Қудрат Дўстмуҳаммад. Ҳайратнинг юз-кўзи

(Болалар портрети ҳақида)

Болаларнинг улкан шоири Корней Чуковскийнинг “От двух до пяти” номли китоби бор, 1957 йилда Москвадаги “Детгиз”да ўн иккинчи марта чоп этилган. Унда 2 ёшдан 5 ёшгача бўлган “файласуфлар”нинг ажойиб гаплари тўпланган. Биронтаси ҳам ўйлаб топилган эмас, уларни муаллиф ўз кузатувлари асосида, ота-оналар, тарбиячилар, ҳатто ўша ёшдаги болалар ёзиб юборган хатлардан фойдаланиб тўплаган.

Йигирма уч босма табоқ ҳажмли бу китоб оммабоп бўлиши билан бирга, илмий аҳамиятга эга. Ундан руҳиятшунослар, педагоглар ҳам фойдаланишади. Китоб, болалар сўз орқали дунёни қандай билишларига, фикрлаш тарзларини ёритишга бағишланган. Бола-ларнинг юз-кўзларидаги ифодалар ҳам кўп нарсани “сўзлаб” бериши мумкинлигини ҳисобга олиб, муаллиф, китобга бир нечта (еттита) фотосурат киритган. Бу, алоҳида, катта мавзу бўлгани учун, шекилли, К.Чуковский унга чуқур кириб бормаган. Биз, китобнинг ана шу кемтик жойига ямоқ бўлар деган мақсадда икки ёшдан беш ёшгача болалар портретларини ранглар билан ифодаладик. Ҳаммаси фотосуратлардан кўчирилган, яъни юз-кўз ифодалари ҳужжатли. Биз фотосуратлардаги ифодаларни юз фоиз айнан кўчира олдик, деб даъво қилолмаймиз, лекин асосийларини олдик. Кетма-кет туширилган баъзи расмларда (демак, портретларда ҳам) боланинг юз ифодалари кескин ўзгаргани кўринади.

Икки ёшдан беш ёшгача болалар ҳар бир нарса ё воқеани биринчи марта кўраётганида ҳайрат билан қарайди ва ҳар гал кўзларида учқунлар порлайди. Расмга тушаётганида ҳам шундай бўлади.

Бу кўзлар “Бу нима бўлдийкин?”, “Мунча қизиқ, бу дунё!”, “Қандай мўжиза-я!” деяётгандек бўлади. Уларда баъзан қўрқув кўринса, баъзан “Қўрқмаса ҳам бўлар экан” деган маъно акс этади. Шубҳа, гумон, ҳатто ғазаб ҳислари ҳам болалар учун бегона эмас.

Болаларнинг (нафақат болаларнинг!) юз-кўзларидаги ифодаларни тўлалигича сўз билан баён этишнинг иложи йўқ, бу — тасвирий санъатнинг ҳикмати. Бу ёғи томошабиннинг ўзига боғлиқ.

Қудрат Дўстмуҳаммад


Портретлар 2008 йили Икуо Хирояма номидаги халқаро маданият Карвон Саройида бўлган шахсий кўргазмада намойиш этилган. Мойбўёқ билан матога ишланганларининг ўлчамлари 40х50, 40х60 см, картонга ишланганлари – 20х30 см.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!