Исо ва иблис ҳикояти

Марям ўғли Исо ярим ғиштни боши остига қўйиб ухлаб ётарди. Исо уйғониб кўзини очса, лаъин Иблис боши устида турарди. Деди:
— Эй малъун, нега бу ерда турибсан?
Иблис деди:
— Ғиштимни бошингнинг остига қўйибсан. Дунёнинг барчаси менинг ерларим, демак, бу ғишт ҳам меники эканлиги аниқ. Сен бу ишинг билан менинг мулкимга тажовуз қилмоқдасан, ўзингни менинг қаторимга қўшаяпсан.
Исо ғиштни бошининг остидан олиб ташлади, юзини тупроққа қўйиб уйқуга кетди. Исо яримта ғиштни ташлаб юборгач, Иблис Исога деди:
— Мен энди кетдим, яхши ухлагин.
Эй инсонлар, бу чархнинг ипига ҳаммамиз боғланганмиз, ҳаммамиз ипни йигирувчи Устоз шогирдларимиз. Абадий чамбар-чархга келиб етганда, бу арқонни жаҳон атрофига ўраб чиқаман деб хаёл этма. Бунга умринг етмайди, чунки сен абадий эмассан. Бунгача лаҳад ғишти остида ётган бўласан, ғиштни ғишт устига қўйиб нима қиласан? Бунча бирни икки қилай, бирини иккинчисига улай, қурай, тик-лай, безай деб ҳалак бўласан, бир кун келиб ҳаммаси бир-биридан жудо бўлади, тўкилади, йиқилади. Агар Қорун каби дунё, бойлик йиғсанг ҳам, еганинг, кийганинг гўрингга яқинлаштиради. Анбиё дунёни назарга илмадилар, сен улар қабри устига дўкон қурма. Дунё нима? У — ҳирсу ҳавас ошиёни, қайсиким Фиръавн ва Намруддан меросдир. Гоҳ Қорундай тўйдириб, кейин қусдиради, гоҳида Шаддоддай шиддат ичра тутади. Ҳақ таоло, уни арзимас нарса деб номлади. Сен эса жонинг билан унинг домига тушиб турибсан.
Бу дунёи дун азобини қачонгача тортасан, бу арзимас нарсадан ўлакса истамак қачонгача? Сен кеча кундуз шу лоша — ўлаксадан бир парча олай деб ҳайрону бехудсан. Шу арзимас ўлаксанинг бир заррасида йўқолган киши одам бўлиши мумкинми? Кимки арзимас ўлаксада нафаси узилса, у ўлаксадан юз марта арзимас ва жирканчдир. Дунё иши — барчаси бекорчилик, яъни бефойда ташвиш чекишдир. Бекорчилик эса беҳуда гирифторлик, холос. Дунё ёниб турган олов, бу олов ҳар замон, ҳар лаҳзада янги-янги халқларни ёндириб кул қилади. Агар бу ёндирувчи олов кучайса, ундан қочиб қутулишинг қийин. Шермардлар каби бу оловдан ўзингни сақла, бўлмаса парвонадай шу оловда ёниб кетасан. Кимки парвонадай оловга сиғинувчи бўлса, бундай масту мағрур кишини ёндириш лозим, албатта. Олов сени ўраб олгач, ёнмасликнинг иложи йўқ. Қараб боқ: шундай оловдан холи жой бўлса, ўша жойга бор, токи жонинг олов даҳшатидан қутулсин.

Фаридуддин Атторнинг «Мантиқут-тайр»идан.