Тарих тилсими: Троцкий ва сталин жанги

Доҳий вафотидан сўнг раҳбарият тепасида турган Л.Троцкий ва И.Сталин ўртасидаги кураш нафақат икки шахснинг, балки икки мафкуранинг, давлат ва партия қурилиши тўғрисида икки дунёқарашнинг тўқнашуви бўлди. Бу курашда Сталин ғолиб келди ва дунёдаги энг катта империялардан бирининг тақдири горилик этикдўзнинг боласи бўлган шу одам билан боғланди…

1927 йилда Троцкий бошчилигидаги сўл мухолифат тўласича яксон қилинди. Лев Давидович ўз рақиби томонидан чет элга бадарға қилинди. 30-йилларнинг ўрталари у Иосиф Сталин сиёсий таржимаи ҳоли устида иш бошлади. Охир оқибатда шу иши унинг қисматини белгилади. Троцкий сталинизм ҳодисасининг илдизлари тўғрисида бош қотирди, Россияда вужудга келган янги «бонапартизм» сабабларини қидирди. Иккита революцияни амалга оширган ишчилар синфига эга, шунча зиёлилари, ўқимишли ва саводли одамлари бор мамлакатга истибдоднинг қандай қилиб бу қадар кенг ва чуқур илдиз отганлигини ўрганди.

Бўлажак китоб, шубҳасизки, Сталин қураётган тизимга жиддий зарар етказиши аниқ эди. Ва шунда китоб қаҳрамони Мексикада яшаётган муаллифни йўқ қилишга буйруқ беради. 1940 йил 21 августда Троцкий ўз иш кабинетида ўлдирилди. Лекин бу пайтга келиб, режалаштирилган икки китобдан биттаси ёзиб тугатилган эди. Қўлёзмалар ёнмайди, деган эди М.Булгаков. Бу зийрак фикрни «тарихий ҳақиқатни яшириб бўлмайди», деб кенгроқ маънода тушинамиз, албатта.

Ҳар нечук, тугалланмаган бўлсада, бу асар хулосалари, ундаги сиёсий таҳлил парчаланган Империя вужудида яшаган қабоҳат, ёлғон ва алдов, миллатлар тақдирига бефарқлик, инсонни чиройли атама берилган тизимнинг қулига айлантириш каби иллатлардан огоҳ этади.

Л.Троцкийнинг «Сталин» деб номланган китобидан парча эълон қилар эканмиз, ушбу қайдлар нафақат тарихчилар ва сиёсатшунослар учун, балки кенгроқ жамоатчилик вакиллари учун ҳам фойдадан холи бўлмас, деган умиддамиз.

«Муайян доираларда менинг Сталинга нисбатан нафратим тўғрисида кўп гапириб ёзишади. Бу миш-мишлар оғир ўйларга ва қисматим тўғрисида машъум хаёлларга толдиради. Мен фақат елка қисиб қўйишим мумкин, холос. Бизларнинг йўлларимиз бир биридан шунча узоқлашдики ва бунга шунча кўп вақт бўлдики, унга нисбатан менинг ҳиссиётларим Гитлерга ёки япониялик Микадога нисбатан бўлган ҳиссиётларимдан деярли фарқ қилмайди. Шахсий муносабатларимда нимаики бўлган бўлса, ҳаммаси аллақачон ўчиб-сўнди. Мен илгари уни кузатиб турган жойим энди бюрократия экранига баҳайбат соясини ташлаб турган бу одамнинг ҳақиқий қад-қоматини кўришга имкон бермасди. Шу боисдан ўз онгимда мен Сталинни ҳеч қачон унга бўлган нафрат даражасигача кўтарган эмасман, деб айтишга ҳақлиман.

— Исроил подшоси бўлишидан аввал Довуд (пайғамбар) ўсмирлигида қўй боққан эди. Бу ҳолат ундаги худодод бой руҳий иқтидорни сўндирмади. У арфада сеҳрли куйлар чалгани учун Саул саройига таклиф қилинди ва мусиқа билан шоҳ кўнглини хушнуд этди. Довуд кейинчалик пайғамбар даражасигача ўсиб улғайди. Гарчанд ярим кўчманчи бани исроил фарзандларининг деярли ҳаммаси чўпонлик қилганлигини, ўша пайтларда одамларни бошқариш санъати подаларни бошқариш санъатидан кўпам фарқ қилмаганлигини эътиборга олсак, бу фавқулодда «кўтарилиш»га ҳайрон қолмаймиз.

Шоҳ Довуд даврларидан буён ўтган асрлар давомида нафақат қадим Румда, балки янги Францияда ҳам энг юксак ҳокимият сари ҳайратланарли юксалишларни кўришимиз мумкин. Аксарият ҳолларда бу юксалишлар ҳарбий саркардалар номи билан боғлиқдир. Улар жанггоҳларда қуролланган одамларга қандай моҳирлик билан раҳнамолик қилган бўлсалар, кейинчалик худди шундай усталик билан қуролсиз кишилар устидан ҳам ҳукмфармонлик қилдилар. Бу гап Юлий Сезарга ҳам, Наполеонга ҳам тегишлидир. Лекин ХИХ аср охирига келиб мустабидлар тизими барҳам топди.

— Жаҳон урушигача (1914 йилга қадар-таҳририят) демократия барча жойда, ҳар қалай Европада, Шимолий Америкада ва Австралияда мустаҳкам ўрнатилган эди. Ваколатчиликнинг конституцион механикаси илғор инсоният учун ягона мақбул бошқарув тизими бўлиб туюлганди. Башарият ривожланиб, кўпайиб борар экан, демократиянинг истиқболи ҳам порлоқ бўб кўринарди. Кўплар ҳозир ҳам ХИХ асрда яшамоқдалар. Аслида эса демократиялар диктатурага олиб келди.

— Россиядаги воқеалар бу тарихий-дунёқарашга биринчи зарбани берди. Чоризм ўрнини саккиз ойлик танаффусдан сўнг большевиклар диктатураси эгаллади. Италия ва Германияда — вакилчилик тизимининг кўп йиллик мактабидан ўтган мамлакатларда болалигида Довуд каби камтарона иш қилиб юрган, ҳеч кимга нотаниш кимсалар ҳокимият тепасига келишди. Улар бирор ҳарбий зафарларни қучмаган, уларнинг қонида бирор буюк инсон қони йўқ эди. Римга асос солган ака-укалар эмган она бўри Муссолинининг катта бувиси эмасди. Свастика эса Гитлернинг оилавий гербида йўқ эди. У бу белгини мисрликлардан ва ҳиндулардан ўғирлаб олди.

Муссолини ва Гитлер ўз курашларини демократия шароитларида бошлашди. Улар тенг ҳуқуқ асосида ўз рақиблари билан баҳслашишди. Аммо Сталиннинг юксалиши тарихида шунга ўхшаш бирор нарса бўлмаган.

Гитлер мудом ўзининг даҳолиги ҳақида гапиради. Сталин эса бу тўғрисида бошқаларни гапиришга мажбур этади. Лекин Сталин Гитлер ва Муссолини сингари ўз ахлоқий табиатига кўра шарму ҳаёсиз, ёлғончи ва одамларни севмайдиган шахсдир. Улар одам боласининг фақат тубан ҳислатларинигина кўрадилар. Бу-уларнинг реализмидир.
— Шахсий адоват Гитлер ва Муссолинининг юксалишида жуда катта роль ўйнаганди. Сталин ҳам худди шундай. Ўспиринлик чоғида ўқишни эплолмагани учун диний семинариядан ҳайдалган Сталин қисқа вақт Тифлис обсерваториясида бухгалтер бўлиб ишлади. Кирим-чиқим китобини у қандай юритганлиги номаълум. Лекин бухалтерона «ҳисоб-китоб»ни у сиёсатга, одамлар билан муносабатларга олиб кирди. Унинг шуҳратпарастлиги унинг нафрати каби аниқ ҳисоб-китобларга асосланган. Сталин-ғоят эҳтиёткор. У ўз нафратини узоқ вақт ичида сақлаб, чўкинди қўйқумга айлангунча олиб юради. Унинг қасоси бағоят кенг қулоч ёзиб кетади, чунки у ерда эмас, ҳозиргача мавжуд бўлган аппаратлардан энг каттасининг тепасида туради. Аппаратга мудом содиқ бўлганлиги учун Сталин уни тўласинча ўз қўлига олди. У партияга, давлатга, партия дастурига хиёнат қилди, лекин бирор кимсага бюрократияни чертгани қўймади.

— Рум империяси саройларининг халқ тепасида турган аъёнлари олий ҳакам ҳисобланган Қайсарга муҳтож бўлганлари сингари, ҳозирги Россияда ҳам халқ ва Советлар тепасига ўрнашиб олган бюрократияга доҳий керак эди.

Ҳаммадан ҳайратланарлиси шундаки, ХХ аср бизни кўп жиҳатдан Уйғониш даври услубларига қайтармоқда, боз устига, шафқатсизлик ва ақл бовар қилмайдиган азоб-уқубатлар кўлами билан ундан ҳам ошиб тушди. Ҳокимият учун кураш-талаш, эришилган барча инсонпарвар анъаналарни маҳф этиб, янчиб ташлади. Инсоният тарихи юксалиб- ривожланиб боради, деган ақидага ишониб юрган одамлар учун сталинизм ҳодисаси тушунарсиз ва ҳайратланарлидир…

1938 йил 31 мартда мен Миллатлар Лигаси котибиятига хат билан мурожаат қилиб, Европанинг бир қатор мамлакатларида юз берган аксарият сиёсий қотилликлар бевосита Сталинга бўйсунувчи Бош сиёсат бошқарма (ГПУ) томонидан амалга оширилганлигини айтдим. «Ҳужжатлар, гувоҳлар кўрсатмалари ҳамда рад этиб бўлмайдиган сиёсий асосларга таяниб, мен жаҳон жамоатчилиги аллақачон билган нарсани — бу жиноятчилар галасининг бошлиғи Бутуниттифоқ коммунистик партияси бош секретари Сталин эканлигини исботлашни бўйнимга оламан», деб ёздим. Хат сўнгида юқорида тилга олинган Иосиф Сталин Миллатлар Лигаси трибуналига чақиртирилиши лозимлигини таъкидладим. Ўқувчилардан яширмайман: менинг ташаббусим жавобсиз қолди. Дарвоқе, Миллатлар Лигасига қилинган бошқа умидлар ҳам чиппакка айланди.

— Москвадаги бир қатор суд жараёнлари натижасида Ленин ҳаётлик пайтида Сиёсий бюро таркибида бўлган, яъни партия ва давлатнинг олий муассасидаги тўққиз раҳбардан еттитаси (Сталиннинг ўзидан ва «вақтида» вафот этган Лениндан ташқари) хорижий давлатларнинг жосуслари бўлиб чиқди. Қизил армияга фақат хоинлар лашкарбошилик қилган экан. Троцкий, Тухачевский, Егоров, Якир, Уборевич, Гамарник, Муралов, адмирал Орлов ва бошқалар. Йирик совет дипломатлари: Раковский, Соколников, Крестинский, Карахан, Юренев, Богомолов ва ҳоказолар халқ душманларидир. Саноат, темир йўллар ва молия бошида саботаж ташкилотчилари: Пятаков, Серебряков, Лифшитс, Гринко ва бошқалар турган. Коминтерн бошчилигига эса фашизм агентлари Зиновев, Бухарин ва Радек суқулиб кириб олишибди.

Минглаб километрлар наридаги Троцкийнинг буйруғига биноан ҳукумат бошлиғи Риков ҳамда аксарият халқ комиссарлари: Каменев, Рудзутак, Яковлев, Розенголтс, Иванов, Осинский ва бошқалар чет эллик жоссусларга айланди.

Совет республикалари раҳбарларининг барчаси — ўттиздан ортиқ киши империализм жосуслари эканлиги фош этилди. Уларнинг ҳаммаси Совет ҳукумати ўз қўлларида бўлган пайтда шу ҳукуматга қарши уюштирилган. Ва, ниҳоят, ҳукумат доҳийларининг ҳаёти ва саломатлигини ҳимоя қилиш захарловчи фитначилар қўлига топширилган. Давлатнинг олий ҳифзу-ҳимояси топширилган сиёсий полиция бошлиғи Ягода барча жиноятлар ташкилотчисидир.

Мислсиз фожеа акс этган бу сурат остида сураткаш устасининг имзосини — «Иосиф Сталин» деб қўйиш жоиз».

ПС. Сўнгги хабар
ГEНEРАЛИССИМУС ЎҒЛИ

Яқинда АҚШ Мудофаа вазирлиги Иосиф Сталиннинг набирасига унинг отаси Яков Жугашвилининг немис асирлигида вафот қилганлиги билан боғлиқ ҳужжатларни топширди. Асир-генералиссимуснинг тўнғич ўғли эди.

14-танк дивизияси 14-гаубица-артиллерия полкида батарея командири бўлган Я.Жугашвили 1941 йил июльида асирга тушиб қолганди. Немислар бундан дастлаб пропаганда мақсадида фойдаланишди, сўнгра Қизил Хоч орқали уни фельдмаршал Паулюсга алмаштирмоқчи бўлишди. Лекин, маълумки, Сталин бундан бош тортган.

Яков ўз жонига қасд қилган, деган гаплар юрарди. Аммо Пентагон вакили яқинда топилган ҳужжатларга асосланиб, Яков Жугашвили қочишга уринганида отилган экан, деди. Бу ҳужжатларнинг асл нусхалари урушдан сўнг дарҳол Германияга берилганди. Ҳозиргача сир сақлаб келинаётган бу ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари Вашингтон миллий архивидан «сув бети»га чиқиб қолди. Махфий тўпламда, хусусан, СС рейхсфюрери Гиммлер томонидан имзоланган Я. Жугашвили сўроғи протоколи, қўриқловчиларнинг гувоҳликлари, инглиз ва америка разведка маҳкамаларининг ўзаро ёзишмалари бор.

«Нур» газетасидан олинди