, дилда нени туймадим.
Қизи билан ашулачи бир аёл.
«Қизил ўрик»… қўшиғини куйладим.

Хабар олар ҳар кун турмуш ўртоғим,
Баъзан оғриб, ҳатто кўз ҳам юммадим.
Аёлнимас, ашуласин билардим,
«Қизил ўрик»… қўшиғини куйладим.

Балки қизи тегиб кетган куёвга,
Қўшиқ айтиб, иш битказдим киройи.
Аёл ўлди. Эри эса уйланди,
Ашуласин мен қилганман хиргойи.

Чега солдим синиб қолган буюмга,
Куйлай-куйлай нима ишлар қилмадим!
Қуримаса, биров кесиб кетмаса,
Ажаб эмас, турар ўрик, билмадим.

Турган бўлса, сайхонликда, қирдадир,
Кўрк чиройи ўтиб кетган йилдадир.
Ҳасратимни хамир мисол ийладим,
«Қизил ўрик»… қўшиғини куйладим…

* * *

Қир устида ўтирибман димоғим чоғ,
Атрофим яланғоч тоғ, яланғоч тоғ.
Тоғнинг усти булутсиз кўк, булутсиз кўк,
Атрофим ялпизли чўп, ялпизли чўп.

Яланғоч тоғ сукут сақлаб ўтирар,
Булутлар йўқ, кўздан ёшим тўкилар.
Ҳасратимнинг ёшларин бўлмас тўсиб.
Чўп тугул майса ҳам кетди ўсиб.

* * *

Яшил қирнинг ортида бир қишлоқ бор,
Кечроқ борсак, қараб йўлнинг сўл-соғин.
Ёшлик – соғинч, ташна қилар одамни,
Дилгир, шўхроқ билсанг турмуш ўртоғим.

Яшил қирнинг орт ёғида бир уй бор,
Ойнагига тортилмаган пардаси.
Бизни қўққис, биров кўриб қолмасин,
Тун киргунча ўтирайлик шарпасиз.

Эски уйнинг дарвозаси олдида,
Пишқирган сув, чирик ёғоч кўприк.
Эски ишқнинг ҳасратлари ортилган,
Ўтмоқ қайда, кўникмадик ўтириб.

Уй атрофин ҳар йилгидан ўзгача
Тўсиб олган баланд ўсган жўхори.
Яшил дўнгнинг шамолидай ўжар, шўх,
Менга ҳамроҳ бўлган йигит виқори.

Қирғиз тилидан Турсунбой Адашбоев таржималари