Вайрон бўлаёзган тарихий обидалар

Озарбойжоннинг Арманистон томонидан оккупация қилинган ҳудудидаги тарихий обидалар, масжид ҳамда мадрасалар хавф остида қолмоқда. Бу ҳақда АЗЕРТАЖ ахборот агентлиги хабар беради.

Агентлик бунга далил сифатида бир қатор фотосуратларни илова қилади. Қайд этилишича, фотосуратлар Тоғли Қорабоғ, шунингдек, Садарак, Зангилан, Лочин, Келбажар, Жаброил туманлари қишлоқларида олинган. Фотосуратлардан Шуша қалъаси, машҳур Гавҳар оға масжиди ҳам зарар кўрганини кузатиш мумкин.

Аввалроқ Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Ҳикмат Ҳожиев Арманистон оккупация қилинган ҳудудларда экология ва атроф-муҳитга зарар етказувчи усулларини қўллаётгани ҳақида маълум қилган эди.

Қайд этилишича, Озарбойжоннинг 890 минг гектар ҳудуди алоҳида муҳофаза этиладиган экологик минтақа саналади. Айни вақтда мазкур ҳудуднинг 42997 гектари, жумладан, 152 та табиат ёдгорлиги, 5 та геологик объект, 2 та табиат қўриқхонаси, 4 та қўриқлаш зонаси ва 7 та кўл оккупация остидадир.  

Эслатиб ўтамиз, расмий Боку Тоғли Қорабоғ ва унга туташ 7 та туман (Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизи) 1989-1993 йилларда Арманистон қуролли кучлари томонидан босиб олинган деб ҳисоблайди ҳамда қўшни давлат ҳарбийлари оккупация қилинган ҳудуддан чиқиши лозимлигини талаб қилади. Арманистон эса тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси манфаатларини ҳимоя қилиб келади.

Гарчи 1994 йилда келишув имзоланган бўлса-да, тўқнашувлар рўй бериб туради. Таҳлилчилар тинчлик келишуви жуда мўрт экани ва исталган пайт тўқнашув рўй бериши мумкинлигидан хавотир билдиради.

Расмий Бокуга кўра, Тоғли Қорабоғ муаммоси БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1993 йил 30 апрель, 1993 йил 29 июль ва 1993 йил 14 октябрда қабул қилган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал қилиниши лозим.

С.Салим


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!