Йўлдош Солижонов. Сизиф ва абсурд

http://n.ziyouz.com/images/sizif.jpg

Очиғи, мен Ғарб адабиёти назарияси, хусусан, сўнгги йилларда истеъмолга кириб келган ва жуда кўп қўлланилаётган модернизм, постмодернизм, абсурд, экзистенциализм, сюрреализм каби атамалар моҳиятини яхши билмайман. Уларни англашга, қанча кўп билишга интилганим сайин бу борада билимларим камлигини кўпроқ англаяпман. Эҳтимол, бу илмий адабиётларнинг етишмаслиги, борида ҳам баён қилинган фикрларнинг мужмаллиги, бир-бирини рад этишидандир? Айниқса, бу оқимлар орасида абсурд атамаси ўзининг номи сингари мавҳумлигича қолиб келяпти. Балки ўзбек адабиётшунослари абсурднинг туб моҳиятини англаб етмай, унга бирёқлама муносабатда бўлаётганликлари ҳам ана шундай чалкашликни вужудга келтираётгандир?

Ҳар ҳолда касбим ва мутахассислигим эҳтиёжи нуқтаи назаридан мен “Абсурд нима? – деган саволга жавоб изладим. Изланишларимдан бир чимдимини ҳамкасбларим билан баҳам кўргим келди.

* * *

Абсурд атамаси шу пайтгача адабиётшуносликка оид кўпчилик луғатларга киритилмаган. Чунки Шўролар даврида социалистик реализм методига асосланган совет адабиёти учун бошқа ҳар қандай метод, оқим, йўналишлар ёт ҳисобланарди. Мустақиллик йилларида нашр этилган «Ўзбекистон Миллий энциклопедияси»нинг 1-жилдида «Абсурд драма» ҳақида маълумот берилган. Унда ҳам «абсурд» сўзининг моҳияти тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган-да, абсурд драма оқими «тарафдорлари инсон ҳаёти маъносиз, мавҳум деган нуқтаи назарни илгари суради. Улар фикрича, инсон ҳатто нима учун яшаётганини ҳам англаб етолмайди, у доимо ёлғон бурч, ёлғон ахлоқ, ёлғон муносабатлар қурбони бўлаверади» деган ғояни ифодалашга кўпроқ эътибор берганликлари мисоллар асосида айтилади, холос.

Хуллас, турли оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган, илмий са-вияси жиҳатдан бир-биридан фарқланадиган мақолаларни ўқиб, абсурд ҳақиқатан ҳам маънисизлик экан-да, деган хаёлга келиш мумкин. Ундай бўлса, адабиётнинг маънисизликни тарғиб қилишидан мурод нима? Ахир ҳар қандай адабий асар инсонни ҳаётдан завқланишга, лаззат олишга, маълум мақсад билан яшашга ва унга эришиш учун курашга ундайди-ку! Агар абсурд ҳаётда яшашнинг маънисизлигини, турмушнинг тутуриқсизлигини тарғиб қиладиган бўлса, унинг инсониятга нима кераги бор? У ҳолда адабиёт ўзининг инсоншунослик моҳиятидан узоқлашиб кетмайдими? Ғарб файласуфлари айнан абсурдни нега байроқ қилиб кўтардилар? Бу саволлар менга кўп вақт тинчлик бермади. Уларга жавоб топиш илинжида ўша абсурд асарлар яратган Ғарб адибларининг ижоди билан танишишга киришдим.

Дастлаб абсурд ғоясининг улкан билимдони, фалсафий асосчиси Альбер Камюнинг «Сизиф ҳақида афсона» номли эссесини мутолаа қилдим. Сабаби, кимки абсурд ҳақида фикр юритса, биринчи галда шу манбани тилга олади ва унга таяниб мулоҳаза юритади. Камюнинг ўзи ҳам «Сизиф ҳақида афсона» деган сарлавҳадан кейин «Абсурд ҳақида эссе» деб изоҳ берган. Адибнинг ушбу асари яратилган давридаёқ машҳурликнинг шоҳсупасидан жой олган ва ҳанузгача ўша мавқеини сақлаб келаётир. Иккинчи жаҳон урушининг авжи қизиган йилларида босилиб чиқан бу асар (1942) фашист босқинчиларига қарши курашга чақириқ, исён сифатида қабул қилинган. Бундан ташқари, мазкур эссе ўз мазмун-моҳиятига кўра Франция фалсафаси тарихига «экзистенциализмнинг атеистик манифести» бўлиб кирган. Шу билан бирга айнан шу эссе кўпчилик томонидан файласуф ёзувчи Альбер Камюнинг бадиий асарларини ўқиш, уқиш ва тушунишнинг фалсафий калити деб ҳам тан олинган.

Дарҳақиқат, бу калит ўқувчига Камюнинг ижод хазинаси эшигини очиб беришга хизмат қилади. Дарвоқе, Камю ўзининг замонга, жамиятга, динга, фашизмга, сиёсатга бўлган муносабатини ифода этиш учун нега айнан эрамиздан анча аввал дунёга келган Сизиф ҳақидаги мифга мурожаат қилди? Ўз салафлари ва замондошлари Ф.Нитше, З.Фрейд, Э.Фромм, Ж.П.Сартр, Ф.Кафкалар билан мунозарага киришиб, фалсафий мулоҳазаларини баён этаверса бўлмасмиди? Бунга унинг билими ҳам, қувваи ҳофизаси ҳам етарди-ку! Назаримда, бошқалардан фарқли ўлароқ, Сизифга мурожаат қилишида Камюни ҳам файласуф, ҳам ижодкор сифатидаги маънавий-руҳий эҳтиёжи даъват этган. Сезишимча, Сизиф характеридаги ўжарлик, қасдма-қасдига ўзининг ҳақлигини исботлашга уриниш Камюнинг ҳаётий идеалига мос келган.

* * *

Мен Камю ва унинг асарларидаги қаҳрамонлар ҳақида ўйлаганимда беихтиёр кўз олдимда ҳар доим елкасига оғир юк ортган, ҳорғин, аммо уни кўзлаган манзилига етказмагунча аҳдидан қайтмайдиган ўжар ва қатъиятли Сизиф намоён бўлаверади. Йўқ, бу тасаввурим адибнинг «Сизиф ҳақида афсона»ни ёзганлиги учун эмас. Аслида бу қайсар Сизиф тўғрисида афсоналар, ривоятлар, драмалар қадимги Юнон адабиётида жуда кўп яратилган ва уларни ўқиб, худоларнинг қаҳрига учраган бир бандаи мўмин тўғрисида талай маълумотлар олиш мумкин. Гап бошқа ёқда: Камю абсурд образни илмий ва бадиий томондан исботлаш учун нега айнан Сизифга мурожаат қилишидадир.

Ёзувчининг фалсафий ҳофизаси кенг ва чуқур эканлигини ушбу асарнинг Сизиф ҳақидаги афсона қисми баён қилингунга қадар бўлган 2 бўлим ва 12 бобда илгари сурилган мулоҳазалар ҳам тасдиқлайди. «Абсурдча мушоҳада» ва «Абсурдча ижод» деб номланган бўлимларда Камю дастлаб абсурднинг фалсафий асосларини излайди, ҳаётий мисоллар билан исботлаб беради ва охирида ана шу фалсафий қарашларини абсурд қаҳрамон — Сизиф фаолияти мисолида акс эттиради.

Маълумки, Сизиф ҳақида Гомер, Эсхил, Софокл, Еврипид, Критий сингари буюк юнон мутафаккирларидан тортиб, Сартр, Жойс, Кафка, Пруст, Мерлp, Никитин ва бошқа ўнлаб Европа адиблари турли жанрларда асарлар яратишган. Уларда Сизиф турли қиёфа ва характерда намоён бўлади. Лекин барчаси учун ягона хусусият ҳам мавжуд: Сизиф фирибгар, худоларни алдаган, уларнинг сирини фош қилган, бўйсунмаган, амрини бажаришдан бўйин товлаган. Бундай шаккоклиги ва қайсарлиги учун у худолар томонидан қаттиқ жазога маҳкум этилади: унинг зиммасига улкан харсангтошни пастликдан тоғнинг энг баланд чўққисига юмалатиб олиб чиқиш вазифаси юкланади. Ҳукм қатъий, шикоятга ўрин йўқ. Тош эса Сизифга бегона эмас. Гомернинг тасвирлашича, Сизиф аслида ўта таъмагир, шуҳратпараст, худбин, йўлтўсар-қароқчи бўлган ва йўловчиларни тунаб, бойликларини тортиб олгач, уларни ана шу тош остига бостириб, азоблаб ўлдиришдан завқланган.

Худоларнинг бу ҳукми замирида иккита маъно бор: биринчиси, бундан кейин одамлар шу тош остида қолиб азоб тортмаслиги учун Сизиф уни юқорига олиб чиқиб қўйиши шарт; иккинчиси, ажабмас, Сизифнинг ўзи тошни ба-ландликка олиб чиқаётганда қайта думалаб кетган тошнинг тагида қолиб азобланса; Худоларнинг фикрича, бандаси учун бефойда ва самарасиз машғулотни бажаришдан оғирроқ жазо йўқдир. Сизиф эса ўлимга маҳкум этилганлар орасида энг доно ва ҳушёр кимса ҳисобланади. У шу ерда ҳам худоларни алдашга, ўзининг «ҳақ»лигини исботлашга уринади.

Сизиф табиатидаги худди мана шу қирраларга Камю бошқача ёндашади. Адиб Сизиф сиймосида золимларга қарши курашувчи пролетар тимсолини кўради. «Худоларнинг пролетарийси, ожиз бўлса-да, исёнкор Сизиф, – деб ёзади Камю ва ўзининг туганмас қайғули қисматини яхши билади; бу ҳақда у пастликка тушаётганда ўйлайди».

Камюнинг ифодалашича, Сизиф жаҳаннамнинг мангу малайидир. Ёзувчи бу афсонадаги рамзий образ ҳамда макон орқали реал ҳаётга муносабат билдиради. Унингча, инсон яшаётган ҳаётнинг ўзи дўзах азобидан иборатдир. Одам бу ҳаётда қандай яшашни, кимга ишонишни, нимага кўнгил қўйишни билмайди. «Шундан англашиладики, Сизиф абсурд қаҳрамондир» деган хулосага келади Камю. Демак, бу маънисиз ҳаётда фойдасиз уриниш ва рўёбга чиқмайдиган умид билан яшаш абсурднинг фалсафий моҳиятини ташкил этар экан. Сизиф ўзининг ер юзидаги завқ-шавқли ҳаётию, даҳшатли қилмишлари, жаҳаннамда тортаётган азоб-уқубатию кулфатлари билан бошқаларга ўрнак бўлиши керак. Одамзод фоний дунёда кечирган беҳуда қилмишлари учун боқий дунёда жавоб беришга мажбур. Ажабки, инсоният ҳаётининг икки босқичидан (тириклик ва ўлимдан кейин – Й.С.) келиб чиқадиган бу хулоса абсурд фалсафасининг ислом дини қоидалари ва шартларига ҳам яқин келишини кўрсатади.

Энди Сизиф худолар ҳукмини адо этишга мажбур. У тинимсиз равишда улкан тошни думалатиб (кўтариб эмас!) тепаликка олиб чиқишга уринади. Манзилга етай деганда тош яна пастга думалаб кетаверади. Аммо Сизиф аҳдидан қайтмайди, у такрор ва такрор харсангни тепаликка олиб чиқишга интилаверади. Сизиф тош орқасидан аста-секин пастликка туша бошлайди. «Мени мана шу озгина фурсатда намоён бўлган Сизиф қизиқтиради, – деб ёзади Камю. – Унинг толиққан юзини тошдан фарқ қилиб бўлмайди! Мен туганмас азоб-уқубатлари томон ҳорғин, бироқ шахдам қадамлар билан тушиб келаётган одамни кўриб тураман. У шу пайтда нималарни ўйлаётган экан? Шу аснода нафас олиши билан ҳамоҳанг равишда унинг онги ҳам уйғона бошлайди. Қу-йига, худолар томонидан мангу инъом этилган ғорига қайтар экан, Сизиф ҳар дақиқада ўз қисматидан юқорига кўтарилади. У ўз тошидан ҳам қаттиқроқ иродага эга бўла бошлайди».

Файласуф адиб А.Камю Сизифни қадам-бақадам кузатади, худди уни кўриб тургандек тасвирлайди. Зеро, унинг қисматида, амалга ошмайдиган фаолиятида Камю ўз идеалларини кўради. Ўзини худди Сизиф сингари чорасиз ҳис қилади. Аммо умид Камюни ҳам, Сизифни ҳам тарк этмайди. Шу маънода абсурд умидни инкор қилмайди. Умидсизлик абсурднинг ашаддий рақиби ҳисобланади. Сабаби шундаки, гарчи абсурд сўзи «маънисиз, тутуриқсиз» деган маъноларни англатса ҳам бадиий асардаги абсурд ғояси инсоннинг ана шу маънисиз, тутуриқсиз ҳаётда умид билан яшаб, бирон бир из қолдириш, умридан мазмун қидиришдан иборатдир. Бу мантиқсиз ҳаётда умид билан яшаш абсурд ғоясининг асосини ташкил қилади. Аммо бу амалга ошмайдиган умиддир, саробдир.

Камю Сизифнинг хатти-ҳаракатларида қачонлардир тошни қояга олиб чиқишига бўлган ишончли умидини тасаввур этади. «Онги уйғона бошлаган қаҳрамонга эга бўлган бу афсона ғоят фожеийдир. Ҳар қадамда уни ғалабага бўлган умид қўллаб турса, яна қанақа азоб-уқубат тўғрисида гап бўлиши мумкин?!» дея ҳайқиради Камю. Ҳа, ноумидлик фақат шайтонга хос. Умид билан яшамаган одамнинг келажаги ҳам йўқ. Сизиф ҳаракатларининг зое кетишини, тош тепаликда туриб қолмаслигини яхши билади. Аммо у ўз тақдири устидан ана шундай фожеий ҳукм чиқарган худоларга қарши қасдма-қасдига ишини давом эттиради. Бу унинг онгли исёнидир. Барибир, ҳукмни ижро этиб, ўзини ҳукмфармонбардорларга кўрсатиб қўйишни истайди. Мана шу характери билан Сизиф Камюга яқиндир. Чунки Камю ҳам бутун умри мобайнида ҳаётдаги норасоликларга, тенгсизликка, миллатлар ва элатларни камситишга, ўзаро уруш-жанжалга, зулмга, инсон эркини поймол қилишга қарши исён кўтарган, аммо умидлари пучга чиққан адиб эди.

Абсурд тарафдорларининг фикрича, инсон ўзининг нима учун яшаётганлигини ҳам англаб етмайди. Англашга интилиш эса экзистенциализмнинг моҳиятини ташкил этади. Абсурдда гарчи яшаш маънисиз бўлса ҳам умид бор, одам ниманидир кутиб яшайди. Бу маънисиз ҳаётнинг алдамчи жилоларига учиб, таркидунё қилиш ёки ўзини ўзи ўлдириш ҳам абсурдга зиддир.

Абсурд масаласида Камю ўзининг устози, файласуф, ёзувчи ва драматург Жан Пол Сартр (1905-1980) билан ҳам келиша олмаган. Аслида уларнинг иккови ҳам абсурд ғояси бўйича ҳаётнинг бемаънилигини, тутуриқсизлигини тан олган санъаткор эдилар. Шу боис Камю дастлаб унга эргашди. Бироқ Сартрнинг асарлари билан яқиндан танишган Камю ҳаётдаги мавжуд тутуриқсизликларни енгиб ўтиш масаласида устози билан келиша олмай қолди. Камюнинг эътиқодича, уни енгиб ўтиш мумкин, инсон бунга қодир. Сартр эса бунинг аксини тасвирлайди. У ўзининг «Кўнгил айниши» номли романида бош қаҳрамон Антуан Рекентен тасвири орқали мавжудлик тутуриқсизликдир (абсурд) деган хулосага келади. Рекентен эътиқодининг сустлиги, характерининг бўшлиги оқибатида теварак-атрофни ўзига бўйсундира олмай кўнгли айнийди. Охири ёзувчи шундай хулосага келадики, мавжудликнинг тутуриқсизлигини амалда исботлаш учун жисмоний меҳнат қилиш, курашиш, эътиқодли бўлиш шарт эмас. Бунинг ўрнига ўз мавжудлигингга маъно бериш учун роман ёзсанг, бас. Бу Альбер Камю қарашларига зид эди. Эҳтимол, Сартр учун ижод қилиш ҳаётни мазмунли ўтказиш учун бирдан-бир машғулот бўлгандир. Аммо ижод қилиш қўлидан келмайдиган минглаб-миллионлаб одамлар ҳаётдан қўлини ювиб, қўлтиғига уриши керакми? Ўлимни ихтиёр этиши зарурми? Бу албатта, исёнкор ва ўжар Камю табиатига мос келмасди. Унинг қаҳрамонлари ҳам ўзи сингари бу тутуриқсиз, маънисиз ҳаётда мавжудлигини исботлашга уринадилар. Балки Сизиф Камюга шу боисдан ҳам ёқиб қолгандир?

Аслида инсон бу ёруғ дунёга ўз ҳаётидан маъно излаш, унга мазмун бағишлаш учун келади. Оллоҳнинг иродаси ҳам шундай, оламдаги ҳамма нарса инсон учун, унинг бахт-саодати учун яратилган. Демак, ундан воз кечиш бемаъниликдир. Дарвоқе, Камю ўз Сизифининг она-ерга бўлган муҳаббатини, яшашга бўлган иштиёқини ҳам алоҳида қайд этади. Зеро, абсурд қаҳрамон бу маънисиз турмушда умид билан яшар экан, иложи борича, ердаги нарсаларга меҳр қўйиши керак. Шу жиҳатдан Камю ўзининг «қадрдон тоши» томон ҳорғин, лекин шахдам қадамлар билан энаётган абсурд қаҳрамонининг дастлабки пайтдаги ғам-андуҳли қиёфаси ерга яқинлашгани сари ўзгариб бораётганига эътиборни тортади. Сизиф қоядан қайтар экан, ер бағрига яқинлашган сайин вужудида кучли меҳр, адоқсиз муҳаббат, бахтиёрлик, осойишталик туйғулари пайдо бўла бошлайди. Бироқ бу алдамчи туйғулардир, уларни ҳис қилгани сари юрагидаги ғам катталашиб, уни эза бошлайди. Чунки у бу нарсалардан энди лаззатлана олмайди. Уни тош кутиб турибди, ўз иши билан машғул бўлиши шарт. Сизиф пешонасига ёзилганидан қочиб қутула олмайди. Реал ҳаётдаги инсон ҳам ана шу қисматга маҳкумдир.

Камюнинг ёзишича, бахт билан абсурд шу она ернинг эгизак фарзандларидир, уларни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Бунинг маъноси шундаки, дунёга келган инсон бу маънисиз ҳаётда ўзига сабр-тоқат, таскин излайди (бу – бахт), аммо уни тополмай умри ўтади (бу – абсурд).

Йўлдош Солижонов, филология фанлари доктори

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 1-сон.