Иқбол Мирзо. Улуғим

http://n.ziyouz.com/images/muhammad-yusuf.jpg

Муҳаммад ака ўз шеър­ларига қуйиб қўйгандек ўх­шарди: содда, рост, самимий… Айтганча, самимий де­гани нимани англатади, би­родари азиз? Кўп ишлатилганидан деҳқоннинг кетмонидек ялтиллаб кетган бу сўзнинг қиёфаси қанақа? “Унинг шеърларидан самимият балқиб туради”, деб ёзишади олимларимиз. Ҳеч тасаввур қилолмайман-да. Ёки бу юракдан чиққан, дўс­то­на айтилган гап деганимикин?

Каминанинг ожиз фикрича, истеъдод қир­ра­ларидан бири – самимият. Бу таъриф остида мардоналик, тўғ­ри­лик, тил ва дил билиш, инсон қалбини теран ҳис қилиш, ҳолатга кира олиш… лар бор.

Муҳаммад аканинг даст­­лабки шеърларини ўқи­га­ним­да қизғалдоқзор адирда почалари шимарилган ўс­­пи­рин қуёшга қараб шошмасдан кетаётгандек туюларди. Яна унинг шеърларидан эндигина қўшқулоқ бўл­ган ялпизнинг ҳидларини туярдим. Хуллас, ғирт ўз­бекча манзара, кайфият эди бу. Тўғри, ҳаммамиз ўз­бекча ёзамиз, лекин ҳамма ҳам ўзбекона ёзолмас экан.

Муҳаббат, эй гўзал изтироб,
Қоматимни букиб қўйдинг-ку.
Кўкрагимга қўлингни тираб,
Юрагимни тўкиб қўйдинг-ку…

“Юрагим адо бўлди”, “вайрон бўлди”, “яра бўл­ди”, ҳатто, “харж бўлди” каби китобий жумлалар кўп. Муҳаммад ака эса росмана халқона қилиб айтади. Юраккинанг тўкилиб кетади.

Ёшликдан жуда шеърсевар эдик. Яхши шеърлар ўз-ўзидан ёд бўлиб қоларди. Бир-биримизга айтиб чарчамасдик. Мусобақалашардик ҳам. Севимли шоирининг суратларини альбом қиладиганлар ҳам кўп эди. Қизиқ, газет-журналда чиққан расмига қараб одамнинг яхши-ёмонлигини сезса бўлади. Сизга ҳам шундай кўринадими? Муҳаммад Юсуф­нинг “Ёшлик”даги катта сурати деяр­ли ҳамма талабаларнинг ётоқхонасида осиғлиқ турарди. Ўша ним табассум, кўз алланечук ёшинқираган. Очиғи, баъзи қизлардан ўша расмларни рашк қилардик. Биз ҳам шоирликка ўзимизча номзод эдик-да.

1988 йил. Биз филология факультетининг иккинчи курс талабасимиз. Замон олағовур, рост-ёлғон аралаш, қизил империя тагига сув кета бошлаган давр­ларни яхши эсласангиз керак. Ижтимоий дард деганда, албатта, унга малҳамдек бўлиб Муҳаммад аканинг шеърлари ёдингизга тушар. “Бободеҳқон”, “Ўзбек иши”, “Нега йиғламайсан”, “Уруш бўлмасин”, “Пахта”, “Биринчи синф болалари”, “Сўроқ”… ҳар бири жамоатчилик томонидан катта воқеа сифатида қабул қилиниб, қизғин муҳокама-мунозараларга сабаб бўлганди. Ўша йили ёз бошида Фарғонадаги Марказий стадионда катта концерт ташкил қилинди. Сизга ёлғон, менга чин, футбол томошасигаям бунча мухлис тушмайди: ўтиргани жой йўқ, тумонат одам. Сабаби бор-да, кимсан Таваккал Қодиров бошчилигида буёғи Охунжон Мадалиев торини созлаб турган бўлса, буёғда эса Анвар Обиджону Муҳаммад Юсуфлар чиқиши кутилаётган бўлса… Концерт ўз йўлига, Анвар аканинг олтиариқча ҳазилга йўғрилган шеърлари томошабинларни бир қийқиратиб олди. Устоздан сўнг навбат “ёшларнинг севимли шоири Муҳаммад Юсуфга” берилди. Муҳаммад ака, ўзига хос сал қийрихонроқ одим отиб, минбарга кўтарилди. Стадион сув қуйгандек жим. Халқ ўз дардкаш шоиридан ҳар доимгидек кутилмаган бир шеър кутяпти. Шоир бироз бўғиқ, узуқ овозда “Дўппи” шеърини ўқий бошлади. Мен атрофга қарайман: минглаб мухлис нафас ютиб, саратонда чўллаган йўлчидек ютоқиб тинг­лаяпти. Ниҳоят шеър якунида фикр портлади: “Бошга лойиқ дўппи йўқми ё, Бош қолмади дўппига лойиқ!” Стадион ларзага тушди. Одамлар жон-жаҳди билан қарсак урарди, ёшларнинг олқишлаб қийқиришидан қулоқлар батанг бўлди. Ёнимда ўтирган Абдулла дўстим қўли билан ишора қилиб бир нарсалар деди. Қарасам, бир киши майдонни кўндаланг кесиб шоирга қараб шитоб боряпти. Минбарга енгил кўтарилдию қўйнидан яп-янги Марғилон дўппини олиб, совринни кўз-кўз қилаётгандек боши узра кўтариб намойиш этди-да, меҳр билан, эҳтиром билан шоирнинг бошига кийгазди. Яна қарсак, яна олқиш. Бу ўзига хос сов­ринда ўзбекона тимсол бор эди назаримда.

Ўша куни оқшом Водилга – Турсунали полвонникига зиёфатга жўнадик. Муҳаммад акалар алоҳида енгил машинада, биз полвоннинг томоша машинасида. Полвон акани биласиз, яхши шеърнинг, ҳақиқий шоирнинг қули. Эҳ-ҳе, бу дарёдил инсон туфайли қанчадан-қанча ижодкорлар бир-бирини таниган, топган, кўнгли ўсган. Аканинг саховати ҳам ўшанча бор. Шу кеча ҳақиқий назм ва наво кечаси бўлди. Асосий қаҳрамон, албатта, Муҳаммад Юсуф. Табиийки, даврадагилар шоирдан янги шеър сўрашди. Муҳаммад ака шошмасдан чўнтагидан тўрт букланган қоғозни олди-да, “тандирдан янги узилган, ҳали ўзим ҳам ёд олганим йўқ, сизлар биринчи эшитувчисизлар. Турсунали полвон ўқишга миллий кийимда борса, ректор бу Маданият институти бўлса, тўн кийиб юриш мумкин эмас, деганмиш”, деди-да машҳур “Тўн”ини ўқий бошлади.

Ўзбекнинг тўнини енглари узун,
Ўзбекнинг жўнини енглари узун.
Енги узун кўйлак кийманглар сизлар,
Маданият даргоҳида ўқисангизлар…

Хизмат қилиб юрган мезбон болакай ҳам шеърга маҳлиё бўлиб қўлида чойнак билан эшикка суянганча қотиб турарди. Шеър ниҳоятда равон, қуйма, табиий, худди Водилсойнинг кумуш сувидек роҳатижон эди. Бир пасдан кейин Полвон ака мени таърифлаб даврага таништирди ва Муҳаммад акадан изн сўраб, каминага навбат берди. Ёшлик экан-да, хотира тиниқ, қон қайноқ, қойил қолдириш, таассурот уйғотиш истаги жўш урган… Шоир менга ёнидан жой бериб, “ана энди ўқи”, деб буюрди. Полвон ака давранинг у ёқ-бу ёғида гаплашаётганларни “тшш” деб кўрсаткич бармоғи билан ёлғондакам пўписа қилиб тинчитишга киришди. Шеър айта бошладим. Гап-сўз аста-секин тинчиб, даврадагилар таажжубланиб бир-бирига қараб, қош кўтариб имо-ишорага тушди. Мен ҳозиргина Муҳаммад ака ўқиган “тандирдан янги узилган” шеърни тутилмасдан, бамайлихотир ёддан айтиб бермоқда эдим. Шеър тугади. Шоир менга бироз ажабланиб, ҳам иккиланиб қаради. Кейин гап нимадалигини тушуниб, “Қойил! Икковимиз битта шеър­ни ёзиб қўйибмиз-а”, деб ҳазиллашди-да, сочимдан ғижимлаб, пешонамга пешонасини дўстона уриб қўйди. Шоирнинг илтифотидан даврага янада файз киргандай бўлди…

* * *

“Мен жумла жаҳонни севаман, бутун инсониятга жоним садаға”, деб айтиш осон. “Бутун дунё оналарига гулдан ҳайкал қўяман”, деб ҳаммаям айтолади. Лекин биттагина одамни яхши кўриш, қадрлаш, унга яхшилик қилиш анча мушкул иш. Ён қўшнисига керак пайтда ёрдам беролмаган одам жаҳонга нима қилиб берарди дейсиз. Буюк Навоий бежиз “Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай…” деб ёзмаган.

1994 йили Набижон Боқий раҳбарлигида Шо­ҳимардонга борадиган бўлдик. Набижон ака “Муҳаммад бир зиёрат қилиб келайлик деяпти, йиғиштиринг майда-чуйда ишларни, кетдик”, деди. Хўп, дедик. Кўнмай кўринг-чи! Набижон Боқийни биласизу… Эртаси оқшом Андижон поездига Мусулмон Намоз, Салим Ашур, Муҳаммад Шариф… чиқдик. Азонгача уйқу тугул, ёнбошлаб ётиш ҳам бўлмади. Муҳаммад Юсуфнинг суҳбати, мушоира, улфатчилик (айтганча, у даврларда Набижон ака ажабтовур ичарди). Тонгда Бағдод тумани марказидаги Фурқат станциясида бизни шахсан Абдуқаҳҳор Абдусаматов кутиб олди. Муҳаммад аканинг оёғига қўй сўйилди, мезбонликнинг расм-русумлари бажарилди. Ҳозир “Тоҳир-Бағдод” ижод уйи жойлашган толзорда юзлаб одам йиғилган, байрамона шукуҳ ҳукмрон эди. Ростдан ҳам Муҳаммад Юсуфдек шоир билан юзма-юз учрашиш, шеърларини ўзидан эшитиш қадрини билган одамга тўйдай гап эмасми? Ахир халқнинг ўз шоири оила аъзосидек қадрдон бўлиб қолади, асарларини ҳар бир одам мен учун ёзилган, менинг ичимдагини ёзган, деб ўйлайди. Салим Ашур иккимиз ҳам шеър ўқидик, олачалпоқ қарсак бўлди. Муҳаммад ака кўнглимизни кўтариб, халқдан дуо олиб берди. Сўнг Бағдоддан Шоҳимардонга йўлга чиқдик, ҳоким бува бекаму кўст кузатди. Кўли Қуббон, Ёрдан азиз каби қутлуғ манзилларда уч кун истироҳат қилдик. “Ёз фасли, ёр васли, дўстлар суҳбати” бир умрга эсдалик бўлди. Гаплашилмаган мавзу, тегилмаган масала қолмади. Бироқ ғийбатлашмадик. Қайси шахс ҳақида мундайроқ гап қўзғолса, Муҳаммад ака оғизга урарди: “Ҳеч бўлмаса, Шоҳимардондан уялинглар. Ўша одамнинг ўрнига ўзингизни қўйиб кўринг-чи! Уларга ҳам осон эмас…” Мен аканинг бағрикенглиги, олижаноблигига яна бир бор беш кетдим.

Шоҳимардон марказидаги томоша майдонида иттифоқо устоз Йўлдош Сулаймонни учратиб қолдик. У киши уч-тўрт марғилонлик ижодкорлар билан дам олишга чиққан экан. Узоқдан тўлиб-тошиб, қувончдан чарақлаб, қучоғини очганча Муҳаммад акага пешвоз юрди. Шоирни азамат қучоғига оларкан, тинмай “Улуғим, улуғим-а”, дерди. Йўлдош ака тушлик чоғи чўнғара гуручига ош дамлатиб, бизни сийлади. Муҳаммад Юсуф аҳён-аҳён адибга жавобан аския қилмоқчи бўлар, ўхшаса-ўхшамаса, Йўлдош ака тиззасига шаппатлаб, осмонга қараб, силкиниб куларди…

Қайтишда яна Бағдодда қўноқ бўлдик. Устоз ма­ҳаллий полвонларни суриштирди: “Тўра полвон бў­ларди, тирикми? Рустам полвон вахли кетибди-да, аттанг… Ёш полвонлар ҳам борми?” Кейин Марҳаматда сайлларда кураш бўлишини, Қозоғистону Татаристондан полвонлар келиб белолиш курашида қатнашган пайтларни эслади. “Аммо ҳаммасидан бағдодликлар зўр чиқарди, Ҳожимуқониниям чалпак қиларди Рустам полвон”, деди.

Меҳмонларга харидор кўп, айниқса, шоирга “бир пиёла чой” таклиф қилганлар сон-саноқсиз. Мен қишлоғимга ўтиб, уйдагилар билан хайрлашиб келадиган, кейин Тошкентга қайтадиган бўлдик. Бирдан Муҳаммад ака, “мен ҳам сен билан қишлоғингга бораман”, деб машинага чиқволди. Ҳолатимни тушуниб турибсиз, менга ноқулай, шундай шоирни ҳеч бир тайёргарликсиз ҳовлига олиб бораманми? Гап эшитишим аниқ. Айниқса, Илёс акамдан: “Бир оғиз хабар бериб қўймайсанми, қўй-пўй ёнбошлатиб кутиб олмаймизми? Ҳа, бола ёш!” деган даккини эшитишим тайин. Йўл-йўлакай устоз оилавий шароитни суриштирди. Мен шунчаки гап орасида дадам “Тошкентда одам бўлишингизга кўзим етмайроқ турибди, ундан кўра туманимиз газетасида ишлаганингиз маъқул, Абдуқаҳҳор ўзимизники”, деганини, ўзим ҳам иккиланиб турганимни айтдим. Муҳаммад ака муносабат билдирмади.

Ҳозиргидек эсимда, сўрида ўтирибмиз. Тепамизда ранг ола бошлаган узумлар август шабадасида сокин чайқалади. Акага ҳовлимиз маъқул тушди. “Кенг, саришта экан, ўзбекнинг ҳақиқий ҳовлиси шу-да”, деди тандирга ишора қилиб. Дадам ишда экан, аям дарров чой дамлаб келди. Муҳаммад ака кутилмаганда аямга юзланиб: «Ая, мен қанақа шоирман», деб сўраб қолди. Аям: “Вой Муҳаммаджон, сиз энг зўр шоирсиз-да, буни ҳамма билади-ю”, деди чой қайтариб. Шунда устоз бошқача бир овози товланиб, “аяжон, ўғлингиз мендан ўн марта зўр шоир, ҳали кўрасиз, мени айтди дейсиз, фақат буни жойи Тошкентда, менинг ёнимда”, деди. Аям кўзларига ёш олди. Мен билиб турибман, бу гаплар онанинг кўнгли учун, менинг келажагим учун бўрттириб айтилганди. Муҳаммад аканинг шуҳратига яқинлашишга мендақаларга йўл бўлсин. Устоз одамни, айниқса, онани мана шундай қадрлар эди.

* * *

Муҳаммад ака турмушнинг майда икир-чикирларига берилмади, ўткинчи туйғуларга ўралашиб қолмади. Куйлаганда бор овози билан, рўй-рост, баланд пардаларда куйлади. Ҳаётини, ижодини буюк мақсадларга бағишлади. У ўз халқини, тупроғини, Ўзбекистонини беғараз яхши кўрарди. Ишончим комилки, агар керак бўлса, Ватан учун ҳеч иккиланмай жонидан кечишга тайёр эди. “Ўзбекистон менинг онам, кимки унга қўл кўтарса, қўлларини уриб синдираман”, деганда ҳақиқий фарзанднинг, ориятли йигитнинг иқрорини, яъни ўзининг чин сўзини айтганди.

Аканинг Ватан ҳақидаги қўшиқлари минглаб ёшларни тарбиялади, тўғри йўлга солди. “Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон!” деб ҳайқирганда юракларга ларза тушди, Ватан қадрини, озодлик бахтини англатди. “Иддаолар қилмай” халқини севган, Истиқлол куйчисига айланган шоир ўз навбатида Юртбошидан, юртидан меҳр кўрди, ардоқланди. “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” рисоласида халққа, Ватанга “Муҳаммад Юсуфдек шоирлар зарур”лиги алоҳида таъкидлангани шоир ижоди ва шахсиятининг моҳиятини яққол кўрсатган. Ижодкорга қўйилган мезондан келиб чиқиб қарайдиган бўлсак: “Эй одамзод, кўзингни оч, сен нима учун яшаяпсан, инсон деган юксак номга муносиб бўлиш учун нима қиляпсан?” деган саволларни китобхон олдида, жамият олдида қатъий қилиб қўя олди. Чунки бундай саволни қўйишга унинг маънавий ҳуқуқи бор эди. Муҳаммад Юсуф катта билим ва ҳаётий тажрибага, кенг дунёқараш, юксак ижодий маҳоратга эга, шу билан бирга, кучли ирода ҳамда фидоий юрак соҳиби эди. Айни сифатлари билан Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф бизга унутилмас сабоқлар бериб кетди.

“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 2-сон