Ёлғоннинг туғилиши

 

 

“Энг ибратли ҳаётий ҳикоялар” танловига

Саккизинчи синф эдим. Ўша йиллар мактабимиз тўлиқ таъмирдан чиқиб, замонавий кўринишга келди. Биз уч ой давомида кўча чангитиб юрганимизда мактабда усталар меҳнат қилишди.

Ёзнинг сўнгги ойи маҳаллада ёмон хабар тарқалди: “мактаб қурилишида ишлаётган ишчилардан бири нарвондан (ҳавоза) йиқилиб тушиб ўлибди, уни ёнида турган шериги итариб юборибди”. То ўқув йили бошланиб, мактаб ўқувчилар билан  тўлгунча  бу воқеанинг  янгидан-янги тафсилотлари очила бошлади. Ўликнинг таниб бўлмас алфозга келган юзи, ҳатто узилиб тушган боши ҳақида ҳам гапиришди.

Баъзилар “Қурилишда унча-мунча “строй материал” йўқолиб турар экан.  Йиқилган ва уни йиқитган ишчи ана шу ишларнинг бошида тураркан. Охири улар ўртасида жанжал чиқибди-ю, бири иккинчисидан шундай қутилибди” деса, бошқалар “Аслида улар анчадан бери қидирувда бўлган хавфли жиноятчилар экан”, дейишди. Бунга ҳодисанинг эртасига ўша атрофда милиция “наряди”, исковуч итлари билан келганини “ҳужжат” қилишди.

Ўша  ўқув йилининг аввалида ўқувчилар томонидан энг кўп муҳокама қилинган мавзу шу бўлди. Маҳалланинг катталари орасида тарқалиб, ўзига хос фильм воқеаларига ўхшаб улгурган ҳодиса энди ёш болаларнинг тилларида ҳам янги қирралар ва янги кўринишлар билан бойиб борди. Бир ҳафта ўтмай  мудҳиш воқеа тарих синф хонасига дераза ромларни ўрнатилаётганда содир бўлган деган аниқлаштиришлар пайдо бўлди. Энди аксар ўқувчилар бу хонага кирганда қўрқиб ўтирадиган бўлди.  

Бу ҳол албатта ўқитувчиларга ҳам аён эди.  Тарих дарсларидан бирида устозимиз синф журналини очиб бирин кетин исм-фамилия санай кетди. Бу санаш одатдаги давомаддан фарқ қилар эди. Пала-партиш, журналнинг у ер, бу еридан исмлар айтилди.

— Ҳозир, кимнинг номини айтган бўлсам ўрнидан турсин, — деди устозимиз журнални ёпар экан.

Айтилганлар туришди. 10-12 бола. Аҳамият берсам, турганларнинг синфдаги жойлашуви бир парта оралаб бўлиб,  улардан устозга энг яқин тургани Нозима эди.

— Ҳозир сизлар билан бир тажриба ўтказамиз — деди устозимиз ва оқ қоғозга нималарнидир ёзди, — Нозима, яқинроқ кел. –  Устоз у келгач столи устидаги ҳозиргина нималарнидир ёзган қоғозни олиб унга тутқазди. – Буни ичингда ўқи ва жойига қайтариб қўй. – Табиатан жуда содда бўлган Нозима, аниқ нима бўлаётганини билмаса-да, унга  қандайдир қизиқ ўйиндай туюлдими, ҳар ҳолда юзида кулги сезилиб турарди.

— Ўқиб бўлган бўлсанг, энди бориб ўзингдан кейин турган Шерзоднинг қулоғига, фақат ўзи эшитадиган даражада паст овозда нима ҳақида ўқиганинг гапириб бер, — Бу сўзлардан сўнг бутун синфда  паст кулги эшитилди. Ҳамма нима бўлишига қизиқиб қолганди. Мана Шерзод  ҳам ўша қоғозда нима ёзилганини Нозимадан билиб олди.

— Энди, сен – Шерзод, эшитганингни ортингдаги синфдошинга етказ шу тартибда кет-кетликда барча турган ўқувчилар бир-бирларига эшитганларини етказишсин, охирги ўқувчи эса нима эшитгани овозини чиқариб бутун синфга айтади, — очиғи ичим қизиб, турганлар сафида бўлгим келди. Қизиқ, нима гап экан-а бу?

Уч-тўрт дақиқага қолмай ўзига хос эстафета тугади. Ҳозирча кўпчиликдан махфий қолаётган сўзларни ҳаммага Рустам деган синфдошим эълон қиладиган бўлди. Рустам синф тугул мактабда номи чиққан безори эди. У бироз тиржайиб турди-да:

— Шаҳноз билан Олим бугун мактабга келишмади. Кеча ҳам келишмаганди. Кеча улани Панарамада ушаволишибди – дарс вақтида. Эртага эса иккаласини иши “линейка”да кўриларкан. – деди, У  бу сўзларни айтар экан юзидаги ифода ўзгармаганди.

Синф бор овозда кулгига тўлди. Кимдир “ўўў, даҳшат-ку”, деса, кимдир “йўғ-е унақамасдир” деб қўйди. Устоз эса атайин жим турар бизнинг овозимиз пасайиши кутарди. 

— Тинчланинг! — деди-ю, тўсатдан нигоҳини менга қаратиб, — Орифжон, доскага — деди.

Мен доскага чиқдим. Наргиза опа қўлимга ўша энг аввалида Нозима ўқиган қоғозни тутқазди.

— Овозингни баланд қилиб ўқи. Икки маротаба ўқи.

Мен ўқидим:

—  Бугун дарсда йўқлар – Абдуллаева Шаҳноза ва Хўжаев Олимжон, — кўзимни устозимга қаратдим, у менга яна ўқи-ўқи дем имларди. — Бугун дарсда йўқлар – Абдуллаева Шаҳноза ва Хўжаев Олимжон.

Ҳа, қоғозда бошқа гап йўқ эди.

— Энди жойинга ўтир – деди бирор муҳим гапни гапирмоқчи бўлганда доим туриб оладиган жойи – ўзига яқин ойна олди бориб давом этди. – Қурилишда, бахтсиз воқка бўлгани рост. Аммо, ўша йиқилган уста тўртинчи эмас, иккинчи қаватдан йиқилди ва унга ҳеч қандай жисмоний зарар етмади. Ҳозир у соппа-соғ, сизлар учун қурилаётган футбол майдонида ишлашда давом этмоқда. – у бу гапларни дераза ойналари орқали кўчага тикилганича гапирди. Сўнг синфга юзланиб, — Сизлар ҳали ёшсизлар, кўп нарсани жиддий қабул қилмаслигингиз табиий. Балки, шундан бугун икки оғиз давомад битигини, ўз синфдошларингиз устидан қаттиқ туҳматга айлантирдингиз. Бироқ, оз қолди. Катта бўласизлар жамиятда ўз ўрнингизни топасизлар. Ана ўшанда ҳар бир эшитган гапингизни кўтариб юрманг. Жамият носоғлом бўлар экан, бу жамият ичида тарқаган хабарлар ҳам шунга яраша бирор даражада хаста бўлади. Қайтараман, зинҳор ва зинҳор эшитган гапингизни кўтариб юрманг, билиб-билмай уни бировга етказманг.   

Мен бу гапларни илк эшитганимдан ҳам кўра, ҳозир эсласам кўпроқ таъсирланаман. Ким билсин муаллимим ҳам айнан ақл кўзларимиз очиладиган вақтларда тушуниб етишимизни мўлжал қилгандир. Тафаккур қилсам, замонамизда ахборот асри деб бонг урамиз-у, негадир шу ахборотнинг нақадар тўғри ёки нотўғри эканига эътибор бермаймиз. Қайси оммавий ахборот воситадан эшитган нарсамиз қулоққа ёқса, ўзимизга шуни манба, далил ва ҳужжат қилиб оламиз. Хабар ёки вақеаларни бизда бор бўлган энг ишончли мезонларда ўлчашни эса хаёлимизга ҳам келтирмаймиз.

Яқиндагина поёнига етиб мени армон ва умидлар ила қолдирган Рамазон кечалари, пойтахтимиздаги сакинатга бурканган масжидлардан бирида имом домла Ҳужурот сурасидаги оятларни ўқиб тадаббур қилишга чақирди:

Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар.

Мен бу оятларни эшитар эканман ожиз ақлим билан яна бир бор тарих устозимнинг дарсини эсладим.

Орифжон Толипов


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!