Ярим асрдан зиёдроқ вақт давомида Исроил —Фаластин муаммоси ўнлаб халқаро анжуманларда муҳокама қилинди, бунга бағишланган қатор учрашувлар ташкил этилди. Сайёрамизнинг энг оловли нуқтаси бўлиб қолган ҳудудда тинчлик ўрнатиш учун дунё сиёсатининг номи чиққан арбоблари, казо-казо амалдорлари ҳаракат қилиб кўришди. Лекин барча уринишлар бесамар бўлиб чиқаверди. Дунё аҳли Фаластин-Исроил можаросига кўникиб қолган ва кўпда эътибор қаратмай қўйган бир даврда Американинг Аннаполис шаҳрида ўтган ҳафта ушбу муаммога бағишланган халқаро анжуман ташкил этилди.
Тўғри, халқаро машваратда мустақил Фаластин давлатининг чегараси, қочоқлар тақдири, Қуддус шаҳрининг мақоми каби муҳим масалаларга тўла аниқлик киритилмади. Лекин барибир қирқдан ошиқ давлат вакиллари иштирокида уюштирилган саммит тинчлик орзусида яшаётган ҳудуд аҳолиси кўнглида умид чироғини ёққандай бўлди.
Аннаполис анжуманининг муҳим муваффақиятларидан бири шундаки, кўпдан буён юз кўрмас бўлиб юрган Фаластин ва Исроил раҳбарлари яна бир маротаба тинчлик масаласида ўзаро фикрлашиш имконига эга бўлишди. Шу боис, бир-бирига душманчилик кайфиятида юрган томонларнинг дипломатия юзасидан бўлсада мулоқотга киришгани эътиборга лойиқ ҳодиса ўлароқ қабул қилинди.
Саммит якунида Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос ҳамда Исроил бош вазири Эхуд Олмерт томонидан берилган қўшма баёнотда ҳудудда тинчликни ўрнатиш йўлидаги ҳаракат яна қайта бошлангани эълон қилинди. Келишувга кўра, икки томондан ҳам махсус музокара гуруҳлари тузилади. Гуруҳлар ҳар ойда икки маротаба мавжуд зиддият ва келишмовчиликларни ҳал этиш юзасидан учрашувлар ўтказади. Анжуман доирасида қабул қилинган ўзига хос сулҳ битимида томонлар тинчлик бўйича амалий тадбирларни 2008 йилнинг сўнггигача тугатиши белгиланган.
Исроилнинг давлат сифатида мавжуд бўлишига кескин қаршилик кўрсатиб келаётган Сурия ҳукумати ҳамда қўшни Саудия Арабистони подшоҳлиги ҳам бу галги саммитда ўз вакили билан иштирок этди. Минтақада ўз ўрнига эга бўлган икки мамлакатнинг тинчлик музокараларига қўшилиши ушбу учрашувнинг ижобий самараларидан бири дейиш мумкин.
Дарвоқе, Аннаполис йиғинида минтақа давлатларидан Эрон иштирок этмаган. Расмий Теҳрон ҳозирга қадар яҳудий давлати масаласида муросасизлик позицияси билан тилга тушган. Ушбу сиёсатга содиқ қолган президент Маҳмуд Аҳмажинажод Исроил-Фаластин муаммосига бағишланган анжуман ҳеч қандай амалий самара бермаслигини таъкидлаган.
Учрашув чоғида аллақачон унутилиб кетаёзган йўл харитаси режаси ҳам эсга олинди. Араб-Исроил ихтилофини бартараф этишга қаратилган режани амалга ошириш учун назорат гуруҳи тузиш зарурлиги таъкидланди. Йўл харитаси режаси 2003 йили Яқин Шарқ муаммосини ҳал этиш бўйича тўртлик – Россия, АҚШ, Европа Иттифоқи ҳамда БМТ томонидан ишлаб чиқилган эди. Ушбу режада Фаластин ва Исроил томони муроса ва келишув асосида зиддиятларни босқичма-босқич бартараф этиши кўзда тутилган. Лекин шу пайтга қадар қабул қилиниб, ижросиз қолган ҳужжатлар каби ушбу режа ҳам амалга ошмади. Йўл харитаси режасига кўра 2005 йилга қадар барча зиддиятлар ҳал этилиб, Фаластин давлати ташкил топмоғи керак эди…
2000 йили яна ўша Кемп-Девид қароргоҳида Фаластин-Исроил раҳбарлари (Ёсир Арафот ва Ёхуд Барак) ўзаро тил топишишга уриниб кўришди. Томонлар маълум келишувга эришгандай бўлиб турган бир пайтда қуролли тўқнашувларнинг авж олиши барча музокараларни пучга чиқарди. Бу орада Исроил ҳукумат тепасига келган Ариел Шарон халқаро ҳамжамиятнинг қаршилигига ҳам қарамасдан Иордан дарёсининг Ғарбий қирғоғида 640 км.лик мудофаа девори қуришга киришди. Шу тариқа Исроил-Фаластин муносабатлари яна боши берк кўчага кириб қолди. Ҳар икки томон раҳбарларининг аччиқни аччиқ кесар қабилида юритган сиёсати оқибатида тинчлик йўлидаги барча битим ва шартномалар ҳам бекор бўлди.
Очиғини айтганда, ўтган ҳафта қабул қилинган баёнотлар ҳали муаммонинг ечилганидан далолат бермайди. Бир томондан, битимларни бугун қабул қилиб, эртага бузишга одатланган давлат бу гал ҳам эски сиёсатини давом эттирмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Иккинчи томондан, Фаластин томони ҳам музокараларда тилга олинган шартларни тўла бажара олмаслиги мумкин. Нега деганда, айни пайтда мўъжазгина Фаластин ҳудудида қўшҳокимиятчилик ҳукм суряпти. Фаластин раҳбари деб юритилаётган Маҳмуд Аббос фақатгина Иордан дарёсининг Ғарбий қирғоғини идора этяпти. Фаластиннинг асосий ҳудуди Ғазо сектори эса мухторият ҳудудидаги яна бир етакчи сиёсий гуруҳ ХАМАС назоратида. Бугун Ғазо ўзининг алоҳида ҳукумати, армияси ва бошқарув идораларига эга. Аннаполисдаги йиғинда иштирок этмаган ХАМАС ташкилоти раҳбари Исмоил Хония аввал-бошданоқ у ерда қабул қилинган қарорларни тан олмаслигини билдирган. Фаластиннинг ўзида парокандалик ва гуруҳбозлик ҳукм сураётган шароитда эса кўзда тутилган вазифаларни амалга ошириш амри маҳол.
Собиржон Ёқубов
«Ҳуррият»дан олинди.