Критлик Эпименид (м.а. VI аср)

Афсонавий юнон донишманди Эпименид Крит оролида туғилган. У донишманд Солон билан яқин дўст бўлган. Солонга қонунларни тузишда кўмаклашган. м.а. 596 йилда Эпименид Афина шаҳрини вабо эпидемиясидан сақлаб қолган. Манбаларда ёзилишича, файласуф 300 йилдан ортиқ умр кўрган.

* * *

Эпимениднинг ёлғон сўзлаган критлик ҳақидаги мантиқий зиддияти неча асрлардан буён донишмандлар учун ечиб бўлмас муаммолигича қолаётир. Бу зидламанинг мазмуни шундай: «Бир критлик сўзлай туриб: «Мен алдаяпман», дейди ёки: «Ҳозир мен айтадиган сўзлар ёлғон», дейиши мумкин. Ё бўлмаса бундай дейди: «Айтган сўзларимнинг бари ёлғон». Агар сўзловчи чинданам ёлғон гапирган бўлса, унинг иқрори — ҳақиқат. Аксинча, сўзловчининг айтганлари чин бўлса-ю, «ёлғон гапирдим», деса, у ростдан ҳам ёлғон гапирган. Шундай қилиб, агар сўзловчининг иқрори рост бўлса, у ёлғон гапираётган бўлади, аксинча, унинг иқрори ёлғон бўлса, гаплари ростдир.

Ушбу мантиқий зиддиятнинг кашф этилиши кўплаб файласуфларни боши берк кўчага киритиб қўйди. Файласуф Христипп (м.а. 281-208-йиллар) ана шу зидламага бағишланган учта китоб ёзди. Косслик Филет исмли донишманд эса бош қотира-қотира, зиддиятни ечолмагач, алам устида ўз жонига қасд қилди.

Тарихий манбаларда қайд этилишича, таниқли юнон олими, мантиқ илмининг билимдони Диодор Кронос (м.а. 307 йилда вафот этган) ҳаётининг сўнгги йилларида ушбу зидламани ечишга бел боғлаган. У ечимни топмагунча овқат емасликка онт ичган ва охир-оқибат бандаликни бажо келтирган.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!