Абдулла Авлоний (1878-1934)

XIX аср охири XX аср бошидаги ўзбек миллий маданиятининг машҳур вакилларидан бири маърифатпарвар шоир, драматург, журналист, олим, давлат ва жамоат арбоби Абдулла Авлонийдир. У 1878 йилнинг 12 июлида Тошкентнинг Мерганча маҳалласида, тўқувчи Миравлон ака оиласида дунёга келди. Болалиги Миробод маҳалласининг эгри-бугри кўчаларида, кўпчилик қисмини руслар ташкил қилган темир йўл ишчилари болалари орасида кечди. Ўқчидаги эски мактабда, сўнг мадрасада ўқиди (1885—1886). Мустақил мутолаа билан шуғулланди. Араб, форс, рус тилларини ўрганди. Оренбург, Қозон, Тифлисда чиқиб турган газета-журналларни кузатиб борди. Қисқа муддат ичида у маърифатпарвар сифатида танилди ва ўлкадаги ижтимоий-маданий ҳаракатчиликнинг фаол намояндаларидан бирига айланди.

XX аср бошларида Туркистон маданий ҳаётида юз берган энг муҳим ўзгаришлардан бири мактаб-ўқув ишларида ўзгариш бўлди. Авлоний бу даврда жадидчилик ҳаракатига қўшилиб, Тошкентдаги жадидларнинг фаол иштирокчиларидан бири бўлиб танилди. Авлоний 1904 йилда Мирободда, сўнгроқ Дегрезликда (1903—14) худди шундай янги усулда, янгича мактаб очиб, дарс берди ва дарсликлар ёзди.

1909 йилда мактаб-маориф ишларига ёрдам берувчи «Жамияти хайрия» очиб, етим болаларни ўқитди. «Адабиёт ёхуд миллий шеърлар» номли тўрт қисмдан иборат шеърий тўпламининг биринчи жузъини нашр қилдирди. Мунавварқори, Муҳаммаджон Подшохўжаев, Тавалло, Рустамбек Юсуфбеков, Низомиддин Хўжаев, Шокиржон Раҳимий каби тараққийчилар билан шерикликда «Нашриёт» (1914), «Мактаб» (1916) ширкатларини тузди. «Тараққий», «Шуҳрат» (1907), «Осиё» (1908), «Турон» (1917) газеталарини чиқарди. 1918 йилда Туркистон Шўролар ҳукуматининг биринчи газетаси «Иштирокиюн»нинг ташкилотчиларидан ва унинг биринчи муҳаррирларидан бўлди. У совет даврида турли масъулиятли лавозимларда хизмат қилди, қайси вазифада ишламасин илм-маърифат тарқатиш, таълим-тарбия масалалари билан шуғулланиб келди, билим юртларида, олий мактабларда ўқитувчилик қилди. 1930—34 йилларда Ўрта Осиё давлат университетида (ҳозирги ТошДУ) кафедрани бошқарди. У 1934 йилда вафот этди.

Авлоний 1927 йилда Меҳнат Қаҳрамони унвонига сазовор бўлди.

Авлоний 30 йилдан ортиқроқ ижод қилди. 1916 йилги мардикорлик воқеаларининг, сўнг инқилобий талотумлару миллий-озодлик курашларининг гувоҳи бўлди. Ўтган давр ичида, ўзи таъкидлаганидек, «ўнлаб шеър ва мактаб китоблари, тўрт театр китоби» қолдирди. Унинг маданиятимиз тарихидаги ўрни ҳақида гап кетганда, икки жиҳатини алоҳида таъкидлаш зарур: педагогик фаолияти ва адабий-бадиий ижоди. Унинг педагогик фаолияти, таълим-тарбия ҳақидаги фикрлари XX асрнинг бошларида янги босқичга кўтарилган маърифатчиликнинг хусусиятларини белгилашда муҳим манбалардандир.

Авлоний мактаби гуманистик ва эркин тарбия асосига қурилган, дунёвий ва илғор илм-фанни болаларга ўргатишни ўз олдига асосий вазифа қилиб қўйган, ёшларни мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига аралаша олиш қобилиятига эга бўлишини таъминлайдиган ҳақиқий халқ мактаби бўлди. Адиб бу мактаблар учун дарсликлар тузди. Унинг аввалги синф шогирдлари учун «Биринчи муаллим»и (1911) Октябр ўзгаришигача 4 марта, «Алифбедан сўнгги ўқув китоби» — «Иккинчи муаллим» (1912) 3 марта кайта нашр этилган. Ахлоқий-дидактик мазмундаги «Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ» дарслиги (1913) XX аср бошлари ижтимоий-педагогик фикр тараққиётида алоҳида ўрин эгаллади. Унда тарбия ва ахлоқ масалалари биринчи маротаба XX асрнинг талаб ва эҳтиёжлари нуқтаи назаридан таҳлил қилинган. Авлоний хулқларни анъанавий яхши ва ёмонга ажратар экан, мулоҳазаларини Гиппократ, Платон, Аристотель, Саъдий Шерозий, Бедил фикрлари билан далиллаган ҳолда замонавийликни асосий мезон қилиб олади. Адиб Ватан муҳаббатини унинг учун курашмоқни энг яхши инсоний хулқлардан ҳисоблади. Ватан — бу ҳар бир кишининг туғилиб ўсган шаҳар ва мамлакати. Уни қадрламоқ, севмоқ, яшартмоқ керак. Шоир Ватан ва унга муҳаббат деганда шуни тушунган эди. Тилга, маданиятга муҳаббат эса, ҳар бир кишининг ўз халқига бўлган муҳаббатидир: «Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадургон ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидир. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур».

Авлоний Ҳижрон, Набил, Индамас, Шуҳрат, Тангриқули, Сурайё, Шапалоқ, Чол, Аб, Чегабой, Абдулҳақ тахаллуслари билан шеър, ҳикоялар ва мақолалар ёзган. Шуни айтиш керакки, Авлоний анча мураккаб ҳаёт ва ижод йўлини босиб ўтди. У адабиётга ғоявий курашлар ғоят кескинлашган бир даврда кириб келди. Ҳеч иккиланмасдан маърифат ва тараққиёт учун курашишини маслак этиб қабул қилди. Шоир шеърияти билан танишар экансиз, қизиқ бир ҳолга дуч келасиз. Унда бирорта ишқий шеър йўқ. У ижтимоий муаммоларни, эл-юрт ғамини муҳимроқ билади. Халқ ва Ватан бахтсизлиги оддида ҳар қандай муҳаббатни рад этади. Ўз она-диёрини бамисоли «ёр каби севади». Бутун меҳрини шунга бағишлайди. Асримиз бошлари Туркистон такдирида ғоят масъулиятли бўлган, унинг ҳаёт-мамот масаласи ҳал қилинаётган бир пайт эди. Буни Авлоний даврнинг пешқадам зиёлиси, йирик маърифатпарвар, жадидлар таълимотининг фаол тарафдори сифатида тезда илғаб олди.

Дастлабки поэтик асарлари «Адабиёт ёхуд миллий шеърлар» (I, II, III, IV жузлар), «Мактаб гулистони» (1916), «Мардикорлар ашуласи» (1917) китобларида ва «Сабзавор» тазкираси (1914) ҳамда вақтли матбуот саҳифаларида чоп этилган асарларидир. Уларда илм-маърифат тарғиб қилинган, жаҳолат ва нодонлик, эски тузумнинг ижтимоий-ахлоқий асослари қораланган, озод ва бахтиёр замон ҳақида фикр юритилган. Шу жиҳатдан Авлонийнинг бу даврдаги шеърлари Ҳамза, Анбар отин поэзиясига оҳангдошдир. Авлоний бармоқ вазнини адабиётда кенг қўллаган. Миллий куйларга мослаб шеърлар ёзган ва поэзиянинг имкониятларини бойитган.

Авлонийнинг адабиёт олдидаги муҳим хизматларидан бири шу бўлдики, у мардикорлик шеърияти деб аталган янги адабий ҳодисанинг яратувчиларидан бўлди. 1916 йилги мардикорлик воқеаларини ифодаловчи «Бир мардикорнинг отаси ўғлига айтган сўзлари», «Онасининг ўғлига айтган сўзлари», «Афсус» каби шеърлар ёзди. Она юртдан узоқ шимолнинг қорли-музли ерларига, фронт орқасидаги қора хизматга олиб кетилган мардикорларнинг хайрлашув манзараларини, ҳақсизликни ёритди. Бу шеърларнинг оҳанг ва услуби халқ қўшиқларига ғоят яқин бўлиб, улар халқимизнинг миллий уйгонишида муҳим ўрин тутди.

Авлоний 1917 йил феврал инқилобини хурсандчилик билан кутиб олди («Қутулдик», «Ётма» шеърлари). Октябрга бағишлаб «Ҳуррият марши» (1919), «Ишчилар қулоғига» каби шеърлар ёзди, янги социалистик тузумни улуғлади. Лекин кўп ўтмай, рус совет тузуми эски чор тузумининг оддингидан баттарроқ шакли эканлигини, совет сиёсати риёкорлик асосига қурилганлигини англай бошлади. Жумладан, тантанавор ваъда қилинган эркинликнинг берилмаганлиги шоир ижодида ғамгин-тушкун оҳангларнинг пайдо бўлишига олиб келди («Ҳафталик соатда» 1919). Шуларга қарамасдан Авлоний турли мавзуларда шеърлар ёзди. 1919—20 йилги Афғонистон сафарига доир «Афғон саёҳати» кундаликлари эса мамлакатимизнинг ён қўшнимиз билан ўзаро дўстлик, тотувлик алоқаларининг ўрнатилиши тарихини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.

Авлоний ўзбек театрининг асосчиларидан эди. У 1913 йилда «Туркистон» театр труппасини тузди. «Туркистон» ўзининг қатьий Низомини ҳам эълон қилган эди. Унинг ташкилотчиси ҳам, ғоявий-бадиий раҳбари ҳам Авлоний эди. Труппа «Заҳарли ҳаёт» (Ҳамза), «Бахтсиз куёв (А. Қодирий) каби XX аср бошлари ўзбек драматургиясининг энг яхши намуналарини саҳналаштирган, театр озарбайжон драматурглари асарлари («Бадбахт келин», «Хўр-хўр», «Жаҳолат», «Ўликлар», «Жой ижарага олган киши», «Ман ўлмишам», «Лайли ва Мажнун», «Асли ва Карам») ни ўзбекчага таржима қилиб саҳнага қўйган. Авлонийнинг ўзи Маллуъ («Лайли ва Мажнун»), Файзибой («Бахтсиз куёв»), Алибой («Тўй»), Бой («Падаркуш») ролларини ижро этган.

Авлоний «Адвокатлик осонми?» (1914), «Пинак» (1915) комедиялари, 1914—17 йилларда ёзган «Биз ва Сиз», «Португалия инкилоби», «Икки севги» каби фожеавий асарлари билан ўзбек драматургиясининг майдонга келиши ва театрчиликнинг халқ орасига томир отишига муҳим ҳисса қўшди. Адвокат Давронбек орқали Туркистондаги ҳуқуқсизлик, дунёдан хабарсизликни фош этди. «Адвокатлик осонми?» деган асарида бир қатор кўкнори ва қиморбозлар образини яратиб, маънавий турмушнинг тубан бир ҳолга келиб қолганлини кўрсатди. Монархияга қарши кураш, байроғи остида кечган 1910 йилги Португалия инқилоби, 1909 йили Туркияда юз берган «Ёш турклар» инқилоби («Икки севги») ҳақида ёзиб, адабиётимизда мавзу ва ғоялар кўламини кенгайтирди. «Биз ва Сиз»да эса XX аср бошидаги Туркистоннинг эскилик ва янгилик борасидаги курашини аниқ тақдирлар мисолида ёритиб берди.

Авлоний асосий ижодий фаолиятининг энг сермаҳсул йиллари 1917 йилдаги Октябр тўнтаришига кадар бўлган даврга тўғри келади.

Авлоний ижоди 60-йилларнинг охиридан ўрганила бошланди. Ҳозирда унинг турли жанрлардаги асарларидан намуналар алоҳида китоблар ҳолида чоп этилган.

Бегали Қосимов

Мақолалар

Бегали Қосимов, Шуҳрат Ризаев. Абдулла Авлоний (1878-1934)
Ўзбек шеърияти: Абдулла Авлоний (1878-1934)
Ўзбек зиёлилари: Абдулла Авлоний (1878-1934)
Биография: Абдулла Авлони (на русском языке)
Biography: Abdulla Avloni (in English)

Абдулла Авлоний мақолалари

Абдулла Авлоний. Саное нафиса (1922)
Абдулла Авлоний. Закот
Абдулла Авлоний. Кайфим учди
Абдулла Авлоний. Ўз шаҳримда саёҳат
Абдулла Авлоний. Ким нимани яхши кўрар?
Абдулла Авлоний. Тиётр хусусида мунозара
Абдулла Авлоний. Маданият тўлқунлари

Абдулла Авлоний китоблари

Абдулла Авлоний. Танланган асарлар. 2 жилдлик. 1-жилд: Шеърлар, ибратлар. Тошкент, «Маънавият», 1998.
Абдулла Авлоний. Танланган асарлар. 2 жилдлик. 2-жилд: Пандлар, ибратлар, ҳикоятлар, набийлар ҳаёти, драмалар, мақолалар, саёҳат хотиралари. Тошкент, «Маънавият», 2006.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!