Девона ва унинг Аллоҳдан жубба (пўстин) тилагани ҳикояти

Аллоҳ йўлига кўнгил берган бир девона бор эди, одамлар ораста кийинган, у эса яланғоч эди.
Деди:
— Ё Раб, бир пўстин бергин, пухта-маҳкам бўлсин, бошқалар каби мени ҳам хурсанд қилгин.
Ғайбдан овоз келдики:
— Эй, девона, сенга иссиқ қуёшни ато этдим, исин.
Девона деди:
— Ё Раб, қачонгача азоб берасан, наҳотки сенда қуёшдан яхшироқ пўстин бўлмаса.
Деди:
— Бор, яна ўн кун сабр қилсанг, шаксиз сенга бир пўстан берурман.
Ўн кун ўткандан кейин бечора девонага биров бир пўстин келтирди. Пўстиннинг ямоқлари жуда кўп эди, чунки у кўп дарвешларнинг қўлидан бахш бўлиб ўтган эди.
Девона деди:
— Эй сирларни билгувчи зот, шу ўн қун ичида жандаларни бир-бирига ямаб тикдингми. Хазинангдаги тўнларинг ёниб кетдимикин, бу жандаларни бир-бирига улаб келтирдинг. Юзминглаб жандаларни бир-бирига тикибсан, бундай тикувчилик ҳунарини кимдан ўргандинг?
Унинг даргоҳига бориш осон эмас, Унинг йўлида тупроқ бўлмоқ лозим. Бу даргоҳга жуда кўп кишилар узоқлардан келдилар, улар ҳам олов ва ҳам нурдан куйиб, яна яшнадилар. Кимки умри охирида мақсадига эришди, ўзи ҳасратга айланиб, мақсадни кўрмади.

Фаридуддин Атторнинг «Мантиқут-тайр»идан.