Фатҳулла Гулен омили Россия ва Марказий Осиё учун хатарлидир. Бу ҳақда Россиядаги Шарқшунослик, халқаро алоқалар ва жамоатчилик дипломатияси маркази директори, турколог Владимир Аватков Sputnik Türkiye нашрига берган интервьюсида маълум қилган.
“Гуленга тегишли ташкилотлар собиқ Иттифоқ ҳудудида анча таъсирли фаолият кўрсатмоқда ва Гулен омили мазкур минтақада салбий омиллардан бири бўлиб қолаётир. Кўплаб экспертларнинг бу борадаги хавотири Туркия давлати ва турк халқи эмас, балки Гулен омили туфайли пайдо бўлаётган эди. Туркияда ҳам жуда қудратли бўлган ушбу тузилма таълим, ички ишлар, мудофаа ва хавфсизлик тизимларида мустаҳкам таянчга эга ҳисобланган. Гулен омили Россия учун ҳам хатарлидир. Шунинг боис Туркияда мазкур тузилмага қарши олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш лозим”, – деган сиёсатшунос В.Аватков.
Таҳлилчига кўра, собиқ Иттифоқ ҳудудида, жумладан, Марказий Осиё мамлакатларида фаолият кўрсатган, Гуленга тегишли мактабларнинг битирувчилари билиб-билмай Гуленга оид тузилмаларнинг манфаатларига хизмат қилмоқда. Минтақа учун хавфли жиҳат ҳам айни шунда.
Владимир Аватков Фатҳулла Гулен тарафдорлари Россияга дўст бўлмаслиги ва уларнинг эркин фаолиятига йўл қўймаслик лозимлигини таъкидлаган.
“Туркияда Гуленга алоқаси бўлганлар FETÖ/PDY дея аталади. Россияда ҳам FETÖчилар мавжуд бўлиб, вақти-вақти билан овозлари чиқиб туради. Улар асло Россиянинг дўсти бўла олмайди ва мамлакатимизда ҳар қандай ҳолатда ҳам фаолият кўрсатмасликлари лозим. Хорижий диний ташкилотнинг мамлакатимиз ички сиёсати ва муҳитига аралашувини қабул қилиб бўлмайди. Сирасини айтганда, Россия FETÖчилардан тозаланиши керак”, – дея қайд этган В.Аватков.
Сиёсатшуноснинг маълум қилишича, Россия Президенти Владимир Путин ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон ўртасида жорий йил 9 август Санкт-Петербургда бўлиб ўтган учрашувда ҳам муҳим халқаро масалалар қаторида Фатҳулла Гулен назоратидаги тузилма муаммоси муҳокама этилган.
“Россия ушбу тузилмани салбий ва хавфли омил ўлароқ кўрмоқда. Уларнинг фаолияти натижасида яхлит мамлакат парчаланиши ҳеч гап эмас. Ушбу тузилма “халқлар дўстлиги” ва “толерантлик” каби чўпчаклар билан асл мақсадини хаспўшлашга уринади. Лекин келажакда нималар содир бўлиши эҳтимолини идрок этишимиз, Туркиядаги мавжуд ҳолатни эътиборга олишимиз керак. FETÖ Туркиянинг ички сиёсатига салбий таъсир кўрсатмоқда. АҚШ ҳам бу хавфни ҳали-ҳануз идрок эта олганича йўқ. АҚШ FETÖчилардан ўз манфаати йўлида фойдаланаман деб ўйламоқда. Лекин аслида FETÖчиларнинг ўз манфаати йўлида АҚШдан фойдаланиши эҳтимоли юқорироқ”, – деган В.Аватков.
Олимнинг уқтиришича, Россия ва Туркия Фатҳулла Гулен тузилмасига қарши бир ёқадан бош чиқариб курашиши, бу йўлда аввало мазкур тузилмани террорчи ташкилотлар рўйхатига киритиши лозим.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 15 июль куни Туркияда давлат тўнтаришига уриниш рўй берди. Туркия раҳбариятига кўра, мазкур жиноят АҚШда яшаётган Фатҳулла Гулен ва унинг террорчи ташкилоти томонидан уюштирилган. Расмий Анқара АҚШдан Фатҳулла Гуленни Туркияга экстрадиция қилишни сўраб мурожаат йўллаган.
Давлат тўнтаришига уриниш вақтида 230 дан ошиқ киши ҳалок бўлган, 2000 дан ортиқ киши жароҳатланган.
Ҳарбий исён халқаро ҳамжамият томонидан кескин қораланган.
Собир Салим
Шу мавзудаги мақола:
Туркия: 15 июль фитнаси қатнашчилари жазосиз қолмайди. 18.07.2016