Ёшлар нима ўқияпти?

Ziyouz.com портали томонидан интернет тармоғида бир ҳафта давомида ўтказилган “Ёшлар нима ўқияпти?” мавзусидаги сўровномада китобхон ёшларнинг қандай китоблар мутолаа қилаётгани ўрганилди. Интернетнинг ўзбек сегментидаги машҳур сайтлар (kun.uz, sof.uz, azon.uz, ziyouz.uz), Facebook ва Telegram тармоғида эълон қилинган онлайн сўровномада 536 нафар ўзбек китобхон ёшлари иштирок этди, 614 номдаги 1151 та китоб қайд этилди.

Сўровномада нафақат Ўзбекистондаги ёшлар, балки Афғонистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, АҚШдаги миллатдошларимиз, Россия, Жанубий Корея, Англия, Австралия, Малайзия, Германия, Франция, Бельгия, Хитой, Саудия Арабистони каби давлатларда ўқиб, ишлаётган ватандошларимиз ҳам қатнашишди.

Сўровномада қатнашганларнинг ўртача ёши 26 да. Энг кичик иштирокчи 2002 йилда туғилган. Энг кўп иштирокчилар 1992 йили таваллуд топганлардир.

Сўровноманинг асосий иштирокчилари олий ўқув юрти талабаларидир (156 нафар – 34,1 %). Талабаларнинг 15 фоизи хорижий олий ўқув юртларида таълим олаётган ватандошларимиздир. Шунингдек, сўровномада 57 нафар таълим (12,5%), 46 нафар ОАВ (10,1%), 32 нафар ишлаб чиқариш (7,0%), 28 нафар иқтисод (6,1%), 22 нафар АКТ (4,8), 8 нафар соғлиқни сақлаш (1,5%), 7 нафар ҳуқуқ (1,4%), 3 нафар диний (0,7%) соҳа вакиллари иштирок этди. Сўровномада жавоб берганларнинг 27 нафари хусусий тадбиркорлар (5,9%), 26 нафари ишчи ва хизматчилар (5,7%), 21 нафари вақтинча ишсизлар (4,6%), 14 нафари коллеж ва мактаб ўқувчилари (3,1%) ҳамда 10 нафари уй бекаларидир (2,2 %).

Ёшлар ўқиётган китоблар йўналишига кўра, жаҳон адабиёти етакчилик қилмоқда. Сўровномадан жаҳон адабиётига оид 447 та (38,8%) китоб ўрин олган. Ёшлар орасида буюк қирғиз адиби Чингиз Айтматов, турк маърифатпарвари Аҳмад Лутфий Қозончи, америкалик афғон аслли ёзувчи Холид Ҳусайний, Америка ёзувчиси Теодор Драйзер, дунёда китоби энг кўп сотилган Пауло Коэльо, рус классиклари Лев Толстой, Фёдор Достоевский, Корея президенти Ли Мён Бак асарлари машҳур.

Сўровномада ўзбек адабиётидан 319 та китоб (27,7%) қайд этилган. Ўткир Ҳошимов, Саид Аҳмад, Тоҳир Малик, Абдулла Қодирий, Пиримқул Қодиров, Тоғай Мурод асарлари энг кўп мутолаа қилинган. Сўровномага қайд этилган 122 та диний-маърифий китобнинг  (10,6%) асосий муаллифи Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдир. Тарихга оид 88 китоб (7,6%) орасида дин тарихи, юртимиз тарихига оид асарлар ўрин олган. Психология йўналишидаги 73 та (6,3%) китобнинг асосий муаллифлари Дейл Карнеги, Роберт Кийосаки ва Адам Жексондир. Сўровномада қайд этилган китобларнинг 65 таси (5,6%) илмий-оммабоп мавзуда, 37 таси ижтимоий-сиёсий (3,2 %) йўналишдадир.

Алоҳида қайд этиб ўтиш лозимки, китобхон ёшлар асосан босма китоб ўқишни маъқул кўришар экан. Электрон китоблардан Android тизими учун мўлжалланган китоблар машҳур. Баъзи респондентларнинг таъкидлашича, улар китобни аввал электрон вариантда ўқиб, агар ёқса, унинг босма вариантини сотиб олиб, қайта ўқишмоқда экан.

Китобхонлар томонидан ўқилаётган китобларнинг энг кўпи (78%), табиийки, ўзбек тилида. Қолган 22 % китоблар хорижий тилларда ўқилмоқда. Чет тилларида ўқилаётган китоблар орасида рус ва инглиз тиллари алоҳида ажралиб турибди. Хорижий тилларда ўқилган 251 та китобдан 141 таси рус, 77 таси инглиз, 15 таси турк, 11 таси араб, 3 таси корейс тилида. Япон, француз, немис ва испан тилларидан биттадан китоб ўқилган.

Рус тилида ўқилаётган китоблар орасида Жорж Оруэлл, Эрих Мариа Ремарк, Элчин Сафарли, Пауло Коэльо, Робин Шарма, Холид Ҳусайний, Харуки Мураками, Лев Толстой, Фёдор Достоевский, Жожо Мойес, Марио Пьюзо, Жерар Де Вилье асарлари машҳур. Инглизча китоблар орасида энг кўп Роберт Кийосаки, Кадзуо Исигуро, Жоан Роулинг, Пауло Коэльо асарлари ўқилмоқда.

Ўзбек китобхон ёшлари томонидан энг кўп ўқилаётган китоблар рўйхати аввалидан Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси” (25 нафар китобхон томонидан ўқилган), Аҳмад Лутфий Қозончининг “Саодат асри қиссалари” (20) ва Саид Аҳмаднинг “Уфқ” (15) асарлари ўрин олган. Энг кўп ўқилган китоблар роман жанрига тегишли. 300 саҳифадан кам бўлган китоблар Топ-50 талик рўйхатдан ўрин олмади. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ёшлар орасида шеърий китоблар жуда кам ўқилмоқда экан. 614 номдаги китобдан атиги 12 донаси шеърий китоблардир.

Қуйидаги рўйхатга сўровнома натижаларига кўра, ёшлар томонидан 3 ва ундан кўп марта ўқилган китоблар киритилди:

Ёшлар томонидан энг кўп ўқилаётган китоблар рўйхати

1. Ўткир Ҳошимов. Икки эшик ораси (25)
2. Аҳмад Лутфий Қозончи. Саодат асри қиссалари (20)
3. Саид Аҳмад. Уфқ (15)
4. Чингиз Айтматов. Асрга татигулик кун (15)
5. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Бахтиёр оила (14)
6. Пауло Коэльо. Алкимёгар (13)
7. Тоҳир Малик. Шайтанат (13)
8. Абдулла Қодирий. Ўткан кунлар (11)
9. Холид Ҳусайний. Шамол ортидан югуриб (11)
10. Ли Мён Бак. Мўъжизалар содир бўлмайди (10)
11. Марсель Брион. Мен ким Соҳибқирон Темур (10)
12. Ўткир Ҳошимов. Дунёнинг ишлари (10)
13. Аҳмад Лутфий Қозончи. Ўгай она (9)
14. Пиримқул Қодиров. Юлдузли тунлар (9)
15. Абдулла Қодирий. Меҳробдан чаён (8)
16. Артур Конан Дойл. Шерлок Холмс ҳақида ҳикоялар (8)
17. Исоқжон Нишонов. Афғон шамоли (8)
18. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол (8)
19. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт (8)
20. Александр Дюма. Граф Монте Кристо (7)
21. Аҳмад Муҳаммад Турсун. Соҳилсиз денгиз (7)
22. Марио Пьюзо. Чўқинтирган ота (7)
23. Михаил Булгаков. Уста ва Маргарита (7)
24. Оиз Қорний. Ўкинма (7)
25. Рашод Нури Гунтекин. Чолиқуши (7)
26. Теодор Драйзер. Америка фожиаси (7)
27. Ўткир Ҳошимов. Дафтар ҳошиясидаги битиклар (7)
28. Фёдор Достоевский. Жиноят ва жазо (7)
29. Эрих Мариа Ремарк. Уч оғайни (7)
30. Юлиан Семёнов. Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси (7)
31. Саид Аҳмад. Жимжитлик (6)
32. Теодор Драйзер. Бахтиқаро Керри (6)
33. Тоҳир Малик. Одамийлик мулки (6)
34. Чўлпон. Кеча ва кундуз (6)
35. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Иймон (6)
36. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Руҳий тарбия (6)
37. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Сунний ақидалар (6)
38. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Хислатли ҳикматлар шарҳи (6)
39. Альбер Камю. Бегона (5)
40. Жек Лондон. Мартин Иден (5)
41. Имом ал-Бухорий. Ал-жомеъ ас-саҳиҳ (5)
42. Лев Толстой. Уруш ва тинчлик (5)
43. Наполеон Хилл. Ўйла ва бой бўл (5)
44. Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон. Бу кунлар (5)
45. Пиримқул Қодиров. Авлодлар довони (5)
46. Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар (5)
47. Фёдор Достоевский. Телба (5)
48. Холид Ҳусайний. Минг қуёш шуъласи (5)
49. Абдуқаюм Йўлдош. Пуанкаре (4)
50. Акбар Мирзо. Суиқасд (4)
51. Алихонтўра Соғуний. Тарихи Муҳаммадий (4)
52. Алишер Навоий. Хамса (4)
53. Антуан де Сент Экзюпери. Кичкина шаҳзода (4)
54. Аҳмад Лутфий Қозончи. Сўнгги тўфон (4)
55. Габриэль Гарсиа Маркес. Ошкора қотиллик қиссаси (4)
56. Дэн Браун. Да Винчи сири (4)
57. Имом Ғаззолий. Иҳёу улумид дин (4)
58. Лев Толстой. Иқрорнома (4)
59. Мирзакарим Норбеков. Тентакнинг тажрибаси (4)
60. Нуриддин Исмоилов. Мафия сардори (4)
61. Стендаль. Қизил ва қора (4)
62. Улуғбек Ҳамдам. Мувозанат (4)
63. Холид Ҳусайний. Тоғлар ҳам садо беради (4)
64. Чингиз Айтматов. Жамила (4)
65. Чингиз Айтматов. Қиёмат (4)
66. Чингиз Айтматов. Оқкема (4)
67. Эрнест Хемингуэй. Чол ва денгиз (4)
68. Абдулла Қаҳҳор. Ўтмишдан эртаклар (3)
69. Абу Лайс Самарқандий. Танбеҳул ғофилийн (3)
70. Адам Жексон. Бой бўлишнинг 10 та сири (3)
71. Адҳам Атажанов. Янги дунё (3)
72. Александр Дюма. Уч мушкетёр (3)
73. Аҳмад Лутфий Қозончи. Бир виждон уйғонур (3)
74. Аҳмад Муҳаммад Турсун. Имом Ғаззолий (3)
75. Бобур. Бобурнома (3)
76. Габриэль Гарсиа Маркес. Ёлғизликнинг юз йили (3)
77. Жавлон Жўраев. Ўзлик сари етти қадам (3)
78. Жалолиддин Румий. Ичиндаги ичиндадир (3)
79. Жалолиддин Румий. Маснавийи маънавий (3)
80. Иля Ильф ва Евгений Петров. 12 стул (3)
81. Имом ал-Бухорий. Ал-адаб ал-муфрад (3)
82. Имом Ғаззолий. Мукошафатул қулуб (3)
83. Мурод Мансур. Жудолик диёри (3)
84. Мурод Муҳаммад Дўст. Лолазор (3)
85. Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий. Ғийбат ўзи нима? (3)
86. Роберт Кийосаки. Бой ота, камбағал ота (3)
87. Робин Шарма. Кто заплачет когда ты умрешь? (3)
88. Темур тузуклари (3)
89. Теодор Драйзер. Трилогия желаний (3)
90. Тоғай Мурод. Бу дунёда ўлиб бўлмайди (3)
91. Ўткир Ҳошимов. Нур борки, соя бор (3)
92. Чингиз Айтматов, Мухтор Шохонов. Чўққида қолган овчининг оҳу зори (3)
93. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Кифоя (3)
94. Шукрулло. Кафансиз кўмилганлар (3)
95. Шукур Холмирзаев. Танланган асарлар (3)
96. Эрих Мариа Ремарк. Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ (3)
97. Эрнест Хемингуэй. Алвидо, қурол! (3)

Китобхонлар томонидан асарлари энг кўп ўқилаётган муаллифлар рўйхатида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф китоблари биринчи ўринда турибди. Шайх раҳимаҳуллоҳнинг 19 та номдаги китоби 73 китобхон томонидан ўқилган. Сўровномада китоблари энг кўп зикр этилган муаллиф ҳам Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдир. Ўткир Ҳошимовнинг (2-ўрин) 6 та номдаги асари 48 марта, Чингиз Айтматовнинг (3-ўрин) 14 та номдаги асари 40 марта, Аҳмад Лутфий Қозончининг (4-ўрин) 5 та номдаги китоби 38 марта, Тоҳир Маликнинг (5-ўрин) 16 та номдаги 36 марта ўқилган.

Қуйидаги рўйхатга сўровнома натижаларига кўра, ёшлар томонидан китоблари 3 ва ундан кўп марта ўқилган муаллифлар киритилган:

Ёшлар томонидан китоблари энг кўп ўқилаётган муаллифлар рўйхати

1. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (73)
2. Ўткир Ҳошимов (48)
3. Чингиз Айтматов (41)
4. Аҳмад Лутфий Қозончи (38)
5. Тоҳир Малик (36)
6. Саид Аҳмад (24)
7. Абдулла Қодирий (21)
8. Холид Ҳусайний (20)
9. Пиримқул Қодиров (17)
10. Теодор Драйзер (17)
11. Пауло Коэльо (15)
12. Фёдор Достоевский (15)
13. Лев Толстой (14)
14. Артур Конан Дойл (12)
15. Александр Дюма (11)
16. Дейл Карнеги (11)
17. Имом Ғаззолий (11)
18. Рашод Нури Гунтекин (11)
19. Тоғай Мурод (11)
20. Эрих Мариа Ремарк (11)
21. Ли Мён Бак (10)
22. Марсель Брион (10)
23. Роберт Кийосаки (10)
24. Эрнест Хемингуэй (10)
25. Габриэль Гарсиа Маркес (9)
26. Исоқжон Нишонов (9)
27. Нуриддин Исмоилов (9)
28. Улуғбек Ҳамдам (9)
29. Юлиан Семёнов (9)
30. Адам Жексон (8)
31. Имом ал-Бухорий (8)
32. Марио Пьюзо (8)
33. Альбер Камю (7)
34. Дэн Браун (7)
35. Михаил Булгаков (7)
36. Оиз Қорний (7)
37. Алишер Навоий (6)
38. Жалолиддин Румий (6)
39. Жек Лондон (6)
40. Жюль Верн (6)
41. Мирзакарим Норбеков (6)
42. Наполеон Хилл (6)
43. Оноре де Бальзак (6)
44. Чўлпон (6)
45. Абдуқаюм Йўлдош (5)
46. Алихонтўра Соғуний (5)
47. Нодар Думбадзе (5)
48. Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон (5)
49. Стендаль (5)
50. Абдулла Қаҳҳор (4)
51. Акбар Мирзо (4)
52. Антуан де Сент Экзюпери (4)
53. Жорж Оруэлл (4)
54. Иля Ильф ва Евгений Петров (4)
55. Мирмуҳсин (4)
56. Назар Эшонқул (4)
57. Робин Шарма (4)
58. Франц Кафка (4)
59. Шукур Холмирзаев (4)
60. Адҳам Атажанов (3)
61. Амир Темур (3)
62. Жавлон Жўраев (3)
63. Заҳириддин Муҳаммад Бобур (3)
64. Ислом Каримов (3)
65. Кадзуо Исигуро (3)
66. Мурод Мансур (3)
67. Мурод Муҳаммад Дўст (3)
68. Мустафо Нажоти Бурсали (3)
69. Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий (3)
70. Набижон Ҳошимов (3)
71. Ог Мандино (3)
72. Одил Ёқубов (3)
73. Ойбек (3)
74. Рамазон Бутий (3)
75. Стефан Цвейг (3)
76. Ўлмас Умарбеков (3)
77. Худойберди Тўхтабоев (3)
78. Ҳомер (3)
79. Шукрулло (3)
80. Элчин Сафарли (3)

 

Давронбек Тожиалиев тайёрлади.

Сўровномага йўлланган энг сара жавоблар ва изоҳлар билан қуйидаги саҳифада танишинг:

Ёшлар нима ўқияпти? Энг сара жавоблар