Ҳаким Сатторий. Олтин силсилага тизилган қоидалар

http://n.ziyouz.com/images/amir_temur2.jpgҲаётда ҳамма нарса нисбий, фақат вақт нисбийликни ҳам писанд қилмай, ҳамма нарсага баҳо бериш мезонларини тайин этади. Бугун ғилдиракнинг биров хаёлига келмайдиган ихтиро сифатида кашф этилгани ҳеч кимнинг диққатини тортмайди, ҳолбуки, у амалиётда қўллана бошланиши билан борлиқда кўп нарса ўзгариб кетди, ҳатто техника деган фан шу асосда пайдо бўлди. Машина механизмларини турли ўлчамдаги айлана ёки доираларсиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Ҳар бир ўзгариш йиллар, ўн йиллар, балки юз йиллар давомида амалга оширилган. Ўша аждодларимиз ҳаракати билан яратилган ғилдирак бугун одамзодга беминнат хизматда, унинг ихтирочиларини эса ҳеч ким эсламайди.

Буюк ҳақиқатлар кўламини инсон шуури кўп-да қамраб олавермас, балки бунга ожизлик қилар, улкан кашфиётлар ҳеч қандай таъмасиз инсон ҳаётига сингиб кетаверар, беихтиёр унинг ажралмас бир бўлагига айланиб қолар экан. Соҳибқирон Амир Темур ҳақида мушоҳада қилганда ҳам ана шу ҳақиқат ёдга тушаверади. Одамзод наслининг бир вакили ҳаётлигида қандай бўҳронларни бошдан ўтказган. Ёруғ дунёни тарк этгач эса муборак хотираси бир томондан мислсиз синову бошқа тарафдан таъриф-тавсифларга дуч келган. Нима бўлганда ҳам Амир Темур худди пойтахтимизда ўрнатилган муҳташам ҳайкал каби инсоният тарихи хиёбонида ҳеч нарсани писанд қилмай мағрур турибди, инсон болалари йиллар ўтган сайин тобора ошиб бораётган қизиқиш билан унга талпинадилар, қандайдир маънода, турмуш ташвишларининг ечимида уни ўз қаторларида кўрадилар.

Амир Темур от сурган пайтда дунё қандай қиёфада эди? Бундан 680 йил олдинги манзарани кўз олдимизга келтирсак, одамзод бугунги Америка қитъасини ҳам, АҚШ деган давлатни ҳам билмас эди. Евроосиё материгининг қайбир кунжида одамлар дарахт япроқларини ёпиниб, гарпун билан балиқ, чўқмор билан айиқ овлаб қорин тўйғазиб юрган бўлса, бошқа буржида улар молдек сотилар, кучли табақа кучсиз табақани ғажиб еб ётарди. Соҳибқирон салтанати қисқа даврда шундай даражага эришдики, золимлар жиловланди, давлатчиликда маош тўлаш, даромаддан солиқ ундириш каби бугун ҳам такомиллаштиришга муносиб тизимлар яратилди, маданият тараққий этди. Бу ҳол, балки узлуксиз тамаддуннинг навбатдаги босқичидир, ривожланишга юз тутган тараққиётнинг тараққий эттирилишидир. Агар аҳвол шундай бўлганда эди, ҳеч бир қаҳрамонлик талаб қилинмас, сунъий даҳога эҳтиёж ҳам йўқ эди. Бироқ аслида бошқача бўлди. Энди тарихий далилларга қулоқ тутайлик.

Маълумки, ХШ аср бошларидаги мўғул истилоси ислом дини туфайли вужудга келган тўрт асрлик тараққиётни ер билан яксон қилди. Шаҳарлар ўрнида култепалар, қишлоқлар ўрнида қабристонлар қолди. Ўша кунлар манзарасини тарихга муҳрлаган Истахрий, Натанзий, Маҳмуд ибн Вали ва бошқа муаррихларнинг қайд этишича, вайроналарни тиклаб, яна гуллаган ҳаёт тарзини изга солиш учун камида минг йиллар (!) керак бўларди. Ҳатто мислсиз кўргиликларнинг даҳшатидан ларзага тушган олимлар бу воқеаларни кўргунча кўр бўлсам ёки олдинроқ ўлиб кетсам бўлмасмиди, дея надоматларини ёзиб қолдирганлар. Аҳвол ҳақиқатан фожиали эди. Ке­йинчалик Самарқандни тиклашга киришганларида вайроналардан ерни тозалаш имкони йўқлигидан бошқа жойда, қадимги ўрнидан ғарброқда янги шаҳар бунёд этилди. Ўз маърифати билан дунёни мафтун этган Бухоро шаҳри шунчалар вайрон қилингандики, шаҳарда қарийб ўн йил бирор тирик жоннинг яшашига имкон қолмаганди. 1330 йил Самарқандга ташриф буюрган машҳур сайёҳ Ибн Баттута қоғоз ва ипак матолари шуҳрати оламни тутган шаҳарнинг бутунлай йўқ бўлиб кетганидан ёқа ушлаган, унинг ўрнида лойсувоқ уйларни кўриб, ўзи тасаввур қилган обод масканнинг қай тарзда ерга киргани ёки осмонга чиқиб кетгани сирини топа олмаганди. Хуллас, Амир Темур тарих майдонига чиққанда аҳвол ана шундай эди. Эзилган, хўрланган халқ кайфиятини, кейинги босқинлар жароҳатини эслатмай қўяверайлик – аҳвол шусиз ҳам маълум. Ер юзининг жаннатмонанд бир гўшаси харобага айланган, Яратгандан бир халоскорни кутарди. Воқеалар тарих ғалвирида сараланди, замон чархи айланиб Амир Темур катта саҳнага чиқди. Унинг зиммасида оламшумул вазифа турарди, толе унга шундай қисматни насиб этган эдики, ё бу бўҳрондан зафар билан чиқиб, миллат қуёшига айланади, ё тўфонлар гирдобида боши айланиб, маҳв этилади. Тақдирга шукрки, у ҳақиқий халоскорга айланди.

Амир Темур Турон давлатини бошқарган 35 йил давомида кўплаб оламшумул ишларни амалга оширдики, уларнинг ақалли биттасини бажара олган зотни миллати ифтихор билан эслайди. Бундай инсон башарият оламида нодир ҳодиса, уни тасаввур қилишга мушоҳада кўлами етмайди.

Самарқандни пойтахтликка танлагач, Амир Темурнинг биринчи юмуши босқинчилар ҳужумидан вайронага айланган қалъа деворини тиклаш бўлди. Бу вазифани уддалашда суръат ва тадбиркорлик, тинчликдан сарафроз бўлган одамларнинг ғайрати, ҳашар, осойишталик шукуҳи бахш этган кўтаринкиликни хаёлан тасаввур қилиш мумкин. Зиммада эса бундан ҳам муҳим ташвишлар бор эди. Икки дарё оралиғидан тортиб, Африка қуруқлигигача чўзилган ҳудудда элхонийлар, музаффарийлар, курдлар, Жўчи улуси, Дашти Қипчоқ чингизийлари ва бошқа сулолалар қайнаган қозондек жунбишга келиб, бир-бири билан қирпичоқ бўлиб ётарди. Мовароуннаҳр ўнга яқин бекликларга бўлиниб кетган, қондошлар бир-бирига душмандан баттар муросасиз эди. Урушлардан халқнинг силласи қуриган, қон тўкишдан қутурган зўравонлар эса ҳар қандай андишани унутганди. Тинчлик сув ва ҳаводек зарур эди. Буни чуқур ҳис этган ёш ҳукмдор чегараларни мустаҳкамлаш, бебошларни жиловлаш учун юришлар қилди. Кейинчалик ҳам Соҳибқирон сиёсатининг бош йўналиши тинч­лик, омонлик, фуқаролар осойишталигига қаратилди. Тинимсиз юришлар натижасида бутун салтанатда тартиб, адолат ўрнатилди. Ўша замон тарихчиси: “Ёш бола бошига бир табақ олтун била салтанатнинг у четидан бу четига юриб ўтса, унга қўл теккизадиган бирар одам бўлмас”, деб бекорга қайд этмаган эди.

Қолаверса, тор доирадан чиқиб, сайёравий кўлам касб этган Соҳибқирон ўз даврининг “Тинчлик кафолати” сифатида тан олинди. Ўзаро можаролар жонига теккан Ироқ, Шом, Миср, Ҳиндистон, Дашти Қипчоқ ва бошқа мамлакатлардан элчилар келиб, унинг кўмагига кўз тикдилар. Шу мурожаатлар боис уч, беш, етти йилга чўзилган юришлар ташкил қилинди. Оқибатда мамлакатлар осойишталиги, карвон йўлларининг хавфсизлиги таъминланди. Уламолар анжуманлари чақириб (масалан, Бойлақонда), ҳал қилиниши лозим бўлган диний муаммолар борасида машваратлар ташкил этди.

Ободончилик, бунёдкорлик Соҳибқирон ҳаётсеварлигининг, гўзалликни қадрлашининг, ундан завқланишининг рамзи эди. Афсонавий Эрамдек муҳташам боғлар барпо этилиб, ҳавас қилар даражада оро берилди. Тик­­ланган саройлар гумбази эса “осмон тоқидан андоза олиб, юлдузлар билан бўйлашарди”. Чангалзорлар очилиб, катта йўллар солинди, қуш учса қаноти куядиган саҳроларда работлар, лангарлар, мусофирхоналар қурилди, кўплаб қудуқлар кавланди. Шаҳарларга тоза сув келтирилди, кўприклар барпо этилди. Бу ишлар Туркистон диёридан ташқари бобомиз муборак қадами етган барча ҳудудларда баравар амалга оширилди.

Энг мукаммал лойиҳалар асосида қурилган мадрасаларда замонасининг алломалари ёш илм толибларига дарс берар, диний илмлар билан бирга дунёвий билимлар ҳам ўқитиларди. Амир Темур ва Темурийлар даврида илм-фан, маданият, санъат гуллаб-яшнади. Илмда эришилган ютуқларнинг чўққиси Мирзо Улуғбек бўлса, адабиёт ва санъатдаги ёруғ юлдуз Алишер Навоийдир. Бу икки буюк зотнинг оламшумул шуҳрати таъриф-тавсифларсиз ҳам маълум. Тараққиётнинг изчил тадрижи таъминланмаганида бундай буюк даҳолар инсоният учун орзу бўлиб қолаверар эди. На осмон илми кашф этилиб, сайёралараро учиш аппаратларига йўл очилган, на сўз сеҳри мислсиз мўъжизалар яратган бўларди. Ўша кунларни ёритган чироқнинг пилигини бобокалонимиз Амир Темур кўтариб қўйган.

Булардан ташқари, давлатчилик тамойилларининг яратилиши ва мустаҳ­кам­ланиши, ҳарбий соҳадаги ислоҳот ва натижалар катта-катта китобларга мавзу бўлади. Китоблар ҳақида эса бобомизнинг баҳоси мана бундоқ эди: “Ёзилган битиклар қурилган иморатлардан ҳам узоқ яшайди”. Ўша кунлар зафарномаси ҳам китоб орқали бизга етиб келди.

Соҳибқирон бобомиз ҳам, авлодлари ҳам табиатан байналминал зотлар бўлган. Зеро, бу фазилат қалбнинг буюклиги, юксак инсонийлик ва ўз кучига бўлган ишонч аломатидир. Бундай рангинлик фақат давраларни эмас, дилларни, маданиятларни ҳам безаган, турмушнинг барча жабҳасида баравар жорий қилинган. Эҳтимол, Соҳибқирон асос солган давлатнинг пойдорлиги, кучи, яшовчанлиги ҳам шундадир.

Салтанат яшовчанлигида маънавий асосларнинг инсонийлиги ҳам катта аҳамият касб этади. Зеро, моддий олам ўткинчи – бинолар қулайди, йўллар беркилади, одамлар ёруғ оламни тарк этади. Руҳ эса боқийдир, у авлоддан авлодга ўтиб, тирикликнинг мангулигини таъминлайди. Амир Темур давлатининг маънавий асослари ҳақида мулоҳаза қилганда, бу даражага эришиш неча йиллар оша бугун ҳам қийин бўлаётганини, руҳий юксакликка моддий эҳтиёжлар тўла қондирилганидан сўнг етишиш мумкинлигини биламиз. “Одамлар қўшиқни ҳам қорни билан тинглайди” деган гапга эътибор берсак, оч-юпун кишилар энг олижаноб ғояларни ҳам қабул қилмайди, бу борадаги гап-сўзлар қуруқ сафсата бўлиб қолаверади. Ана шундай юксак­ликка кўтарилиш калитини боболаримиз ХIV асрдаёқ топган, адолат тантанасига эришган эдилар. Қолаверса, буюк шахс фаолия­тининг асосий мазмуни икки сўзда мужассамлашган: “Куч – адолатда!” Қонун устуворлиги таъминланган давлатда, ҳақиқат қаршисида ҳамма бир хил жавоб беради. Негаки, бу тизимнинг асосчиси аллақачон “Қонун устувор бўлгандагина эркинлик таъминланиши”ни англаб, бу қоидани амалиётга жорий этган эди. Эркинлик – ҳукмдорларнинг обрўси, халқнинг эса ҳузур-ҳаловатда яшаш кафолати бўлган.

Халқ манфаатини муҳофаза қилиш давлатнинг асосий вазифаси қилиб белгиланганида мазлумларни золимлар зулмидан муҳофаза қилиш Соҳибқироннинг нафақат ҳукмдорлик, балки инсоний эътиқоди ҳам бўлган эди. Кейинги авлод бу фазилатни бобо васияти, отамерос ақида сифатида қабул қилди. Бугунги истилоҳлар билан айтганда, давлатнинг асосий таянчи бўлган халқнинг бошқарув юмушларига кенгроқ жалб қилиш мақсадида одамлар эркин фикр юритишлари, ўз муносабатларини тортинмай ва чўчимай баён этишлари учун шароитлар кафолатланди. Аввало, ҳар бир фуқаронинг шахсий нуқтаи назари бўлиши муҳим эди ва Соҳибқирон буни қадрлаган. Фойдали фикр айтган, маслаҳат берган кишини етарлича сийлаган. Ибн Арабшоҳ ёзади: “У (Амир Темур) ўз давлати аркону аъёнларини, мулоҳаза ва машварат эгаси бўлган кишиларини қолдирмасдан тўпларди. Бола отанинг, ота эса боланинг ўрнини боса олмасди. Сўнгра уларга махфий тутган масаласини зоҳир қилиб, қайси томонга юриш ҳақида маслаҳат сўрар ҳамда гап жиловини уларга ташлаб қўйиб дерди: “Халқнинг хос қисми бу масалага чуқур қараб, бир кун билан бир йил орасидаги ишлар оқибатини кўзлаб гапирса, гуноҳи йўқ. Майли, ҳар ким хатонинг энг қуйисигача йиқилса ҳам, ёки савобнинг чўққисига кўтарилса ҳам ҳеч бир тортинмасдан гапираверсин. Агар хато қилса, бу нуқсон эмас, мақсадга мувофиқ сўз айтса, унга икки ҳисса мукофот бор”. Қарангки, бундан олти юз йиллар олдин, энди кенг қўлланилаётган референдум сингари машваратлар бобокалонимиз салтанатида мавжуд бўлган. Тараққиёт бу даражани инкишоф этиш учун Амир Темурдан кейин яна олти юз йил сарфлади. Бу далиллар Соҳибқирон шахсиятининг беназирлигини яна бир бор тасдиқлайди. Инсониятнинг ҳамон қизиқиши сўнмаётгани ҳам ўша айёмларда қўлга киритилган оламшумул ютуқлар сирининг ҳозиргача тўла очилмаганидадир.

Салтанатнинг маънавий устунлари ҳақида гап кетганда, илм-урфон гуллаб-яшнаганини, маърифат барча қалблар, йўллар ва манзилларни ёритиб турганини фахр билан таъкидлаш ўринли. Эҳтимол, инсоният тарихида Темурийлар давридек маърифат улуғланган, барча масалада маърифий ёндашув қарор топган бошқа тузумни учратиб бўлмас. Агар битта буюк олим ёки шоирнинг етишиб чиқиши учун минглаб илм-фан, санъат-маданият аҳли елкасини тутиши лозимлигини эсласак, Мирзо Улуғбек ёки Алишер Навоийнинг қуёшдек порлаши учун минглаб юлдузлар атрофида нур сочиб турганини тасаввур қилиш қийин эмас.

Маърифатга фидойилик бобокалонимиз фитратида бор эди ва бу фазилат авлодларида яна ҳам чарақлаб, барқ урди. Юришлар давомида қўлга киритилган хазиналар ичида энг қимматлиси китоблар бўлган. Китобларни ўз оғирлигига тенг тилла баҳосида сотиб олингани, рақиблар китоб тутиб пешвоз чиқса, улар афв этилгани, кутубхоналарни ҳимоя қилиб жанг қилганлар мукофотлангани ҳақида кўплаб далиллар қайд қилинган. Ҳатто бирор қишлоқ ёки қасабада илмли киши бўлса, унга шикаст етказилмагани, аксинча, бирор эътиборли шахс ҳурмати учун ўша жой аҳолисига улуфа тарқатилгани (масалан, Табриз яқинидаги Шабистар қишлоғида тўрт мингга яқин аҳолига беш мисқолдан олтин улашилган) ҳолатлари ҳам кўп бўлган. Муаррихлар китобларни Самарқандга жўнатиш учун тайёрланган чарм хуржунларнинг таърифини келтирганлар. Китоблар заха тегмай етиб келиши таъминланган, уни энг ишончли сарбозлар қўриқлаб борган. Худди шундай муносабатга мос равишда илм-фан, маданият-адабиёт аҳли эъзоз топган. Алишер Навоий хоразмлик бир шоирнинг ғазали маъқул тушгандан кейин уни Султон Ҳусайн пойтахт Ҳиротга кўчириб келтиргани, ижодига ғамхўрлик кўрсатгани далилини келтириб ўтади. “Зар қадрини заргар билади” деганларидек, ҳукмдорларнинг ҳаммаси яхши таҳсил олган, аксарияти шоир ёки олим, девон тузган, ҳатто катта шеъриятда эътироф этилган эди.

Барча юмушларда Соҳибқирон Амир Темур ҳалол тамойилга амал қилгани, бу борада ҳатто фарзандларини ҳам аямагани ҳақида китоб­ларда ёзилган. Алишер Навоий “Ҳайрат ул-аброр” достонида Султон Ҳусайннинг ҳалоллик талабига жавобан қари кампир олдида бошини кундага қўйганини қайд этган. Ҳалоллик беш аср ҳаракатда бўлган давлатнинг энг муҳташам маънавий устунларидан бўлган.

Умуман, бобокалонимиз ва авлодларининг инсониятга қолдирган маънавий мерослари ҳақида узоқ сўзлаш мумкин. Гапнинг қисқаси шуки, ютуқларнинг бош омилида маънавият улуғланган ва шу асосга таянилган. Одамнинг фикрини ўзгартирмасдан ўзини ўзгартириб бўлмайди, одамни ўзгартирмасдан оламни ўзгартириш мумкин эмас. “Темур тузуклари”нинг иккинчи китоби айнан салтанатни бошқаришнинг маънавий асосларига бағишланган. Соҳибқирон томонидан яратилган ва амалиётга жорий этилган тамойиллар отанинг ўғилга насиҳатидек самимий оҳангда ифодаланар экан, кўз олдимизда буюк саркарда, давлат арбоби, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси гавдаланади. Ҳаётнинг минг бир чиғириғидан ўтиб, тўпланган тажриба ифодаси эртага мўл ҳосил бериши кутилаётган боғдек шовуллаб туради. Салтанат мартабасига эришишда қўлланилган ўн икки тузук, салтанат обрў-мартабасини сақлашнинг тўрт талаби, салтанатни мустаҳкамлашда таянилган ўн икки тоифа, салтанатни тасарруфда сақлаш учун амал қилиниши шарт бўлган ўн икки талаб шарҳи кейинги авлодлар учун жангда темир совут ёки кескир қилич қанчалик муҳим бўлса, шундай асқотгани сир эмас.

Айниқса, халқ ва раҳбарларнинг ижтимоий мавқеи, феъл-атвори ва салоҳияти ҳисобга олиниб, ўн икки тоифага бўлингани, эҳтимол, дунё давлатчилиги тарихида ўзига хос новаторлик бўлгандир. Бу ўн икки тоифани Соҳибқирон “салтанатим фалакининг ўн икки буржи ва давлатим корхонасининг ўн икки устуни деб ҳисобладим” дейди. Холисона олиб қаралса, ҳар соҳа кишисининг ўз табиати, касбий қиёфаси бўлади, демак, барчага бир хил муомала қилиш маънисизлик, балки “бир гаврон билан сурувни у ён-бу ён ҳайдаган чўпон”нинг юмушидир. Қуръони каримда ҳам одамларнинг бир-биридан фарқ қилувчи тоифалар ҳолида яратилгани таъкидланади, бир тоифа бошқа тоифа устидан ҳукмрон қилиб қўйилиши жоиз ҳисобланади. Шундай муҳим, айни пайтда нозик ҳолни идрок этган бобокалонимиз давлатни бошқаришда ҳар бир қатламга хос сиёсат ҳам яратгани шубҳасиз. Демак, тасниф асосида ҳар бир тоифага мансуб фуқаронинг ижтимоий мавқеи, уларга давлатнинг муносабати (муомаласи), фаолиятни ривожлантириш тизими белгилаб қўйилган бўлади. Шунга кўра, бу ҳолни давлат мафкурасининг асоси деб баҳоласа бўлади. Уни Соҳибқирон Амир Темур давлат бошқарувида истифода этган. Агар тасаввурга эрк бериб, мушоҳада қиладиган бўлсак, шундай заргарона муносабат туфайли давлат механизми ўта аниқликда ишлаган, ҳеч ким ва ҳеч нарса эътибордан четда қолмаган деб ҳисоблаш мумкин.

Олтин силсилага тизилган бу қоидалар оламни бузилишлар, вайронгарчиликлардан сақлаб туришга даъват этувчи йўл-йўриқлар бўлгани шубҳасиз. Машойихлар таъбири билан айтганда, “доимо бузилишга маҳкум, вайрона кулба” ҳисобланган дунёнинг давомийлигини таъминлаш, унинг шикастланган томини таъмирлаш учун Яратган инсониятга бунёдкор шахсларни ато этиб турар экан. Туронзамин халоскори, Темурийлар давлати асосчиси, дунё тамаддунининг буюк меъморларидан бири Соҳибқирон Амир Темур ана шундай порлоқ толе эгаси бўлган. Улуғ тарихчи Шарафиддин Али Яздий айтганидек, Соҳибқирон Парвардигори оламнинг: “Мен ерда халифа (ўринбосар) яратмоқчиман” деган иноятига сазовор бўлган етакчи сифатида инсониятга туҳфа этилган даҳодир. Унга олдиндан кўра билиш фазилати туфайли ер юзида эгалик қилиш ҳуқуқи берилган эди. Ана шу қудрат туфайли дунё иморати узоқ йиллар обод ва муҳташам бўлиб турди. Унинг шукуҳи бугунги кунларимизгача етиб келди.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 3-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!