Қози Назрул Ислом (1899-1976)

Қози Назрул Ислом (কাজী নজরুল ইসলাম) — шоир, ёзувчи, мусиқачи, файласуф ва жамоат арбоби. У асосан инсоний тенглик, хурлик куйланган жабр-зулмга қарши руҳда ёзилган шеърлари билан машҳур. Оташқалб шоир ижтимоий адолатсизлик қораланган шеърлари ва миллий озодлик учун курашганлиги боис “Бидроҳи Коби”, яъни “Исёнкор шоир” лақабини олган. Дарвоқе, Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Эркин Воҳидов ижодининг энг сара намуналаридан бири саналган “Руҳлар исёни” драматик достони Назрул Исломнинг ҳаётига бағишланган. Достонга шоирнинг қуйидаги мисралари эпиграф қилиб олинган: “Туғилгансан озод, мудом Озод бўлиб қол!”

МЕНИ ШОИР ҚИЛДИ МУҲАББАТ

Мени шоир қилди ишқу муҳаббат.
Бамисли кўзгудай мен битган ҳар байт
Сенинг жамолингни кўрсатар фақат.

Кундуз ойдинлиги ва тунги само
Ғуруб юлдузию саҳарги зиё
Олқишлайди мендек ошиқни фақат.

Офтоб ҳам чиқади – лолайи алвон,
Саболар қўлларин чўзар мен томон,
Қирғоққа бош уриб кўпирар уммон.

Булар бари – сенсан. Юрагим ёнар,
Туғилади достон ила дуолар.
Сенинг нафасинг-ла нафас олар жон.

Манглайдаги қирмиз холинг – на гўзал!
Оёқда халхолинг асил, мукаммал!
Кела қол. Овоз бер зоримга, гўзал.

Мени шоир қилди ишқу муҳаббат.
Менинг ҳар ғазалим, мен ёзган ҳар байт
Кўзгудай жамолинг кўрсатар фақат…

ГУЛ САЙЛИДА

Гул сайлида жимдирсан нечун?
Нега бу тонг жамолинг маҳзун?
Бошинг узра увиллар шамол,
Гул сайлида жимдирсан нечун?

Шаробни ол, тубида пинҳон
Томирларда оққан шодлик, шавқ.
Созингни черт, ер ила осмон
Хушнуд куйлар ичра бўлсин ғарқ.

Ё маъшуқанг кетдими ташлаб?
Куйма, эртан қайтади албат.
Нега даркор кўзларинг ёшлаб,
Қадринг билмас ёрга садоқат?

Кўнглингни уз. Кўксинг яролиқ.
Айролиққа вақт ўзи даво.
Завол еган ой ботар аниқ,
Офтоб чиқар янги, мусаффо.

МЕНИНГ СЕВГИМ

Кела қол! Маним бўл муҳаббат ҳақи,
Қаро зулфларингга юлдузлар тизиб,
Кумуш сирға каби ҳилолни тақиб –
Қўяйин, кела қол, азизим, дегил.

Фақат кел, кутарман ҳаргиз интизор,
Унутгайман ўтган йиллар савдосин.
Оққушлардай учиб бармоқларимдан
Бўйнингга ўралар оқ гул шодаси.

Ой нурига сандал ифорин ийлаб,
Сочарман сен юриб келган ёқларга.
Камалакнинг ахмар рангидан сайлаб
Хинолар боғларман оёқларингга.

Фақат сен кела қол муҳаббат ҳақи,
Сенсиз қўшиғимда йўқ рағбат, мажол.
Фақат кела қолгин, тонгларим балқиб
Булбулларим сайрар мастона, хушҳол.

СЕНИ ИЗЛАЙМАН

Излайман, чорлайман йўлингда ҳардам.
Эй, азал ибтидо, сўроғингдаман.
Олис ёқларда ҳам ҳар босган қадам
Товшингни илғайман тун чоғинда ман.

Пирпираган ёрқин юлдуз мисоли
Тушларимга кириб келасан шаддод.
Бир қушман – ташналик забтига олиб,
Қақраган самода излар сув, нажот.

Онгим зулматида бир тола нурсан,
Боғимни яшнатган оби ҳаётсан.
Чақмоқларнинг олов игнасидурсан,
Сукутсан, қалдироқ ичра нажотсан.

Мушкул йўлларимнинг бадал туҳфаси –
Энг аъло гулчамбар тузарман сенга.
Бир сенга ўлгунча содиқман асли.
Фақат излайман-у топмасман нега?..

Рус тилидан Ойдин Ҳожиева таржимаси