Олимжон Давлатов. Алишер Навоий ва Амир Темур

http://n.ziyouz.com/images/amir_temur2Ўрта асрларда Шарқда иккинчи Ренессанс жараёнини бошлаб берган темурийлар давлатидаги миллат маънавияти боғининг энг гуллаган даври айнан Султон Ҳусайн Бойқаро ва амир Алишер Навоий замонига тўғри келади, десак янглишмаган бўламиз. Мирзо Бобур қайд этганидек, “Султон Ҳусайн мирзонинг замони ажаб замоне эди, аҳли фазл ва беназир элдин Хуросон, батахсис Ҳири шаҳри мамлу эди. Ҳар кишинингким бир ишга машғуллуғи бор эди, ҳиммати ва ғарази ул эдиким, ул ишни камолға тегургай”. Хуросон ўлкаси, айниқса, Ҳирот шаҳрининг фозил кишилар шаҳрига айланиши, Мир Алишер Навоийдек сўз мулкининг соҳибқирони “камол олами аҳлининг акмали” (Аҳлий Шерозийнинг ­Навоийга нисбатан қўллаган таърифи) бўлишининг ижтимоий-маънавий асослари буюк соҳибқирон Амир Темур замонида қўйилганди. Буни, айниқса, ҳазрат Навоий теран англаган ва асарларда ўз муносабатини баён этган.

Амир Темурнинг номи Навоийнинг беш асарининг саккиз жойида эҳтиром билан тилга олинган. “Ҳайрат ул-аброр”да “Тўрт улус хони Темур Кўрагон”, “жаҳон хони Темур Кўрагон”, “Фарҳод ва Ширин ” достонида “Темурхон”, ­“Муҳокамат ул-луғатайн”да “Султони соҳибқирон Темур Кўрагон”, “Муншаот” ҳамда “Насойим ул-муҳаббат”да турк авлиёлардан Хожа Боязид ва Бобо Сунгу зикридаги бобларда “Темурбек” номлари билан эсланган.

Навоий асарларида Амир Темур номи зикр этилган ҳолатларни ўз моҳият-муддаосига кўра қуйидагича тасниф этиш мумкин:

1.Муайян ижтимоий-фалсафий, ахлоқий-дидактик масалаларнинг талқини жараёнида Амир Темурни мисол келтириш;

2.Амир Темур билан боғлиқ ривоятсимон ҳикоятлар;

3.Амир Темур ҳаётидан тарихий лавҳалар;

4.Турк машойихининг Амир Темур билан боғлиқ кечган кароматлари.

Навоий икки жойда Амир Темур номини ­машҳур ҳукмдорлар қаторида қайд этиб ўтади. “Ҳайрат ул-аброр”нинг 48-бобида оламнинг бақосизлиги, умрнинг ўткинчилиги, олам ­барча учун синов майдони эканлиги ҳақида кутилмаган ташбеҳлар, фавқулодда истиоралар билан сўз юритади.

Шунингдек, “Мажолис ун-нафоис” тазкирасининг темурий ҳукмдорлар ижодига ­бағишланган еттинчи мажлиси Амир Темур ҳақидаги фиқра билан бошланади. Навоий Амир Темурга “мулук шажарларининг бўстони ва салотин гавҳарларининг уммони, ­хоқони жаҳонгири соҳибқирон, яъни Темур Кўрагон”, дея таъриф бериб, бу тавсифлари ­орқали унинг буюк сулолага асос солганлиги, темурий шаҳзодалар, айниқса, ­Султон Ҳусайн ­Бойқаронинг яхши фазилатлари, ­жумладан, шеъриятда табъи нозиклиги “жадди ­бузургвор”ларидан мерос эканлигини ­таъкидлаб ўтади.

Шеърни тушуниш завқи, табъи нозиклик, ўз вақтида жўяли сўз топа олиш салоҳияти шеър ёза олишликдан-да устун фазилат эканлиги ­Соҳибқирон ҳаётидан келтирилган лавҳа ­орқали янада таъсирчанроқ ифода этилган. “Фарҳод ва Ширин” достонида эса шаҳзода Абулфаворис насиҳатига бағишланган бобда шаҳзодани илм ўрганишга даъват этиб, донишманд подшоҳнинг тимсоли бўлмиш Мирзо ­Улуғбекнинг илму фанга бўлган кучли ­иштиёқига асл сабаб – Темурхон авлодидан бўлганлигини нозик ишора қилиб ўтган:

Темурхон наслидин Султон Улуғбек,
Ки олам кўрмади султон анингдек…
Расадким боғламиш — зеби жаҳондур,
Жаҳон ичра яна бир осмондур.
Билиб бу навъ илми осмоний
Ки, андин ёзди «Зижи Кўрагоний».
Қиёматға дегинча аҳли айём,
Ёзарлар онинг аҳкомидин аҳком.

Амир Темур ҳаётига боғлиқ яна бир лавҳа “Ҳайрат ул-аброр”нинг 38-бобида ўзининг манзум ифодасини топган. Вафо ҳақидаги мақолатдан кейинги ҳикоят қуйидаги байтлар билан бошланади:

Андоқ эшиттимки, шаҳи комрон
Тўрт улус хони Темур Кўрагон.

Ушбу ҳикоят Амир Темурнинг Ҳиндистонга қилган юриши ҳақида. Ҳиндларнинг қаттиқ қаршилик кўрсатишига қарамай, фотиҳ жаҳонгирга Яратганнинг ўзи мададкор бўлиб, “Чарх адув қалбига солди шикаст”. Жанг майдонида “икки бечора ёр” Темурнинг сипоҳига дуч келади. Аскарларнинг бири шоҳнинг амрини адо этиш учун улар томон от солади. Икки дўст бир-бирининг устига ўзини ташлаб, менинг бошимни кес, дўстимни омон қолдир, деб ёлворади. Қотил ҳар иккисининг ҳам бошини кесмоқчи бўлганида, дўстлар бошини тиғ остига тутиб, олдин мени ўлдир, мен дўстимнинг ўлимини кўришга тоқатим йўқ, деб илтижо қилади. Шу тариқа, бир муддат ўтиб, тўсатдан “ал-омон”(омонлик, кечирим) деган буйруқ келади:

Бир-бирига кечти алар қонидин,
Шоҳ дағи кечти улус қонидин.

Амир Темурнинг исми Навоийнинг энг машҳур асарларидан бири – “Муҳокамат ул-луғатайн”да ҳам эсланади. Унда донишманд шоир араб, форс ва туркий тилларнинг ривожланиш омилларини миллий давлатчилик масаласига боғлаб тушунтиришга ҳаракат қилган. Жумладан, туркий тилнинг шаклланиши ва адабий тил сифатида истеъмолга киришини Амир Темур шахсияти ва фаолиятига боғлаб ёзади: “То мулк араб ва сорт салотинидин турк хонларға интиқол топти, Ҳулогухон замонидин султони соҳибқирон Темур Кўрагон даврониғача турк тили била андоқ шоир пайдо бўлмадиким, таъриф қилғуча асар зоҳир бўлмиш бўлғай. Ва салотиндин ҳам андоқ нима манқул эмаски, биров қошида айтса бўлғай. Аммо Султони соҳибқирон Темур Кўрагон замонидин фарзанди халафи Шоҳрух султоннинг замонининг охиригача турк тили билан шуаро пайдо бўлдилар”. Навоий бу билан миллатнинг маданияти ва маънавий оламининг ривожи учун ўз давлатчилигига эга бўлиши, айни пайтда, ҳар бир миллат ўз давлатчилигини сақлаб қолиши учун ўз тафаккур оламини сақлашига, маънавий оламнинг асосларидан бўлмиш тил ва адабиётини ривожлантириш учун қайғуриши лозимлиги, бу борада Амир Темур ва унинг авлоди ўрнак бўлишини таъкидлаган. Ушбу маънони бошқа бир жойда шундай назм қилган:

Даҳр аро турк шоҳи фойиқдур,
Эл аро турк лафзи лойиқдур.

Навоий она тилига ғамхўрлик қилиш давлат олиб борадиган сиёсатнинг асосий устувор йўналишларидан бири бўлиши лозимлиги, она тилига муҳаббат умуммиллий иштиёққа айланиши барча давру замонларда ҳаётий зарурат эканлигини жондан ҳис этиб, бу муҳим масалага ўзбек давлатчилиги тарихида биринчилардан бўлиб Амир Темур ва унинг муҳташам сулоласи эътибор қаратганини ифтихор билан эътироф этган ҳамда ёш темурийзодаларни бундай хайрли ишларнинг собитқадам давомчиси бўлишга даъват этган. Умуман, Навоий ёш темурий шоҳзодаларни доимо Султон Ҳусайн Бойқаро ва Амир Темурдан ўрнак олишга чорлаган. Жумладан, марҳум устозимиз Нажмиддин Комилов “давлат бошқарувининг дастури” дея баҳолаган валиаҳд Бадиуззамонга юборилган машҳур мактубда ёш шаҳзода йўл қўйган камчиликлардан бири сифатида қуйидаги далилни келтиради: “Мирзога (Ҳусайн Бойқаро назарда тутилмоқда – О.Д.) Темурбек тўртунчи насабдур. Мирзо хутбада бекнинг отиға шариф руҳиға масжиди жомеъда ҳар одина куни дуо қилдурурлар. Бу ишта Мирзоға ҳам дуодин ўзга не келгай. Сиз нишонингиз туғросидин Мирзонинг муборак отин чиқорурсиз. Керак Ироқдин Макка, балки Мағрибзаминғача олсангиз бу воқеа бўлмас эрди”. Навоий ақидаси бўйича, қайсики ҳукмдор Амир Темурдек зотларни дуо билан ёд этса (яъники, эҳтиромини бажо келтирса), ўзининг ҳам обрў-эътибори юксалиб бораверади. Аксинча, улуғ аждодларига беписанд муносабатда бўлган, тарихдан тўғри сабоқ чиқармаган, ўзини мутлақ ҳукмдор деб тасаввур этган давлат раҳбарлари салтанатининг асоси мўрт бўлиб, таназзул топиши муқаррар.

Амир Темур шахсига юксак эҳтиром, унга фавқулодда хислатларни нисбат бериш, азиз авлиёлар даражасида эъзозлаш халқимиз орасида асрий анъана эди. Жумладан, Гўри Мир олдидан отлиқлар буюк соҳибқиронга эҳтиром юзасидан отдан тушиб, яёв ўтишлари тарихий манбаларда қайд этилган. Бу – шунчаки хурофот ёки қўрқувдан ҳосил бўлган сохта ҳурмат эмас, балки самимият ва муҳаббатга асосланган эҳтиром ифодаси, Темурийлар давлати қилич билан эмас, покиза зотларнинг сидқидилдан қилган дуолари баракотидан, оддий халқнинг ишонч-садоқати туфайли барпо бўлганининг намунаси ҳам эди. Сабаби, Амир Темур қаерга борса, энг аввало, илм ва маърифат аҳлининг эҳтиромини бажо келтиришга интиларди, сохта олимлар ва риёкор шайхларни ўзига яқинлаштирмасди. Унинг имонли кишини мунофиқдан ажрата олишга қодир, фақат ҳақиқий ҳукмдорларга хос бўлган фаросати ҳақида турли тарихий воқеалар, ривоят ва нақллар мавжуд. Ана шундай ҳикоятлардан иккитаси “Насойим ул-муҳаббат” асарида турк шайхлари зикрида зимнан баён этилган…

Амир Темурнинг чин сўфийлар, Ҳақ йўлидаги эранларга муносабати марҳамат ва ихлосга йўғрилган бўлса, сохтакор муллолар, “Шайтон валийлари”га (Ҳужвирий таъбири) шафқатсиз ва қаттиққўл бўлган. Жумладан, ўзини пайғамбар деб эълон қилган Фазлуллоҳ Наимий – ҳуруфийлик таълимоти асосчисини ҳамма жойда таъқиб қилиб, оқибатда унинг кўрсатмаси билан ўғли – Мироншоҳ томонидан қатл эттирилиши Амир ­Темурнинг дин ва мазҳаб софлигидаги курашчанлиги, қатъиятлилигини кўрсатади.

Навоий назарида Амир Темур – буюк салтанат асосчиси, номи афсоналарга йўғрилган ўтмиш подшоҳлари билан бўйлаша оладиган ҳукмдор. Унинг давлатчилик бобида қилган ишлари, асос солган қудратли давлати Каюмарс, Жамшид, Фаридун, Доро, Искандар, Чингизхондек оламни ўз забтига олган султонлар шавкатидан заррача кам эмас. Амир Темур қаҳри қаттиқ шоҳ бўлиш билан бирга, кечиримлилик ва бағрикенглик унинг туғма фазилатларидан бўлган.

Ўзбек тилининг адабий тил мақомига кўтарилиши, араб ва форс тиллари каби мусулмон Шарқи оламида илм ва адаб тили сифатида тан олинган тиллар билан беллаша олиш салоҳиятига эга бўлиши Амир Темур асос солган давлат олиб борган сиёсат туфайли амалга ошди. Навоий биринчилардан бўлиб, темурийларнинг ўзбек халқи маданияти ривожига қўшган ушбу тарихий хизматларини илғаган ва илмий жиҳатдан асослаб берган.

Амир Темур шеър ёзишга рағбат билдирмаган бўлса ҳамки, шеърни нозик тушунган ва бадиий сўз қадрига етган. У ҳамиша, ҳамма ерда илм-фан ва адабиётнинг ҳомийси сифатида ижодкорларни қўллаб-қувватлаган ҳамда керакли пайтда шеърият дурдоналаридан нуктадонлик билан истифода этган. Бу эса, темурий ҳукмдорларнинг табиатидаги маърифатпарварлик, адабиётсеварлик айнан улуғ аждодларидан мерос бўлиб ўтган фазилат эканлигига гувоҳлик беради.

Буюк соҳибқироннинг жаҳонгирлигига муҳим омил бўлган фазилатлардан яна бири – Худонинг азиз бандалари кўнглини овлаш, уларнинг иззатини жойига қўйиши, шоҳнинг қудрати – унинг сон-саноқсиз жангчиларида эмас, балки шод бўлган синиқ кўнгилларнинг дуоси баракотидан эканлигини жондан ҳис этиши ва бунга изчиллик билан амал қилишида бўлган. Ана шундай ҳаётий ҳақиқатларни ҳазрат Навоий Амир Темур номи билан боғлаб тушунтираркан, ўз замондошлари ва келажак авлод учун ибратли ўгит, инсонларнинг бахт-саодати учун курашадиган, айниқса, миллат ва мамлакат тараққиётига мутасадди шахсларга дастуриламал бўлишини кўзлаган ва ниятига эришган ҳам.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 14-сонидан олинди.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!