Лиляна Стефанова (1929)

Болгар шоираси, адибаси, публицисти ва таржимони. Асарлари жаҳоннинг 31 тилига таржима қилинган. 1929 йилда туғилган. София университетининг филология факультетида, Москва давлат театр санъати институтининг режиссура бўлимида ва М. Горький номидаги адабиёт институтида таҳсил олган. Шеърият, наср, эссе, публицистика, драматургия жанрларида элликдан ортиқ китоблари нашр этилган. Болгариянинг адабиёт соҳасидаги “Димитров” мукофоти, “Кирилл ва Мефодий” ордени, “Дора Габе” миллий мукофоти билан тақдирланган.

ШАМОЛ

Шамол эшигимни қоқар бемаҳал,
рашкчи эркак каби инжиқ, бадгумон.
Бевафо деб ўйлаб, қилади жанжал.

Шошмагин,
мана, тун – беғараз гувоҳ,
билиб-билмай мени айблама ноҳақ,
ҳеч қачон хиёнат қилмадим, ахир,
тинчлан,
менда йўқ-ку ҳеч қандай гуноҳ…

Мен сени бир лаҳза унутдимми, айт?
Ёлғизлик меҳмони бўлдим,
сукунат
сийлади кўрсатиб меҳр-оқибат.
Хаёл шаробини ичдим мен бу пайт,
серқуёш боғда сайр айладим фақат,
менга қучоқ очди мезбон – сукунат.

Қизишма,
жаҳлингни жиловла, шошма.
Сукунатда лаҳза –
қумдек зарра, гард.
Мени меҳмон қилди бир дам сукунат.
Ахир, сеникиман –
сеники фақат.

Ишонмаяпсанми ҳалиям?
Эсла,
дўст эдик иккимиз
ҳамсуҳбат, сирдош.
Мени рашк қилмагин, девонагинам.
Кундуз сеникиман,
чошгоҳда, тушда –
ҳар кун сеникиман.
Тушдан кейин ҳам
сен билан бўламан ботгунча қуёш.

Деразам ойнаси титрар ногаҳон,
эшигим тақиллар қаттиқ, бетоқат.
Ишонмаяпсанми ҳалиям, наҳот,
ўзингсан-ку менга ёлғиз ҳукмрон?!

Эрта нима бўлар менга,
билмайман,
сенга юрагимни қўйдим олдириб.
Мен нима қиламан
сен кетиб қолсанг,
фақат сукунатни менга қолдириб?

ТЎЙ

Тўйнинг алёри, завқи,
Ноғора овози шўх.
Юракка тегар шавқи,
Юракда ёнади чўғ.
Овоз қуш каби учар,
Еру кўкни гангитар.
Оёқлар рақсга тушар –
Ерни тепиб чангитар.
Ўйин-кулгидан ҳовли
Кема каби қалқийди.
Раққоса қиз рўмоли
Маёқ каби балқийди…
…Оқ кўйлакли келинчак
Гуллаган каби олча.
Кўзёшимни артаман,
Қўлимда дастрўмолча.
Сўзлайман, кўзимда ёш,
Кулиб турар лабларим:
“Келин, тиконсиз бўлсин
Бошингда гулчамбаринг”.
Айб бўлса ҳам синдиринг
Дарахтлар бутоғини.
Қуёш кўзига суртсин
Келинчак оёғини.
Менинг орзу-тилагим
Офтоб мисоли ёнур –
Дераза ойнасидан
Уйига ёғилсин нур.
Ноғорачи зарб билан
Юрагимни чалади.
Гуриллаб ўйин-кулги
Тобора авж олади.
Ҳилпирайди оқ кўйлак,
Қушдек қанот қоқар енг.
Даврада сузиб кетар
Оққуш мисоли келин.

ЁЗ

Тобланаман қуёшда обдан
Кун чиққандан ботгунга довур.
Заҳира тўплайман офтобдан
Кўпроқ меҳр,
Ҳарорат,
Ҳовур.

Ярқирайди оппоқ тишларим,
Нур юзимни ёндириб суяр.
Пешонамга тушган сочларим
Майса каби қовжираб куяр.

Гоҳ қум каби чўл-биёбонда
Ловуллайман қуёшда ёниб.
Гоҳ чағалай каби уммонда
Дам оламан мачтага қўниб.

Тобланаман қуёшда обдан
Кун чиққандан ботгунга довур.
Заҳира тўплайман офтобдан
Кўпроқ меҳр,
Ҳарорат,
Ҳовур.

Қиш келганда бир кун ногаҳон,
Қаҳратонда қолган пайт борлиқ,
Ҳамла қилса аёз, муз, бўрон,
Қақшаганда музлаб тирик жон,
Қовоқ уйса осмон ҳам совуқ,
Ҳузурингга кириб борурман:
Меҳр, ҳарорат ва нур олиб.
Иссиққина қўлларим билан
Қучоқлайман ёнингда қолиб.
Йўғон арқон каби тўлғонган
Узун ўрим сочларим билан
Билагингни белимга боғлаб,
Иситаман сени қучоқлаб.
Мен борман, сен қолмайсан музлаб,
Бахш этаман меҳр, ҳарорат.
Доим сени топади излаб,
Юрагимда ёнган муҳаббат.

Рус тилидан Мавсума Мансурова таржимаси