Тақвимлар тарихига бир назар

Йил, ой, ҳафта ва кунлар ҳисобини юритиш тизими арабчада тақвим (тўғрилаш, тўхтатиш, баҳолаш сўзларидан олинган), лотинчада календарь (аслида “қарз дафтари”дан келиб чиққан) деб аталади. У Қуёш, Ой ва сайёраларнинг кўринма ҳаракатига, кун билан тун алмашинувига, Ой ўзгариши ва йил фаслларининг даврий равишда такрорланишига асосланади.

Ўтмишда муҳим воқеа-ҳодисаларни бир ипга кетма-кет тизиб чиқишда асқатадиган тақвимлар ва тақвимбошилар кўп бўлган. Ҳар қайси миллат ўз ижтимоий-сиёсий фаолиятидаги энг жиддий тарихий эврилишлар даврини ўзи учун бошланғич деб билган. Масалан, қадимги турклар ва ибронийлар хилқатни, яъни дунёнинг яратилишини, мисрликлар самода Сириус юлдузининг кўриниши ёки Нил дарёси тоша бошлашини, юнонлар олимпиада ўйинларини, римликлар Рим шаҳри қурилишини, христианлар милодни, қадимги араблар Фил санасини, мусулмонлар ҳижратни тақвимбоши сифатида танлашган. Лекин бу манбалар барча миллатлар учун муштарак бўлмагани туфайли вақт ўтиши билан аксарияти унутилиб, фақат милод ва ҳижрат бошланғичлари қолган.

Тақвимнинг асосий бирлиги йил бўлиб, у ойларга, ойлар эса кунларга ажратилади. Йил Ернинг Қуёш атрофида, ой Ойнинг Ер атрофида, кун Ернинг ўз ўқи атрофида айланишига қараб аниқланади. Табиийки, бу астрономик жараёнлар анча мураккаб кечади. Шу боис йилни ойларга, ойларни кунларга тақсимлаш масаласи азалдан турли халқларда ҳар хил йўсинда ҳал этилган ҳамда шамсий, қамарий ва шамсий-қамарий тақвимлар яратилган.

Шамсий йил ҳисоби

Шамсий (арабча – “қуёшга оид”) йил ҳисоби дастлаб қадимги мисрликлар томонидан жорий қилинган. Унга тропик йил асос қилиб олинган. Тропик йил эса Қуёш ясси доираси марказининг 21 мартда рўй берадиган баҳорги тенг кунлик нуқтасидан кетма-кет икки марта ўтиши оралиғидаги вақт бўлиб, 365 кун 5 соат 48 дақиқа 46 сонияга тенгдир.

Илк шамсий тақвимда йил ҳар бири 30 кунлик 12 та ойга бўлинган ва охирида уларнинг йиғиндисига 5 кун қўшилган. Шу тариқа бир йил 365 кундан иборат бўлган.  

Шамсий йил ўн икки бурждан – Қуёшнинг осмон гумбазидаги йиллик кўринма ҳаракат йўлидаги шунча нуқта ёки ўша доирада жойлашган ўн икки юлдуз туркуми ва улардан ҳар бирининг ҳайвонларга нисбат берилган ҳолда арабча номланган ва навбатма-навбат келадиган қуйидаги ойлардан иборат:

Ҳамал (Қўзичоқ) — 22 март – 21 апрель. Савр (Ҳўкиз) — 22 апрель – 21 май. Жавзо (Эгизаклар) — 22 май – 21 июнь. Саратон (Қисқичбақа) — 22 июнь – 21 июль. Асад (Арслон) — 22 июль – 21 август. Сунбула (Бошоқ) — 22 август – 21 сентябрь. Мезон арози) — 22 сентябрь – 21 октябрь. Ақраб (Чаён) — 22 октябрь – 21 ноябрь. Қавс (Ўқ-ёй) — 22 ноябрь – 21 декабрь. Жадий (Тоғтака) — 22 декабрь – 21 январь. Далв увчи) — 22 январь – 21 февраль.  Ҳут (Балиқ, Наҳанг) — 22 февраль – 21 март.

Яна бир гап. Қадим туркий халқларда ҳам ойлар 12 бурж номи билан юритилган. Шунингдек, ҳамал, савр, жавзо ойларидан иборат баҳор фасли буржи обий, саратон, асад, сунбула ойларини қамраб олган ёз фасли буржи норий, мезон, ақраб, қавс ойлари кирувчи куз фасли буржи бодий, жадий, далв, ҳут ойларидан иборат қиш фасли буржи ҳокий деб аталган.

Ҳижрий тақвим

Унинг қисқача тарихи қуйидагича: Ислом динининг буюк пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам милодий 632 йил 27 майда  вафот этади. Ўша куниёқ Мадинада ислом халифалиги тузилади. Кейинчалик турли номларда то 1923 йил 3 мартгача қарийб ўн уч аср ҳукм сурган бу салтанатнинг Хулафои Рошидин аталмиш дастлабки босқичида ҳазрати Умар ўн йил иккинчи халифа вазифасини ўтайди. Бир куни мулозимлари унга шаъбон ойида тўланиши зарур қарзлар дафтарини кўрсатишади. Халифа “Бу қайси шаъбон ойи – бултургими ёки бу йилгими?” деб сўрайди, бироқ жўяли жавоб ололмайди. Негаки, ўша кезлар мусулмон дунёсида ҳужжатларга сана қўйилмасди. Орадан кўп ўтмай Жазира волийси Абу Мусо иккита ёзма буйруқ олади. Олади-ю, боши қотади. Сабаби, улар ўзаро мувофиқ келмасди. Устига- устак, санаси йўқлиги туфайли қай бири олдин, қай бири кейин битилганини ажратиш мушкул эди. Абу Мусо бу мавҳумликни бартараф этиш илинжида халифага мурожаат қилади.

Бундай ҳолатлар бот-бот такрорланавергач, масала пишиб етилади. Ва ниҳоят, Муҳаррам ойининг дастлабки куни – милодий 638 йил 23 январда ушбу муаммо муҳокамасига бағишланган машварат чақирилади. Пировардида 17 йил бурунги сана, аниқроғи, пайғамбаримиз Маккадан Мадинага кўчган кун (милодий 622 йил 23 сентябрь) йил боши сифатида қабул қилинади ва янги тақвим ҳижрий йил ҳисоби номини олади.

Ўз навбатида, ҳижрий ҳисоб ҳижрий-қамарий ва ҳижрий-шамсий йилга бўлинади. “Қамарий” (“қамария”) арабча сўз бўлиб, ўзбекчада “ойга тааллуқли” деган маънони англатади. Қадимги миллатлар тақвимда қамарий йилни кўпроқ қўллашган. Унга Ойнинг Қуёш атрофидаги ҳаракатида кетма-кет келган иккита бир хил фазаси, соддароқ қилиб айтганда, муайян ой пайдо бўлган кундан янги ой туғилгунга қадар ўтган вақт – 29 кун 12 соат 44 дақиқа 3 сония асос қилиб олинган. Демак, 12 ойдан иборат бир қамарий йил 354,36702 кунга тенгдир. Шу боис оддий қамарий йилнинг тоқ ойлари 30 кундан, жуфтлари 29 кундан, жами эса бутун ҳолда 354 кундан иборат бўлади. Айни чоғда, 354 кундан ортган қолдиқ (0,36702) уч йилда бир кеча-кундуздан ошгани сабабли ўртача уч йилда бир марта қамарий йил узунлиги 355 кун қилиб белгиланади ва арабчада кабиса йил (тўлиқ йил) деб аталади.

Ҳозир араб мамлакатларида фойдаланиладиган қамарий тақвим ХХ асргача асосий аҳолиси мусулмон бўлган бошқа мамлакатлар қатори бизнинг ўлкамизда ҳам қўлланган. Ундаги ойлар ҳар йили шамсий ойлардан 11 кун эрта келади. Инчунин, фақат 33 йилда бир бор эски ўрнига қайтиб, ўзига хос давра қуради. Ислом дунёси рўза, ҳайит, ҳаж каби диний ибодатлар важидан ҳижратга оид шамсий йил ҳисобини эмас, балки қадимги арабларнинг қамарий йил ҳисобини ишлатишган ва уни ҳижрий-қамарий дейишган.

Энди ҳар иккала тақвимда арабча номланган ойларнинг тартиби, ўзбекча маъноси ва неча кундан иборатлиги билан танишайлик.

Муҳаррам (тақиқланган, муқаддас) – биринчи ой, 30 кун. Исломдан аввал ҳам арабларда табаррук саналган бу ойда қабилалараро уруш-жанжаллар ва қон тўкишлар маън қилинган.

Сафар иккинчи ой, 29 кун. Унинг хусусияти бошқа ойларники билан бир хил. Исломга кўра, бу вақтда ҳам турли диний маросимларни ва тўйларни ўтказиш, сафарга чиқиш мумкин. Бинобарин, сафар ойининг бехосиятлиги ҳақидаги миш-мишлар мутлақо асоссиздир.

Рабиул-аввал (аввалбаҳор, баҳор бошидаги) учинчи ой, 30 кун.

Рабиус-соний (иккинчи баҳор, баҳорнинг сўнггидаги) – тўртинчи ой, 29 кун.

Жумодул-аввал – бешинчи ой, 30 кун.

Жумодус-соний – олтинчи ой, 29 кун.

Ражаб – еттинчи ой, 30 кун. Арабистон ярим оролида исломдан олдинги жоҳилия даврида уруш тақиқланган зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ойлари қаторида туради.

Шаъбон ккинчи номи Барот, яъни имтиёз ёрлиғи) – саккизинчи ой, 29 кун.

Рамазон (рўза ойи) – тўққизинчи ой, 30 кун. У Муҳаммад пайғамбарга Қуръони Карим ваҳий қилина бошланган муқаддас ой ҳисобланади ва мусулмонларга рўза тутиш буюрилади. Рўза тутиш эса ҳижратнинг иккинчи йилидан бошланган.

Шаввол (унча катта ёки унча кўп бўлмаган) – ўнинчи ой, 29 кун.

Зулқаъда – ўн биринчи ой, 30 кун.

Зулҳижжа – ўн иккинчи ой, 29 кун.

Марказий Осиёда милодий йил ҳисоби оммавийлашгунга қадар қамарий ва шамсий тақвимлар ишлатиб келинган. Шамсий йил бошида Наврўз байрами кенг нишонланган.

Милодий йил ҳисоби

Кўҳна Рим тақвимида ҳам бир йил қадимги мисрликларнинг шамсий тақвимидагидек 365 кун деб олинган ва унинг ойларга бўлиниши янада мураккаблашган. Устига-устак, боя эслатганимиздек, иккала тақвимда ҳам йил узунлиги тропик йилдан тахминан 6 соат қисқалиги билан ажралиб турган. Шул сабаб баҳорги тенг кунлик ҳар тўрт йилда бир кунга сурилиб, айрим чалкашликларга сабаб бўлган. Рим ҳукмдори Гай Юлий Цезарь уларга барҳам бериш ниятида милоддан аввалги 46-йилда юнон астрономи Созиген таклифи бўйича тақвимга ўзгартиришлар киритган. Унга кўра, ҳар тўрт йилдан бири 366 кунлик (кабиса) йил сифатида қабул қилинган. Йил 12 ойга бўлиниб, тоқлари 31 кун, жуфтлари 30 кун, февраль ойи эса оддий йилларда 28 кун, кабиса йилда 29 кун қилиб белгиланган.

Бу тақвим Юлий календари номини олган. Аммо унда бир йил тропик йилдан 11 дақиқа-ю 14 сония ортиқ бўлгани туфайли ўртадаги фарқ ҳар 400 йилда тахминан уч кунни ташкил қилади. У йиғилиб-йиғилиб, ХVI асрда ўн кунга етади ва баҳорги тенг кунлик 21 мартга эмас, 11 мартга тўғри келиб қолади. Қарабсизки, христиан байрамларини аниқлашда муаммолар пайдо бўлади. Рим папаси Григорий XIII шуни назарда тутиб, 1582 йил 24 февралда италиялик шифокор ва математик Луижи Луллио лойиҳаси асосида ўзига хос ислоҳот ўтказади.

Кейинчалик “Григориан календари” ва “Ғарб календари” номини олган ушбу тақвимда, аввало, ўша йилнинг 4 октябридан кейинги сана 15 октябрга айлантирилиб, баҳорги тенг кунлик 21 мартга қайтарилади. Иккинчидан, тўртга бўлинадиган йиллар Юлий тақвимидаги сингари 366 кун қилиб олинади. Учинчидан, ҳар 400 йилдан 3 кун чиқариб ташланиб, 400 га бўлинмайдиган йиллар 365 кунлик оддий, февраль ойи бир кунга қўшилиши туфайли 366 кунни ташкил этадиган ва тўртга қолдиқсиз бўлинадиган йил эса кабиса йил сифатида эътироф этилади (Иккита ноль билан тугаб, 400 га бўлинмайдиган йиллар бундан мустасно).

Григорий тақвимига биноан, Исо алайҳиссалом туғилган кун илк милодий йилнинг 1 январи ҳисобланади. Тарихнинг мана шу санага қадар бўлган даври эски эра (милоддан аввалги), кейинги босқичи эса янги эра (милодий) саналади.

Янги тақвим замонлар оша дунёнинг кўплаб мамлакатларига тарқалди. Ўзбекистонда эса 1918 йил 14 февралдан қўлланила бошлади. Модомики, шундай экан, энди ундаги лотинча номланган, келиш тартиби сизу бизга яхши маълум ойлар маъноси билан танишайлик:

Январь (Januarius/Janus) – 31 кундан иборат. Қадимги римликларнинг қуёш маъбуди Янус исмидан олинган.

Февраль (februarius – ҳалолланиш ойи) – 28 кунга, кабиса йилида 29 кунга тенг. Бу ном қадимги римликларнинг ҳар йили 15 февралда ўтказилган покланиш маросимига дахлдор.

Март (Маrtius/Mars) – 31 кун. Рим мифологиясида уруш худоси Марс номига қўйилган.

Апрель (aprilis/apricus) – 30 кунлик. Қуёш иситадиган ой маъносида.  

Май (Maius) – 31 кун. Юнон афсоналари бўйича Меркурий худосининг онаси Майя шарафига Майус дейилган.

Июнь (Junius) – 30 кунлик. Қадимги Рим маъбудаси Юнонанинг исми қўйилган.

Июль (Julius Юлий ойи) – 31 кунлик. Милоддан аввалги 45-йилда Рим ҳукмдори Юлий Цезарь номи берилган.

Август (Augustus – олий, муқаддас, улуғ) – 31 кунлик. Рим ҳоқони Октавиан мутлақ ҳокимга айлангач, Сенат унга Август (худолар томонидан шарафланган) фахрий мақомини берган. Бу сўз олдин ой номи, бора-бора ҳукмдорлар унвонини англатувчи атама бўлиб қолган.

Сентябрь (september – еттинчи) – 30 кунга тенг. Кўҳна Римда 1 мартдан бошланувчи ўн ойдан иборат тақвимнинг еттинчи, Григорий тақвимининг тўққизинчи ойи.

Октябрь (оctо – саккиз) – 31 кунлик. Қадимги Рим тақвимининг саккизинчи, Григорий тақвимининг ўнинчи ойи.

Ноябрь (november – тўққиз) – 30 кундан иборат. Эски Рим тақвимидаги тўққизинчи, Григорий тақвимидаги ўн биринчи ой.

Декабрь (юнонча deka, лотинча decem/dekember – ўн/ўнинчи) – 31 кунга тенг. Григорий тақвимининг ўн иккинчи ойи, Юлий тақвими ислоҳ қилингунча ўнинчи ой ҳисобланган.

Албатта, бошқа календарлар сингари милодий тақвими ҳам камчиликлардан холи эмас. Биринчидан, у бўйича ҳисобланса, Исо пайғамбар таваллуд топган сана милоднинг тўртинчи йилига тўғри келади. Иккинчидан, бу тақвимнинг йилбошиси ҳисобланмиш январь ойи ҳар ўн минг йилда жиддий фарққа учрайди. ХI асрда Умар Хайём қуёш санасига таяниб яратган ва Эрондаги салжуқийлар султони Жалолиддин Маликшоҳ томонидан ҳаётга жорий этилган тақвим эса илмий жиҳатдан ёндашганда, ўн минг йилда атиги икки кунга ўзгарадиган даражада пухта бўлган. Афсуски, султон вафотидан кейин у эътибордан четда қолиб кетган…

Тақвимларга оид бундай далиллар мозий дафтарларида жуда кўп.

Абдунаби Ҳайдаров


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!