Шуҳрат Ризаев: “Юксак маҳорат — асосий мезон” (2013)

Ўтган йигирма йил мобайнида бошқа соҳаларда бўлгани каби адабиётимизда ҳам туб ўзгаришлар, янгиланишлар бўй кўрсатгани сир эмас. Бу жараён бугунги кунда ҳам тез ва изчил давом этаётир. Адабий жараён билан қадам-бақадам юриш, янгиликларни ўз вақтида илғаш ва таҳлил этишга танқидчилигимиз улгура олаяптими?

— ХХ асрнинг охири ва ХХI аср бошлари ўзбек адабиёти ҳақида гапирилганда, энг аввало, тамомила янги сифат ўзгаришига юз бурган, тўла маънода ислоҳ этилган адабиёт борасида фикр юритилади. Бу, албатта, биринчи навбатда ғоявий-мазмуний ўзгариш билан боғлиқ. Чунки биз узоқ йиллар орзу қилган ва асарларимизнинг таг-қатламларида қай даражада айтиб, ўқувчига сездиришга уринган ҳақиқатлар шу даврга келиб воқеликка айланди. Яқин ўтмишда гоҳи таъма ва манфаат илинжида тараннум этилган шўро мафкураси ғоялари тамомила инкор этилди ва тафаккуримиздан ўчирила бошланди. Натижада сунъий ғов билан тўсилган жўшқин дарё тўғонни бузиб, ўзанларига сиғмай, тўлиб-тошиб оққани каби бадиий ижод дунёсида ҳам сон жиҳатдан кўп, турли-туман асарлар пайдо бўлди. Албатта, улар орасидан яхши-ёмонини ажратиб олиш анчагина мураккаб кечди. Лекин шунга қарамай, бу жараённи табиий ва ижобий ҳодиса сифатида қабул қилиш керак. Йўқдан бор этгунча, кўпидан саралаган маъқулроқ. Бинобарин, шундай катта эпкин олдида адабиётшунослик ва танқидчиликнинг ҳам даврга мослашиб олиши бироз қийин кечишини табиий ҳолат сифатида баҳолаш керак.

— Замонавий ўзбек адабиётшунослиги қандай бўлиши керак? Бу борада мунаққидларимиз баҳоли қудрат ўз мулоҳазаларини баён қилиб келмоқдалар. Бироқ негадир янги адабиётшунослигимиз мезонлари тўғрисида жиддийроқ фикр-мулоҳазалар кам. Бу мезонлар қандай манбаларга ва қоидаларга асосланиши лозим, деб ўйлайсиз?

— Янги адабиётшунослик мезонлари ҳақида сўзлайдиган бўлсак, бир қатор олимларимизнинг сўнгги пайтларда эълон қилинган китоб ва мақолалари ҳамда матбуотдаги чиқишларини эслатиб ўтиш кифоя. У.Норматов, А.Расулов, Н.Раҳимжонов, Б.Назаров, Қ.Йўлдошев, Ҳ.Болтабоев, Қ.Қаҳрамонов, С.Мелиев, Д.Қуронов, А.Улуғов, Б.Каримов, У.Жўрақулов ва бошқа адабиётшуносларнинг тадқиқотларида замонавий ўзбек адабиётшунослиги учун зарур мезонлар ва ҳодисалар ҳақида кўплаб фикрлар айтилди. Тан олиш керак, ҳозирги пайтда жаҳон адабиётшунослик илми назарий-эстетик мезонлар борасида кўпгина янгича концепцияларни таклиф этмоқда. Улар билан қадам-бақадам юриш учун муайян маълумотлар жамламасига эга бўлмоқ лозим. Бизда, афсуски, ана шу махсус маълумотлар базаси ҳали тўлиқ шакллангани йўқ. Назаримда, биз шу пайтгача Ғарб антик дунёсидан ва Шарқ мумтоз адабиётшунослигидан бошлаб ўрганган барча билимлар, назарий қарашлар, амалий таҳлил усул ва услубларига жаҳон эстетик илми илгари сураётган энг сўнгги мезон ва ёндашувларни ҳам уйғунлаштириб ўзлаштирсак, шу билан бирга унга ўз адабиётимиз ва адабиётшунослигимиз тажрибаларини ҳам қўша билсак, айни хос томонларини назарда тутиб энг янги мезонларни ишлаб чиқсак, шунда соҳага оид кемтикликни тўлдирган бўламиз.

— Миллий менталитет тушунчаси ижодкор асарларида қай даражада аҳамият касб этади?

— Муайян миллатга мансуб ижодкорнинг асарида муайян даражада миллий хусусиятлар акс этиши муқаррар. Қайси миллатга мансублиги ёки қайси халқ орасида шаклланиб, қандай ижтимоий-маънавий муҳитда тарбия топганига қараб ёзувчининг асарларида сиз айтган жиҳатларни, албатта, сезиш мумкин. Дейлик, бир маконда туғилиб, бутунлай бошқа бир заминда ва жамиятда шаклланган ижодкорда унисига ҳам, бунисига ҳам тегишли хусусиятлар акс этиши мумкин. Масалан, рус ва инглиз адиби ҳисобланадиган Владимир Набоков рус муҳитида ўспирин пайтлари шаклланиб, умрининг асосий қисмини Европа ва Америкада ўтказди, рус ва инглиз тилида ижод қилди. Уни олимлар рус ва инглиз тасаввури, фикрлаш тарзининг ғаройиб омухталиги сифатида таҳлил ва талқин этадилар. Кимлардир уни рус тилини “расво” қилганликда айбласа, кимдир ўзига хос феномен дейди. Бинобарин, ҳақиқат шуки, В.Набоков икки миллий маданиятнинг қоришиқ маҳсули. Бироқ синчи-танқидчилар худди томография усулини қўллагандек, унинг романлари таҳлилида қаерда рус, қаерда америкаликнинг табиати бўй кўрсатиб турганини аниқ айтиб, асослаб берадилар. Демак, муайян ижодкорни, ижодидан келиб чиқиб, бирор-бир миллат ё элатга мансублигини айтса бўлади. Аммо қачонки ижодкор ўз қобиғидан юксалиб, умумбашарий, маданий-маърифий хазинадан баҳраманд бўлса ва уни ўз асарларида муштарак этолса, шундагина у ҳам миллийлик, ҳам умуминсонийликни уйғунликда намоён қила билади. Яна бир мисол. Тоғай Мурод 70-80 йилларда адабиётимизда соф миллий характерларнинг, миллий қадриятларнинг ва бадиий тилнинг ниҳоятда оҳорли, ўзига хос бир шаклини таклиф этди. Бу асарлар ҳар қанча миллий бўлмасин, уларда умуминсоний ғоялар, қаерда яшашидан қатъий назар, барча учун бирдек аҳамиятли масалалар қаламга олинди. Демоқчиманки, ҳар қандай миллий менталитетга хос жиҳатлар умуминсоний миқёс касб этмас экан, узоқ умр кўра олмайди.

— “Танқид адабиётни олға сурадиган куч бўлиши билан бирга ёшлар учун мактаб вазифасини ўтайди. Афсуски, ёшларимиз ана шу катта мактабдан маҳрум”. Абдулла Қаҳҳор “Ёшлар билан суҳбат” китобида таъкидлаб ўтган бу мулоҳаза бугунги кунда ҳам ўринлидир десак, янглишмаган бўламиз. Зеро, ёш ижодкорлар билан суҳбатларимизда улар жиддий эътибор ва холис эътироф асосидаги адабий муҳитнинг етишмаётганини таъкидлашади. Адабий назоратни, адабий муҳит талабларини янада кучайтириш, устоз-шогирд анъанасини мустаҳкамлаш учун нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз?

— Абдулла Қаҳҳорнинг танқид ва ёшлар хусусидаги фикрлари, ҳақиқатдан ҳам, бугунги кунда долзарблигини йўқотмаган. Чунки танқид ва танқидчилик касби, асосан, истак ва ташаббуснинг натижаси сифатида яшаб турибди. Ваҳоланки, бу соҳа ўзига хос бир йўналиш ўлароқ профессионал ёндашув ва бевосита профессионал кадрларни талаб қилади. Бирон-бир асар ҳақида унинг муаллифи билан таниш-билишлиги, дўст-душманлиги сабаб мақтаб ёки ёмонлаб ёзиш — бу умуман асл танқидчиликка бегона ҳолатдир. Афсуски, бу ҳолат меъёрга айланиб, илдиз отиб бормоқда. Ёш ижодкорларнинг ўзлари учун адабий муҳитнинг етишмаётгани ҳақидаги фикрлари тўғри эмас. Балки уларни асарларига танқидчиларнинг эътиборсизлиги ташвишлантираётган бўлса, буни фақат муҳит етишмаётганлиги билан изоҳлаш тўғри бўлмайди. Мунтазам ўтказилаётган ёш ижодкорларнинг семинарлари, Ёзувчилар уюшмаси қошидаги тўгараклар, дастлабки китоблар ва уларнинг тақдимоти билан боғлиқ тадбирлар — буларнинг барчаси адабий муҳит эмасми?! Дўрмондаги ижод уйи йил-ўн икки ой ҳаваскор ижодкорлар учун эшикларни ланг очиб қўйибди. Уюшма ҳузурида ишлаётган 8 та ижодий кенгаш ўз режаларида ёшлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Лекин масаланинг бошқа бир жиҳати ҳам бор. Ёшларнинг “чиллаки” тўпламлари ҳали маромига етмасидан, китоб бўлиб чиқаяпти. Мактаб болалари “иккита, учтагача китоб муаллифиман”, деб кўкрак кериб юргани ҳам ёлғон эмас. Лекин буларнинг барчаси ўзи йўқ талантни бор қилиб, кимгадир росмана ҳусн бағишлай олмайди. Пуфак, ҳар қанча шиширманг, охир-оқибат ёрилади. Ҳақиқий зар эса минг йиллаб тупроқ остида ётганида ҳам зарлигича қолиб, бир сидра артсанг, кўзни қамаштиргувчи жозибасини намоён этади.

— Яқинда таниқли шоира Ҳалима Аҳмедова билан бугунги кун драмаси ҳақида суҳбатлашиб қолдик. Ҳалима опа янги драма ёзганлигини, бироқ уни театрда қабул қилишмаганини айтди. Бундай мураккаб, бошдан-охир фалсафага асосланган асар билан театр биносини тўлдириб бўлмас экан. Фақат маиший мавзуларга ўралашиб, томошабиннинг дидини ўтмаслаштириб қўймаяпмизми?

— Театр шундай санъат йўналишики, саҳнада хоҳ тарихий воқеа, хоҳ замонавийлик акс этишидан қатъий назар, бу кўз ўнгингизда намоён бўлади. Биз театрда тарихий асарларни томоша қилар эканмиз, уни фақат маълумот олишдек маърифий миссиясига кўра қадрламаймиз. Аксинча, муайян тарихий воқеа асосидаги спектакл қай бир ғоявий-бадиий жиҳатлари билан шу кунимизга хизмат қилаётганини ҳис этиб турамиз. Худди шундай замонавий асар ҳам, агар талқин ва бадиий таҳлиллар бугунги кун кайфиятини акс эттирмаса, демак замонавий асар деган таърифдан йироқ. Драманинг об-ҳавоси эскирган эмас, соҳада юксак профессионалларнинг тақчиллиги мавжуд, холос. Нопрофессионаллик маиший мавзуларга ўралашиб, томошабинни енгил-елпи йўл билан ўзига жалб этиш ниқобига ўранган.

Истеъдодли шоира Ҳалима Аҳмедованинг янги драмаси ҳақида эса (янглишмасам, бу унинг илк пиесаси), уни ўқиган бир мутахассис сифатида айтишим мумкинки, унинг асари драматургик малака нуқтаи назаридан унча тайёр эмас. Ҳар қандай мавзуни, соддами-мураккабми, санъат асарига айлантириш, саҳна ёки экранга олиб чиқиш мумкин. Фақат бу мавзуни ёки муайян қаҳрамонни маиший қобиқда қолдирмай, юксак ижтимоий зарур ҳодисага айлантира билиш лозим. Яна бир муҳим гап. Балки энг муҳими ҳам шудир, драма бу ҳаракат дегани – жисмоний, руҳий, шуурий… ва ҳоказо. Сўз, бадиий сўз ҳаракатга асосланиши, аниқроғи, ҳаракатдаги сўз бўлиши лозим. Кўпчилигимизда фикр диалогларда ифодаланса, ана шу драма асари дегани бўлади, қабилида саёз тасаввур бор. Жонли сўз, ифода муайян ҳаракат содир этилиши учун восита. Нима учун Софокл, Шекспир, Чехов, Ҳамза каби драматургларни истаган пайтда, исталган талқинда саҳналаштириш имконияти бор. Бу уларнинг асарларида инсоннинг мураккаб ҳаёти, руҳий олами билан боғлиқ масалаларнинг жонли ҳаракатдаги юксак бадиий ифодаси топилганлиги билан изоҳланади.

Қизиғи шундаки, бу асарларнинг барчасида айнан маиший мавзулар қаламга олинади. Аммо ҳеч ким уларнинг ушбу мавзуда эканига аҳамият бермайди. Чунки улар севги, хиёнат, садоқат, рашк, олижаноблик, фидойилик, сотқинлик… каби одатий инсоний фазилат ва қусурларни шунчаки енгил-елпи кўрсатмай, аксинча, бор моҳияти, туб илдизи, миқёси, ижтимоий юки билан салмоқдор ҳодиса даражасига кўтара оладилар. Яна бир фикр. Бугун ўзбек театрида режиссура масаласининг анчайин тақчиллиги билиниб қолаяпти. “Ўзбектеатр” бирлашмаси бу нарсани англаб, ёш истеъдодларни юзага чиқаришга астойдил уринаяпти. Аммо ҳозирча муаммо ҳал бўлди, деб айта олмаймиз. Демоқчиманки, режиссурадаги тақчиллик туфайли саҳна асарларимизнинг аксарияти юксак бадиий даражага кўтарила олмаяпти. Режиссёр, драматург ҳамкорлиги ҳозирда ҳар қачонгидан долзарб бўлиб турибди.

— “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Адабий инновация эҳтиёжи” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Муаллиф фикрича, адабий инновация ривожланмагани боис ўзбек адабиётининг мана ман деган асарлари жаҳон адабиёти майдонига чиқа олмаётган экан…

— Адабий инновация масаласи янги даврнинг энг янги ва ниҳоятда муҳим талабларидан бири. Узоққа бормай, сўнгги 20 йил оралиғида яратилган асарларимиздан энг сараларини ажратиб, турли етакчи хориж тилларига таржима қилиб (албатта, бадиий таржима назарда тутилади), дунёга чиқара билсак, ўзбек адабиётига муносабат ҳозиргига қараганда анчагина яхши томонга ўзгариши мумкин. Бугунги адабиётимиз хоҳ прозада, хоҳ шеърият ёки яна бошқа жанрларда бўлсин, жаҳонга чиқишга арзигулик намуналарини бермоқда. Ёзувчилар уюшмасида мана шу масалаларни ҳал этиш учун жанр йўналишлари бўйича ижодий кенгашлар томонидан антологиялар тайёрланяпти. Ана шу антологияларни хорижий тилларга таржима қилиб, дунёга тарқатиш учун уюшмада муайян тадбирлар режалаштирилаяпти. Бу, албатта, келгусида самара берса ажаб эмас. Бинобарин, мазкур антологияларга кирган ижодкорлар профессионаллар сифатида Ёзувчилар уюшмасининг мингга яқин аъзолари орасидан саралаб олинган.

Ўзбек адабиётини юксак бадиий таржималар орқали дунёга олиб чиқиш ниҳоятда катта ташкилий-амалий жараённи талаб этади. Данте, Шекспир, Гёте, Пушкин асарларини таржима қилиб, дунёга ёйиш бўйича махсус ташкилотлар ишлайди, катта-катта маблағлар сарфланади. Бизда ҳам ана шундай ташкилий-амалий жараён учун дастлабки қадамлар ташланяпти. Яъни Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги “Ижод” фондининг асосий вазифаларидан бири мана шу мақсадларга йўналтирилган. Лекин буни ақл билан оқилона ташкил этиш — мана бу муҳимлардан муҳимроқ вазифа. Ўйлайманки, вақти билан биз бу йўналишда маълум бир самараларга эришамиз.

Мухтасар Тожимаматова суҳбатлашди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 1-сонидан олинди.