6 январь куни Тошкентда Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганининг 24 йиллигига бағишланган концерт бўлиб ўтди. Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театрида уюштирилган тадбирни Хитойнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сунь Лицзе очиб берди.
Дипломат ўтган 24 йил давомида Хитой ва Ўзбекистон ўртасида турли соҳаларда ҳамкорлик изчил ривожланганини қайд этди.
“Икки давлат раҳбарлари ўртасида дўстона муносабат ўрнатилган, мамлакатлараро стратегик ишонч мустаҳкамланмоқда. Савдо, сармоя, маданият ва хавфсизлик каби жабҳаларда икки томонлама ҳамкорлик босқичма-босқич кенгаймоқда, халқаро ташкилотлар доирасидаги робиталар ҳам мустаҳкамланмоқда”, – деди Хитой элчиси.
Ўтган 2015 йилда ҳам олий даражадаги учрашувлар давом этди. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва ХХР Раиси Си Цзиньпин 2015 йил июль ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммити доирасида Уфа шаҳрида учрашди. Президент Ислом Каримов 2015 йил сентябрда ХХР Раисининг таклифига биноан Пекин шаҳрига борди ва Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 70 йиллигига бағишланган тантаналарда қатнашди.
Сунь Лицзе Хитой раҳбарияти илгари сурган Буюк ипак йўлининг иқтисодий белбоғини яратиш лойиҳаси ғоят муҳим эканини таъкидлади. Қайд этилишича, мазкур халқаро ташаббус Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаради.
Хитойлик дипломат ўзаро манфаатли ҳамкорликни олиб боришда томонларнинг терроризм, экстремизм, сепаратизм, наркотрафик, ноқонуний қурол савдоси ва хавфсизликнинг бошқа таҳдидлари бўйича муштарак қарашда экани муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
Икки давлат муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилган. Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация, Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги қўшма декларация дўстона муносабатларни изчил тараққий эттиришга хизмат қилмоқда.
Маълумотларга қараганда, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсмоқда. Бу кўрсаткич сўнгги 6 йилда 3 карра ортиб, 2014 йилда 4,7 миллиард АҚШ долларига етди. Юртимизда Хитой сармояси иштирокида тузилган беш юздан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Шу билан бирга, Хитой билан ҳамкорликда қатор йирик инвестициявий лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Хитой элчиси Сунь Лицзе янги 2016 йилда ҳам стратегик шериклик ва дўстона ҳамкорлик барқарор давом этишига ишонч билдирди.
Концерт давомида Ўзбекистон симфоник оркестри ва таниқли хонандалар томонидан хитой ва ўзбек куй-қўшиқлари ижро этилди.
1992 йил 2 январда икки давлат ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилган. Мазкур сана муносабати билан Хитой элчихонаси ҳар йили Тошкентда анъанавий концерт ташкил этади.
Собир Салим