Лу Синь. Телба хаёллар (ҳикоя)

Ака-ука Х…лар — ҳозир номларини айтиб ўтирмай — илгари ўрта мактабда бирга таҳсил кўрган пайтимизда менинг қадрдон дўстларим эди. Кейин ҳар ким ҳар ёққа сочилиб кетди, орадан йиллар ўтгач, аста-секин орамиздаги алоқа ҳам узилди. Яқинда уларнинг бири оғир дардга мубтало бўлганини фавқулодда эшитиб қолдим: она юртимга бораётиб, дўстларимникига бирров кириб ўтдим-у, фақат акасини учратиш насиб этди, айни ўша акаси гапириб берди укасининг хасталигини.
«Бизни кўрай деб, бекорга овора бўлибсиз шунча йўл босиб. У аллақачон тузалиб, ҳозир N. шаҳрига давлат хизматига кетди». Кейин хохолаб кулиб юборди-да, укамизнинг хаста аҳволини қадрдон оғайниларга айтиб қўйсак зиён қилмайди, деганча, кундалик шаклида ёзилган иккита дафтарни топиб чиқди. Уларни олиб уйга қайтдим-у, ёзувларни кўздан кечирганимдан сўнг, бемор «васвас» касалига йўлиққан экан, деган хулосага келдим. Воқеалар чалкаш, бири боғдан, бири тоғдан, бири-бирига қовушмаган сўзлар эса қалашиб ётарди; ёзилган ойи ҳам, куни ҳам кўрсатилмаган, сиёҳ ранги ва дастхатнинг ҳар хиллигидан узоқ вақт ёзилганини билиш мумкин эди. Эпақага келадиган, бир-бирига сал боғласа бўладиган жойларини териб-териб олдим-да, шифокорлар эътиборига ҳавола этиш учун уни китоб шаклига келтирдим. Лекин биронта сўзига ҳам тегмадим, гарчи зарурати бўлмаса ҳам фақат исм-фамилияларни ўзгартирдим, чунки унда тилга олинган одамларнинг бари қишлоқда яшаганлари сабабли уларни ҳеч ким танимас эди. Сарлавҳасига келсак, сарлавҳаси ҳам ўзгартирилмади, кундалик муаллифининг ўзи тузалганидан сўнг уни шундай деб номлаган экан.

I

Еттинчи йил, тўртинчи ой, иккинчи кун.
Бугун тунда ҳаммаёқ сутдай ойдин.
Ойни кўрмаганимга ҳам ўттиз йилдан ошди, қарангки, бугун кўришим билан дилим ёришиб кетди. Ўттиз йил борлиқни зулмат босиб турганини ҳозир тушундим. Аммо жуда эҳтиёт бўлмоқ керак. Акс ҳолда Чжао ҳовлисидаги ит… Нега у менга олайиб қаради?
Қўрқаётганим бежиз эмас…

II

Бугун ой чиқмади; англадимки, яхшиликка олиб келмайди бу. Эрталаб эҳтиёт бўлиб кўчага чиқдим. Чжао Гуйвэннинг қарашлари бежо: ё мендан қўрқяпти, ё менга қасд қилмоқчи. Қолган етти-саккиз киши ҳам мен ҳақимда шивир-шивир гаплашишяпти. Пайқаб қолишимдан чўчиб, қўрқиб туришибди. Кўчада кимни кўрсам, ҳаммаси ўзини ғалати тутяпти. Айниқса, биттаси жудаям ёвуз: менга кўзи тушиши билан оғзининг таноби қочиб кулди. Тепа сочим тикка бўлиб, титраб кетдим, баданимни совуқ тер босди, билдимки, ҳаммаси тил бириктиришибди.
Бироқ мен қўрқмай, гўё ҳеч нарса сезмагандай йўлимда кетавердим. Олдимда бораётган бир тўда болакайлар ҳам мени янишяпти. Улар ҳам худди Чжао Гуйвэндек олазарак, юзлари чўянга ўхшаш қорайиб кетган. Ўйланиб қолдим: бу болаларга нима ёмонлик қилибманки, мени бунча ёмон кўришса? Охири чидолмадим ва «Ҳей, мақсадларинг нима?» дея бақириб бердим, аммо улар ура қочишди.
Яна ўйладим: бундан йигирма йил аввал Гу Цзюнинг эски кирим-чиқим дафтарини тепкилаганимни айтмаса, Чжао Гуйвэнга нима ёмонлик қилибман, йўлда учраган анови одамларга нима ёмонлик қилибман. Жаноб Гу Цзю анча хафа бўлган эди. Чжао Гуйвэнь, гарчи уни танимаса ҳам, лекин, ҳойнаҳой, шу гап қулоғига етгану, Гу Цзюнинг тарафини олган: йўлдаги одамларни менга гижгижлаган ҳам ўша. Аммо болалар-чи? Ахир, улар у пайтда ҳали дунё юзини ҳам кўрмаган эдилар-ку; нега менга бугун бу қадар ғалати, еб қўйгудек тикилишди. Ё мендан қўрқишди, ё тагимга етишмоқчи. Шуларнинг бари юрагимга ваҳим соляпти, ҳайронман, айни пайтда жуда хафаман.
Тушундим. Ҳар қалай, ота-оналари гап ўргатишяпти уларга!

III

Тун бўйи ухлолмадим. Нимаики нарса бўлмасин, фақат синчикласанггина тагига етасан.
Ахир, бу одамларнинг бўйнига кунда осган — уезд бошлиғи юзига тарсаки урганлар — помешчиклар, хотинларини тортиб олганлар — уезд миршаблари, ота-оналарини нобуд қилганлар — судхўрлар-ку, лекин афту башараларини кеча таниб бўлмасди, қутуриб кетган эдилар.
Айниқса, кўчада рўбарў келган аёл ўзини ғалати тутди: ўғлини савалаб, «Мен сенга кўрсатаман ҳали! Сени емагунимча қўймайман!» деб бақирди-я. Шундай деб туриб, менга босим тикилиб қолди. Қўрқиб кетганимни ҳамма сезди. Бир гуруҳ одамлар сўйлоқ тишларини кўрсатиб, беибо хохолаб кулишди. Чэнь Бешвой ёнимга югуриб келди-да, мени уйга судраб кетди.
Уйга судраб келди… Уйимдагилар ҳам гўё мени танимагандай лоқайд тутишди ўзларини: худди ановилардек, бегона одамлардек талмовсираб тикилишди менга… Кабинетга киришим билан, товуқ ё ўрдакни қафасга қамагандай, эшикни қулфлаб олишди. Нима гаплигини тушунмай, ҳайронман.
Бундан бир неча кун олдин Бўрихона қишлоғидан бир ижарачи келиб, ҳосил унмаганидан нолиди; қишлоқдагилар ўзаро тил бириктириб, ёвуз бир ҳамқишлоқларини ўлдирганларини ҳам акамга гапириб берди; кейин қувват бўлади деб, ўша ўлган одамнинг юраги ва жигарини қовуриб ейишибди. Гапга аралашмоқчи бўлган эдим, ўша заҳоти ижарачи ҳам, акам ҳам менга қараб-қараб қўйишди. Кўзлари худди кўчадаги одамларникига ўхшаш бежолигини ҳам фақат бугун пайқабман.
Шу фикр хаёлимга келиши билан вужудимни қалтироқ босди.
Модомики, улар одам ея олар эканлар, демак мени ҳам еб қўйишлари мумкин-да.
Сал ўйлаб кўринглар, ахир! «Емагунимча қўймайман» деб бақирган анови аёл, қоп-қора башара, сўйлоқ тишли кимсаларнинг хохолаб кулиши, акам билан ижарачининг гаплари — буларнинг бари бёжиз эмас. Аёлнинг сўзи — оғу, кўчадагиларнинг кулгиси — тиғ, оппоқ, ўткир, йиртқичларникидек қарсиллаб турган тишлари эса одамларни ейишга атайлаб мосланганга ўхшайди.
Тахминимча, Гу Цзюнинг кирим-чиқим дафтарини тепкилаганимдан кейин, мени ёвуз эмас, дейишнинг ўзи ҳам қийин бўлса керак. Ҳар қалай, ҳозирлик кўришяпти нимагадир, аммо нимага — билмайман. Қизиқ, бирон кишидан сал ранжидими, дарров ёвузга чиқаришади уни. Акамнинг насиҳати эсимда: у бир марта, энг яхши одамга ҳам гап қайтарсанг, дарров юзингга ташланади: лекин энг бемаъни одамга, агар унинг валақлашига чидасанг, ким яхши—сен яхшисан, «қанчалар доно ва оқил одам экан, бошқаларга ўхшамайди» дея сени мақтайди, деган эди. Хуллас, уларнйнг ҳақиқий ниятини билолмай доғдаман, бунинг устига, ахир, гап одамхўрлик ҳақида боряпти-я.
Нимаики нарса бўлмасин, фақат синчикласанггина тагига етасан. Илгари замонда одамларни кўп ейишган: сал-пал бўлса ҳам тарихдан эслаяпман буни. Янаям аниқроқ билиш учун тарих китобини очдим, китобда куни кўрсатилмаган, аммо ҳар-саҳифасида «инсонпарварлик», «адолат», «ахлоқ», «яхшилик» деган сўзлар қалашиб ётибди. Ухлолмадим, бари бир, ярим кечада китобни яна диққат билан ўқий туриб, мисралар орасида «одамхўрлик» деган битта сўз ҳадеб такрорланаверганини бирдан кўриб қолдим.
Бу сўз, бамисоли ҳиринглаб, таъна билан менга кўзини лўқ қилиб тургандай эди. Менам одамман, мени улар ейишмоқчи!

IV

Эрталаб, энди кўнглим тинчиб ўтирган эдим, Чэнь Бешвой кириб келди. У димлама балиқ олиб кирибди: балиқнинг кўзлари оқиш, ўшшайган, оғзи эса худди анови одамхўрларникидек ваҳшиёна йирилган. Бир-икки нимтасини егандим: шилимшиқ, балиқми ё одам гўштими, билиб бўлмайди, кўнглим айниб кетди.
«Чэнь бобой, — дедим унга,— акамга айтинг, зерикиб ўлдим жуда, боғни айланмоқчиман». Чэнь индамай ташқарига чиқиб кетди. Аммо тезда эшикни очиб қайтиб кирди.
Ўрнимдан жилмай, уларни кузатяпман: нима қилишмоқчи мени? Биламан, ташқарига чиқаришмайди мени. Ана, билдинглармй энди! Акам нотаниш бир мўйсафидни эргаштириб, секингина кириб келди. Чолнинг кўзлари еб қўяман дейди-ю, сезиб қолишИмдан чўчиб, ерга қарайди, кўзойнаги тагидан хуфиёна қараб-қараб ҳам қўяди. Акам: «Чамаси, бугун ўзингни анча яхши сезяпганга ўхшайсан-а?» деб сўради. Мен: «Ҳа» деб жавоб қайтардим. Акам: «Сени кўриб қўйиши учун доктор Хэни таклиф қилдим», дея гапйда давом этди. Аслида бу чол — либосини ўзгартирган жаллодлигини билиб турсам ҳам, «Майли!» деб жавоб қайтардим! У ўзини томиримни санаётгандай қилиб кўрсатиб, аслида қанчалик семиз-ориқлигимни аниқламоқчи, шунда унга ҳам бирон нимта тегса керак-да. Мен мутлақо қўрқмадим. Одам гўштини емасам ҳам, бари бир, улардан анча довюрак эканман. Қўлимни мушт қилиб тугдиму, чолга узатдим, нима қилишини кузата бошладим. Чол ўтириб, кўзларини юмиб олганча, анча вақт томиримни пайпаслади, анча вақт ўйланиб қолди, кейин иблисона кўзларини бақрайтириб: «Ҳеч нарсани ўйламасин, бир неча кун бутунлай осойишта боқинглар уни, шунда ҳаммаси жойига тушиб кетади», деди.
«Ҳеч нарсани ўйламасин, бир неча кун бутунлай осойишта боқинглар уни!» Тушунарли: обдан семиргунимча боқиб туришмоқчи мени, ана шунда, қарабсизки, пичоғи мойда уларнинг: аммо «ҳаммаси жойига тушиб кетади» дейишгани нимаси? Бу кимсалар шу қадар муғамбирки, ўзлари одам ейишмоқчи-ю, айни пайтда буни яна яширмоқчи ҳам бўладилар, очиқчасига иш тутишга чўчишадиям — ўласизми-куласизми бунисига! Ўзимни тутолмай қаҳ-қаҳ кулиб юбордим. Ҳузур қилдим роса. Қўрқмай, дангалига кулдим ўзим ҳам. Кутилмаган бу дангаллигим ва довюраклигим таъсир қилди шекилли, чолнинг ҳам, акамнинг ҳам ранги ўчиб кетди. Аммо мен қанчалик ботирланганим сари улар мени тезроқ ейишнинг пайига туша бошладилар — довюраклигим уларга ҳам юқди-қўйди. Чол хонадан чиқди-да, эшикдан хиёл нарилаб, акамга: «Келинг, тезроқ ея қолайлик», дея шивирлади. Акам маъқуллаганча бош ирғади. «Демак, сен ҳам ўшалар билан бирга экансан-да!» Бу янгилик фавқулодга ўхшаб туюлса ҳам, аммо мантиқан тўғри эди. Мени емоқчи бўлган тўда ичида акам ҳам бор экан-а!
Акам — одамхўр!
Мен эса — одамхўрнинг инисиман!
Мени еб гумдон қилишади-ю, одамхўр аканинг укасилигимча қолавераман, бари бир.
Кейинги бир неча кун ичида аввалги тахминларим бир оз ўзгарди: дейликки, ўша чол ниқоб кийиб олган жаллод эмас-у, ҳа, ана, чинакам табиб ҳам бўла қолсин, лекин, бари бир, у одамхўр. Уларнинг илмидаги пири Лю Шичжень, адашмасам, ўзининг «Илдизлар ва гиёҳлар» деган китобида одам гўштини қовуриб еса бўлади, деб очиқ-ойдин айтган. Шундай экан, қандай қилиб бу Муттаҳам чол одамхўр эмасман, дея олади?
Бир қориндан талашиб тушган акамга ҳам бекордан-бекор гап ташлаётганим йўқ. Қадимги ёзувлар маъносини тушунтира туриб, у ўз оғзи билан «болаларни алмашлаш ва уларни ейиш» мумкин, деган эди. Бир марта қандайдир ёмон одам ҳақида гап кетганда, акамнинг: «Уни нафақат ўлдириш, ҳатто гўштини қиймалаб еб, терисини тагингга солиб ётишинг керак», деганини ҳам эслаяпман. У пайтда мен ёш бола эдим, азбаройи қўрқиб кетганимдан анчагача юрагим дукурлаб юрган. Бир неча кун муқаддам бизникига Бўрихона қишлоғидан келган анови ижарачи «бечоранинг юраги ва жигарини ейишди» деб ҳикоя қилганда ҳам акамнинг ҳатто бир туки қимирламади. Аксинча, у ҳадеб бош ирғаб маъқуллайверди. Ҳойнаҳой, у ҳозир ҳам худди илгаригидай ёвуз. Модомики, у болаларни алмашлаш ва ейиш мумкин, дея ҳисоблар экан, демак, унда истаган нарсани алмашлаб, истаган кимсани ейиш ҳам мумкин-да. Мен илгари унинг адолат ҳақидаги гапларини эшитиб, соддалигим қурсин, унга ишонардим, энди бўлса, гарчи адолат ҳақида гап сотса ҳам, лаб-даҳани нафақат одам ёғига булғангани, ҳатто юраги ҳам одамхўрлик ниятига тўлиб-тошганини яхши биламан.

VI

Зимистон, кундузми ё кечами, билмайман. Чжао ҳовлисидаги ит яна акиллаяпти.
Арслондек йиртқичлик, қуёндек қўрқоқлик, тулкидек айёрлик.

VII

Мен уларнинг йўлини билдим, ошкора ўлдиришни исташмаяпти ва бунга журъат ҳам этишолмайди, гуноҳга ботишдан қўрқиб. Шу сабабли улар ўзаро тил бириктиришиб, ўз оёғимдан илинишимни кўзлаб, ҳаммаёқни тузоқ, тўрга бостириб ташлашган. Бир неча кун аввал кўчада учраган анови эркаклар билан аёлларни эсланг, акамнинг ғалати қилиқларини ўйлаб кўринг, бир зумда ҳаммаси равшан бўлади-қўяди. Мен учун энг яхши йўли — арқон топиб, тўсинга уни маҳкам боғлаб — осилиб ўлганим тузук, шунда улар гуноҳга ботишмайди, истаклари рўёбга чиққанига қувониб, хохолаб кулишади. Бунисидан ҳам кўра, қўрқувдан ёки ғамдан эзилиб ўлган яхши: унда у қадар семирган бўлмайман-у, шундаям улар юз берган воқеани маъқуллаб, қайта-қайта бош ирғашлари мумкин.
Фақат билганлари одам гўштини ейиш! Эсимда, китобларда ёзилишича, сиртлон деган махлуқ бор. Жирканч махлуқ, айниқса, кўзлари жирканч. Ўлакса ейди: чайнаб-чайнаб, катта сўнгакларни ҳам ютиб юборади. Ҳатто ўйлашга ҳам қўрқасан уни. Сиртлон — қашқирлар наслидан, қашқир эса итлар оиласидан. Чжао ҳовлисидаги ит ҳам уч кундан бери менга босим-босим тикилиб қўяди, анавилар билан тил бириктиргани аниқ. Эй, сен, чол, кўзингни ерга олганинг билан, бари бир, мени алдолмайсан.
Айниқса, акамга ачинаман. У ҳам одам-ку, ахир, нега зиғирча бўлсаям қўрқмайди? Бу ҳам етмагандай, мени ейиш учун шу тўдага қўшилганми у? Нима ўзи — одамхўрликни гуноҳ деб ҳисобламаган қадимги одатми бу, ёки онглй равишда жиноят қилиб, бутунлай виждонини йўқотган кимсанинг ишими? Мен одамхўрларни, аввало акамни лаънатлайман: уларни одамхўрликдан қайтаришга уринаман ва буни акамдан бошлайман.

VIII

Очиғини айтганда, ушбу далиллар уларга ҳам мутлақо тушунарли бўлиши керак.
Тўсатдан бир одам кириб келди: кўринишидан йигирма ёшларда, ундан ошиқмас. Аммо афту ангорига тузукроқ разм сололмадим. Оғзининг таноби қочиб, менга бош ирғайди. Жилмайиши ясама. Мен ундан:
— Одамхўрлик — тўғри ишми шу? — деб сўрадим.
У ҳамон жилмайганча:
— Нега одам ейиш керак экан? — дея жавоб берди.
Дарров тушундим, бу ҳам ўша тўдадан, бу ҳам одам ейиш деса суяги йўқ. Ботирлигим юз чандон ошиб кетди-ю, «Тўғрими шу?» деб қисталанг қилдим.
— Қўйсангиз-чи, бунақа гапни? Ҳазилкашмисиз дейман ўзингиз ҳам… Ҳавонинг очиқлигини қаранг.
Чиндан ҳам ҳаво очиқ, сутдек ойдин эди.
— Йўқ, бари бир, жавоб берасан сен: «Тўғрими шу?»
У нима қилишини билмай турди. Ниҳоят:
— Йў-ў… — дея дудуқланди.
— Нотўғрими? Нега унда улар одам ейишади?
— Бўлмаган гап.
— Бўлмаган гап? Бўрихона қишлоғида очиқчасига ейишади, бу ҳақда истаган китобингда ёзиб ташланган.
Унинг ранги ўчиб, башараси чўяндек қорайиб кетди. Менга синовчан тикилиб:
— Яхшиси, бу гапларни қўйинг, қайтага ўзингиз айбдор бўлиб қоласиз! — деди.
Кўзларим олайиб, сапчиб ўрнимдан турсам, ҳалиги одамдан соя ҳам йўқ. Аъзои баданимни тер босиб кетди. Акамдан анча-мунча ёшлигига қарамай, у ҳам тўдаданлигини сира кутмагандим. Сўзсиз, ота-онаси ўргатган унга. Ўз навбатида у ҳам ўз ўғлига ўргатиб қўймаганмикан, деган хавотирдаман, шу сабабдан бўлса керак, болалар менга ўқрайиб қарашади.
Бир-бирларини ейишади-да, ўзлариниям биров еб қўйишидан қўрқиб, бир-бирларига шубҳа билан қарашади…
Қаники, улар ёвуз фикрларидан қайтсалар, ўз юмушларини қилиб тинчгина ухлаб, ўйнаб-кулиб, еб-ичиб юрсалар-ку, қандай дорилзамон бўларди-я. Бунинг учун кўп нарса зарурмас, салгина истакнинг ўзи кифоя. Аммо улар тўда-тўда бўлиб олиб, ҳаммалари: оталару, ака-укалару, эру хотин, дўсту биродар, муаллиму, ўзаро ғаним ва бир-бирини мутлақо танимайдиганлар ҳам — ҳаммаси бир-бирини бир-бирига гижгижлаб, ўлиб қолсалар ҳам тинч яшайлик, дейишмайди.

IX

Эрталаб азондан акамни қидира бошладим: у ҳовлида, теварак-атрофни томоша қилаётган экан: орқасида тўхтадим-да, ғоят хотиржамлик билан, ўта мулойим овозда:
— Ака, сизда бир гапим бор, — деб мурожаат этдим.
— Марҳамат, гапир, — деди у шарт ўгирилиб, кейин бош силкиди.
— Бор-йўғи уч-тўрт оғиз сўз-у, тилим бормаяпи. Йўқ! Ака! Ҳар қалай, жамики йиртқичлар, аввалига оз-оздан бўлса ҳам, одам гўштини тотиб кўришган. Кейинроқ, эътиқодларига қараб, айримлари одамхўрликдан воз кечишган, бутун фикру хаёлларини камолотга сарфлаб, охир-оқибатда одамга, ҳақиқий инсонга айланганлар, бошқалари эса ҳамон одамхўрликка ружу қўйганлар. Худди қурт-қумурсқанинг ўзи; бир хиллари тадрижан балиқ, қуш, маймун ва, ниҳоят, одамга айланган, бошқалари эса такомилга интилмай, ҳамон қумурсқалигича қолиб кетган. Лекин одамхўрлар шу қумурсқага қараганда ҳам осмону ер.
И Я ўз ўғлини қовуриб, Цзе ва Чжоунинг таомига берган, чунки қадим-қадимдан шу одам ҳукмрон эди. Паньгу осмонни ердан узгандан бери ва И Янинг ўғлини еганларидан; И Я ўғли воқеасидан то Сюй Силингача; Сюй Силиндан то Бўрихона қишлоғидаги одамхўрликкача, ким билади дейсиз, бу орада қанча-қанча одамзод еб ташланганикин? Ўтган йили шаҳарда бир жиноятчи қатл этилганда, қандайдир симён одам нон бурдасини марҳумнинг қонига булғалаб, маза қилиб ялаган.
Улар мени ейишмоқчи, сиз, албатта, ёлғизсиз, қўлингиздан ҳеч нарса келмайди. Лекин нега уларнинг тўдасига қўшилиб қолдингиз? Одамхўрлардан яхшилик кутманг! Мени ея олишар экан, сизни ҳам еб қўйишлари мумкин, кейин бир-бирларини ейишади. Аммо сал нафсларини тийишса-ку, одамлар ўртасида қандай осойишталик ҳукм сурарди. Майли, энг сўнгги пайтгача ҳам ҳеч нарса қилинмаган бўла қолсин, лекин, наҳотки, камолот сари интилишимизнинг иложи йўқ, ахир, айтинг-чи, наҳотки иложи йўқ? Ака, биламан, сизнингча бунинг сира чораси йўқ: ҳу анови куни ижарачи ҳақини пасайтиришни сўраганда, сиз унга рад жавоби бердингиз.
Акам аввалига совуқдан-совуқ илжайди, аммо гапирган сарим афту ангори, гезариб, пинҳона ниятларини фош этиб ташлай бошлаганимда эса юзи нақ қорайиб кетди.
Ташқарида одамлар уймалашиб турибди: улар орасида Чжао Гуйвэнь ҳам итини етаклаб юрибди. Ичкарига бўйинларини чўзиб, остонага суқилишади. Бир хилларининг қиёфаси, худди парда орқасидан кўрингандай, ғира-шира кўзга чалинади: бир хиллари эса ҳў ўша галдагидек сўйлоқ тишли, қоп-қора юзли. Улар лабларини қимтиганча мийиқда кулишяпти. Ҳаммаси бир тўдаданлигини, ҳаммаси одамхўрлигини мен биламан. Лекин ҳар хил фикрлашларини ҳам билиб олдим: айримлари одамларни еявериш керак, деб ҳисоблашади: айримлари эса одамни ейиш гуноҳлигини билиб турсалар ҳам, бари бир, егилари келаверади. Аммо бу пинҳона ниятларини бошқалар сезиб қолишидан қўрқадилар, шу сабабли ҳам мен гапирганимда тоқатлари тоқ бўлиб, лабларини қимтиб жилмайишади.
— Йўқолинглар! Ақлдан озган одамни томоша қилишга уялмайсизларми!
Айни шу аснода уларнинг яна бир муғамбирлигини сезиб қолдим. Инсофга келиш хаёлларида ҳам йўқ, қайтага мени телба деб бирон-бир жойга гумдон қилишмоқчи. Ана шунда мени ейишади-ю, туя кўрдингми йўқ, бунинг устига уларнинг ёнини оладиганлар ҳам топилиб қолади. Ижарачи ҳам худди шундай ҳодисани гапирган эди. Ҳаммаси улар истагандек бўляпти.
Чэнь Бешвой ғазабга тўлганча ёнимга чопиб келди. Қанчалик овозимни бўғишни истасалар ҳам, бари бир, уларга қарата: «Тавба қилишларингга ҳалиям кеч эмас, чин кўнгилдан тавба денглар! — дегим келади. — Биласизларми, келажакда ер куррасида одамхўрликка ўрин қолмайди. Агар ҳақ йўлига ўтмасанглар, ўзларингни еб битиришади. Минг-минглаб тухум очсанглар ҳам, ҳақиқий одамлар сенларни худди бўрини қирган овчидек қириб ташлайдилар. Худди қурт-қумурсқадек эзиб ташлайдилар!»
Чэнь Бешвой тўдани ҳайдаб юборди. Акам ҳам қаёққадир кетди. Чэнь Бешвой алдаб-сулдаб мени хонага киришга кўндирди. Хонада зим-зиё қоронғилик. Хари ва тўсинлар бошим устидан бирдан чайқалиб, анчагача қимирлаб турди ва ўзидан-ўзи катталаша бошлади…
Нимадир вужудимни тошдек босди, қимир этолмайман: улар ўлимимни кутишяпти. Кимдир мени босиб турганини ҳис этдиму, жон ҳолатда туришга уриндим. Бошимга қилич келса ҳам уларга: «Ҳозироқ тавба қилинглар, чин кўнгилдан тавба денглар! Биласизларми, келажакда одамхўрларга ўрин йўқ…» демоқчи бўлдим.

X

Ёруғ жаҳонни кўрмайман, эшикни очишмайди: кунига икки марта овқат беришади… Чўп қошиқни қўлга олишим билан акамни ўйлаб кетаман: жажжи сингилчамнинг ўлимига ҳам акам айбдорлигини биламан. Кўз ўнгимдан ҳали-ҳали сингилчамнинг қиёфаси кетмайди. Қанчалар ёқимтой ва ғамгин қиёфа. Ахир, у бор-йўғи беш ёшда эди. Онам тўхтовсиз ҳўнграб йиғлаган эди, шундай қилган тузук, деб ўйлаган бўлса керак. Бир воқеани эслаяпман, беш ёшдамидим ё кичикроқмидим, уй олдида, шабадада ҳузур қилиб ўтирганимда акам, агар ота ёки она дардга чалинса, ўғил ҳатто жонини аямай, танини кесиб, ота-онасига ҳадя этиши зарур: ана шундагина у ҳақиқий ўғил еаналади, деган эди. Онам эътироз билдирмаганди. Аммо бир парча гўштни ейиш мумкин бўлса, унда бутун одамни еса ҳам бўлавераркан-да. Лекин онам бечоранинг йиғлаганларини эсласам, ҳали ҳануз юрагим тарс ёрилиб кетгудек эзилади. Чиндан ҳам бу ишлар хўп ғалати!

XI

Ўйлашга ҳам ҳолатим йўқ. Фақат бугун билибман, қаранг, мен яшаётган бу оламда тўрт минг йил давомида одамларни ейишар экан: сингилчам ўлганда бутун рўзғор акамнинг қўлида эди, ким билади, балки у бизга синглимнинг гўштидан едиртиргандир.
Эҳтимол, ҳеч нарсадан бехабар, мен ҳам синглимнинг икки-уч луқма гўштини егандирман, энди бўлса ўзимга навбат келди…
Тўрт минг йил одамхўрлик қилиб келганлар ичида яшаб, ҳақиқий инсон топиш қанчалар мушкуллигини энди билибман-а.

ХII

Эҳтимол, одам емаган норасида болалар бордир ҳали?
Болаларни асранг!

Апрель. 1918 йил.

Русчадан Ўктам Усмонов таржимаси
“Шарқ юлдузи” журнали, 1986 йил, 11-сон.