Пашша ва бургадан қийналган девона ҳикояти

Бир вайрона бурчагида бечора ва ғариб бир девона ётарди. Бир номдор шайх унинг ёнига борди.
Шайх деди:
— Сенинг сиймонгда бир улуғлик кўриб турибман. Бу улуғлигинг баробарида ўзингга яраша суҳбатдошларинг — жамиятинг ҳам борми? Жамияти бор одамда осудалик ҳам бўлади.
Девона деди:
— Одамлар билан қандай суҳбат қилайинки, бурга билан пашшадан қутулолмайман. Менинг «суҳбатдошларим» шулар. Кундуз кунлари пашша азоб берса, кечалари бургалар қонимни сўриб уйқу бермайди. Намруднинг бошига ярим пашша қўниб, унинг Аллоҳдан қайтган бошининг мағзини еб тугатди. Мен шу замон Намрудиманми, Аллоҳ менинг бошимга пашша, чивин ва бурга лашкарини юборибди.

Фаридуддин Атторнинг «Мантиқут-тайр»идан.