Қаноатли жувонмард ва тамагир

Қаноатли жувонмард билан тамагир жаҳонгаштанинг ҳамроҳ бўлгани, бирининг қаноат азобини чекиш туфайли фароғат бойлигига эришгани, иккинчисининг фароғат бойлигига берилганидан хорлик азобига қолгани

Форс ўлкасидан икки ўртоқ Чин мамлакати томон йўл олдилар. Бири азалдан берилганига қаноат қиларди; иккинчиси эса ундан ортиқни тамаъ этарди. Улар қанчадан-қанча йўлларни босиб борарканлар, йўл бўйида бир оддий тош учраб қолди.

Унинг ярми ерга кирган, ярми ташқарида бўлиб, ташқаридаги қисмига ажойиб бир гап ўйиб ёзилган эди. Ёзилган хатни улар ўқишди:

— Кимки қийинчиликка бардош бериб, тошнинг орқа томонини ағдарса, унда бир афсона ёзилган. Ўша афсонага кўра, шу атрофда бир вайрона бор. Вайронанинг тагида эса ажойиб бир хазина бор. Машаққатига чидаган ўша хазинага эга бўлади. Кимки бу машаққатдан йироқлик истаса, сабру қаноат ҳаммадан яхшироқдир.

Тамагир буни ўқигач, бесаранжом бўлиб, тамагирлик томирлари қаттиқ ура бошлади. Хазина ҳавасида тишлари ғижирлаб, тошнинг тагини қазишга тушиб кетди. Қаноат қилувчи унинг бу ишини кўриб, парво қилмасдан ўтиб кетди. У деди:

— Бу нақадар машаққатли меҳнат! Қаноат хазинаси менинг ҳамроҳимдир. Кимга Тангри эҳсон бермоқчи бўлса, тош ўз-ўзидан ёрилиб, унинг остидаги эҳсон ўз эгасини топиши мумкин.

У йўлга тушиб, тонг отгунча юрди, эрталаб қараса, бир шаҳарнинг четига келиб қолибди. Шаҳарга кирадиган йўл кўп экан. Лекину шу шаҳарга биринчи бўлиб кирди. У дарвозага яқинлашиб борганида, ҳар томондан одамлар чопиб кела бошлади. Бу ер аҳолисининг расми бўйича, подшоҳ мангулик юртига сафар қилган бўлса (ўлса), шаҳар халқидан буни сир тутишар экан. Саҳар вақтида ким шаҳарга олдин кирса, уни тахтга ўтқазиб, бошига тож кийдириб, қўлига узук тақишар экан. Ўша расм бўйича, уни ҳам давлат кишилари ва аскарлари мамлакат ва сипоҳ устидан подшоҳ қилиб кўтардилар.

Бошига машаққатни ортиб олган дўсти бўлса, бойлик ҳавасига берилиб, меҳнат билан ўз жонини роса қийнади, тошни бошқа томонига айлантирди. У ерда ёзилган хатга қараб, уни ўқиди:

«Ким хомтама бўлса, у дунёда доим азобда», деб ёзилган экан.

Уни қаноат мамлакатга подшоҳ қилди; буни тамагирлик азоби хор-зор этди.

Алишер Навоийнинг «Ҳайрат ул-аброр» достонидан