ЮНEСКО, Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ҳукумати Хивадаги тарихий Боғбонли масжидини таъмирлаш ишларини якунлади. Лойиҳа ЕИ томонидан молиялаштирилган ЮНEСКОнинг “Афғонистон, Марказий Осиё ва Эрондаги Ипак йўли мероси йўлаклари – Европа маданий мерос йилининг халқаро ўлчови” ташаббуси доирасида амалга оширилди.
ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси матбуот хизмати хабарига кўра, лойиҳадан кўзланган мақсад маҳаллий ҳамкорлар ва халқаро экспертлар кўмагида масжиднинг тарихий элементларини сақлаб қолган ҳолда бинони мустаҳкамлаш эди.
“Европа Иттифоқи умумий меросимиз ва ўзига хослигимизнинг муҳим қисми бўлмиш маданий меросни асраб-авайлаш, шу билан биргаликда масъулиятли ва барқарор туризм амалиётини рағбатлантиришга содиқ қолади. Ўзбекистонда биз маҳаллий ҳамжамият ва ҳокимият вакиллари билан мамлакат бой маданий меросини келажак авлодлар учун сақлаб қолиш борасидаги ҳамкорлигимизни давом эттиришга тайёрмиз”, – деди ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан хоним.
ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги вакили Сара Ношадига кўра, ушбу халқаро тузилма ҳам Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданий хилма-хиллигидан далолат берувчи Хива маданий меросини асраб-авайлаш тарафдоридир.
Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Хиванинг Ичанқалъа шаҳрида жойлашган Боғбонли масжиди ХIХ асрда қурилган бўлиб, ички ҳовли ва икки кичик хонадан иборат. Масжид ўзининг ХIV асрга оид иккита ёғоч устуни, нақшлар билан безатилган том қисми, шунингдек, маҳаллий ҳунармандларнинг беназир маҳоратини ўзида акс эттирган мураккаб ёзувлардан ташкил топган айвони билан ажралиб туради.
Мавзуга доир мақолалар:
Сурхондарёда Европа Иттифоқи кўмагида 1,6 миллион евролик дастур ишга туширилди. 09.09.2022
Шарлотта Адриан: “Европа Иттифоқи бу йўлни Ўзбекистон билан бирга босиб ўтди”. 01.09.2022