Бегали Қосимов. Тўлаган Хўжамёров — Тавалло (1883-1937)

Тавалло портрети. «Унутилмас сиймолар» (1999) тўпламидан олинди

Шоир Таваллонинг исми шарифи Тўлаган Хўжамёров бўлиб, XX аср бошида Тошкентда етишган, халқ ўртасида катта шуҳрат қозонган истеъдодлардан. Машҳур Ойбек «Болалик»да шундай ёзган эди: «Айвонда мук тушиб, Таваллонинг шеърларини ўқишга киришаман. Ўқийман, диққат билан берилиб узоқ ўқийман… Шеърлар рангдор, жонли, тили ўзига хос, равон…»

Бўлажак шоир 1883 йилда Кўкча даҳасида Оби Назир маҳалласида ўзига тўқ Хўжамёр Жиянбоев оиласида дунёга келди. Эски мактабда савод чиқарди. «Бекларбега» мадрасасида, рус-тузем мактабида ўқиди. Мол савдоси билан шуғулланадиган Хўжамёр аканинг Авлиёота; Пржевальск шаҳарлари билан яқин алоқалари бор эди. 17 ёшлик Тўлаган 1900 йилда отасининг маслаҳати билан Пржевальск шаҳрига бориб, Усмонбек Солиҳжонбоев деган кишининг қўлида иш юритувчи (приказчик) бўлиб ишлай бошлади… 1909 йилда Хўжамёр ака вафот этади. Кўп ўтмай, Тўлаган Тошкентга қайтади. Шаҳар савдо ширкатларидан бирида иш юритувчилик қила бошлайди. Зуҳра исмли қизга уйланади. Раҳбар, Санобар деган икки қиз, Мақсуд, Маҳмуд номли икки ўғил кўради. 10-йиллардан вақтли матбуотда «Тавалло» тахаллуси билан шеър ва мақолалари босила бошлайди. 1914 йил 30 августда Мунавварқори, Авлоний, М. Подшохўжаев, Ҳусанхўжа Дадахўжа ўғли (ёзувчи Саид Аҳмаднинг отаси), Саидабдулло Саидкарим ўғли Саидазимбоев, Комилбек Норбеков (жами 12 киши)лар билан биргаликда Тошкентда «Нашриёт» ширкатини тузиб, китоб чиқаришни йўлга қўядилар. 1915 йилда эса Авлонийлар ташаббуси билан тузилган «Турон» жамиятида фаолият кўрсата бошлайди. Лекин асл касби савдо ишларидан узилиб кетмайди. 1917 йил воқеаларига қадар мазкур соҳада мунтазам ишлайди.

Адибнинг «Жиноий иши»да сақланган «Меҳнат дафтарчаси»дан шу нарса маълум бўладики, у шу йиллари ижодий соҳадан бошқа ҳамма иш билан шуғулланган. Ички ишлардан маъмурий-хўжалик, қурилишгача бор. Чунончи, 1918—19 йилларда Тошкентнинг дастлаб Эски шаҳар, сўнг Янги шаҳар ижроия қўмиталарида аъзолик қилган. 1919 йилда партияга кирган. Чекага хизматга олинган ва 1922 йилгача Республика коллегия аъзоси бўлган. 1922— 23 йилларда ушбу ташкилотнинг Эски шаҳар ижроия қўмитаси аъзоси, шикоятлар бюроси аъзоси, Фарғона ревтрибунал аъзоси вазифаларини бажарган. 1924 йилдан ички ишлар ва давлат муҳо-фазаси тизимидан узоқлашади, касаба уюшмасига ўтади. Ташсо-юз бошқармаси аъзоси, 1925—26 йилларда эса Тошкент саноат бирлашмаси Кустпромсоюз (Ҳунармандчилик саноати касаба уюшмаси) раиси бўлиб ишлайди. 1927 йил 23 октябрда молиявий камомад айби билан партиядан ўчирилиб, 5 йил қамоққа ҳукм қилинади, бироқ 1928 йилнинг 11 январида, чамаси айби исботланмаганлиги сабабли, озод этилади. Шу йил Қуруқ мевалар омборида таржимон бўлиб ҳам ишлаган экан. Йил охиридан 1930 йилнинг апрелигача КООПстрахсоюз (Ширкатлар суғурта уюш-маси)да инструктор, Нонмарказ инструктори (1930), Ширкатлар уюшмаси нозири (1930) вазифаларини бажаради. 1931 йилнинг 15 декабрида аризасига кўра ишдан бўшатилган. Хомашё ва савдо сектори нозири қилиб ўтказилган. 1933 йил 1 январдан Союззаготхлопок (Иттифоқ пахта тайёрлаш) идораси ихтиёрига юборилган. 1933 йил 22 ноябрь — Ўзпромстрой (Ўзбекистон саноат қурилиши) трестида назоратчи-инструктор; 1934 йил 15 апрель аризасига кўра ишдан бўшатилган. 1935 йил 29 январь — «Красний утильшик» («Қизил фойдаманд») артелида инструктор; 1935 йил 29 май аризасига кўра бўшатилган.

Суд-тергов қоидаларига кўра айбланувчининг қилмишларигина эмас, уларнинг ташқи кўриниши, ажратиб турадиган хусусиятлари ҳақида ҳам маълумотлар келтирилар эди. Таваллонинг «Жиноий иши»да ҳам шу хил маълумотлар учрайди. Чунончи, «Анкета маълумотлари»да қуйидаги гапларга дуч келамиз: «Ташқи кўриниши: ўрта бўй, бўйи 1 метру 56 см, кўзи — қўй кўз, сочи -қора. Дарвоқе, «Жиноий иш» материалларида «айбланувчи»нинг яна бир жиҳати махсус таъкидланган: керагича нотиқ.

1937 йил 14 августда Тавалло «аксилинқилобий», «Турон», «Шўройи ислом», «Иттиҳоди тараққий», «Миллий иттиҳод», «Миллий истиқлол» ташкилотларининг аъзоси, «миллионернинг ўғли», «шеърларвда миллатчилик ғояларини илгари сурган»ликда айбланиб, қамоққа олинади.

Қамоққа олинганда оилада беш киши бўлган: ўзи — 54 ёшда, хотини Зуҳра Миёрова — 40 ёшда, ўғли Мақсуд Миёров — 16 ёшда, қизи Санобар Миёрова — 11 ёшда. 1913 йилда туғилган Раҳбар исмли қизи 1936 йилда турмушга чиққан бўлиб, Бухорода яшар эди.

Агентура материалларидан: «Т. X. миллий республикани мустамлака» деб айтди. Кўпчилик орасвда «Ўзбек халқи ўзаро нифоқ ва қўрқоқлик орқасидан хорзор, қизилларга тутқун бўлди. Сабр косаси бир кун тўлади ва халқ совет ҳукуматига қарши қўзғалишга мажбур бўлади. Агар мен инқилобни шундай кунларга олиб келишини билсам эди, бутун вужудим билан унга қарши кура-шар эдим», деди.

Тўлаган Хўжамёровнинг тергов ишлари тезлашиб кетди. Ўзбекистон ички ишлар халқ комиссари муовини Леонов имзолаган «Айблов хулосаси» 1937 йил 9 сентябрда 25 кунда тайёр бўлди. Унда Таваллонинг 1919 йилда Осипов қўзғолонига «қатнашгани»гача «тасдиқлатиб» олинди ва бир қатор «айб»лар билан учлик ҳукмига ҳавола этилди.

Шу йилнинг 19 октябрвда НКВД қошвдаги учлик мажлисида Тавалло отиб ўлдиришга ҳукм қилинади. Ҳукм шу йил 10 ноябрда ижро этилади.

Адабиётшунослик фанвда эса, унинг вафот йилини 1939 деб кўрсатиб келардик. Адиб 1968 йил 18 октябрда оқланди.

Таваллонинг 1968 йилда Бухородаги қизи Расулова Раҳбарнинг ДХҚ вдораларига ёзган хатлари мазмунвдан англашилишича, бу йилга келиб, шоир оиласвдан ундан бошқа ҳеч ким қолмаган.

Тавалло асарларининг қайта нашри ва у ҳақдаги маълумотларнинг берилиши ҳам 1968 йилга тўғри келади. Марҳум М. Зокирий ва атоқли адабиётшунос — танқидчи О. Шарафиддиновларнинг ғайрат ва ташаббуси билан дунёга келган ва зарарли китоб сифатвда дарҳол йиғиштириб олинган «Тирик сатрлар»даги шоир ижодидан намуналар бу борадаги дастлабки қадамлардан эди. Унинг ягона шеърий тўплами «Равнақул-ислом» алоҳида ҳолда 1993 йилдагина нашр қилинди.

Бутун бу номни фақат бизда эмас, четда ҳам биладилар.

Таваллонинг ижодкор сифатида шаклланишида Тошкент адабий муҳитининг роли катта бўлди. Унга сайрамлик шоир Юсуф Сарёмий устозлик қилди. Тахаллусни ҳам унга Юсуф Сарёмий берган.

Таваллонинг шеър ва мақолалари 10-йиллардан матбуотда кўринади. Шоирнинг 1916 йилда «Равнақул-ислом» номи билан чоп этилган шеърий тўплами унинг ҳаётлик даврвда босилган битта-ю битта китобидир. Мақолалари тўпланган эмас. 20-йилларда «Муштум» ҳажвий журналининг фаолларидан эди. Мазкур журнал саҳифаларида «Мағзава» имзоси билан ўнлаб ҳажвий шеърлари чоп этилган, улар ҳам йиғилган, ўрганилган эмас.

Шоир ижодини баҳолашда асосий манба «Равнақул-ислом» бўлиб турибди. Тўплам ҳажман унча катта эмас, 70 тача шеър киритилган. Номи ўша йиллар учун кенг расм бўлган номлардан. Туркчилик, исломчилик руҳида. Вазн ва оҳанг анъанавий — арузда. Бироқ мазмун тамом янги. Туркистонни қоплаган жаҳолат ва нодонлик, тутқунлик ва турғунлик ҳақида. Унинг ҳам бошқа ривожланган, тараққий топган миллатлар қаторида фаровон ва бахтли яшашга бўлган ҳаққи-ҳуқуқи тўғрисида.

Шоир, биринчи навбатда, замон ҳодисаларидан илҳом ва таъсир олади. Кўпгина шеърлари ҳаётдаги конкрет янгиликлар, ўзгаришлар ҳақвда. Шунингдек, унинг сўнгги давр турк, татар, озарбойжон шоирларининг шеърлари билан ҳам яхши таниш эканлиги билинади. Чунончи, 1913 йилда Абдулла Тўқай вафотвдан қаттиқ қайғуради. Матбуотда чиқади. «Шеърларидан кўп баҳралар олгонлиғи»ни, турмуши ҳам Тўқайнинг «таржимаи ҳолига ниҳоятда ўхшаб кетганлиги»ни (у ҳам етим ўсган эди) ёзади. «Тотор қардошларимизнинг машҳур шоири марҳум Абдулла афанди Тўқаевнинг шеърина тазмин» номи билан унинг «Жумла фикрим кеча-кундуз Сизга оид миллатим», деб бошланадиган шеърига назирасини эълон қилади. Марҳум шоирнинг маслаку муддаосини, жумладан миллат йўлида жонини фидо этмоқни ўзи учун муқаддас бурч ҳисоблайди.

«Миллат», «Миллият» тушунчаларига Авлоний ва Таваллоларга қадар шеъриятимизда бунчалик кўп эътибор берилган эмас эди. Хусусан, Таваллода ҳар бир шеър миллат, унинг шу кундаги аҳволи, жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрни, тарихи ва тақдирига келиб боғланади. Шоир жаҳоннинг, чунончи Европа ва Америка халқларининг тараққиёт асридаги ҳаётига назар ташлайди. Бир томонда илм-фан, техника янгиликларини турмушга жорий этиб, оғирини енгил, ҳаётини фаровон қилаётган миллатлар, иккинчи тдмонда, Одам Атодан келаётган, аллақачон эскириб ишдан чиққан ишлаб чиқариш усули ва воситаларига маҳкам ёпишиб, дунёда шуни сўнгги мўъжизадек ушлаб олган Туркистон. Шоир ҳар иккисини муқояса қилади. Бу муқояса, ҳажвий мазмун ташийди, албатта.

Масалан, шундай шеърларидан бири «оврўполилар ҳунари бирлан бизларни(нг) ҳунарларимизнинг фарқи» деб сарлавҳаланган. Шеър бошдан-охиригача кесатиқ-қочириқлар, истеҳзо асосига қурилган. Шоир шеърни ҳатто ўз миллатига эмас, «Оврўпо аҳлига» мурожаат билан бошлайди. «Оврўпо аҳли»ни баҳсга, мубоҳасага чорлайди. Шу аснода «занбурак» — «сопқон», «афтомобил» — «хўқанд ароба», «айрипилон» — «варварак», «зобут», «товар» — «бўйра-бордон» муқоясалари оддий мазах-кулгидан вазиятга фожеий мазмун берувчи заҳарли истеҳзога айланади. Ёки «Ибрат боғида» шеърини олайлик. Шоир истироҳат боғида сайр этаркан, икки хил манзарани кўради. Шу маънода ушбу «томоша боғ» аслида ибрат боғидир. Ана, бир гуруҳ «чаман булбуллари» боғда «товус» каби «хиром» қилмоқдалар, «ёз фасли оқ баданларига» «оқ кийимлар» кийган, «искамейка»ларда «роҳат қилиб» дам олмоқдалар. Бу инсоннинг ўз инсоний шаънини қадрламоғидир. Энди, иккинчи манзарага кўз ташланг. Йўл устида тўпланиб, қарғалардек қўнқайиб олган кишилар. Ана, бирови «кафши»нинг «лойи билан» «искамейка»га чўзилган. Ё бўлмаса, «ёз фасли» бўлишига қарамай, «пахталик»ни ташламасдан «елкага ёғини чиқариб» кийиб юрган, «уч қабат камзулни устидан» «саккиз қулоч белбоғ» боғлаб олган миллатдошларимизни айтмайсизми?! Нега бировлар озода кийиниб, чиройли бўлиб, ҳузур-ҳаловат билан юрганда биз «пайпоғимиз судраб» кўча чангитиб юрамиз. Ана, яна бири келяпти, «иштонни тизидан юқори» кўтариб олган, «кўкрак очиқ». Семиз қорни, жундор кўкрагини кўз-кўз қилиб келяпти. Унинг учун дунёда шундан буюк мартаба йўқ. Боғбон («садовник») йўқол («убрайс!») деб тўғри бўлса (томошабоққа маҳалий халқ кириб ўрис тўраларнинг ҳаловатини бузиши мумкин эмас-да), «гасподин»дан бошқа сўз айта олмай чулдираб қоламиз. Узоқда бирорта «мундир кийган соддат» кўринса, қўяверинг, боққа кирмасдан қуённи урамиз. Қоровул-поровул кўрсак-ку, худо урди, кўчама-кўча ошамиз. Уйга келганда эса юраги тоғмиз.

Мантиқан шундай хулоса чиқади: наҳотки бу ўша довруғи жаҳон Туркистон? Наҳотки бу шўринг қурғурлар дунёга қанчадан-қанча даҳоларни етказиб берган. Амир Темурдай жаҳоний зотлари билан ярим жаҳонга эгалик қилган, инсониятта инсонларча яшашни ўргатган, асрлар давомида куч-қудрат, ақлшижоат тимсоли бўлиб келган юртнинг фарзандларидирлар.

Аслида, шоир демоқчи бўлган гап ҳам шу.

Тавалло Ватан мавзуига алоҳида эътибор беради. Шеърларидан бири ҳатто «Суюкли Ватан ҳақинда» деб аталган. Унинг шеърларида «Турон», «Туркистон» атамалари, табиийки кўп учрайди. Масалан, Туркиянинг Қарс вилоятида юз берган бир зилзила муносабати билан ёзган шеъри бор. Шеър «Қарс мамлакатида фалокатзада мусулмон қардошлар ҳақида» деб номланган. Шеър шундай бошланади:

Кўрасиз, Турои эли, Қарсда мусулмонлардир,
Раҳм этинг ҳолина сизлар, қардошлардир…

Нарироққа бориб, шоир бу фикрни яна таъкидлайди:

Ёрдам этмак қуни етти сиза, Турон аҳли,
Бу фалокатзадалар, туҳмата қурбонлардир.

«Турон» туркистонлиларга қадим шаън-шавкатни эслатиб турарди, дунёни ўз мулкидай идора этган буюк боболарнинг «ур-ҳо»сини эшиттиргандай бўларди. Бу ҳам бир — усул. Иккинчидан, шоир уларнинг «қардош»лигига урғу бермоқда. Бу қардошлик шунчаки дин қардошлиги эмас, тил қардошлигига ҳам шама бор. У ерда турклар яшайдилар. Улар 10-асрларда Сирдарё бўйидан кетиб, Кичик Осиёда ватан қилиб қолган қариндошларимиздирлар. Бу ҳам ўз-ўзидан туркий қавмларнинг жаҳоний миқёсларга ёйилганига ишора қилади. Русия эса, Туркистонни турк дунёсидан имкон қадар узоқда тутишдан, қардошларини танитмаслик, ҳеч бўлмаса ёмонотлиқ қилишдан жуда манфаатдор эди. Уни етим қўзидай кўрсатишни истар ва олижаноб чўпонлик даъвосини қилар эди. Ниҳоят, шеърнинг яна бир жиҳати бор. Русия урушга кирган эди. Биринчи Жаҳон уруши авжида эди. Туркия Русияга қарши урушга қўшилган ва унинг бевосита «душман»ига айланган эди. Кўринаяптики, шоирнинг Ватан мавзуидаги шеърларида миқёс ҳам, мазмун ҳам жуда кенг.

«Турон» ҳақидаги фикрни давом эттирамиз. Бу атама биргина шу шеърда эмас, бошқаларида ҳам учрайди. Мана айрим намуналар:

Деюр астағфурулло, дафъатан шундоғму Туронлиғ…

(«Уёнмаз эрса миллат» шеъридан)

Ёш-қари қадрини бил, Турон элин меҳмонидур…

(«Мухаммаси Тавалло бар ғазали Мавлавий Юсуф Сарёмий» шеъридан).

Айни пайтда, Ватанни «Туркистон» шаклида англаш ҳам табиийки, кўп учрайди:

Баҳора дўнди Туркистон, очилди ғунчалар хандон,
Юринг боғларда, эй ёрон, бу давронлар ғаниматдур.

(«Наврўзлик ҳақинда» шеъридан)

Шунча Туркистон элинда нодон аҳли кўб вале,
Носиҳ ўлмаз эрсалар, ақли расолардин насуд?!

(«Халқға фойдаси тегмаганлар ҳақинда» шеъридан);

Десам, дунёда биздек ортда қолғон борму миллатдан,
Бу Туркистон элиди» тобмадим иқрор, йўх, йўх, йўх.

(«Жаҳон айвонида…» шеъридан).

Шоир тарих ҳақида сўз очганда, яна бир калимани тилга олади. Бу — Мовароуннаҳр. Жумладан, юқорида номи тилга олинган «Суюкли Ватан ҳақинда» шеъри шундай сатрлар билан бошланади:

Мовароуннаҳрдур тарихпа бизларга Ватан,
Арзиғай бизлар санга хизматда бўлсак, жону тан.

Эй Ватан, эзгу Ватан, авф айла, қадринг билмадук,
Эмди билдук, бош кўтардук, кўрки, бизлар уйқудан.

Бу жуғрофий атамалар бир-бирига у қадар зид эмас. Бири хиёл кенгроқ, бири торроқ, фарқи шунда холос. Иккинчидан, дастлабки байтнинг ўзиданоқ унинг қадр-қиммати ҳақидаги гап ўртага тушади. «Арзиғай бизлар санга хизматда бўлсак жону тан», деб ёзади шоир ва «Ватан»га «жону тан»ни қофия қилади. Ватан қадри ҳақидаги бу таърифий фикр, мисрама-мисра, байтма-байт тараққий топиб боради ва ғазал мақтаъида:

Кеч гуноҳини Таваллони, Ватан, эзгу Ватан.
Билди аслинг, қилди васфинг, бу ватандандур бадан, —

деб тугалланади. Бошқача айтганда, Ватан ва унинг сарҳадлари бизнинг баданимиз каби тану жонимизга туташдир. Ватанга дахл танга дахлдир, жонга дахлдир. У — шу қадар тан билан жонга қўшилиб кетган. Учинчидан, Ватан ўлик жисм эмас, жонлик тандир. Ва у ушбу тупроқда яшовчи ҳар бир ватандош тану жонига пайваста бўлмоғи лозим.

Нима учун шоир мақтаъда Ватандан гуноҳини кечмоқни сўрамоқда?!

Матлаъда ҳар бир Ватан фарзандининг унинг олдидаги бурчини белгилаб берган эди. Сўнггида узр сўраяпти. Чунки шоир ўзини унга муносиб хизмат қила олмадим, деб ҳисоблайди. Унингча, биринчи вазифа миллатни уйғотмоқ эди, — у, иншоолло, уйғонди («уйқудан бош кўтарди»). Навбатдаги иш миллатни тарбияламоқ ва уни Ватан боғининг булбули мақомига кўтармоқ, уни баркамол қилиб тарбияламоқ ва юртнинг чинакам эгаси ма-қомини олиб бермоқ эди. «Зағон» («қарғалар»)ни хижолатга солиб, боғдан «жўнатиш» — мустамлакачилардан халос бўлмоқ эди. Афсуски, буларни амалга ошириб бўлмаётир. Шоир узрининг са-баби шунда. Лекин у мутлақо ишонади: «Бундоқча кунлар бор экан» дейдиган кунлар, албатта келади. Бу шоир тасаллисининг бош сабабидир.

Замонасининг жуда кўп шоирлари каби Тавалло шеърларида ҳам кенг ўринни Миллат ва Ватанга хизмат ҳисси ва шу муноса-бат билан ўз-ўзига ҳисоб эгаллайди. У бир шеърида «Ҳаволансин, ғизолансин, билинг, бу бир ҳумо, миллат!..» деб ёзади. Ундага мантиқ шундай: миллатнинг равнақи учун, биринчи навбатда, ақл ва ғайрат керак. Ғайрат эса иштиёқдан, меҳр-муҳаббатдан туғилади. Ақл ва ғайрат ишончни, ишонч ҳаракатни юзага келти-ради. Миллат унга мансуб ҳар бир кишининг жони-жаҳони, бахти-саодати. Бинобарин, ҳумо қуши. У кўкларга парвоз этмоғи лозим. Бунинг учун унга руҳ керак, мадад керак.

Шоир шеърларидан бири «Уз виждон-вужудима хитоб» деб номланган. Мухаммас шаклида ёзилган ушбу шеърнинг ҳар банди «Чиқ ичимдан, жоним эй, сан манга ҳамдамлашмасанг» сатри билан якунланади. Жонга хитоб ҳар банднинг якунловчиси бўлган-лигидан унгача шоир ўз вужудининг ҳар бир аъзосига шарт қўйиб чиқади. Бу шартлар Ватан ва Миллат манфаати йўлидаги хизматларга қаратилгандир. Чунончи, миллатга ёрдамлашмаган, унинг оғирини енгил қилмаган қўлнинг «пул тут»ишга ҳаққи йўқ, миллат ғамини емаган дил «хушнуд» бўлмаслиги керак. Бу ғамдан ёш тўкмаган кўзнинг очилмагани яхши. Миллатга суянчиқ бўла олмаган ақл ва фикрнинг боридан йўғи. Миллат ғамидан бошка сўзни сўзлайдиган тил лол бўлгани маъқулроқ ва ҳоказо.

Саккиз бандлик ушбу мухаммаснинг биринчи ва сўнгги бандларини келтирамиз: 

Эй қўлум, пул тутма ҳеч, миллатга ёрдамлашмасанг,
Бўлма хушнуд, эй дилим, миллат ғамин ғамлашмасанг,
Равшан ўлма, эй кўзум, ёшинг тўкуб намлашмасанг,
Фикрим, очилма, агар шеъринг ёзиб, хамлашмасанг,
Чиқ ичимдан, жоним, эй, сан манга ҳамдамлашмасанг…

Дейдилар, бас қил, Тавалло, шеърлар манзур эмас,
Миллатинг маҳв ўлса, парво қилмаюрлар, ғам емас,
Бунларинг шўрбо-палов, норин ебон, чой ичса, бас,
Сўнгра икки елкасига тепсалар ҳам индамас,
Чиқ ичимдан, жоним, эй, сан манга ҳамдамлашмасанг.

Шеър бир қадар маҳзун оҳангда якунланмоқда. Бу — умидсизлик, нажотсизлик оҳанги. Асорат ва залолат ўз ишини қилган. Миллат аллақачон, Авлоний айтганидек, тирик мурда («мадфун зинда»)га айланган. Унинг қорин қайғусидан бошқа қайғуси йўқ. Шаън-шукуҳ, ор-номус, ўзлиқдан нишон қолган эмас. Шоир миллатининг очиқ кўзли фарзанди сифатида бундай фожиага чидай олмайди. Шеърни шеър қилган дард — шу.

Тавалло халқ ҳаётини рўй-рост кўрсатишда шеър, шоир зим-масига катта масъулият юклайди. Чунончи, «Қаламга хитоб» шеърида унинг «ҳасрату андуҳ»дан, «меҳнат»дан «ёзишини», «тўғри ёз»ишини талаб қилади. Унингча, қаламнинг вазифаси виждонни уйғотмоқдир. Шоирлик бир умр уйғоқ виждон билан яшамоқдир. Шам мисоли ўзи ёниб, атрофни ёритмоқдир. Йўқ-йўқ, халқ, ватан ҳаётидаги ҳар бир ташвишу қувончдан чақмоқдек чакилмоқ, момақалдироқдек борлиқни ларзага солмоқдир… Унинг биргина қуроли бор. У ҳам бўлса ҳақ сўз. Ундан чекиниш қаламга ҳам, виждонга ҳам хиёнатдир.

Шеърият — бу кураш. Ўзининг омонат фароғати эмас, кўпнинг нафи, манфаати учун адолат ва адолатсизлик, яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги кураш. Бас, шундай экан:

Кел Тавалло, бўл мусаввир, ол қаламни қўлға сан,
Чек фронтлар сувратин, қўрсун ҳама наққошлар.

Шоир «ҳақиқат сўз»ни, дилбанд диёри дардларини айтиш билан кифояланмайди. Уни тузатишга диққатни қаратади:

Камчиликни назму таҳрири Тавалло қилмасанг,
Кел бу кун манзур эмас, ёзма бўлак ашъор ҳеч!

(«Ҳеч» радифли шеъридан)

Иккинчи бир шеърида эса, ўзини миллатнинг «отхонасида хиз-мат эт»ишга «миллатнинг шалтоғи»ни тозалашга сафарбар қилади («Томошабоғ хусусида»).

Бундай ҳол адабиётимизда илгари кўрилмаган эди.

Шоирнинг севимли мавзуларидан бири ҳуррият эди. У инсон эркини ҳар нарсадан устун қўйди. Унинг талқинидаги эркнинг маъноси ғоят кенг. Бу эрк сиёсий, иқтисодий мустақилликдан тортиб нафс қутқуларидан, қулликдан озод бўлишгача ўз ичига қамраб олди. У хотин-қизлар ҳурриятига кенг эътибор берди. Масалан, «Қариндош ва ҳамшираларимиз мазлума қизлар тилиндан» шеърида қизлар оталарига мурожаат қилишиб, уларни ҳам ўқитишни, уларга ҳам инсоний муносабатда бўлишни сўрайдилар. Бугина эмас, шеърда тенг никоҳ ҳакида сўз очилади:

Ўқутғон сўнгра вергонда, қуёв тенгдошимиз ўлсун,
Иков ҳам илмлик, ёшликда бирдек ёшимиз ўлсун,
Жаҳонда шод ўлуб ҳамохират қардошимиз ўлсун,
Агар чолларга тушсак, заҳр ичгон ошимиз ўлсун,
Илоҳо, сақла, бизни дунёда мундоқ фалокатдан.

Шоирнинг бир қатор шеърлари давр янгиликлари, кундалик воқеалар ҳақида. Масалан, «Ойна» (муҳаррири Беҳбудий) журна-лининг (1913), «Садойи Туркистон» (муҳаррири Убайдуллахон Асатиллахўжаев) газетасининг (1914) чиқишлари, Исмоилбек вафоти (1914), Қарс (Туркия)даги зилзила (1914), айниқса, Биринчи Жаҳон уруши ва у билан боғлиқ ҳодисалар Тавалло диққатидан четда қолган эмас. Ўзбек театрининг майдонга келиш воқеаларига бағишланган бир эмас тўрт шеъри бор. Шулардан бири бевосита илк ўзбек театри томошаси 1914 йил 27 февралда Тошкентдаги «Колизей» театрида Авлоний труппаси томонидан Беҳбудийнинг «Падаркуш» драмаси қўйилишига бағишланган. Шунда машҳур маърифатчи Мунавварқори Абдурашидхонов театр ҳақида нутқ сўзлаган эди. Шеър ҳам шу воқеани ҳикоя қилишдан, «Чўқ мунаввар этди оламни Мунавварқоримиз» деб бошла-нар эди. Иккинчиси эса бу воқеани, яъни театр пайдо бўлишининг аҳамиятини таъкидлаб кўрсатди. Шоир фикрича, ёшларнинг театр ўйнаши, миллатнинг ҳаёт асари кўринганидан — тириклигидан нишонадир, «тараққийнинг хабари»дир.

Таваллонинг «Равнақул-ислом»даги шеърлари эски шеър тизимимиз — арузда ёзилган. Лекин ундаги руҳ ва мазмун, кўрганимиздек янги. Шоир бармоққа 20-йилларда ҳажвияларида мурожа-ат қилди ва 20-йиллар ўзбек ҳажвий шеъриятининг эсда қоладиган намуналарини яратди. Бироқ совет даврида ёзилган шеърларини на ғоявий, на бадиий жиҳатдан 10-йиллардаги шеърларига қиёслаб бўлмайди. Улар енгил-елгш ёзилгандек, кўнгли тўлиб турган кишининг истеҳзосидек таассурот қолдиради. Бунинг сабаби, бизнингча иккита:

1. Ижтимоий. Шоир камбағалпарварлик шиорлари билан ўзига оғдириб олган большевиклар сиёсатининг ғайриахлоқий ва ғайриинсоний моҳиятини тобора англаб боради. Миллат ва Ватаннинг тубсиз гирдобга кетаётганидан, ҳалокатнинг муқаррарлигидан, нажотнинг йўқлигидан изтироб чекади. Шўро идораларида, ҳатто унинг ҳуқуқ муҳофазасида ишлаётганидан қийналади. Кўнглини борлигича оча олмайди.

2. Шахсий. Гувоҳ М. X. Ҳусанбоев маълумотига кўра, тахминан 1931 йилда ўғли Маҳмуд вафот этади. Бу нарса шоирга қатгиқ таъсир қилади, ичкиликка берилади. Хуллас, Тавалло ҳаётининг сўнгги 20 йили жуда кўп замондошлариники каби изтиробли, лекин деярли самарасиз кечди.

Лекин у кўпроқ адабиётимиз тарихида 10-йиллардаги миллатни эрк ва адолатга уйғотган жўшқин, эҳтиросли шеърлари билан қолди. Бу шеърлар янги ўзбек шеъриятининг майдонга келишида муҳим бир босқич бўлиб тарихга кирди. Хусусан, Чўлпон шеъриятининг юзага чиқишида маънавий омиллардан бўлди. Ойбекнинг шоир шеърларини алоҳида бир самимият билан эсга олиши сабаби шунда.