Германиянинг Мюнхен шаҳрида халқаро хавфсизлик масаласида ташкил этилган 43-анжуман дунё матбуоти диққат марзазида бўлди. Халқаро сиёсатнинг муҳим масалалари муҳокама этилган тадбирда дунёнинг 40 дан ортиқ давлатидан ташриф буюрган 250 дан зиёд сиёсатдон иштирок этди. Россия президенти Владимир Путиннинг Мюнхен анжуманида қилган маърузаси кўпчиликнинг эътиборини тортди. Чунки Россия раҳбарининг бу галги чиқишида халқаро сиёсатга дахлдор нозик масалалар очиқ-ошкора муҳокама қилинди.
Россия раҳбари, энг аввало, ҳалигача амал қилиш механизмига эга бўлмаган халқаро ҳуқуқий муносабатлардаги инқирозли ҳолатни танқид қилди. Президент маърузасида бу ҳолатнинг асосий сабаби сифатида БМТнинг ўз зиммасига олган вазифаларни бажара олмаётгани кўрсатилди.
Владимир Путин фикрича, НАТОнинг охирги йиллардаги кенгайиши Европада хавфсизликни мустаҳкамлашга ҳеч қандай ижобий таъсир кўрсатмайди, аксинча, мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ишончга путур етказади. Россия раҳбари Варшава шартномаси ташкилоти тугатилган пайтда НАТО бош котиби ҳарбий иттифоқнинг қўшинлари Германиядан шарқда жойлашган давлатларга жойлаштирилмаслигига ваъда бергани, бироқ бу кафолат бузилаётганини эсга олди.
Президент Путин маърузасида айтилишича, СССР ва АҚШ ўртасида 1980-йилларда ўрта ва яқин масофага учувчи ракеталарни тугатиш тўғрисида шартнома имзоланган эди. Бироқ битимга Вашингтон томони риоя этмади ва шу боис ҳам мазкур турдаги ҳарбий ракеталар Жанубий Корея, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Исроил, КХДР каби давлатларга тарқаб кетди.
Россия раҳбари яна бир муҳим муаммо сифатида АҚШ томонидан фазода қуролланиш жараёни жадаллашаётганидан хавотир билдирди. Президентга кўра, ҳозирги вазиятда салбий ҳолатнинг олди олинмаса, ядро таҳдидидан ҳам оғирроқ оқибатларга олиб келиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Конгресс томонидан кўриб чиқилаётган АҚШнинг 2008 йилга мўлжалланган бюджет лойиҳасида ҳарбий-фазовий харажатларни 25 фоизга ошириш кўзда тутилган. Шу тариқа Қўшма Штатларнинг фазовий қуролланиш учун сарфлаётган маблағи 2008 йилда 6 миллиард долларга етади.
Маълумки, АҚШ охирги пайтларда Шарқий Европа давлатлари, хусусан, Полша ва Чехия ҳудудида ракетага қарши мудофаа тизимини ўрнатишга уриняпти. Бу ҳаракатга муносабат билдирган президент Путин Россия бу борада муносиб жавоб беришга тайёрлиги, мамлакат бундай ташқи тизимларни маҳв этишга қодир қуролга эга эканини эслатиб қўйди. Россия раҳбари фикрича, Полша ва Чехияда ракетага қарши мудофаа тизимининг ўрнатилиши нафақат Федерация, балки дунё хавфсизлигига таҳдиддир.
Эрон ядро қуроли масаласи теграсидаги мунозараларни ёдга олар экан, Россия етакчиси бу муаммони ақлга суянган ҳолда ҳал этиш кераклигини уқтирди.
С. КАМОЛОВ