Сен ҳам шишаларни ағдардингми?

Аттор дўконида жуда яхши кўрган бир тўтини боқар эди. Чиройли тўти атиргул ёғи билан тўла дўкон бурчагида, келган кетган харидорларга чиройли гапириб, уларни хушнуд қилар эди.
Бир куни аттор тўтини дўконда қолдириб уйига кетди. Шу орада сичқонни қувлаган бир мушук дўконга кирди. Тўти мушук мени ушлаб олиш учун дўконга кирди, деб ўйлаб, жон ҳолатда жойидан учди ва токчага ҳатлади. Шунда атиргул ёғи солинган шишаларни ҳам ағдарди. Қўрқиб иккинчи ердан учинчи жовонга учиб қўнди. Барча шишалар майда-майда бўлди. Дўкон; атир ҳидига тўлди.
Аттор келиб қараса, ҳаммаёқ остин-устун… Барча шишалар синган, атирлари ерга тўкилиб ётибди. Бечора тўти эса, бир бурчакда қўрқувдан дир-дир титрар эди… Аттор буни кўргач, жаҳли чиқди. Бу ишни тўтидан бошқа ким ҳам қилиши мумкин деб ўйлаб, бечорани ушлаб, ура бошлади… Тўти калтакланди. Жуда қўрқиб қолди. Қайғудан тили айланмай, патлари тўкила бошлади.
Атторнинг жаҳли ўтиб кетди… Севимли тўтисининг тили айланмай қолганини, патларининг тўкилганини кўргач, ўзидан пушаймон бўлди, табибларга мурожаат қилди, турли дорилар берди, бироқ фойдаси бўлмади. Бечора тўти ҳам тилсиз, ҳам кал. Тузаладиганга ўхшамайди, тўти ўз ҳолига ташлаб қўйилди.
Орадан ойлар ўтди. Бир кун дўконнинг ёнидан боши сип силлиқ, сочлари тўкилган одам ўтди. Тўти бу одамни кўргач, ўз ўзига: «Бу ҳам биздан», деб ўйлаб, бир силкинди ва сочсиз бошини қаноти орасидан чиқариб тилга кирди:
— Дўстим, бошинг нега кал? Ёки сен ҳам мен каби атир шишаларини ағдардингми?» деб овоз берди.

Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”сидан