Сурхондарёда Европа Иттифоқи кўмагида 1,6 миллион евролик дастур ишга туширилди

Ўзбекистон оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Европа Иттифоқи ва ЮНИСEФ ҳамкорлигида Сурхондарё вилоятида инклюзив таълим, ижтимоий хизматлар ва ҳуқуқий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш дастури ишга туширилди. ЕИнинг ушбу дастурга қўшган ҳиссаси 1,6 миллион еврони (тахминан 17 миллиард сўм) ташкил қилади.

Маҳаллаларда болалар, ёшлар, оилалар учун кўрсатиладиган ижтимоий хизматларни яхшилашга қаратилган дастур доирасида тахминан 35 минг кишини қамраб олиш режалаштирилган. Дастурда асосий эътибор бир қатор сабабларга кўра, жумладан, зўравонлик, миграция, Афғонистондан кўчишга мажбур бўлгани боис мушкул аҳволда қолган болалар, ёшлар ва оилаларга қаратилади.

“Бу – ўзаро ҳамкорлик, интеграциялашув ва бирдамлик учун умумий маконларни яратиш орқали маҳаллий ҳамжамият, жумладан, афғон халқининг ижтимоий ҳамжиҳатлиги ва фаровонлигини оширишга қаратилган кўп босқичли стратегияга эга муҳим воқеадир. Шу тариқа Европа Иттифоқи Ўзбекистонни ҳамда унинг кучли ва барқарор жамият қуриш йўлидаги саъй-ҳаракатларини, шунингдек, ёрдамга муҳтож афғонлар, жумладан, қўшни давлатлардагиларни қўллаб-қувватлашини билдиради”, – дейди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан.

ЮНИCEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаденинг таъкидлашича, кенг аҳоли қатлами, айниқса, унинг энг заиф бўғини ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам хизматларидан тенг фойдаланиш имконига эга бўлса, ҳамжамиятлар ҳам барқарор ва фаровон бўлади.

ЕИ делегацияси матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу грант доирасида ижтимоий адолатни илгари суришда бевосита иштирок этувчи ижтимоий хизмат ходимларининг салоҳиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилади. Дастур, шунингдек, кўп тилли мактабгача ва мактаб инклюзив таълими компонентларини, ихтисослаштирилган юридик ёрдам хизматларини ва танланган гуруҳ ёшлари учун кўникмаларни ривожлантириш йўналишларини ҳам ўз ичига олади.

Аввалроқ Ўзбекистондаги Афғонистон фуқароларининг таълим олишини қўллаб-қувватлаш бўйича Европа Иттифоқи ва БМТ Тараққиёт дастурининг янги ташаббуси ҳақида хабар берилган эди. Жумладан, элчи Шарлотта Адриан ЕИ оғир шароитдаги Афғонистон халқини қўллаб-қувватлашда давом этиши, жумладан, Афғонистон ва қўшни давлатлардаги афғонларни соғлиқни сақлаш, таълим каби йўналишларда қўллаб-қувватлаш бўйича 268 миллион евродан ортиқ янги лойиҳалар имзоланганини маълум қилганди.

Мазкур лойиҳалар доирасида мамлакатимизда вақтинчалик истиқомат қилувчи жами 138 нафар Афғонистон фуқаролари учун бир йиллик ва уч ойлик ўқув курслари ташкил этилган.