“Инсон севгани билан биргадир”…

%image_alt%

“Маҳбуб Пайғамбар (с.а.в.)” номли сийрат танловига

Ассалому алайкум оламларга раҳмат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам!

Бугун сизга самимият ила мактуб ёзарканман, Яратганга кўзимда ёшларим ила илтижо қиламан: “Ё, Раббим, менинг Пайғамбарим, маънавият қуёшим, Муҳаммадимга айтаётган саловотларимни қимирлаб турган япроқлар сонича, тунда осмонимни безаган юлдузлар саноғича, кундузлари она заминимдан бош кўтариб қуёшга қўл чўзаётган ям-яшил майсалар саноғича кўпайтириб йўлла!”.

Бу дуоларни айтганим замон беихтиёр, олислардан сизнинг муборак сиймойингиз хаёлимда сувратланади. Кўпинча хаёлим манзарасида  сарҳадсиз  саҳрода туя етаклаб кетаётган бир зотни кўраман. Сизнинг шакли шамойилингиз ҳақида битилган китобларда ўқиганларим ёдимга тушади: “Ўрта бўйли, кенг елкали, сочлари кўп, тўлқинсимон, қулоқларининг юмшоқ жойларига тушиб турадиган киши, одамларнинг энг чиройлиси…” Оллоҳга ҳамдлар бўлсин, дейман ичимга сиғмай. Ҳа, бу Сиз, Сизнинг муборак қадди камолингиз! Хиёл ўгирилиб машриқ томонга қарайсиз!  Юзингизни аниқ кўролмайман, балки муборак нигоҳингиз муборак киприкларингизни кўраман!

Ана шу тасаввурнинг ўзиёқ мен учун маънавий, руҳий озуқа, шууримга аллақандай куч бағишлайди.  Имкон қадар феъли-атворимни ислоҳ қиламан, муборак ҳадисларингизни яна бир бора такрорлайман, суннатларингизга оғишмай амал қилишга ҳаракат қиламан.

Эй, Яхшилик Сарвари! Сиз ҳақингизда гапирсам, сиз ҳақингизда ўйлайсам ич-ичимдан йиғи келади, овозимга титроқ киради. Бу ҳолатни нафақат ўзимда, балки менинг волидаи муҳтарамим Махфиратхон Зокиржон қизининг ҳаётларида ҳам кўп кузатганман. Онам сизга бўлган севгини ибодат деб билгувчи эдилар. Рамазон ойларида бирор тансиқ таом тортсак, таомни оғизларига олиб борарканлар Расуллулоҳ шунақа таом емагандилар, ифторликлари кўпинча хурмо билан сув бўларди, деб йиғлардилар. Дастурхон жуда тўкин бўлиб кетса шукр айтиб туриб, у дунёда ҳисобини сўрамагин, охиратнинг бойи қилгин дея муножот қилиб қолардилар. Йўлда бирга кетаётсак, оёқлари остида кичкина тош ёки дарахт шохчаси учраб қолса дарров четга суриб Расуллуллоҳ (с.а.в.) шундай қилардилар дея таъкидлардилар.  Қариндош-уруғларни йўқлашда, янги кўз ёрган қўни-ю қариндош аёлларни хабар олишда, яқинидан айрилиб, бошига мусибат тушган кишининг хонадонига таом чиқаришда пешқадам эдилар ва “Сийлайи раҳм қилмаган жаннатга кирмайди” деган ҳадисни эслатиб қўярдилар.

Тилларидан Яссавийнинг мазкур байтлари тушмасди:

Ўн саккиз минг оламга сарвар бўлғон Муҳаммад,

Ўттиз уч минг асҳобға раҳбар бўлғон Муҳаммад.

Яланғочи очликка қаноатлиғ Муҳаммад,

Оши, жони умматга шафоатлиғ Муҳаммад…

Ё Оллоҳнинг Расули, йиллар ўтароқ онагинам уйқуга ётишдан аввал сизни эслаб саловоту дурудлар айтиб ухлар, бомдод маҳали “Вақти саҳар нола қилинг бўйи Муҳаммади келур..” дея худди сизнинг жаннатий бўйларингизни туйгандек байтлар айтиб турардилар… Доим сизнинг севгингиз билан ёнардилар. У дунёда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ковушларини гардини артувчи бўлсам ҳам майли дердилар…

Бу оламда  сизни севадиган, ёдингиз билан яшайдиган, ҳар бир гапнинг бирида Оллоҳ ва Муҳаммад дегувчи аёл онам бўлса керак деб ўйлардим. Лекин шу улуғ заминимизда Ислом динига самимият билан хизмат қилиб, халқимиз учун ғоят сермазмун китоблар ёзиб қолдирган уламолар — сизнинг севикли умматларингиз кўп эканлигига шу сонияларда иқрор бўлиб турибман.

Эй Муҳаммад алайҳиссалом, сизнинг саодатли таваллудингиз ҳақида ўқиганман. Оллоҳнинг ёрдами ила Абобил қушлари воситасида Абраха ва унинг лашкарига жазо берилди. Эрон ҳукмдори Хисрав оташгоҳининг бир кечада вайрон бўлиши, осмонда Аҳмаднинг юлдузи пайдо бўлди, деган яҳудийнинг ҳайқириғи…. Ва сизнинг дунёга келган кунингиз…

Болалигимда  Меҳринисо энам (у зот онамнинг эналари бўлиб 102 ёшга кириб оламдан ўтган эдилар) бизнинг чоғроққина даҳлизимизда тенгқурларини меҳмонга чақириб сизга саловот йўллашарди. Дастурхонда ош, нонлар қандай олиб кирилган бўлса шундайлигича қоларди. Кампирлар сизнинг ишқингизда руҳан бойиб, маънан тўйиб таомларга ҳушлари қолмасди. Беғубор кунларимда қалбимга нақшланиб қолган саловатлар бугун — эллик ёшимда ҳам ёмғирлар ювган баҳорги майсалардек яшнаб турибди. О, бу қандай илоҳий туйғу, балки илоҳий амр бу, сизга айтилган саловатни такрорлаганим сайин кўзларимнинг хумори ёзилади. Ғам-аламга тўлган кўнглим бўшаб, сокин дунёга айланади.

… Ўшанда милодий 570 йил, 20 апрель. Бу ойни бизда баҳорнинг энг гўзал палласини савр ойи дейдилар. Дарахтлар ям-яшил барг чиқарган, дунё тозарган лаҳзалар… Дунёни нуристонга тўлдирган кун…Уйда чироқ йўқ экан, бироқ ҳаммаёқ чароғон эди… Сизга доялик қилган Умму Айман, Шифо ва Фотима хонимлар, сизни йўқлаб келган Марям ва Осиё онамиз, о улар қанчалар бахтли, қани энди мен ҳам уларнинг ёнида бўлсам, Омина онамизнинг нурли боласининг бир бахтли она бўлиб қўлимга олсаму ойдай юзларига бир боқсам. Бу қандай фарахбахш туйғу-а?

Бобонгиз сизни  Каъбага олиб кирганларида кўнгилларига “Муҳаммад” исми инди.. Ҳа инсоният тарихида энг гўзал ва энг буюк исм бўлиб қолди бу исм. Фарзандини дунёга келтирган минглаб, миллионлаб оналар дилбандларига қўйган Муҳаммад исми сиздек буюк зотга умматлик  шукронаси бўлса не ажаб… Ҳа, ҳа еттинчи асрдан буён шу кунга қадар Муҳаммад деб қўйилган исмларнинг илк дебочаси сиздан бошланади. Саодат асрининг тенгсиз, ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган дебочаси эди бу…

Мен сизнинг гўдаклик чоғингиздаги сут онангиз қора Ҳалимага, энагангиз Умму Айманга ҳавас қиламан. Улар дунёдаги оналарнинг онаси, бахтлиларнинг бахтлиси. Оллоҳнинг бўлажак Ҳабибини улғайишида кўмакдош бўлган зотлар бўлишлари билан бирга, гул юзли боланинг жажжи кўйлакларини ювган, ғунча дудоқларига сув ва таом тутган қўллар олтин қўллар, табаррук қўллардир…

Ота-онам сизга фидо бўлсин, Ё Расулуллоҳ!!!

Кимдир менга бирорта болани ёки қизни кўрсатиб анави етим отаси ёки онаси йўқ, деса негадир қалбимга титроқ югуради. Анашу сағирларни кўнгилларини шод этгим, эзгулик гулларини тутгим келади. Яқинларим ҳам ўзим истаган бу хайрли амални бажаришларини жуда-жуда истайман. Ахир сиз саҳобаларга, кимки етимнинг бошини силаса у мен билан жаннатда биргадир, дея икки бармоғингизни кўрсатмаганмидингиз. Ана шу биргина марҳаматингиз учун ўнлаб, юзлаб етимларни кўнглини олишимиз керак эмасми, жаннатда сиз билан бирга бўлиш шарафини ҳис этган мўмин аллақачонлар етимларга бағрини очмоғи керак эди.

Мен сизни баркамол сифатларингизни айтиб адо қилолмайман, эй Фахрул Мурсалин!!! Гўзал хулқингизни баён этишга замонлар ҳам қоғозлар ҳам етмайди. Лекин биз қўлимдан келганича сизнинг сабрингиздан, саховатингиздан, шафқату марҳаматингиздан ўрнак олгим келаверади. Сиз ҳақингиздаги ривоятлардан ҳикмат излаб ўзимга татбиқ этишга уринавераман.

Эй, Яхшилик Сарвари! Бир куни Мадинада эканингизда сизнинг ҳузурингизга бир аёл келди.

— Эй Оллоҳнинг Расули, сизнинг Мадинага ташрифингиз туфайли ҳамма сизни йўқлаб келяпти, кимдир ҳадя билан келяпти. Мени эса сизга бергани мана бу ўғлимдан бошқа ҳеч нарсам йўқ, шу болани сизга ҳадя қиламан, — деди.

Ҳа, бу кичкина Анас эди. У сизга хизмат қилиб сиздан энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобийлар қаторига қўшилди.

Бу ривоятни ўқиб ичимни бир армон кемиради. Биз бўлсак фарзандларимизни олиму фузалолар хизмати у ёқда турсин, уларнинг суҳбатларига ҳам олиб боришга вақт, имкон тополмаймиз. Халқона таъбир билан айтганда эти сизники, суяги бизники, деган жумлани айтгимиз келмайди. Ҳадя беришда Анаснинг онасига тенг келадигани бормикин…  Бугун набираларини соғиниб йўлларига интизор бўлиб турган, бир ҳовуч дуойимни олиб қолсайди дея гирён кун санаётган бобо ва бувиларимиз ҳам йўқ эмас. Ана шундай пайтларда ўкинаман. Фарзандларимни нега илгарироқ, болалик чоғларида қекса ота-ота онамнинг хизматига бел боғлаттирмадим, нега донишманд устозимнинг ҳузурига етаклаб бормадим.

Яқинда бир қизалоқ кўп қаватли уйнинг подъездида қўлида сочиққа ўралган бир коса овқатни тутганча йиғлаб турибди. Сабабини сўрасам қизалоқ ҳиқиллаб аям тоғамга деб манти солиб берганди, эшикларини тақиллатсам ҳечам очишмаяпти деб қолди.

— Балки  уйда ҳеч ким йўқдир,қизалоғим ,- дедим ажабланиб.

— Йўқ, улар уйда…- деди қизалоқ ишонч билан.

Қизалоқнинг қўлидан тутиб тоғасининг эшиги олдига келдик. Мен эшик қўнғироғини уч марта босдим. Ичкаридан навқирон йигит чиқди. Бир менга, бир қизалоққа қараб хўмрайди.

— Синглим билан жанжаллашиб қолганмиз. Бир ойдан бери гаплашмаймиз, олди-бердиниям йўқ қилганман. Уни овқати менга керакмас, деса бўладими.

Бу гапни эшитиб қизалоқ яна йиғлади. Мен ўшанда кечиримли бўлиш, сингилларга раҳм-шафқат кўрсатиш мўминнинг сифатлари эканини уй соҳибига уқтириб бу ҳақда мисоллар келтирдим. Йигит қизалоқнинг қўлидан таомни олди, узр сўради. Қизалоқни уйига олиб бориб ортимга қайтдим.

Кечиримлилик… Кимдандир ранжисак, анча пайтгача кек сақлаб юрамиз. Аслида бу ҳақда сизнинг мубораак ҳадисларингиз кўп. Кечиримлилик бобида сизга тенг келадигани бормикин эй Оламларнинг Раҳмати!!!

Ойша (розийаллоҳу анҳо) онамиздан ривоят қилинади: “Расулуллоҳни(с.а.в.) таҳқирлаб, у зотга азият етказадиган бир киши бор эди. Бир куни у киши Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига кирди, у зот ўша одамга яхши муносабатда бўлдилар, ёнларига чақириб, унга марҳамат кўрсатдилар. Шунда Ойша (р.а.): “Ё Расулуллоҳ Сизни ҳақоратлаб юрадиган шу киши эмасмиди?!” деб сўрадилар Шунда у зот бундай дедилар: “Ҳа, шу эди. Эй Ойша, инсонларнинг энг ёмони-ёмонликлари ва тилларидан сақланиш учун ҳурмат қилинадиган кишилардир” (Бухорий/6032).

Эй Оллоҳнинг Ҳабиби! Сизнинг замонангиздан неча йиллар, неча асрлар ўтди. Ҳамон сизнинг бутун инсониятга ибрат бўлгулик ҳаётингиз ва сиз орқали бизларга етиб келган Қуръони карим икки дунё саодатидан сабоқ бериб келмоқда. Гоҳида дунё ғамлари исканжасида ўйга толганимда, Сизни ўйлайман.  Ҳозир Расулуллоҳ (с.а.в) билан хонамга кириб келсалар нима қилардим, мендан нима истайсан деб сўрасалар нима дердим, деган жумлаларни китоблар, журналлар, интернет саҳифаларида ўқиб қоламан. Мен эса Расулуллоҳни хонамга кириб келишларини ҳеч қачон тасаввуримга сиғдиролмайман. Ҳали мен бу ташрифга тайёр эмасман. Аммо ғойибона учрашиб қолсак сўрардим: Ё Оллоҳнинг Расули, дуо қилинг, охиратнинг энг бадавлат аёли бўлишимни, Кавсар ҳовузининг лабида сув узатувчи бўлишимни.  Найлайин, бу дунёда отамга яхши хизмат қилолмадим. Дуо қилинг у дунёда — жаннати маъвода ота-онамни меҳмон қилайин!

Дуо қилинг менга Дийдор ато қилсин! Сизни севганлар сиз билан бирга бўладилар. Мен ҳам сизни севганлар сафида бўлишни истайман!!!

Ўн тўрт аср ухлаб ётган кўрни уйғотдим,
Бир силкинди, кўкдан келган садодан Билол.
Ғафлат пайти зулумотга чўмганди дунё,
Кўр кўзида ёш ўрнида чашмаи зилол.

Муҳаммад деб умр шоми ўтганда ҳайҳот,
Навозишлар қилолмади кўкда моҳитоб.
Аммо чағир тиканаклар гуллади оппоқ,
Дарахтларнинг баргларида илоҳий китоб.

Мен келяпман, эй Расулим, қўлимда бир хас,
Бу хас сабаб кафтларимни куйдирар олов.
Унинг соҳир овозини эшитмас бир кас,
Ҳали шу хас ич-ичида бор қанча қалов.

Бармоғимни қимирлатсам садо берар хас,
Юрагимга оқиб кирар саловот каби.
Наҳот шундай мўъжизани кузатмай беғам,
Болам қандай кетаяпсан, сўқир сингари…

Маъмура Абдураҳимова,
Фарғона вилояти.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!