Михаил Таранов. Тирик сайёра

http://n.ziyouz.com/images/earth2.jpg

“Ер – жонли мавжудот”, деган эди машҳур ёзувчи Артур Конан Дойл. Ёзувчининг “Ер фарёди” номли илмий-фантастик романи қаҳрамони профессор Челенжер шундай дейди: “Ўсимликлар, жониворлар – Ер жисмининг юнглари, вулқонлар иссиқлик нуқталари, сув қуйилиш, чиқиш жойлари – Ер нафаси эканлиги шубҳасиздир”. Профессор: “Ўз тириклигинг аломатини билдир. Ер”,– дея ҳаддан зиёд чуқур шахта кавлаб, ер жисмини ўювчи машина билан ўяди. Ер бу оғриққа жавобан силкиниб, бўғзидан фарёд-вулқон отила бошлайди. “Ер фарёди” романи босилиб чиққандан ке-йин орадан юз йиллар ўтди. Эндиликда таниқли олим, ер ости тадқиқотига оид кўплаб асарлар муаллифи Игорь Яницкий ҳам Конан Дойлни тасдиқлаб, Ер тирик, демоқда. Ер наинки тирик, балки, оқил мавжудотдир. У ўз ёритқичи қуёш, шунингдек, Галактика маркази билан мунтазам ахборот алмашиб туради. Бу ахборот Ер марказидан унинг сирти бўйлаб ўтган каналлар орқали узатилади.

Конан Дойл сингари Яницкий ҳам Ер ўз елкасида одамзодни кўтариб юришини билади, дейди. Атом портлашлари, вужудини ўйиб қурилган скважиналар, унинг бағрига кўмилган заҳарли, радиоактив моддалар тирик сайёра ҳаловатини бузади. Бунга жавобан Замин инсониятга ўз норозилигини билдириб туради. Зилзила, тўфон, сел сингари табиий офатлар воситасида Замин ўз норозилигини билдирмоқда. Кейинги вақтда ғоят кўпайиб кетган табиий офатларни Ернинг огоҳлантирувчи, инсон ақлига ишора ҳаракатлари, дея англамоқ керак.

Ер тирик вужудлигини, биз одамлардан кўра оқилроқлигини тан олиш вақти-соати етди, деб ёзади Яницкий “Физика ва дин” китобида. Ўтказган зулму зўравонликларимизга мовий сайёра узоқ вақт тоқат қилиб келди. Мана энди кўз ўнгимизда сабр косаси тошаяпти. Одамзод ё кимўзар технократиядан воз кечади, ё келажак тамаддуннинг, Ерда бизгача ҳаёт бўлганми-йўқми, дея боши қотади.

Аксарият рус олимларининг тад-қиқотлари шундай хулоса беряпти: Ер қуёш атрофида шунчаки айланиб юрган жонсиз шар эмас, балки, у жонли вужуддир. Инсоният соғлом тафаккурга зид равишда фақат нафси-ҳавосини ўйлаб табиатга етказган озору-азиятлар, кулфатлари учун Ер ҳузурида сўроқ беражаги муқаррар.

Тил топишсак ажабмас

Балки тирик сайёра ҳамда инсоният муносабатлари изидан чиқиб улгурмагандир? Бир-бирини тушуниб, мутаносибликда, уйғунликда яшаш йўллари бордир, демоқда иқтисод фанлари доктори, профессор Георгий Кузнецов. Олимнинг фикрича, инсон Ернинг кичик модули. Инсон қандай тузилишга эга бўлса, Ер ҳам шундай шакллланган. Инсоният ва ҳайвонотгагина хос хусусиятларга эга материя турлари жонли, ақлли ҳисобланади. Ўлчами, қувват истеъмоли, яшаш муддати, модда алмашинувчи жараёнлари тезлиги билан табиатдаги айрим унсурлар тирик ва ақлли жонзотлардан фарқланса-да, улар ҳам бир бутун борлиқ – ҳаёт занжирининг ҳалқаси ҳисобланади. Аммо инсон сайёрадаги ягона ақлли мавжудот, у бирламчи, деб ҳисобланувчи моддиюнчилар бу ҳақиқатни тан олмайдилар. Улар заминда неки бор, барчаси инсон манфаатларига хизмат қилиши керак, дея талқин этадилар. Инсоннинг Ерга, ҳавога, сувга, ўсимлик, ҳайвонот дун-ёсига, ерости бойликларига нисбатан муносабатида бу нотўғри талқини яққол намоён бўлмоқда. Одамзот заминнинг табиий бойликларини, неъматларини кўр-кўрона йўқ қилиб, Ер жисмини заҳарловчи дорилар, радиактив қолдиқлар, сунъий нарсалар ахлатлари билан замин бағрини тўлдиришяпти.

1960 йил. Профессор Г. Кузнецов бошчилигида бир гуруҳ олимлар “Ер – бир бутун ақлли мавжудот”, деган ақидани тасдиқлаш мақсадида ғаройиб тадқиқот ўтказишди. Биолокация операторлари сайёрага илтимос билан мурожаат этишиб, бунга Ер қандай жавоб қайтаришини асбоблар ёрдамида қайд қилиб туришди.

Инсон Ерга илтимосини, аввало, ўз онгида шакллантириб олди. Илтимос онгдан ост онг-идрокка ўтди. Олимларнинг фикрича, инсон ва Ернинг ост-онги идрокли вазифалари, ишлаш қонуниятлари, ахборот алмашинув тили бир хил бўлиб, инсон ниманики идрок этса, Ер ҳам шуни идрок этади. Инсоннинг остонги идроки сайёра ост-онги-идроки билан алоқа боғлашнинг ўзига хос йўлакчаси ҳисобланади. Энди биолокация операторининг илтимосларига Ер қандай жавоб берганлиги ҳақида тўхталсак. Оператор:

–Онажон – Ер, илтимос, ҳаво ҳароратини бироз иситсанг.

Ҳаво исиб кетди. Об-ҳаво даражаси-ни аниқловчи асбоблар буни қайд этди.

–Онажон Ер, илтимос, ҳавони ҳаракатлантириб, шамол қўзғотсанг. Сувни тўлқинлантирсанг.

Ер операторнинг кўз ўнгида бу илтимосларни бажарди, ҳатто оператор хаёлотида, илтимосига кўра, НУЖ, қор одам тасвирини чизиб берди! Ерга идрокан (балки буни қалбан деб талқин қилиш керакмикин? –М.У.) илтимослар билан боғлиқ тадқиқотлар бир неча йил давом этди. Инсон ва Ер мулоқоти натижасида олимлар онгида Замин жисмининг тузилиши тўғрисида тасаввурлар ҳосил бўлди. Ҳайвонот ва ўсимлик дунёси Ернинг жонли ҳужайралари ҳисобланаркан. Оқсилли ҳаёт тарзига эга бу жонли ҳужайраларнинг ўзига хос вазифалари бор. Биринчидан, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси Ер жисмининг модда алмаши-нув жараёнида иштирок этади.

Иккинчидан, Ер Коинотдан келаётган қувват ҳамда ахборотни ўсимлик, ҳайвонот дунёси орқали қабул қилади. Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси Ернинг сезги аъзоларидирки, улар ёрдамида кўради, эшитади, сезади, турли жисм майдонларини идрок этади.

–Ер ўз бағрида инсоният бор-лигини билади, сезги аъзолари – ўсим-лик, ҳайвонот дунёси орқали инсо-ниятнинг хулқ-атворини кузатади ва энг ҳайратланарлиси шундаки, замин одамлар идрокига таъсир ўтказиб, жамиятни бошқаради! – дейди профессор Г.Кузнецов. – Бу бошқарув геопсихология – Ер руҳияти қону-ниятларига асосланади.

–Модомики, инсон ўз жисми аъзоларини бошқарувчи – халифа (кўзи, одам хоҳлаган гўзалликка қарайди, оёқлари қаёққа истаса бошлаб боради, қўли истагига мувофиқ буйруғини бажаради) экан, нима учун Ер ҳам ўз танасида яшовчи инсониятни бошқармасин?! Ер бир бутун борлиқ билан уйғунликда ҳаёт кечириш қонуниятларига бўйсуниб яшайди. Ана шу қонуниятлар инсоният томонидан бузилган тақдирда бошқарувчи Ер ўз жисмини уни ҳалокатга тортаётган қабоҳатга, разолатга, фаҳшга, залолат-га ботган нафс қуллари исканжасидан қутқариш ҳаракатига тушади. Атланти-да ҳалокати, Оби-азоб, яъни Ер сатҳини буткул сув босиши, Саддом, Ҳамўра, Помпей сингари шаҳарлар бошига тушган фалокатлар сайёра ўз жисмини ўзи поклай олиш қудратига эга эканлигининг исботидир. Баъзан ҳаддан ошган инсоният идрокига ўз-ўзини ҳалок этиш тўғрисида амр эта-ди, давлатлараро урушлар бошланади. Замин ўз жисмидаги хавфли ўсмага айланиб бораётган айрим инсонлардан халос бўлиш учун турли йўллар тутади. Микроорганизмларда тирик олам учун хавфсиз, аммо инсоният учун ҳалокат-ли вируслар пайдо бўлади. Буларнинг барчаси Ер сайёраси нақадар оқил бошқарувчи эканлигининг далили эмасми?”

Ер – ҳис этади, куюнади

Ер чин маънода тирик: у нафас олади, ҳис этади, куюнади, дейди россиялик олим Владислав Луговенко. Олим муқаддас китобларда айтилган ҳақиқатларга фан тобора яқинлашиб бораётганини эътироф этади. Маълум-ки, ДНК молекуласи ўзида генетик маълумотларни асрайди. ХХ асрнинг ўрталарида мияга ва асаб ҳужайраларига эга бўлмаган бу молекулаларда хотира қандай пайдо бўлган, деган муаммо юзага келган эди. Кейинчалик маълумотни сақловчилар – сирли тўлқинлар экани маълум бўлди ва улар солитонлар, деб номланди. Олимлар улар ўзини ақлли мавжудотдек тутишини таъкидлашди, бироқ бу мўъжиза сирини тушунтира олишмади.

Орадан қирқ йилча ўтиб, Пётр Горяев бошчилигидаги рус олимлари уларнинг ҳаракатини махсус ускуналар ёрдамида кузатишга муваффақ бўлишди. Сирли тўлқин ДНК занжири бўйлаб югурар ва гўё ундаги ирсий маълумотни “ўқирди”. Бироқ бу кашфиёт янгидан-янги саволларни келтириб чиқарди: солитонлар ҳаракатга келиши учун ким буйруқ беради? Бизнинг мовий сайёрамизда бунчалик мураккаб ва айни пайтда олдиндан ўйланган сценарий бўйича ҳаётни ким қарор топтирган? 90-йилларда солитонларга магнитофонга ёзилган одам нутқи ўрнатилди. Натижа жуда ҳайратланарли эди: одам нутқи таъсирида солитонлар ғоятда фаоллаш-ди, гўё тирилишди. Шундан сўнг кучли радиоактив нурланиш олган буғдой доналари текшириш учун олинди. Нурланиш оқибатида ДНК занжирлари узилиб, уруғлар яроқсиз ҳолатга келади. Бироқ уларга “гап ўргатилган” солитонлар билан ишлов берилганда, уруғлик доналарининг ярми кўкарган. Микрос-коп орқали бу буғдой доналаридаги радиация бузган хромосомаларнинг тикланиши кузатилган. Наҳотки, оддий сўзлар ўлик ҳужайрани тирилтирса, деган саволга жавоб бераркан, академик В.Лугавенко қуйидагиларни таъкидлай-ди: Бу жуда ҳам оддий сўзлар эмас, балки муайян оҳангга солинган, сарбаст шеър мусиқасини эслатувчи бир маромда айтилган сўзлар эди. Одам нутқи таъсирида солитонларнинг тирик-лик қувватига эришгани мўъжиза-ю, бироқ бу факт.

Олимнинг уқтиришича, сўз мате-рияга таъсир кўрсатади, сўз яратиш ёки вайрон этиши мумкин. Дуолар ёрдамида соғайишни бунга мисол қилиб келти-риш мумкин. Қолаверса, айтилмай қолган сўз – фикр ҳам озмунча кучга эга эмас. Бир-бировга ҳавас ёки ҳасад қилиб, кимгадир ёмонликни соғиниб ва фикран ундан қасос олган бўлиб, бу ўй-фикрларимизнинг ўзи вайрона-гарчилик келтириб чиқаришини ўй-ламаймиз. Табиий офатлар, ҳалокатлар, урушлар – ана шу номақбул ўй-фикрлар оқибати эмасмикин?!

Кейинги икки йил мобайнида биз АҚШ ва Ҳиндистондаги ҳамкасблари-миз билан фикрларнинг сайёрамиз ҳолатига таъсири бўйича тажрибалар ўтказдик. Бунинг учун кўплаб одамлар ўз ихтиёрлари билан дунёнинг турли шаҳарларида (жумладан, Москвада ҳам) гуруҳ-гуруҳ бўлиб йиғилишиб, макондаги муайян нуқта ҳақида фикр юритишга уринишди. Яқинда ўтказилган шундай тажрибалардан бирида, олтмиш минг, бошқасида юз минг киши қатнашди. Тажриба давомида бунёдкорлик, эзгулик ҳақида фикрлаш шарт қилиб белгиланди. Биз фикр йўналишининг нуқтаси қилиб Боғдод шаҳрини тайин этдик. Бу пайт Боғдодда уруш бўлаётган эди. Тажриба чоғида ва ундан кейинги икки кун мобайнида шаҳарда жанглар тўхтади, жиноятчилик хийла камайди. Кейин қора, вайронакор кучлар устун келиб, Ироқда қон тўкилишлар яна жонланди. Бундан ажабланмаса ҳам бўлади: ёмонлик эзгуликка қараганда фаолроқ. Бироқ Ердаги барча одамлар ибодат қилишиб, чин дилдан тинчликни тилашса, ишончимиз комилки, она сайёрамиздаги вазият тубдан яхшилик тарафига ўзгаради. Албатта, бу эътирофга ишониш осон эмас…

Тушунаман,– дейди олим,– бироқ биз ҳаракат қилсак, ҳеч нарсани йўқот-маймиз. Ҳаракат қилмаган тақдирда эса, ҳамма нарсани йўқотишимиз мумкин.

Далалардаги доираларни ким чизаяпти?

Ер сайёраси ақлли мавжудот,– дейди ғайри табиий ҳодисалар тадқиқотчиси Д.Азаров.– Замин ўз устида инсоният тамаддуни мавжудлигини билибгина қолмай, балки, у билан мулоқот ўрнатишга ҳаракат қилмоқда. Япония, Канада, Россия, Аргентина давлатлари ҳудудларидаги буғдойзор далаларда кутилмаганда доирали чизиқлар, ғоят мураккаб шакллар чизилиб қолмоқда. Бу суратлар бир-бири билан кесишувчи тўғри чизиқлар ҳамда доиралардан таркиб топмоқда. Суратларнинг барчаси учун хос хусусият шундаки, сурат шаклини олган буғдойзор поялари топталгани ҳам, сингани ҳам йўқ. Олимлар учун номаълум сабабларга кўра, ғоят моҳирона сурат шаклини олган буғдой поялари ётиқ ҳолида ҳам ўсиб, кўпаймоқда. Айниқса, Англиянинг Гемпшир графигида самолётдан туриб қайд этилган ҳодисот ғоят ҳайратланарли. Буғдойзорда пайдо бўлган доира ичидаги “Биз ёлғиз эмасмиз” ёзувининг ҳар бир ҳарфи 36 метр узунликда эди.

Сирли доиралар кўплиги жиҳатидан Жанубий Англия пешқадамлик қилмоқда. Мамлакат далаларида сўнгги йилларда шаклан мураккаблашиб бораётган 10 мингга яқин сурат ҳисобга олинган. Дастлаб оддий доира шаклидаги чизиқлар ғаройиб узук, занжир, ясси, синусоид, квадратга айланиб бормоқда. Мутахассисларнинг фикрича, инсон бундай ғаройиб, математик жиҳатдан ниҳоятда аниқ шакллар суратини чизишга ожиз. Математик жиҳатдан ниҳоятда аниқ шакллар суратини фақат компьютер яратиши мумкин. Минглаб гувоҳлар бу суратлар бир лаҳзада пайдо бўлаётганлигини таъкидлашмоқда.

Д.Азаровнинг фикрича, бу сирли ёзувли суратларни тирик, ақлли сайёрамиз чизмоқда.

Она Ернинг инсонга таъсири

Георгий Кузнецов, шунингдек, бошқа олимлар тадқиқотлари инже-нерлик биолокацияси Ассоциацияси президенти Владимир Хлопков томонидан йиғилган ахборотларга мувофиқ келяпти. Биолокация операторлари Ернинг одамларга таъсир кўрсатиш механизми мавжудлигини аниқладилар. Бу механизмни геопатоген ҳудудлар деб аташади. В.Хлопковнинг айтишича, “геопатоген” ибораси нотўғри қўлланган. Зеро, бундай ҳудудлар фаол ҳаракатда бўлиб, Ер улар орқали ўз жонли қатламига таъсир кўрсатади. Биолокация операторлари ана шундай ҳудудларда содир бўлаётган жараёнларни кўп йиллар мобайнида кузатдилар. Ҳудудлар фаоллигининг суткалик, ойлик, йиллик даврий тебранишлари қайд этиб борилди. Ҳайратланарли кашфиёт: фаол ҳудудлар инсоннинг жисмоний, руҳий ҳолатигагина эмас, заминда неки бор барчасига таъсир кўрсатаркан. Ҳудудлар фаоллигининг даврий тебранишлари Россия Фанлар академиясининг Геология институти олимлари ҳамда Табиий заҳиралар вазирлиги Бутун-россия институти олимлари олиб борган илмий кузатишлар натижалари-га мувофиқ келди! Сайёрамиз айнан шу фаол ҳудудлар орқали тирик оламга энергетик таъсир кўрсатади. Фаол ҳудудлар тирик оламни айнашга олиб келувчи заиф, касалванд турлари тутиб қолувчи ўзига хос тўсиқ вазифасини ҳам ўтайди. В.Хлопков гуруҳининг биолокация операторлари ана шу муҳим янгиликларни кашф этдилар. Фаол ҳудудлар яқинида ғайри табиий ҳодисалар тез-тез содир бўлишини чуқур ўрганиш юқоридаги кашфиётлар тўғрилигини тасдиқлади.

Москва яқинидаги Зеленоград шаҳарчасида ернинг катта ёриғи – фаол ҳудуд коинотдан суратга олинди. Кузатишлар бу фаол ҳудуд нечоғли оқиллигини исботлади.

Ҳудуддан ҳар оқшом 90 см. тезликда биомайдон тарқалиб, шаҳар сари оқа бошлайди. Орадан 3,5 соат мобайнида давом этади. Хўш, биомайдоннинг бу ғаройиб “хулқ-атвори”ни қандай шарҳлаш мумкин? Владимир Хлопковнинг фикрича, илмий шаҳарча аҳли ўз хотираларидаги мавжуд ахборотни биомайдон томонидан ўқилиши ҳоди-сасига дуч келишган. Оқшом биомай-дон учун ғоят қулай пайт: ишдан ҳориб қайтган одамлар ўзларини бўш қўйиб, эркин бўладилар. Кундузги югур-югур, ташвишлар, зўриқишларни унутади, уни ташқи таъсирлардан ҳимоя қилувчи руҳий тўсиқларни олиб ташлайди. Руҳий тўсиқ нима? Одамзот жамиятда ўзи ёқтирмайдиган кишилар билан муомалада бўлишга мажбурлиги боис ўзи билан улар ўртасига англамаган ҳолда руҳий тўсиқ қўяди. Уйда эркин-лиги боис бундай тўсиқ кўтарилгач, енгил бўлиб қолади. Биомайдон эса руҳан енгил инсонни ўраб олиб, унга сокинлик, хотиржамлик бахш этади.

Воронеж областида ҳам ғаройиб хусусиятли ҳудуд аниқланиб, ўрганил-ди. Бу – Новохоперск тектоник ёриғи бўлиб, “Воронеж геология” давлат корхонаси мутахассиси Генрих Силанов томонидан тадқиқ этилган. Тектоник ҳудудда оқ жисмли материя парчалари суратга олинган. Парчалар тектоник ёриғидан тўсатдан шўнғиб чиқиб, Ернинг маълум бир нуқтаси узра муаллақ турарди. Ер билан оқ материя парчаларини боғловчи нурли излар ҳам иланг-биланг тасмага тушган эди.

Тектоник ёруғ ҳудудидан ажралиб чиқаётган энергия бизнинг тушунча-миздаги геофизик ҳолат эмас,– дейди Г.Сланов,– бу Ер билан Коинот ўртасидаги ўзаро ахборот алмашинуви эканлигига имоним комил. Суратларнинг бирида сирли оқ материя парчаларининг ерга қўниши акс эттирилган. Шарсимон парча ўтлоққа қўниб, сўнг кўтарилиб кетаркан, ўзидан қора доира қолдиради. Бу Англия буғдойзорларидаги қора доираларга ғоят ўхшайди. Яна бир оқ материя парчасида эса плазманинг пайдо бўлиши ва жисмга айланиши суратга туширилган. Новохоперск тектоник ёриғи тадқиқотчиларининг фикрича, Вақт –энергия турларидан бири, шунингдек, ўзаро модда алмашинуви жараёнлари тезлигини аниқловчи, сабаб-оқибат ўзгаришлари-ни жамловчи майдон ҳисобланади. Ер Коинотга энергия узатувчи тектоник кесишув ҳудудларида эса Вақт ўзгача хусусиятлар касб этади. Фотосуратлар бу фикрларни тасдиқлайди. Суратлардан бирига барглари қуюқ, адл дарахт тасвири туширилган. Ваҳоланки, аслида дарахт кекасайиб эгилган, шохлари синган ҳолда турибди! Ҳа, бу ғаройиб ҳодисот қошида ҳайратга тушмасдан иложингиз йўқ. Ахир дарахт 20 йил муқаддамги ёшлигини хотирлаган ва ана шу хотирадаги тасвир плёнкага муҳрланган эди-да! Бу фавқулодда ҳодисот-хотиралар майдонига тааллуқ-ли бўлиб, Вақт тўсатдан ўтмиш тасвирларини қайта тиклайди, ўтмиш жонлан-моғи учун моддий шарт-шароит яратади. Мазкур майдонда қачонлардир нимаи-ки мавжуд бўлган бўлса, унинг тасвири жонланиб, оптик тўлқинда акс этади.

Ер – Парвардигор илми тажаллиси

Кейинги юз йиллар мобайнида Ер “заминда подшоҳман, хоҳлаганимдайяшайман”, дея калта ўйловчи инсо-ниятга оқилона ишоратлар қилмоқда. Донога ишорат, нодонга калтак, дейдилар-ку. Одамзот Ер юзида тасодифан пайдо бўлиб қолгани йўқ. Унга ато этилмиш ақл неъмати, чек-сиз эркка эгалик ҳуқуқи Коинот миқ-ёсида олганда, ғоят камёб (ҳатто нурий мавжудот – фаришталарга ҳам эрк берилмаган – М.У.). Инсон – Ерни жаннатга айлантирмоғи учун бу дунёга келган, дейилади барча динларнинг муқаддас китобларида. Аллоҳ Ер жисмини гуллаб-яшнатиши, ундаги хазиналардан ақлу инсоф билан, исроф қилмай фойдаланиши, асли аввал табиатини сақлаши учун инсонга берди. Парвардигор Ер билан бирга одамзодга ақл-идрок неъматини, эрк-ихтиёрни ҳам ато этди. Одамзод эса она табиат билан уйғунликда яшаш ўрнига унга ҳоким-ликни афзал билди. Ернинг жаннатий жамолини топтаб, хазиналарини талон-тарож қилди. Алалоқибат табиат, яъни Ернинг жонли ҳужайралари – ўсимлик, ҳайвонот дунёси заволга юз тутди, ҳатто инсон ўз жисми таркиб топган улуғ унсурлар – тупроқ, ҳаво, сув, оловни ҳам булғалади. Заминда меҳмон эканлигини унутди. Ўз меҳмонлик иззатини билмаганлар учун эса Ернинг устидан кўра ости афзал бўлаётганлигини айни пайтда дунёвий миқёсда рўй бераётган зилзилалар, тўфонлар, кўчкилар, селлар, тошқинлар оқибатида минг-минглаб одамлар ҳалокатга учраётганлиги исботламайдими?! Мақолани фалсафа фанлари доктори А.Аверьяновнинг қуйидаги огоҳлан-тириши билан якунламоқчимиз: “Олимлар ва амалиётчи моддиюнчилар оқибатини ўйламай, Ер қобиғини илма-тешик қилишни давом эттираётирлар. Ер – Менделеев даврий системаси элементлари бирикувидан ташкил топган шар деб ҳисобловчилар қаттиқ янглишадилар. Табиат ва Ер ўзаро уйғунлик, мутаносиблик, поклик қонунлари асосида ҳаёт кечиради. Табиат ҳам, Ер ҳам ўз-ўзини муҳофаза қилиш, ўзини-ўзи поклашдек ғоят чекланмаган қудратга (Модомики, Ер – Яратганнинг илми тажалли топган сайёраси экан, унинг қудрати чек билмасдир – М.У.) эга. Ерда ҳам, Коинотда ҳам фақат курашиб яшашгина эмас, балки ўзаро мададкорликда, ҳамжиҳатликда фаолият кўрсатиб яшаш қонуниятлари мавжуд-ки, булар, шак-шубҳасиз инсониятга ҳам тўласича тааллуқлидир”.

Михаил Таранов, геология-минерология фанлари номзоди

Маҳфуза Усмонова таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 9-сон.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!