Дигор мақоллари (75 та)

• Бўрига яхшилик қилсанг, сени ғажиб ташлайди.
• Катта бўлак томоққа тиқилади.
• Столга ортиқча овқат қўйганинг билан унинг оёқлари толиб қолмайди.
• Отангни урган таёғинг кун келиб ўғлингга керак бўлиб қолади.
• Ўнг кўз чап кўзни ёқтирмади, натижада ораларидан бурун ўсиб чиқди.
• Қиз бола кўйлакдан яралган.
• Асални ҳам ўлчов билан ейдилар.
• Бир каллали икки каллалидан афзал.
• Қопағон ит тишларини кўрсатмайди.
• Жавоб беришга эмас, тинглашга шошил.
• Буқа бўлса, подачи топилади.
• Дарё ҳам қурийди.
• Урушқоқ буқа доим шохини ўткирлайди.
• Ҳаммага ўз феъли чиройли.
• Буғу ўз боласидан қочади.
• Олхўридан нок ўсмайди.
• Нотиқ ― отда, гапга нўноқ ― пиёда.
• Гўштни қўриқлашни бўрига топширишди.
• Айиқ ва овчининг ниятлари ҳар хил.
• Бегона чўпонга тушиб қолган қўйни сўйилган деб ҳисоблайвер.
• Тийинсиз сўм бўлмайди.
• Катта тегирмон кичик сув билан айланмайди.
• Катта бахт катта бахтсизликларни ҳам келтиради.
• Бир қабрга икки ўликни кўммайдилар.
• Бўри отга ўртоқ эмас.
• Ташқи кўринишига қараб кутиб олиб, ақлига кўра хайрлашадилар.
• Бош оёқдан юқори.
• Сен чиқаётган тоғ бошқаларидан баланд кўринади.
• Битта олма дарахтидаги олмаларнинг ҳаммаси ҳам ширин бўлавермайди.
• Очкўзга базм ҳам, аза ҳам баробар.
• Бир кишига қарши икки киши ― қўшин.
• Катталар тарбияли бўлса, кичиклар ҳам тарбияли бўлади.
• Уйнинг асоси қийшиқ бўлса, уй ҳам қийшиқ бўлади.
• Тойчоқ от бўлади, йигит ― эркак.
• Итлар ҳам ҳар хил тишлайди.
• Қўшиқдан сўзни юлиб ололмайсан.
• Минг сўмдан бир тийинини ишлатсанг, энди у минг сўм эмас.
• Катта юлдуз ёрқинлашганда кичиклари умуман кўринмай қолади.
• Қалб кўр бўлса кўз ҳам кўрмайди.
• Одамнинг иши юришмаса, сомондан ҳам қоқинади.
• Бировга яхшилик қилсанг, у сенга тош отмайди.
• Эгри ходани дарё қирғоққа чиқариб ташлайди, тўғрисини оқизиб кетади.
• Тулкининг мўйнаси унинг гўштидан афзал.
• Кичкина болта катта дарахтларни йиқитади.
• Яхши қўшни яхши қариндош кабидир.
• Эркак ҳар ерда эркак.
• Бировнинг отига ўтириш осон.
• Ёмонлик қилмасанг ёмонлик ҳам кўрмайсан.
• Кийим инсонни яратмайди.
• Санъатнинг чегараси йўқ.
• Келин келинни ёмон кўради, қайнисингил икковини.
• “Йўқ” ва “ҳа” ― биродар.
• Пичоқ молни сўйиб бўлиб, думига келганда синди.
• Оловга ўзини ёндирадими, бошқаними, фарқи йўқ.
• Битта тирик юзта ўликдан афзал.
• Ёлғиз одам тошда ҳам яшай олади.
• Бир ўқ билан икки қуённи уролмайсан.
• Битта дарахт билан йўл атрофи чиройли бўлиб қолмайди.
• Кўл ўз жойида гўзал.
• Подадаги қўйни қулоғидан биладилар.
• Кимдан туғилсанг унга ўхшайсан.
• Эчкидан эчки туғилади.
• Ёмғирли кундан сўнг қуёшли кун келади.
• Арпа ҳеч қачон буғдой бўлолмайди.
• Жилға дарёни тўлдиради, дарё ― денгизни.
• Турганга ва ўтирганга шараф бир хил эмас.
• Одамнинг нечта боласи бўлса, уларга шунча ном беради.
• Битта қўйи борнинг ҳам, юзта қўйи борнинг ҳам дарди битта.
• Қари буқанинг шохи қаттиқ.
• Яхши сакрайдиган от пойгада билинади.
• Яхши одам узоқ яшамайди.
• Яхши одам ўлмайди.
• Бошида яхши бўлган охирида яхши бўлгандан афзал.
• Қалбни хушнуд этиш учун катта совғанинг ҳам, кичигининг ҳам фарқи йўқ.
• Бировнинг ўлиги ухлаётганга ўхшайди.

Давронбек Тожиалиев таржима қилди.

Дигорлар ― Шимолий Кавказ халқи. Осетияда яшайдилар. Осетин этник гуруҳи таркибига киради. Осетин тилининг дигор лаҳжаси осетин тили каби ҳинд-европа тиллари оиласининг эрон гуруҳига киради.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!