Мансурхон Тоиров. Қора туя ҳикмати

Сени топмоқ басе мушкилдурур, топмаслиғ осонким,
Эрур пайдолиғинг пинҳон, вале пинҳонлиғинг пайдо.

Алишер НАВОИЙ. “Зиҳе ҳуснунг зуҳуридин…”

 

Қути ўчиб шунда қўрқувдан,
Барча энур Тангрини таниб
Ва осийлар қулар юзтубан
Ловуллаган ўтга чулғаниб.

Александр ПУШКИН. “Қуръондан иқтибос”

“Дўл тоғи ва етти осмон” мақоласи (“Тафаккур”, 2014 йил 4-сон) муштарийларни бефарқ қолдирмагани каминани муаллиф сифатида мамнун этди, албатта. Муштарийлар гоҳ юзма-юз учрашиб, гоҳ қўнғироқ қилиб мақола ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди. Уларнинг аксарияти мақоланинг бош ғоясини қўллаб-қувватлаб, ислом динининг муқаддас китоби – Қуръони каримни ғараз ниятда бузиб “тафсирлаш”ларга мунтазам зарба бериб бориш лозимлигини куюниб таъкидлашди. Зеро, бундай номақбул хатти-ҳаракатлар пайини қирқиш билан биз ўз эътиқод, анъана ва қадриятларимизни ҳимоя этамиз (ахир, дуою илтижоларимиз, никоҳу жанозаларимиз наҳот ёлғондакам-у, ўзимиз эса алдоқчи бир халқ бўлсак?!), асло Қуръонни эмас! Негаки, Қуръон ҳимояга муҳтож эмас! Унинг ўз Эгаси бор, ҳимояси ҳам Унинг зиммасидадир!

1966 йили АҚШлик астроном Карл Саган бирор сайёрада ҳаёт мавжуд бўлмоғи учун у икки талабга жавоб бериши: биринчидан, муайян юлдуз атрофида айланиши ва, иккинчидан, ундан қулай масофада жойлашиши керак, деган қарашни илгари сурган ҳамда коинотда октильонта сайёра бўлса (октильон – миллионта септиллионга ёки 10нинг 48-даражасига тенг. Немис иқтисодчиси Вильгельм Лексис ҳисобига кўра, шахмат тахтасидаги 32 та тош эгаллаши мумкин бўлган вазиятлар сони 7,5 октильон бўлар экан), шундан септильонтасида ҳаёт мавжуд бўлиши мумкин, деган фаразни илгари сурди. Шундан бери олимлар ўзга сайёралардаги ақлли мавжудотлар тарқатган радио­сигналларни тутишга уринмоқда, бироқ шу вақтгача ҳеч бир сайёрада ҳаёт, чунончи цивилизация борлигидан дарак йўқ.

Бугун инсониятнинг олам ҳақидаги тушунчалари янада кенгайди. Энди бирор сайёрада ҳаёт мавжуд бўлмоғи учун у иккита эмас, икки юздан кўпроқ талабга жавоб бериши тақозо этилаётир. Энг қизиғи, ўша сайёра айни талабларнинг атиги биттасига жавоб беролмаса ҳам, бошқа барча омиллар чиппакка чиқади. Масалан, Юпитер каби улкан сайёра ўзига астероидларни тортиб турмаганида, Ер юзига ёғилувчи бундай фазовий жисмлар сони ҳозиргидан минг баробар кўпроқ бўлар эди.

Бирор сайёрада ҳаёт мавжуд бўлмоғи учун зарур бўлган “нозик созланиш”дан ҳам ҳайратланарлиси – коинотдаги барча юлдузу сайёраларнинг ҳам худди шундай “нозик созланиш”идир. Ана шундай “нозик созланиш”сиз Олам ҳам мав­жуд бўлмас эди, деган назария мав­жуд. Астрофизик­лар тўрт асосий ўзаро таъсир кучи (гравитация, электромагнит, кучли ва кучсиз ядровий) қисмати Катта Портлашдан сўнг сониянинг миллиондан бир улушича вақт ичида ҳал бўлгани ва агар тўрт асосий ўзаро таъсир кучидан биронтаси озгина бошқачароқ бўлса ҳам, Олам ҳозиргидек бўлмаслиги мумкинлигини аниқлашди. Шу жиҳатдан, Оламнинг мавжудлиги жуда улкан мўъжизадир.

Инглиз файласуфи Энтони Флю кўп йиллар атеизм устунларидан бири бўлиб келган, шу мавзуда талай машҳур китоблар ёзган. Бироқ унинг 2004 йили берган баёноти дунё илм аҳлини ларзага солди. Флю ўз дунёқарашини ўзгартиргани ҳақида матбуот саҳифаларида ёзиб, Худонинг борлигига шоҳидлардан бириман, дея имон келтирди. У нега бундай қарорга келганини кейинги асарларида батафсил ёритди.

Англиялик яна бир машҳур физик Мартин Жон Рис эса, гарчи ўзи даҳрий бўлса-да, физик қонунларга таяниб, Яратувчи борлигини илмий асослади ва 2014 йили соврини 1 миллион 400 минг долларга тенг Темплтон мукофотига сазовор бўлди.

Бу икки олим ортидан россия­лик физик Анатолий Акимов “Московский комсомолец” газетасига интервьюсида “Худонинг борлиги илмий усуллар билан асосланди”, дея баёнот берди. Унинг таъкидлашича, аввалги асрларда ҳам кўплаб физиклар Худо борлигига шубҳа қилмаган. Ҳатто Ньютон давригача фан ва дин ўртасида фарқлаш ҳам йўқ эди. Фан билан, одатда, руҳонийлар шуғулланган. Чунки улар энг маърифатли кишилар бўлган. Ньютоннинг ўзи ҳам илоҳиётчи эди ва ”Механика қонунларини мен Худо қонунларида кўраётирман”, деб тез-тез так­рорларди.

Микроскоп ихтиро этилиб, ҳужайралар ўрганила бошлагач, хромосомаларнинг бўлиниш ва кўпайиш жараёнини кузатган олимлар “Ҳамонки, Парвардигор буларни азалдан тақдир этмаса, қандай қилиб шундай бўлиши мумкин?!” дея кучли саросимага тушади. Чунки бу янгилик эволюция назария­си “қобиғи”га сиғмас эди.

А.Акимовнинг ёзишича, агар одам танаси­даги мутацион ва биокимёвий жараёнларнинг кечиш суръатидан келиб чиқилса, унинг бирламчи ҳужайралардан бино бўлиши учун Оламнинг яралишидан кўра бир неча баробар кўпроқ вақт тақозо этилар экан. Бундан ташқари, радиокузатиш олиб бориш имконияти мавжуд бўлган коинот кенгликларида квант унсурлар сони 10нинг 115-даражасидан кам эмаслиги аниқланди ва шу маълумотга таяниб, Олам Олий Онгга эга бўлмаслиги мумкин эмас, деган хулосага келинди. “Мабодо буларнинг барчаси бир бутун тизим бўлса, демак, уни бир компьютер дея тасаввур этиб, бундай саволни ўртага қўйиш мумкин: шунча элементга эга бўлган ҳисоблаш тизимига ҳар қандай ҳисоб-китоб наҳотки чўт бўлса?” Сўнг­ра олим ҳаяжон билан бундай хитоб қилади: “Бу, ахир, чексиз имконият дегани эмасми! Унинг қудрати энг замонавий компьютерникидан минг чандон катта-ку!”  

Фанда бирор кашфиёт қилинса-ю, Ер юзидаги турфа дин вакиллари “Бу кашфиёт бизнинг илоҳимиз мавжудлигини исботлади”, дея унда ўз эътиқоди ҳақлигига исбот кўрса, қани, айтинг-чи, бугун қай бир масала муҳимроқ: “Яратувчи борми ёки йўқ?” деган саволга жавоб топишми ёки “Ушбу борлиқнинг Яратувчиси ким?” деган жумбоққа ойдинлик киритиш?

Тўғри, Оллоҳга бешак имон келтирганларнинг бунга ҳеч бир эҳтиёжи йўқ. Бироқ эътиқоди суст баъзи кишилар ҳар хил “тарғибот”лар орқасида ўз динидан кечиб, бошқа динга ўтиб кетиши ҳам мумкин-да! У динда ҳам, бу динда ҳам Худо бор-ку, деган янглиш тасаввур уларни чалғитса не ажаб! Сўнгги вақтларда, ўн уч асрдирки, ислом динига эътиқод қўйиб келган юртимизда айрим ғўр ёшлар, ҳатто катталарни ҳам ҳар хил найранглар билан ҳақ йўлдан оздириб, ўзга динларга ўтказишни кўзлаётган ғаним кучлар кўпайгани бизни янада ҳушёр бўлишга чорламайдими?! Ғайридинларнинг воизлари “Яратувчи Оллоҳ эмас, ўзга илоҳдир” деганида, аввало, катталаримиз, қолаверса, ёшларимизнинг бу фитна эканига ақли етиши зарур.

Муҳаммад (с.а.в.) даврида ҳам ҳеч ким Яратувчи борлигини инкор қилмаган. Ўша кезларда Каъбадаги 365 бутнинг барчасига “Яратувчи” дея сиғинилган. Расулуллоҳнинг (с.а.в.) аъмоли Яратувчининг борлигини исботлаш эмас, балки Яратувчи яккаю ёлғиз Оллоҳ экани ва Ундан ўзга илоҳ йўқлигини одамзодга етказишдан иборат бўлган.

Таассуфки, бугун Қуръони карим маънолари баъзан илм-фанга таянилмай юзакироқ тафсир этилаётганидан “фойдаланиб”, бу Китоб Оллоҳнинг ваҳийси эмас, балки Муҳаммаднинг сўзларидир, деган ёлғон қарашни ёйишга ва сура-оятларни ҳам шунга мувофиқ бузиб тафсирлашга интилишлар бот-бот кўзга ташланмоқда. Биз “Дўл тоғи ва етти осмон” мақоласида интернет тармоғидаги “Коранический взгляд на Вселенную” (http://ru.wikiislam.net/wiki/) ва “Научные ошибки в Коране” (http://islamuncovered.info/scientific_errors_in_quran) саҳифаларининг Ка­ло­муллоҳдаги фалакиётга доир оятларга қарши даъволари нақадар ожиз эканини энг сўнг­ги фан хулосалари асосида фош этишга ҳаракат қилган эдик. Тубандаги мақолада эса ўз номини сир тутган “интернет-муфассир”нинг (балки “интернет-муфассир”лардир) биология, тиббиёт, геология каби фан соҳалари бўйича янги даъволари ҳам нақадар пуч эканини яна энг янги фан хулосаларига таяниб исботлаш ниятидамиз.

“Интернет-муфассир” Қуръоннинг бир оятига қуйидагича “раддия” билдиради (иқтибосларни аслият тилида бераётирмиз – М.Т.): I. ГРУДЬ СЖИМАЕТСЯ НА ВЫСОТЕ. Эта сура говорит, что на большой высоте грудная полость уменьшается, когда в действительности верно обратное. “Кого пожелает Аллах вести прямо, уширяет тому грудь для ислама, а кого пожелает сбить с пути, делает грудь его узкой, тесной, как будто бы он поднимается на небо” (Коран, 6:125).

Бизнингча, “интернет-муфассир” ушбу оят мағзини чақишга ожизлик қилган. Оятда “Кимники адаштиришни ирода этса, кўксини гўё осмонга кўтарилиб кетаётгандагидек тор ва сиқиқ қилиб қўяди”, дейилаётир ва бунда самолёт ёки ракетада самога кўтарилишга ўхшаш ҳолат назарда тутилаётир. Оятда баландликка, дейлик, тоққа чиқишдаги каби ҳолат ҳақида сўз бораётгани йўқ. Тўғри, тоққа чиқиш ҳолатига татбиқан “интернет-муфассир” бир қадар ҳақ. Чунки денгиз сатҳидан қанча юксалиб борилса, атмосфера босими шунча камаяди, одам ички босими эса, бунинг аксича, кўтарилиб, танада мувозанат бузилади ва кўкрак қафаси кенгаяди.  

Ракета ёки самолёт самога кўтарилишида эса бундан фарқли ҳолат рўй беради. Ҳар икки ҳаво кемаси ҳам кўкка кўтарилиш учун тезланма ҳаракат қилади. Фанда тезланма ҳаракат туфайли жисм (бизнинг мисолимизда пассажир ва космонавт) оғирлигининг ортиши “g” белгиси билан ифодаланади. Бундай ортиш 2g бўлганда одам вазни 2 баробарга, 4g бўлганда эса 4 баробарга оғирлашади. Одам тинч ҳолатда 1g куч таъсирида бўлади. Бу борада фуқаро самолётлари учун рухсат этилган меъёр 4,33g га тенг. Чунки одам 5g гача бўлган босимга дош бера олади. Машқ қилиб тобланган учувчи эса 9g босимга ҳам чидаши мумкин. Агар босим қуйига эмас, юқорига қараб бўлса, 2-3 g даёқ одамнинг кўзи қизариб, миясига қон қуйилади ва оқибатда ҳушини йўқотади.

Самолёт ёки ракетада кўкка парвоз қилаётган кишида босим асосан кўкрак қафасига тушади. Оқибатда кўкрак ва қорин бўшлиғи сиқилиб, нафас олиш ва нафас чиқариш оғирлашади. Кўкрак ва куракда оғриқ пайдо бўлади. Юрак уриши тезлашади, қон босими ортади. Шундай қилиб, оятда айтилганидек, чиндан-да кўкрак торайиб сиқилади.

“Интернет-муфассир” ушбу оят мағзини чақа олганида, у инкор этувчилар эмас, имон келтирувчилар сафида бўларди. Чунки ХХ аср фан-техникаси кашф этган ҳақиқат бундан 1400 йил аввал ваҳий билан нозил этилган. Ҳар қандай тоғ тепаси, чунончи, Жамолунгма чўққиси ҳам осмон эмас, ер эканини “интернет-муфассир” назардан қочирган кўринади. Афтидан, у ер сиртини тухум сирти каби сип-силлиқ деб тасаввур этса керак.

“Интернет-муфассир” ўз фикрини давом эттириб, яна бундай ёзади: II. ГРЕШНЫЕ ЖИВОТНЫЕ. По словам Аллаха, животные вместе с людьми будут судимы за свои грехи. То есть, курица, человек и насекомое будут стоять бок о бок в ожидании суда Аллаха. И это, несмотря на то, что животные не имеют человеческого самосознания, а управляются инстинктом. “Нет животного на земле и птицы, летающей на крыльях, которые не были бы общинами, подобными вам. Мы не упустили в книге ничего, потом к вашему Господу они будут собраны” (Коран, 6:38).

Қиёматда барча жонзотларнинг одамлар билан бирга Маҳшар майдонида жамланишидан мурод – савоб-гуноҳи сарҳисоб этилаётган кишидан бирор жонзот яхшилик кўрган бўлса, уни Оллоҳ ҳузурида ҳимоя қилмоғи ёхуд, аксинча, ушбу кишидан бирор жонзот ёмонлик кўрган бўлса, ундан ўчини олмоғи, яъни бир сўз билан айтганда, Буюк Адолат тантанасидир. Ана шундан сўнг бояги жонзот тупроққа айланиб кетади. Хуллас, “интернет-муфассир”нинг бу даъвоси ҳам, худди аввалгиси каби хато, пучдир.

Сўнг қуйидаги даъво илгари сурилади: III. СУЩЕСТВУЕТ ТОЛЬКО ВОСЕМЬ ВИДОВ СКОТА. На самом деле, существуют дес­ятки видов скота. Автор Корана рассказал о парах (самце и самке) овец, коз, быков и верблюдов, и пренеб­рег другими видами скота из регионов, находящихся за пределами Аравии. “Он сотворил вас из единой души, потом сделал из нее пару и ниспослал вам из животных восемь парами” (Коран, 39:6).

“Интернет-муфассир” “ўнлаб чорва моллари” деганида нималарни назарда тутгани бизга қоронғи. Чунки чорва моллари сони, оятда айтилганидек, чиндан-да саккизта: 1) қўй; 2) эчки; 3) қорамол; 4) от; 5) туя; 6) як (қўтос); 7) шимол буғуси; 8) қуён. Оллоҳ чўчқа ва эшак гўштини ҳаром қилгани сабаб биз уларни чорва моллари сафига қўшмадик. “Интернет-муфассир” балки уларни ҳам ўз саноғига киритгандир ва шу асно “ўнлаб чорва моллари” пайдо бўлгандир. Энди қуённи чорва моллари сирасига киритганимиз сабабига келсак, бу “қилмиш”имиз “интернет – муфассир”га малол келиши аниқ. Ўзимизни муҳофаза қилиш учун унинг она тилидаги бир интернет сайтидан қуйидаги иқтибосни келтирамиз: “Это сельско-хоз­яйственное животное. Он входит в категорию “скот”. Так что если не передвинете клетки с кроликами подальше от забора соседа, проиграете дело” (http://otvet.mail.ru/question/167532411). Хуллас, қуён ҳам чорва моллари сирасига киришини унинг ўз ҳамюрти далиллаб турибди.

“Зумар” сурасининг чорва молларига доир 6-ояти Қуръони карим маъноларининг русча таржималарида қуйидагича баён этилади: “Он создал вас из единого существа. Потом сотворил из него же пару и ниспослал вам восемь животных парами” (Магомед-Нури Османов); “Он создал вас из одного человека. Он сотворил из него жену ему и нис­послал для вас из скотины восемь животных парами” (Эльмир Кулиев); “Он сотворил вас из единой души, потом сделал из нее пару и ниспослал вам из животных восемь парами” (Игнатий Крачковский); “Он всех вас создал из одной души / И из нее же сотворил ей пару. / Он ниспослал для ваших нужд / Восемь голов скота попарно” (Валерия (Иман) Порохова); “Он сотворил вас от одного человека; потом из него произвел супругу ему, и доставил вам в пищу восемь скотов в четырех парах” (Гордий Саблуков).

Қуръони карим маъноларининг ўзбекча таржималарида эса айни оят бундай баён этилади: “У сизларни бир жондан яратди. Сўнгра ундан жуфтини қилди ва сизларга чорва молларидан саккиз жуфтини туширди” (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф); “У сизларни бир жондан (Одамдан) яратди, сўнгра ундан жуфтини (яъни Ҳаввони пайдо) қилди ва сизлар учун чорва ҳайвонларидан саккизта жуфтни туширди (яъни дунёга келтирди)” (Шайх Алоуддин Мансур) ва ҳоказо.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ва шайх Алоуддин Мансур таржималарида саккиз жуфт чорва моли ҳақида сўз боради. Олтинхон тўра ва шайх Абдулазиз Мансур таржималарида эса, қадимги тафсирларга суянилиб, чорва моллари сони тўрт жуфтга келтирилган. Ўша тафсирчилар Арабистон ва Ўрта Осиёда яшаб ўтгани сабаб ўз назари тушган молларга қараб шарҳ битган бўлса ажабмас. Лекин қуён истисно этилса-да, қўй, эчки, қорамол, от, туя – жами беш жуфт чорва моли чиқмайдими? Қуённи эса, жисман кичик бўлгани сабаб, “чорва моли” дегилари келмагандир.

“Интернет-муфассир” яна қуйидаги даъвони илгари суради: IV. ЧЕЛОВЕК МОЖЕТ СПАТЬ ТРИ СОТНИ ЛЕТ. Человек не может спать более двух дней, если он не в коматозном состоянии. Тем не менее, автор Корана добавил в свой текст известный миф “О семи спящих отроках”, взятый из христианского фольклора. “Вот юноши спрятались в пещеру и сказали: “Господи наш, даруй нам от Тебя милосердие и устрой для нас в нашем деле прямоту”. И Мы закрыли их уши в пещере на многие годы. Потом Мы воскресили их” (Коран, 18:10-12).

Инсон ўз ҳаётининг учдан бир қисмини уйқуда ўтказади. Бу – табиий ҳол. Лекин ғайритабиий ҳол – летаргик уйқу ҳам мавжуд. Бундай уйқу ҳақида асотир ва эртакларда бот-бот сўз юритилса-да, бироқ унинг фанда аниқ изоҳи йўқ.

1954 йили украиналик Надежда Лебедина эри билан жанжалдан сўнг уйқуга ётиб, орадан 20 йил ўтгач уйғонади. Бу орада эри ҳаётни тарк этган, 5 яшарлик қизалоғи эса 25га кирган эди. Энг қизиғи, Надежданинг танаси ҳеч ҳам қаримаган, шунча ётгани билан бирон жойи қадоқ бўлмаган. Летаргик уйқудан сўнг Лебедина яна 20 йил умр кўрган.

Норвегиялик Августина Леггард туғуруқдан сўнг 22 йиллик уйқуга кетади. Унинг ҳам танаси мутлақо қаримайди. Августина уйғонгач, эрини чақириб, “Фредерик, анча кеч бўлиб қолгандир. Гўдакнинг қорни ҳам очгандир. Мен уни эмизмоқчиман!” дейди. Ваҳоланки, ўша чақалоқ энди 22 ёшга кирган қиз бўлиб, у онасига ҳайрат-ла боқиб турар эди. Августина бир йилдаёқ қариб, кампирга айланиб қолади. У яна икки йил умр кечириб, ёруғ олам билан видолашади.

Хўш, юқоридаги маълумотлардан қандай хулоса чиқариш мумкин? Ахир, Қуръоннинг “Каҳф” сураси 10–12-оятларида ана шу летаргик уйқу ҳақида сўз бормаяптими?! Табиийки, “интернет-муфассир” бундай уйқудан воқиф бўлмаса, бунга Қуръон айбдор эмас.

“Интернет-муфассир”нинг “автор Корана добавил в свой текст известный миф “О семи спящих отроках”, взятый из хрис­тианского фольклора”, дея Қуръон муаллифи сифатида Оллоҳни эмас, Муҳаммадни (с.а.в.) таниши ва ул зотни кўчирмакашликда айблаши ҳам катта адашишдир. Ҳамонки, Оллоҳ битта, дин ҳам битта экан, барча пайғамбарларни ҳам У юборгану барча илоҳий Китобларни ҳам У туширган экан, албатта, ўхшаш воқеа, ўхшаш насиҳат, ўхшаш эътиқодлар бўлади-да! Исломий эътиқодга кўра, Довудга (а.с.) Забурни, Мусога (а.с.) Тавротни, Исога (а.с.) Инжилни, Муҳаммадга (с.а.в.) Қуръонни фақат Оллоҳгина туширган – ҳар бир пайғамбар, ҳар бир Китобнинг худоси бошқа-бошқа эмас. Шундай бўлганидан кейин Оллоҳ Қуръонда илгари ўтган пайғамбарлардан бирортасига Ўзи юборган Китобидаги мисол, масал, ҳикоя ва қиссани такрорласа, шуни кўчирмакашлик дейиладими?! Оддий мантиқни тушунмаслик-билмаслик оқибатидагина шундай хато фикрга келиш мумкин.

“Интернет-муфассир” “фикрлаш”да давом этиб, яна бундай ёзади: V. ВЫМЫШЛЕННЫЕ СКАЗКИ. Люди чудесным образом превращаются в обезьян. “Вы знаете тех из вас, которые нарушили субботу, и Мы сказали им: “Будьте обезьянами през­ренными!” (Коран, 2:65).

Инсон боласи оламга келгач, “Кимман ўзи?” деган саволни ўзига ҳам, бошқаларга ҳам бериши табиий. Ушбу савол ортидан эса яна бошқалари пайдо бўлади: “Инсон нима ўзи? У қандай вужудга келган? У нималардан иборат? Ҳаёт манбаини қаердан олади? Бизнинг яратувчимиз ким?..” Биологлар ниҳоят инсон геномини ўқиш йўлини топганида барча қаттиқ ҳаяжонга тушди. Чунки энди “Ҳаёт ўзи нима ва у қандай вужудга келган?” деган саволга жавоб топиш имконияти туғилгандек эди. Бироқ генлар устидаги янги изланишлар ушбу саволга жавоб бериш ўрнига аҳволни баттар чигаллаштирди.

Геномларни ўқиш йўли топилиши эволюция назарияси чекланган эканини кўрсатди. Чунки ушбу назарияга кўра, инсон 300 минг йиллик тадрижий йўлни босиб ўтган. Ваҳоланки, унга бирламчи ҳужайрадан пайдо бўлиш учун 6 миллион йил ҳам етмас экан. Хўш, буни қандай тушунмоқ керак? Қолаверса, одам ва маймундаги генетик ўхшашлик 98-99 фоиз бўлса-да, улар бир хил ташқи қиёфага эга эмас. Ҳолбуки, ит ва тулкида ҳам генетик ўхшашлик тахминан шунча. Лекин уларнинг ташқи қиёфаси қарийб бир хил. Бунисига энди нима демоқ лозим?

Биологик ҳужайрадаги хромосомалар сони одамда 46 та (23 жуфт), шимпанзе ва гориллада эса 48 та (24 жуфт) экан. Бу фарқ олимларга маълум бўлгач, улар одам ва маймуннинг ташқи кўринишию ақлий лаёқати ўртасида қандай қилиб бундай улкан фарқ юзага келганини изоҳлай олмай қолди. Бундан ташқари, Ер юзида тарқалган 30 миллион турдаги жонзот, ўсимлик ва бактериялар ўрганилиб, уларнинг барчасида муайян бир генетик код топилган. Лекин улар орасидан инсонгина ақл-фаросат, тил-забонга эга, угина ўз моҳиятини англамоққа қодир. Бу албатта, улкан жумбоқдир.

Биологлар аниқлашича, одам ДНКсидаги генларнинг 5 фоизигина ирсият учун хизмат қилар экан. 95 фоизи эса “балластик”, яъни “сукут сақловчи” генлар бўлиб, инсон ҳаёти ҳақида ахборот йиғар экан. Хўш, одамга шунча кўп генлар захираси нимага керак? Балки улар одамзодга келгусида асқотар? Яъни ушбу генлар келажакда фаоллашар? Шу фаразлар кишини обдон ўйлантириб қўяди.

2006 йили одам геномида MGC8902 генининг 212 та нусхаси борлиги аниқланган. Шимпанзеда бундай нусхалар сони 37 та, сичқон ва каламушда эса атиги битта. MGC8902 гени ҳозирча вазифаси ноаён бўлган DUF1220 оқсилини кодлайди. Фанга ушбу оқсилнинг бошмия нейронларида мавжудлиги аён. Олимлар MGC8902 гени одам эволюциясини бошқарган деган фикрда. Афсуски, DUF1220 оқсили жумбоқ бўлиб тургани сабаб кўп саволлар бежавоб қолмоқда.

Одамзоднинг ноёблик сири 1-2 фоиз ген­­лар­дагина мужассамлашган. Шимпанзеда фаол ҳаракатда бўлган генлар одамда сўниб, “сокин” генлар кўринишини олган. Бундай генлар сони яқин-яқингача ҳам ўнта деб келинар эди. АҚШдаги Мичиган университети олимлари “PlОS Biology” журналида эълон қилган ахборотга кўра, одам геномидаги 10 та эмас, 50 та “сокин” геннинг ўхшаши шимпанзе ва бошқа хил маймунларда фаол ҳаракатда экан. Ана шу 50 та геннинг фаол ҳаракатдан тўхташи сабаб одам ўз приматидан фарқланган, деган тахмин ҳам бор. ХХ асрнинг 90-йилларида АҚШлик файласуф Мансур Олсон “Less is more” (“Камми, демак кўп”) деган фаразни илгари сурди. Унга кўра, генларни бой бериш ижобий ўзгаришларга олиб келади. Масалан, MYH16 генининг сўниши одамда чайнаш мускуллари озайишига сабаб бўлган, бу эса ўз галида мия катталашувига имкон яратган.

“Интернет-муфассир” ғараз нигоҳини қа­ратган “Батаҳқиқ, сизлардан шанба куни тажовузкорлик қилганларни билдингиз. Биз уларга “Қувилган, хор-зор маймунга айланинг”, дедик” (“Бақара” сураси, 65-оят) оятига келсак, одамдаги 50 та “сокин” геннинг фаоллашиши унинг секин-аста ёки бир зумда шимпанзе ёхуд бошқа хил маймунга айланишига сабаб бўлса ажабмас! Хайриятки, биологлар ана шу 50 та “сокин” генни фаоллаштириш йўлини тополмаяпти. Агар шундай кашфиёт қилингудек бўлса, айрим ёвуз кучлар бундан ўз мақсади йўлида фойдаланиши ҳеч гап эмас.

“Интернет-муфассир” яна бундай фикр юритади: VI. ЭСКИМОСАМ, ТАКЖЕ, ПРИ­ Д­ЁТСЯ ВЫПОЛНЯТЬ УТРЕННЮЮ И ВЕЧЕРНЮЮ МОЛИТВУ КРУГЛЫЙ ГОД. Мы видим, что ограниченность знаний автора Корана ставит под вопрос универсальность его учения. “Выполняем молитву при склонении солнца к мраку ночи, а Коран – на заре” (Коран, 17:78).

Қуръони карим маъноларининг русча таржималарида ушбу оят қуйидагича баён этилади: “Выполняй молитву при склонении солнца к мраку ночи, а Коран – на заре. Поистине, Коран на заре имеет свидетелей!” (Игнатий Крачковский); “Совершай обряд молитвы начиная с того времени, когда солнце (после полудня) начнет склоняться к ночному мраку, а также (совершай) утреннее чтение молитвы, ибо утреннюю молитву слушают (ночные и дневные ангелы)” (Магомед-Нури Османов); “Совершай намаз с полудня до наступления ночного мрака и читай Коран на рассвете. Воистину, на рассвете Коран читают при свидетелях” (Эльмир Кулиев); “Твори молитву (всякий раз), / Когда клонится солнце к мраку ночи. / А на рассвете дня читай Коран, – / Ведь чтение на утренней заре, / Поистине, cвидетелей имеет” (Валерия (Иман) Порохова).

“Интернет-муфассир” шарҳидаги иқтибос юқоридаги таржималарнинг бирортасига ҳам мос келмайди. Бу эса Қуръон “танқидчи”сининг нохолислигидан дарак беради, дейиш мумкин.

Эскимослар ибодатига оид даъвога жавобни бу элат ҳақидаги баъзи маълумотлардан бошлай қолайлик. “Эскимос” сўзи “хомлигича еювчи” (“хом балиқни еювчи”) деган маънони англатади. Дарҳақиқат, мазкур халқнинг емаги хом гўшт, балиқ ҳамда мева-резаворлардан иборат. Дунёда эскимослар, 2010 йил маълумотларига кўра, 170 минг нафар бўлиб, улардан 55 минг 942 нафари АҚШ да, 50 минг 480 нафари Канадада, 50 минг нафари Гренландияда, 18 минг 563 нафари Данияда; 1 минг 738 нафари Россияда яшайди. Улар эскимос, инглиз, рус, датликлар тилида сўзлайди. Эскимослар эътиқод қўйган динлар – шомонлик, анимизм, насронийлик (протестантлик ва православиедир).

Хоҳ АҚШ, хоҳ Канада, хоҳ Дания, хоҳ Россияда яшовчи эскимослар бўлсин, агар ислом динини қабул қилса, Қуръони каримнинг “Исро” сураси 78-ояти бўйича ўз фарзларини ҳеч бир тўсиқсиз адо этаверади. Қуёш қиш фаслида уч ой чиқмайдиган, ёз фаслида эса шунча вақт ботмайдиган ўлкаларнинг эскимослари ҳам ҳадисга таяниб ва фатвога эргашиб, беш вақт намозини ўқиб, 30 кунлик рўзасини тутаверади. “Интернет-муфассир” бирор марта самолётда учган бўлса, унда мусулмонлар ўриндиқда ўтириб, намозини ўқиб кетаётганини кўргандир, ахир! Бунинг учун ҳеч ким уларни гуноҳкор санамаслигини у билиб қўйса дуруст бўларди. Зеро, шариатда ҳар қандай вазият пухта ҳисобга олинган, Ер юзининг ҳар бир жойида ибодат қилиш йўриқлари ишлаб чиқилган. Россияда Воркута деган ўлка бор. Яқинда шу ерда яшовчи мусулмонлар йиғилиб, “Ойдин тунлар” (“Белые ночи”) бош­лангани сабаб ибодатда Макка вақтига ўтишгани ҳақида хабар тарқатишди. Бунда Гринвич вақти олинмаганининг боиси Макканинг географик координата узунлиги Шимолий қутбга мос келиши билан изоҳланса ажабмас.

“Интернет-муфассир” яна Қуръони каримдаги қуйидаги далолатга шубҳа билдиради: VII. МОЛОКО ПОСТУПАЕТ ИЗ МЕСТА МЕЖДУ ЭКСКРЕМЕНТАМИ И КРОВЬЮ. На самом деле, молочные железы, производящие молоко, находятся вне тела, а экскременты находятся в кишечнике – внутри тела. Молоко и экскременты не находятся рядом друг с другом. “Для вас и в (вашем) скоте – назидание. Мы поим вас из того, что у них в желудках между калом и кровью молоком чистым, приятным для пьющих” (Коран, 16:66).

АҚШлик буюк ихтирочи Томас Эдисон “Сут бизлардан кўра олимроқ кимёгар томонидан яратилган”, деган эди. Аслида ҳам шундай. Сигир оддийгина ем-хашакни шу қадар мазали ва ёқимли сутга айлантириши, албатта, ҳайратланарлидир!

Биологлар сут безларида сут қандай ҳосил бўлишини ҳали-ҳануз тўлиқ аниқлаган эмас. Шундай экан, “интернет-муфассир” ҳеч бир қарши далилсиз ҳам ўз даъвосидан воз кечмоғи жоиз. Лекин шундай бўлса-да, барибир, айрим далиллар келтирамиз. Хўш, замонавий фаннинг бу масалага, гарчи умумийроқ бўлса-да, муносабати қандай? Фик­римизни қийин илмий атамалардан воз кечиб, жайдари тилда ифодалай қолайлик: сутни ҳосил қилувчи компонентлар ем-хашакни ачитқига айлантириб берувчи қоринда обдон ишланади ва қон оқимидан “улов” сифатида фойдаланиб (диққат қилинг, бир литр сут ҳосил қилиниши учун 400-500 литр қон сут безларидан ўтиши лозим!), елиндаги сут безларига боради ва биз билган сутга айланади. Компонентларнинг ортиқчаси қонга сўрилмайди, балки нажас билан ташқарига чиқиб кетади. Оятда сут ҳосил бўлиш жараёни гўзал ва лўнда тарзда “Чорва ҳайвонларида ҳам сиз учун, албатта, ибрат бордир. Биз сизларни уларнинг қорнидан, гўнг ва қон орасидан ичувчилар (томоғи)дан осон ўтувчи соф сут ила суғорамиз” (“Наҳл” сураси, 66-оят), дея баён этилиши, ахир, мўъжиза эмасми?! Сутнинг қон ва нажас оралиғидаги жараёнда ҳосил бўлаётгани ҳеч бир киши, чунончи, “интернет-муфассир”да шак-шубҳа қолдирмаслиги лозим.

Шундан сўнг “интернет-муфассир” қуйи­даги масалага ўтади: VIII. АЛЛАХ ЗАЩИЩАЕТ МУСУЛЬМАН В МЕККЕ. Это ложное обязательство Аллаха. Джуман аль-Отаби, Абд-Аллах ибн аль-Зубайр и Абу-Тахир аль-Джанаби убили в Мекке тысячи мусульманских паломников. Язид бен Муавия послал на Мекку войско и осквернил Каабу. Сегодня, во время каждого хаджа, в Мекке погибают десятки мусульман. Безопасность Мекки весьма сомнительна. “И вот, сделали Мы этот дом сборищем для людей и надежным местом” (Коран, 2:125).

“Бақара” сурасидаги ушбу оят Қуръони карим маъноларининг русча таржимларида қуйидагича баён этилади: “(Вспомни,) как мы сделали Мекканский дом местом сбора и прибежищем для людей. Сделайте же место стояния Ибрахима местом свершения молитвы. Мы повелели Ибрахиму и Исмаилу: “Содержите в чистоте мой дом для совершающих обход вокруг него, для уединяющихся, преклоняющихся и падающих ниц” (Магомед-Нури Османов); “Вот Мы сделали Дом (Каабу) пристанищем для людей и безопасным местом. Сделайте же место Ибрахима (Авраама) местом моления. Мы повелели Ибрахиму (Аврааму) и Исмаилу (Измаилу) очистить Мой Дом (Каабу) для совершающих обход, пребывающих, кланяющихся и падающих ниц” (Эльмир Кулиев); “И вот, сделали Мы этот дом сборищем для людей и надежным местом: “И возьмите себе место Ибрахима местом моления.” И Мы заповедали Ибрахиму и Исмаилу: “Очистите Мой дом для совершающих обход, и пребывающих, и преклоняющихся, и падающих ниц!” (Игнатий Крачковский); “И (вспомните): назначили Мы этот Дом / Для собирания людей воедино / И безопасным местом (для людей), – / Возьмите место Ибрахима для себя молельней. / Поставили в Завет Мы Ибрахиму и его сыну Исмаилу /Очистить этот Дом (от скверны) / Для совершающих обход, / Для предающихся (благочестивым думам),/ Для преклонившихся (в молитве пред Аллахом), / Простертых ниц пред именем Его” (Валерия (Иман) Порохова).

“Интернет-муфассир” шарҳидаги иқтибос бу гал ҳам биронта нуфузли рус мутаржими матнига мос келмайди. Бизнингча, аввал унга нисбатан қўллаганимиз “нохолис” сифати ёнига энди “кибрли” ёрлиғини ҳам тақишимиз жоиз. Акс ҳолда у азбаройи камтарлиги боис юқоридаги таржималарнинг бирортасидан фойдаланиб қўя қолган бўлар эди.

Шу ўринда ислом тарихига бир қур назар ташлайлик. Язид I – умавийлар сулоласига мансуб иккинчи ҳалифа бўлиб, мазкур сулола асосчиси Муовия I нинг ўғли эди. Унинг халифалик даври сўнгида, аниқроғи, 683 йили Мадина аҳли исён кўтариб, умавийларни шаҳардан қувади. Шундан сўнг Макка ва Куфада ҳам қўзғолонлар бошланади. Аммо бу ғалаёнларни Язид I қўшини дарҳол бостиради. Мадина аҳлини эса Муслим ибн Уқба таслим этади. Ғолиб Шом лашкари Мадинани уч кун талайди. Бир неча саҳоба исёнчи сифатида қатл эттирилади. Абдуллоҳ ибн Зубайр ўзини халифа деб эълон қилган Макка эса қамалга олинади. Қамал қилувчилар Макка деворини бузади ва шаҳарга ўт қўяди. Каъба ҳам олов ичида қолади, Қора тош (Ҳажар-ул асвад) аланга таъсирида ёрилади. Бироқ халифа Язид I тўсатдан қазо қиладию Макка талон-тарождан асраб қолинади. Шундан сўнг халифалик тахтига Муовия II ўтиради, аммо у бир неча ой ҳукмронлик қилади, холос…

Абдуллоҳ ибн Зубайр келгуси ҳаж мавсумигача Каъбани қайтадан қуради. Орадан ўн йилча вақт ўтгач, золимлиги билан ном чиқарган Ҳажжож ибн Юсуф умавий халифа Абдулмалик ибн Марвон ижозати билан Абдуллоҳ ибн Зубайр қурган Каъбани бузиб, уни қурайшийлар давридагидек қилиб қайта тиклайди. Абдулмалик ибн Марвон умра зиёратига келганида Абдуллоҳ ибн Зубайр Каъбани Пайғамбар (с.а.в.) қандай қиёфада кўришни орзу этган бўлса, шундай қилиб қайта қургани ҳақида эшитади ва қилмишидан пушаймон ейди. Орадан яна бирмунча вақт ўтиб, халифа Ҳорун ар-Рашид ҳам Каъбани Расулуллоҳ (с.а.в.) истакларига мувофиқ, Абдуллоҳ ибн Зубайр қургани каби, қайта тиклашни ният қилади. Лекин имом Молик ҳар бир ҳукмдор Каъбани қайта-қайта бузиб, қуравериши мақбул иш эмас, дея халифани бу йўлдан қайтаради.

Маккада ҳаж қилувчилар беҳад кўпайган йилларда одам тирбандлигидан баъзиларнинг жароҳат олиши ёки шаҳид бўлиши ҳоллари ҳам юз берган. Чунончи, 1990 йили Минодаги ерости йўлида мингдан ортиқ ҳожи шаҳид бўлган. Маккага даҳшатли вабо ёпирилган даврлар ҳам қайд этилган. Масалан, 1831 йилдан 1930 йилгача 27 марта вабо эпидемияси тарқалган. Булар орасида энг даҳшатлиси 1907 йили юз берган ва унда 20 минг ҳожи ҳалок бўлган.

1979 йили Ҳарамда 500 жангари 6 минг ҳожини гаровга олган. Уларнинг раҳнамоси ал-Утайба Сауд Арабистони нефти АҚШга сотилмасин, давлат бойлиги исроф қилинмасин ва Сауд хонадони тахтдан воз кечсин деган талабни ўртага қўйган. Саудия ҳарбийлари ҳожиларни қутқариш учун уч марта ҳужум уюштириб, уч гал ҳам бундан натижа чиқаролмайди. Шундан сўнг Франция ҳукуматидан ёрдам сўралади. Ниҳоят, ҳожилар гаровда турган масжидни француз ҳарбийлари ишғол этади. 200 нафар жангари ер тишлатилади, аммо 250 нафар ҳожи ҳам шаҳид бўлади.

Каъба ва унинг теварагида инсонни ўлдириш тугул, кўнглини оғритиш ҳам ҳаром қилинган. Айниқса, ҳожилар эҳромдалик чо­ғида наинки инсон, балки жонивор, ҳатто қурт-қумурсқага ҳам озор бермаслиги лозим. Илоҳий ҳукм шундай. Аммо риоя бошқа. Бундан Оллоҳни ёлғончига чиқариб бўлмайди-ку! Диққат қилинг-а, Оллоҳ “Тинч жой қилдик”, деяпти, “Қиёматгача тинч бўлади” деяётгани йўқ! Агар У қатъий қилиб “Тинч бўлади” деганида, албатта тинч бўларди – биз юқорида зикр этган ишлар рўй бермасди. Унда бу дунёнинг имтиҳон сири қолармиди?! Демак, “Тинч қилдик”, деган ҳукмга риоя этганлар билан риоя этмаганлар ўзаро ажралиши учун ҳам ихтиёр инсонда қолдирилган. Масалан, Оллоҳ Қуръонни ўзгармас ҳолда сақлашни ўз зиммасига олган ва “Қиёматгача уни ҳеч ким ўзгартира олмайди”, деб қатъий айтган – шу дамгача уни ҳеч кимса ўзгартира олмади, бундан кейин ҳам ўзгартириши душвор. Ахир, қанча ҳаракатлар бўлди! Хуллас, Язид I ва унинг издошлари ҳукмга итоат этмаганлар тоифасидандир. Оллоҳ ҳаром қилган ишлардан тийилмаган мусулмонлар аввал ҳам бор эди, ҳозир ҳам бор.

“Интернет-муфассир” тарихни бир оз чуқурроқ билганида, “Уй”ни одамлар учун масаба ва омонлик жойи қилганимизни эсланг” (“Бақара” сураси, 125-оят) калимасига ёпишиш учун Язид I ни танламаган бўлар эди. Маккада ҳам баъзан одамлар, чунончи, ҳожилар ўлиши сира ажабланарли эмас. Зеро, Оллоҳ бирор бандаси, ҳатто пайғамбарига ҳам ўлимни бекор қилмаган. Қазоси етган банда, қаерда бўлмасин, ўлмай қолмайди. Ажали етмагани эса, ҳар не бўлса ҳам, тирик қолаверади.

“Интернет-муфассир” “Бақара” сурасининг 125-оятини “Маккада ўлим бекор қилинган”, дея талқин қилиш ўрнига Каъба ва уни ўраб турган Масжид ул-ҳаром Оллоҳ учун ибодат қилмоққа энг афзал жой эканига диққатни қаратса дуруст бўларди. Ер юзининг бошқа бирор ерида ибодат учун бундай қулай табиий шароит йўқ, ахир! Бизнингча, мазкур оятда айнан шу ҳақда сўз бораётир – қойил қолмайсанми, гумроҳ банда!

“Интернет-муфассир” яна қуйидагича даъво қилади: IX. МАТКА ЖЕНЩИНЫ ИМЕЕТ 3 СЛОЯ. Матка женщины имеет гораздо больше слоев, таких как эндометрий, миометрий, периметрий, брюшина, шейка матки, тело матки, брюшинный покров, плацента (со слоями). “Он творит вас в утробах ваших матерей, одним творением после другого в трех мраках” (Коран, 39:6).

“Интернет-муфассир”нинг айни даъвосига унинг тилидаги бир адабиётдан олинган иқтибос-ла жавоб қайтарамиз: “Матка состоит из следующих трех частей: 1) дно матки – это верхняя выпуклая часть матки, выступающая выше линии впадения в матку маточных труб; 2) тело матки – средняя (большая) часть органа, имеет конусовидную форму; 3) шейка матки – нижняя суженная округленная часть матки”. Иқтибосда яна давом этамиз: “Стенка матки состоит из трех слоев: 1) периметрий (серозная оболочка – tunica serosa seu, perimetrium); 2) миомет­рий (мышечная оболочка – tunica muscularis seu, myometrium); 3) эндометрий (слизистая оболочка – tunica mucosa seu, endometrium)”.

Кўриниб турибдики, “интернет-муфассир” бачадон қатламлари дея даъво қилаётган “брюшина”, “шейка матки”, “тело матки”, “брюшинный покров”, “плацента (со слоями)” кабилар, аслида, ундаги бирор қисмнинг таркиби, холос. Оятда ҳар қандай қатламлар эмас, ёруғлик ўтказмайдиган қатламлар ҳақида сўз бораётир. Ҳомила қоринда эмас, бачадонда ўсишига доир бу оятни замонавий биология ва тиббиёт тасдиқ этяпти-ку, ахир!

“Интернет-муфассир” шунга яқин яна бир мавзуда бундай фикр юритади: X. СПЕРМА ПРОИЗВОДИТСЯ МЕЖДУ ПОЗВОНОЧНИКОМ И РЕБРАМИ. Автор Корана не имел научных знаний, кроме повторения распространенных научных ошибок своих современников. Сегодня мы знаем, что сперма производится в семенниках, а не между позвоночником и ребрами. “Пусть же посмотрит человек, из чего он создан! Создан из воды изливающейся. Выходит она из хребта и грудных костей” (Коран, 86:5-7). Яйце-клетка женщины не упоминается. Автор Корана не упоминает о роли яйцеклетки, поскольку единственное, что он видел во время полового акта – это сперму. Эта сура не упоминает о важной роли женской яйцеклетки в воспроизводстве человека. “Он создал супругов – мужа и жену – из капли, когда она извергается” (Коран, 53:45-46), ”которая выходит между хребтом и грудными костями”.

Маълумки, одам ҳужайралари муттасил янгиланиб туради. Масалан, тери ҳужайралари ҳар икки ҳафтада, қон ҳужайралари ҳар 150 кунда ва ҳоказо. Умуман олганда эса, одам ҳужайралари ҳар етти йилда бир марта тўлиқ янгиланади. (Мия ҳужайраларигина бундан мустасно.) Шунга кўра, швед нев­рологи Йонас Фрисен “Ҳар бир катта ёшли одам, аслида, ўн беш ярим ёшга тенг”, деган хулосага келган. Хўш, янги ҳужайраларни организм қаердан олади? Ҳужайралар захираси қаерда жойлашган?

Саволга жавоб излашни суяк мияси нималигини аниқлаб олишдан бошлаган маъқул. Кўпчиликка “умуртқа мия” тушунчаси анча таниш, лекин “суяк мия” тушунчаси унча маълум эмас. Содда қилиб айтсак, одам склетини ташкил қилувчи барча суяк­лар ичида мия жойлашган. Япалоқ суякларда мия қизил бўлса, найсимон суякларда у сариқдир. Одатда, қизил мия ҳаракатчан, фаол, сариқ мия эса камҳаракат, суст бўлади. Бу ўринда сариқ мияни бир четга суриб, фақат қизил мияга диққатни қаратамиз. Сабаби – айнан қизил мия ўзак ҳужайралар манбаи ҳисобланади.

Ўзак ҳужайраларнинг бош хусусияти шуки, улар тўлиқ ривожланмаган бўлади ва қулай муҳитда турли хил тўқимага айлана олади. Бошқача қилиб айтилса, ўзак ҳужайралар деганда ихтисоси бўлмаган ва бўлина оладиган, шу билан бирга, ҳар хил тўқималар шаклига кириб, ривож топиб кетадиган тўқималарга айтилади. Кўп босқичли бўлиниш ва ихтисослашиш жараёнини бошдан кечирган ўзак ҳужайрадан бошқа турли ҳужайралар вужудга келади. Одам организми қон билан оқиб келаётган ўзак ҳужайраларни тутиб олади ва уларни ўзи тақчиллик сезаётган бошқа ҳужайраларга айлантиради. Демак, инсон танаси ўзини янгилаш учун зарур “хомашё”ни ўзак ҳужайралардан олади, ўзак ҳужайралар эса қизил мияда ҳосил бўлади. Ўз галида, қизил мия манбаи, асосан, қовурға суяклари ҳисобланади.

Эркаклик ҳужайралари бўлмиш сперматозоидлар ҳам ҳужайраларнинг бир тури эканига таяниб, энди қуйидагиларга диқ­қатни қаратайлик. Ҳозирги замон тиббиёти эркаклик уруғини ҳосил қилувчи ўзак ҳужайралар, асосан, умуртқа ва қовурға суяк­лари бирлашган жойдан ажралиб чиқиши ва моякда сперматозоид шаклини олишини аниқлади. Демак, сперматозоидлар гарчи моякда пайдо бўлса-да, уларни ҳосил қилувчи ўзак ҳужайралар қовурға ва умуртқа бирлашган жойдан ажралиб, қонга сўрилади ва у орқали моякка боради. Қуръондаги “У отилиб чиқувчи сувдан яратилгандир. У (сув) сулб (умуртқа) ва тароиб (кўкрак) орасидан чиқадир” (“Ториқ” сураси, 6-7-оятлар) калимасида ҳам сўз умуртқа ва кўкрак суяклари оралиғи хусусида бораётир.

Қуръони карим маъноларининг русча таржималарида “Ториқ” сурасининг 5–7-оятлари бундай баён этилади: “Пусть пос­мотрит человек, из чего он создан. Он создан из изливающейся жидкости, которая выходит между чреслами и грудными костями” (Эльмир Кулиев); “Пусть подумает человек о том, из чего он! Он создан из излившейся влаги, которая вытекает из чресел (мужчины) и тазовых костей (женщины)” (Магомед-Нури Османов); “Пусть человек подумает над тем, как он был создан! / Он создан из воды, что изливается (струей) / И из грудных костей, и из хребта исходит” (Валерия (Иман) Порохова); “Пусть же посмотрит человек, из чего он создан! Создан из воды изливающейся. Выходит она из хребта и грудных костей” (Игнатий Крачковский). Ушбу таржималарда ҳам бизнинг далилимизга қарши ҳеч гап йўқ. Демак, “интернет-муфассир”нинг ушбу даъвоси ҳам, худди аввалгилари каби хато, пучдир.

Дания қироли Христиан Х 1941 йили машҳур биокимёгар Кай Линдестрём–Ланг­га оқсил ва ферментлар устидаги самарали изланишлари учун шу мамлакатнинг олий илмий мукофоти – Эрстет медалини топширар экан, олимдан ўзига ва маросим аҳлига фермент аслида нима эканини тушунтириб беришни илтимос қилади. Шунда олим қуйидаги ривоятни сўзлаб беради.

Бир арабнинг мол-давлати 17 туяга юк бўлар экан. У қазоси олдидан уч ўғлини ёнига чақириб, уларга бундай васият қилибди: “Катта ўғлим – оилам таянчи, шу боис у туяларнинг 1/2 қисмини олсин. Ўртанча ўғлимга эса уларнинг 1/3 қисмини мерос қолдирдим. Кенжа ўғлимга туяларнинг 1/9 қисми тега қолсин”. Ушбу сўзларни айтиб, ота жон таслим қилибди. Падарининг азасини бажо келтиргач, ака-укалар меросни тақсимламоқчи бўлибди. Лекин бунинг йўлини сира топа олишмабди. Ахир, 17 та туяни на икки, на уч ва на тўққизга тақсимлаб бўлар экан-да. Уларнинг боши қотиб турганда саҳродан бир дарвеш ўтиб қолибди. Бу зот устига китоб ортилган қора туяни етаклаб олган экан. Ака-­укалар унга мурожат қилиб, жумбоқни ечишда ёрдам сўрабди. Шунда дарвеш “Отангизнинг васиятини бажо келтириш осон. Мен сизларга ўз туямни бераман – сиз меросни тақсимлаб оласиз”, дебди. Энди ака-укаларнинг туяси 18 та бўлибди, жумбоқ ҳам осонгина ечилибди. Катта ўғил барча туяларнинг ярмини – 9 тасини олибди. Ўртанча ўғилга 6 та туя тегибди. Кенжа ўғил ҳам ўз ҳаққи бўлган 2 та туяга эга бўлибди. 9, 6 ва 2 рақамлари қўшилса, 17 сони юзага келиб, мусофирнинг туяси ортиб қолибди. Жумбоқни шу тариқа ҳал этган дарвеш ўз туясини етаклаб, яна йўлига равона бўлган экан. “Мана шу қора туя ферментга ўхшайди. У бўлиши даргумон жараённи вужудга келтирди. Айни чоқда, ўзи ўзгаришсиз қолди”, дея ҳикоясига якун ясайди Линдес­трём–Ланг.  

Шояд, ушбу мақоламиз ҳам дарвешнинг қора туяси каби “интернет-муфассир”га ўхшаш кимсалар чалкаштирган ва охир-оқибат жумбоққа айланган масалаларга ойдинлик киритса!..

Мақолани “Бақара” сурасининг 136-ояти билан якунлашни жоиз топдик: “Айтинглар: “Оллоҳга ва бизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, асботларга (Яъқуб алайҳиссаломнинг 12 ўғлидан тарқалган зурриётларга – М.Т.) туширилган нарсага, Мусо ва Ийсога берилган нарсага ва Пайғамбарларга Роббиларидан берилган нарсага иймон келтирдик. Уларнинг орасидан бирортасини фарқламаймиз ва биз Унга мусулмонлармиз” (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф таржимаси).

“Тафаккур” журнали, 2015 йил 4-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!