Ўз соқоли билан машғул бўлган обид ҳикояти

Мусо замонида бир обид бўлиб, кеча-кундуз ибодат қилар экан. Аммо кўнглида бир илоҳий завқу шавқ қўзғолмас, қалбида заррача нур йўқ эди. Унинг чиройли соқоли бўлиб, ҳар замон соқолини тараб турар, шундан роҳатланарди. Бир кун у Мусони узоқдан кўриб қолди ва унинг олдига бориб деди:
— Эй, Тур тоғида Ҳақ билан сўзлашган зот, мен учун ҳам Ҳақдан сўраб бил: нега шунча ибодат қилсам-да, кўнглимда завқу ҳол йўқ?
Алқисса, Мусо Калимуллоҳ яна Тур тоғига борди ва обиднинг саволини етказди. Ҳақ деди:
— У ўз соқоли билан машғул бўлгани учун Бизнинг васлимиздан бенасиб бўлиб қолди.
Мусо Тур тоғидан қайтиб келиб, обидга бу сўзни айтди. Обид соқолини юлиб йиғлай бошлади. Шунда Жаброил Мусо ҳузурига келиб, деди:
— Обид ҳали ҳам соқол билан машғулдир. Соқолини безаганда ҳам ташвиш ичра эди, соқолини юлаётганда ҳам бенасиб қолди.
Ҳақ ёдисиз бир нафас олмоқ ҳам хатодир, эгрилик ичида Ундан узоқлашсанг ҳам, тўғриликда бўлсанг ҳам У билан бўлгин. Эй ўз соқолидан ташқарига чиқолмаган, соқол билан овора бўлган, дунё ташвишлари дарёсига ғарқсан, аввал соқол ғамидан қутулгин, сўнгра ишинг ўнгидан келади. Шунда сен соқолинг билан бу ишқ дарёсига ғарқ бўласан ва соқолни-да унутасан.

Фаридуддин Атторнинг «Мантиқут-тайр»идан.