Кибриё Қаҳҳорова: “Мен дардимни кимга айтаман?” (1989)

Бугунги кунда Кибриё Қаҳҳоровани журналхонларимизга махсус таништириб ўтиришга ҳожат йўқ. Сабаби, адабиёт мухлислари ва кенг жамоатчилик уни моҳир таржимон, классик меросимизнинг зукко билимдони ҳамда машҳур ёзувчимиз Абдулла Қаҳҳор ижодининг толмас тарғиботчиси сифатида яхши билишади.

Айниқса, эҳтирос ва жасорат билан ёзилган «Чорак аср ҳамнафас» номли китоби устоз хотирасига қўйилган муносиб ёдгорликка айланди. Бу жажжи китоб барча ўзбек хонадони тўридан жой олди. К. Қаҳҳорованинг узоқ йиллик заҳматли меҳнатлари туфайли бугунги кунда ўзбек китобхонлари Н. В. Гоголь, Л. Н. Толстой, М. Горький каби буюк рус ёзувчиларининг оламни забт этган нодир асарларнни ўз она тилларида ўқишга муяссар бўлдилар. «Уруш ва тинчлик»дек шоҳ асарнинг ҳар бир жумласи, ҳар бир сўзини ўзбек тилида аслига монанд ҳолда тиклаш қанчалик оғир меҳнат эканини кўз олдингизга келтириб кўринг! Таржимон бу заҳматли ва айни замонда завқ ва сурурга тўла ишни беминнат адо эта олди.

Кибриё Қаҳҳорова ўзбек, тожик, форс, рус тилларини мукаммал билади ва бу тилларда бунёд этилган адабиёт дурдоналаридан баҳраманд бўла олади. Шунинг учун ҳам у ўзбек тилига форс-тожик адабиётининг нодир намуналарини («Нодир ҳикоятлар» тўплами) таржима қилиб, бу борада ҳам ўз маҳоратини намойиш эта олди.

К. Қаҳҳорова ўзбек адабиётини қардош Тожикистонда тарғиб қилишда ҳам фаол жонбозлик қилиб келмоқда. У устоз Абдулла Қаҳҳорнинг қатор ҳикоя ва қиссаларини тожик тилига таржима қилиб, Душанбе шаҳрида нашр эттирди. «Сароб» романи ҳам шу кунларда чиқиш арафасида турибди.

Адибанинг изланиш доираси кенг. У ҳозирги ҳаётимизда қизғин кетаётган қайноқ жараёнларга, долзарб муаммоларга фаол муносабат билднради, она тилининг софлиги, ҳар бир сўз, иборанинг ўз ўрнида ишлатиш зарурлиги ҳақида куюниб гапиради. Адабий меросимизни нашр этишда йўл қўйилган айрим пала-партишликларни бартараф этишдан асло эринмайди.

Опамиз ҳозир 75 ёшдан ошди. Аммо хотиржам яшашни, ижод заҳматидан холи бўлишни хаёлига ҳам келтирмайди. Ана шу куюнчаклик, бедорлик, тиниб-тинчимаслик опанинг бахти, қисматига айланиб кетган десак муболаға бўлмас.

Бугунги суҳбатимизда Кибриё опа кўпдан бери дилини безовта қилиб юрган айрим муаммолар ҳақида гапириб берди.

— Қайта қуриш шарофати билан биз жуда кўп дарду ҳасратларимизни рўй-рост айтиш, узоқ йиллардан бери кўнглимизда тугун бўлиб ётган дардларимизни ечиш имкониятига эга бўлдик. Ҳаммадан кўра мени ташвишга солаётган нарса биздан кейинги авлоднинг адабий меросимиздан маҳрум бўлиб қолиши масаласи. Қайси бир «ташаббускор»нинг таклифи билан биз 29-йилда араб алифбосидан воз кечиб, лотин алифбосини қабул қилдик. Кейинчалик бу ҳам бўлмади шекилли, «криллица»га ўтдик ва шу билан одамларни чаласавод қилиб қўйдик.

Ҳозирги даврда, модомики биз қайта қуриш муносабати билан ўтмишда йўл қўйган хатоларимизни тузатар эканмиз, биринчи навбатда ишни ўзимизнинг қадимул айёмдан қолган алифбомизни, араб алифбосини тиклашдан бошлашимиз керак.

Менинг назаримда бу ишни ибтидоий мактабдан, бошланғич синфлардан бошлаш керак. Араб, форс-тожик тиллари таълими ҳам ўрта мактабдан йўлга қўйилса мақсадга мувофиқроқ бўлур эди. Бу тилларни билмасдан туриб адабиётшунос олим бўлиш сира мумкин эмас. Мана Машрабнинг бир муссаббаини олинг:

Эй ғунчаи навхези гулистони малоҳат
Эй тозаниҳоли чаманоройи назокат
Зулфи сияҳинг фитнаю холу хатинг офат
Йўлингда тегар бошима минг санги маломат.

Агар биз бу сатрларни тожик тилига ўгирмоқчи бўлсак қуйидагича бўлади:

Эй ғунчаи навхези гулистони малоҳат
Эй тозаниҳоли чаманоройи назокат.
Зулфи сияҳат фитнаю холу хатат офат
Дар роҳи ту резад ба сарам санги маломат.

Мана кўриб турибсизки, охирги сатрни истисно қилганда ҳаммаси тожикчада ҳам айнан. Шунинг учун ҳам биз адабий меросимизни чуқур ўрганаман десак, форс-тожик тилини яхши билишимиз зарур.

Устоз Абдулла Қаҳҳор 60-йилларда радио ва телевидение ходимлари билан бўлган учрашувда тил масаласида тўхталиб шундай деган эдилар: «Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милиция ҳуштак чаладию, бутун бир тилни бузаётган кишиларга ҳеч ким ҳеч нарса демайди».

Бугунги кунда биз матбуот тилини кўздан кечирсак, тепа сочимиз тикка бўлади. Қайси бир нўноқ журналистнинг айби билан тилимизга «ноқоратупроқ» деган сўз кириб кетган эди, эндиликда қаерда дўппи тор келса «но»ни ишлатамиз-қўямиз. Қайси бир деҳқон «бизнинг ерлар ноқоратупроқ» деб гапиради. Мен аминманки, ҳаммаси «бизнинг ерлар бўз ер» дейди.

«Сунъий» деган сўз турган жойда «нотабиий» деймиз. «Ғайриқонуний»нинг ўрнига «ноқонуний» деб ишлатамиз. «Одобсиз», «уятсиз», «манманликка берилган» деган сўзлардан «нокамтарин»ни афзал кўрамиз. «Керак эмас» ўрнига «нокерак» деймиз. Бу ибора баъзи бир журналистларимизга шу даражада ёқиб қолиптики, расмий ЎзТАГ ахборотида: «фалон миллиард сўмлик ноозуқа-овқат халқ истеъмоли моллари…» деб ёзди.

— Бундай сунъий сўз ясалишига хоҳлаганча мисол келтирса бўлади: нозарур, нореал, номуҳим, носоз, ноишлаб чиқариш, ноодил, нотенг… Сиз жуда тўғри илғадингиз: оддий халқнинг гапида бундай сўзлар ишлатилмайди. Ёш шоирларимиздан бири таржимада «ноодамий қурол» деган бирикмани қўллади. Сунъий, сохта, ясама сўз. Шундоққина тишга тегиб турибди. Шу кетишда бўлса, тилимиздаги маъно товланишларига, айниқса, шаклдош, маънодош ҳамда зид сўзларга жиддий путур етади. Масалан, соғлом сўзини олинг. Унга қарама-қарши маънода бемор, касал, хаста каби сўзлар ишлатилади. Ҳозир эса носоғломлик деб кўп гапириладиган бўлди. Бундай ясама сўзлар ҳадеб такрорланавериб, одатга айланса, муомалага кириб кетса, тилимизнинг маъно товланишлари ва сўз бойлигига фақат зиён етказади. Яхши сўзининг зидди ёмон. Энди нояхши ёки ноёмон деб айтиб кўринг-чи! Ниҳоятда бемаънилик бўлади.

— Ўзбек тилига давлат мақоми берилсин деб жон куйдирамиз-у, тилимизнинг қонун қоидасини бузаётган одамларга лом-мим демаймиз.

«Ичкиликбозлик» деган атамани ишлатяпмиз, бу ҳам мантиқсиз. «Қартабоз», «қиморбоз», «кафтарбоз» деган сўзлар бор, аммо «ичкиликбозлик» деган сўз йўқ. «Боз» сўзи «бозингар», яъни ўйновчи деган сўздан келиб чиққан. Қарта ўйнаш мумкин, қимор ўйнаш мумкин, лекин ичкилик ўйнаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам «ичкиликбозлик» мутлақо нотўғри, бу сўз қуйма эмас, ясама. Нашавандларни «гиёҳванд» деб ёзадиган бўлдик. Гиёҳ бу ўсимлик. Менимча «нашаванд» дейиш керак. Агар кўкнордан тайёрланган бўлса, унда «кўкнорий» бўлади.

Бутун классик адабиётимизда ичкиликка ружу қўйган одамларни «майзада», «майпараст» дейилган. Биз ҳам шу сўзни ишлатсак нима бўларкин?

Яқинда газеталаримиздан бири «Сиам эгизаклари»ни «башарадошлар» деб ёзипти. Ўзимизнинг ўзбек тилида «эгизаклар», «Фотима-Зуҳра», «Ҳасан-Ҳусан» деган сўзлар бор-ку!

Тожик халқи билан ўзбек халқи ён қўшни бўлгани учун ҳам жуда кўп сўзлар муштарак бўлиб қолган. Масалан, «капкир», аслида кафкгир, яъни кўпик олинадиган, «оташкурак» — бу сўзнинг куракка сира алоқаси йўқ, «оташгирак» яъни ўт олинадиган, «дазмол» асли «дарзмол» дарз — чок, чокни босадиган, «чучвара» яъни «тўшбарра», барранинг тўшидан қилинган таом. Тошкентликларнинг «махораси»ни олинг. Бу ҳам асли тожикча «наҳорий» сўзидан олинган, яъни наҳорда тановул қилинадиган таом. Булар фақат кундалик ҳаётимизда учрайдиган сўзлар. Классик адабиётимизнинг тилини юқорида кўрсатган эдик. Бугунги кунда энди «ҳамшаҳар», «ҳамқишлоқ», «ҳаммактаб» ишлатсак, тилимизнинг бойлигига футур етказар эканми? Тасаввур қилинг, ҳозирги кунда юқорида қайд этилган сўзларни тилимиздан чиқариб ташласак, унинг ўрнига нимани ишлатамиз? Тил, умуман, халқ тили ҳисобидан бойийди.

«Таможний» деган сўз ҳам «тамғачи» сўзидан келиб чиққан. Ёки адмирал деган сўзни олинг. Бу ҳам арабча. Аслида «амирул баҳр», яъни денгизнинг амири. Ёхуд «Урра!»ни олинг, бу ҳам ўзбекча «ур»дан келиб чиққан.

— Айни замонда, тожик тилига ҳам жуда кўп ўзбекча сўзлар ўзлашиб кетган ва унумли ишлатилади. Масалан, ав (ов), қош, арслон, ақча (тилла пул), ақточи, байтал, илғор, инжиқ, инжу, кўкалдош, лочин, отун (отин), оғо (оға), оқса(қ)ол (оқсоқол), тўғри, ўлка ва ҳоказо. Ҳатто айрим ўзбекча сўзларга форс-тожик тилига хос қўшимчалар қўшилиб, янги маъно касб этган ҳолатлар ҳам кўзга ташланади: байрақ (байроқ) сўзига қўшимча қўшиш орқали тожик тилида байрақбар, байрақдор, байрақкаш, байрақнамой каби сўзлар ясалган. Улоқ сўзи тожик тилида ҳам ўзбекчадаги каби барча маъно товланишлари билан ишлатилади: от-улов, пайванд қилиш, ўйин тури (кўпкари), эчкининг боласи сингари маьноларда… Буни табиий ҳол деб қараш керак. Машҳур олим Е. Э. Бертельс айтганидек, ўзбек ва тожик халқлари кам деганда икки минг йилдан ортиқ вақтдан бери ёнма-ён яшаб, яхши қўни-қўшкичилик, қуда-андачилик қилиб келмоқда. Бу икки тилнинг бир-бирига самарали таьсир кўрсатиб, бир-бирини бойитиш ҳодисасини чуқур тадқиқ этиш керак. Шундай қилсак, халқларимиз ўртасидаги дўстона алоқалар мустаҳкамланишига амалий ҳисса қўшган бўламиз.

Ҳозир ҳар икки тилда юнонча ёки хитойча сўзлар учраса, бунга ҳам ажабланмаслик керак. Масалан, халқ орасига жуда сингиб кетган пиёла, пул, симиё, устурлоб, фалсафа, қандил, қақнус, қўтос каби сўзлар аслида юнон тилидан ўзлашган. Бу ҳодиса тилимизнинг қадимийлиги, олис асрларда жаҳондаги жуда кўп халқлар билан яқин алоқада яшаганидан далолат беради.

Тилда баъзан жуда ғалати ҳодисалар ҳам учрайди. «Утюг» (дазмол) сўзи рус тилига ўзбекча ўт-луқ сўзидан ўтган. Қадимги туркий халқлар уни шу тарзда ишлатганлар. Тасодифни қарангки, ҳозир рус тилидан «утюг» жуда мустаҳкам ўрин эгаллади, ўзбек тилига эса форсча-тожикча дазмол сўзи сингиб кетди. Ёки «айва», «қайва» сўзи туркий тилда беҳини англатади. У шу шаклда рус тилига ўтди. Ўзбек тилига эса аксинча форсча-тожикча «беҳи» сўзи қаттиқ ўзлашиб қолди.

Рус тилидаги «карандаш» сўзини ҳозирги луғатларда «қалам» деб таржима қилиб ишлатамиз. Ҳолбуки, у ҳам ўз сўзимиз: «қора-тош». Баъзи олимлар қалам-тош бўлиши мумкин дейишади. Ҳар икки ҳолда ҳам тилдаги ғалати ҳодисага дуч келамиз. Бундай мисоллар тиллар ўртасидаги жонли алоқалар ҳеч қандай чегара, тўсиқни тан олмаслигидан далолат беради.

— Жуда кўп сўзларни маъносига тушунмасдан ишлатамиз. Деярли ҳамма таклифномаларда: «Лутфан сизни таклиф қиламиз» деб ёзамиз. Ахир, бу таклиф қилинаётган одамга нисбатан ҳақорат-ку! «Лутфан» деган сўз «асли сиз таклифга лойиқ эмассиз-у, аммо мен лутф қилиб сизни чақираяпман» деган маънони англатади. «Лутфан бизнинг тўйимизга ташриф буюринг» дейиш керак. Аксар ёзувчиларимиз: «Биз бир гуруҳ ёзувчилар фалон колхозга ташриф буюрдик ёки қадам ранжида қилдик» деб ёзишади. Бу ҳам ўринсиз. Колхозчилар «фалон ёзувчилар бизнинг колхозга ташриф буюрдилар ёки қадам ранжида қилдилар» дейишлари керак. «Ташриф буюринг», яъни «келиб менинг обрў-эътиборимни оширинг» деган маънони англатади. Қадам ранжида қилиш — «оёқларимизга озор бериб келдик» деган гап.

Деярли ҳамма шоирларимиз «оҳанрабо» сўзини «оҳанграбо» деб ёзишади ва ашулачиларимиз ҳам буни ҳузур қилиб айтади. «Оҳанрабо» ўзига тортадиган магнит, бу сўзнинг «оҳанграбо»га сира алоқаси йўқ. Асли «оҳанграбо» деган сўзнинг ўзи йўқ.

Ёзувчиларимиздан бири хотинига ёзган хатига «завжангиз» деб имзо қўйипти. «Завжа» хотин, яъни сизнинг жуфти ҳалолингиз демакдир. Бу сўзнинг муаннаси (яъни женский роди) «завжа», музаккари (мужской роди) эса «завж» бўлади. Мана, сўзнинг маъносига тушунмасдан ишлатиш қанақа кулгили ҳолатга олиб келади.

— Сиз моҳир таржимон сифатида сўз масъулиятини яхши ҳис қиласиз, теран идрок этасиз. Биргина сўз бутун бошли жумлани ўзгартириб, «остин-устун» қилиб юборишга қодир. У маънони ярқиратиб очиб, унга янги жило бағишлаши ҳам, аксинча уни аянчли кўйга солиб, ҳароб ҳолга келтириши ҳам мумкин. Сўз устида ишлаш, олимларимиздан бири ниҳоятда ўринли айтганидек, «сўз териш» жуда машаққатли иш. Шу маънода ҳозирги таржимонларимизнинг савияси ҳақида фикрларингизни эшитиш ҳаммамизга, айниқса ёшларга ниҳоятда фойдали бўлади.

— Таржимачилик соҳасида ҳам муваффақиятларимиз билан бирга камчиликларимиз анча-мунча. Мисол тариқасида мен М. Горький «Асарлар»ининг 10-томида босилган мақолалар, очерклар, хотиралар таржимасидан айримларини олдим. (Ғ. Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, Т., 1978 йил).

«Ғирт аҳмоқ ва хотиржам, дазмолдай бир кимса…»

Бу сатрларни ўқиганингизда кўз олдингизга қанақа одам келади? Қайси ўзбек шу хилда гапиради?

Асли шундай бўлиши керак: «Ғирт аҳмоқ, тепса тебранмас отбашара бир киши унга…»

«— Ичкиликбоз одамларни ёқтирмайман, аммо шундай одамларни биламанки, улар ичиб олганида қизиқ бўлиб кетишади, уларда ҳушёрлигида бўлмаган сўзга чечанлик, чиройли фикрлаш, осон ва ранг-баранг сўз топиш каби хислатлар пайдо бўлади» (128-бет).

Бу сўз бўтқасидан китобхон нимани тушунади?

Асли қуйидагича бўлиши керак:

«— Ичкиликка ружу қўйган одамларни хуш кўрмайман, аммо шундай одамлар ҳам борки, озгина ичиб олганидан кейин қулфи диллари ниҳоят даража очилиб, шунчалик булбулигўё бўлиб кетишадики, ёқангни ушлаб қоласан».

«Бу одам бой, йирик фабрикант бўлиб, катта қорни, гўштнинг рангидаги семиз юзи бор эди» (141-бет).

Қайси ўзбек шу тилда гапиради?

Дурусти қуйидагича бўлиши керак:

«Бу одам йирик фабриканинг эгаси бўлиб, катта қорин қўйган, баркашдай юзи қипқизил гўштга ўхшар эди».

Қуйидаги таржималарни ҳам дуруст деб бўлмайди:

«Салкам ғазаб билан деди».

Ғазабнинг салками бўлмайди, «жаҳли чиққандай бўлиб» ёки «ғазаблангандай» бўлиши керак.

«Устухондан сизда мўл, гўштдан бўлса кам».

«Қоқ суяк бўлиб қолибсиз» ёки «фақат суягингизгина қолибди-ку», ёинки «чўп устихон бўлиб қолибсиз» деса бўлмас эканми?

«Иш йўқлигидан бир неча ҳикоя ёздим». Бу ҳам нотўғри; «Бекорчиликдан бир неча ҳикоя ёздим» дейиши керак.

Мана бу таржималарда ҳам сўзлар ўз ўрнида ишлатилмаган:

«У ақлдан фориғ бўлишга интилган ҳолда…»

Ақлдан фориғ бўлдим, деб бўлмайди. Ғамдан, ташвишдан фориғ бўлиш мумкин.

«Бу ҳаёти қариб нооқилона қурилган мамлакат».

«Бу ҳаёти пала-партиш қурилган дунё» бўлиши керак.

«Агар биз камида ўн йилгина ўйлашни мутлақо тарк эта олсак…»

Тарки дунё қилиш, тарки одат қилиш мумкин, аммо ўйлашни тарк этдим, деб бўлмайди. Тарки дунё этиш, яъни дунёдан кўз юмиш, гўшанишинлик ихтиёр қилиш демакдир. Баъзи бир ёзувчиларимиз ва журналистларимизга бу сўз шу қадар ёқиб қолганки, «уйдан чиқиб кетди» дейиш ўрнига «уйни тарк этди» деб ёзишади. Ахир машойихлар «Ҳар сухан жоеу ҳар нуқта маконе дорад», яъни ҳар сўзнинг ўз ўрни, ҳар нуқтанинг ўз макони бор, деганлар-ку!

Дуппа дуруст ёзувчиларимиз минбарга чиқиб: «ноформал ташкилот» деб гапиришяпти. «Ғайри расмий» десак бўлмас эканми?

Жуда кўп сўзларнинг маъносига тушунмасдан ишлатамиз.

Яқинда газеталаримиздан бири «жинояткор жабрланди» деб сарлавҳа қўйипти.

Жабрланди — биров ноҳақ жазо тортди деган маънони англатади. Бу хабарда бензин ўғирлайман деб омборхонага кирган ўғри тасодифан гугурт чақадию омборхона куйиб, ўзи ҳам ёнади. Бунинг нимаси «жабрланди?» Ўғри ўз жазосини топди дейиш керак.

Газеталаримизнинг бирида йўқолган бола ҳақида эълон босилган экан. Эҳтимол бу материал рус тилида келгандир. Унда боланинг ташқи қиёфасини тасвирлаб «черты лица правильные» дейилган бўлса керак, «боланинг юз чизиқлари тўғри эди» деб ёзишипти. Бу қандай бедодлик дейдиган одам йўқ. Асли, «юзи бежиримгина» бўлиши керак. Хуллас, айтаман десак, гап кўп.

— Адабий меросимизни ўрганиш ва айниқса нашр этиш ҳам кўнгилдагидек эмас. Бу борада Сиз бир неча жиддий мақолалар билан матбуотда чиққансиз…

— Матншунослик соҳасида ҳам анчагина нуқсонларимиз бор. Агар иш шу йўсинда давом этса бирор 20 йилдан кейин мутлақо чаласавод бўлиб қоламиз. Менимча, шеъриятга ҳавасни ибтидоий мактабдан бошлаш керак. Эски мактабда ҳатто алифбо ҳам шеър билан ёдланар эди. Бобо Машрабнинг «Алифбо»си деярли ҳамма мактаб болаларига ўргатилар эди:

Эй «Алиф» отингга қилдим сархат топмай иқтидо,
«Бе» балойи доғи ҳажринг дилга жо қилдим бу кун.
«Те» тиловат қилғай эрдим ояти рухсорини
«Се» савоби хатми қуръон ибтидо қилдим бу кун.
«Ким» жамолингни кўрай деб келдим, эй шоҳи жаҳон,
«Ҳе» ҳаётим борича жоно дуо қилдим букун.
«Хе» халойиқ ичра бир хушхўю неку сандадур,
«Дол» дилни олғучига ошно қилдим букун.
«Зол» зоеъ бўлмасун деб ҳар замон меҳринг санинг,
«Ре» работинг ичра то меҳру вафо қилдим букун…

Шу тарзда мактаб болаларида шеъриятга ҳавас уйғотилар эди.

Зарб жадвали ҳам шеър билан ўрганилар эди. Масалан:

Бабду бажвўн бадҳу баҳен бав яби
Базяден баҳюн баден бат жадяби

Яъни, «б»— икки, иккини иккига зарб урсанг тўрт бўлади. Иккини учга зарб қилсанг олти бўлади, иккини тўртга зарб қилсанг саккиз бўлади, иккини бешга зарб қилсанг ўн бўлади ва ҳоказо.

Шу усулни ҳозир ҳам ибтидоий мактабларга жорий қилсак фойдадан холи бўлмас эди. Ҳозирги кунда биз марҳум Порсо домла, профессор Азизхон Қаюмов, профессор Холид Расул ва яна бир неча мураббийларни истисно қилганимизда матншунос олимларимиз деярли йўқ.

Мана, матншунослик даъвосини қилаётган икки олимимизнинг ишларидан айрим мисолларни ўқиб кўрайлик:

Ичарман жон-и ҳуснидин шароб-и соф-и рўҳоний

Шеъриятдан унча-мунча хабардор одам биладики, бу «Ичарман жоми ҳуснидин шароби софи рўҳоний» бўлиши керак. Хусннинг жони бўлмайди, фақат жоми ҳусн бўлиши мумкин. (Ҳофиз Хоразмий девони, 40-бет).

Иккинчи мисол ҳам шу ғазалдан:

Қаро хат чунки хуш кўрунур ҳамиша зарварақ бирла.

Бу сатрда ҳам «чунки» сўзи ортиқча.

Учинчи мисол:

Сарвдин қадди басе ҳуснда ҳам раънодир.

Ҳуснда қанақа раъно бўлиши мумкин? Ҳуснда фақат якто, ягона бўлиши мумкин.

Асли:

Сарвдин қадди басе ҳуснда ҳам яктодир бўлиши керак.

Тўртинчи мисол:

Жон берурман рашкдин гар қилса бемор ўзгани

Қанақа ошиқ эканки, ёри ўзгани бемор — касал қилса жони чиқар экан. Фараз қилайликки хаттот томонидан шундай хатога йўл қўйилгандир. Лекин матншунос одам маъносига ҳам эътибор бериши керак эмасми? Асли қуйидагича:

Жон берурман рашкдин гар қилса бедор ўзгани.

Яъни, агар мени қўйиб, бошқа бировни уйғотса ўлиб қоламан, деган маънода.

Яна бир мисол:

Кўра билсам бу майдон зебо шоҳсуворимни.

Бу сатрда вазн мутлақо бузилган. Шеъриятдан бехабар одам балки тушунмаслиги ҳам мумкин, лекин эътибор қилиб ўқисангиз биласизки, битта сўз тушиб қолган. Асли шундай бўлиши керак:

Кўра билсам бу майдон ичра зебо шоҳсуворимни.

Яна Хофиз Хоразмийдан битта мисол:

Юзи чун меҳри анвардир, сўзи чун шаҳду шаккардир
Кўзи чун турк-и кофирдурки йўқдур дину исломи.

Диннинг муродифи «имон» бўлади. Шеъриятдан йироқ одам бунга эътибор бермаслиги мумкин. Муаллиф айтмоқчики, у пари-пайкарнинг на дини бор ва на имони. Лекин исломи эмас!

Тўғриси:

Кўзи чун турки кофардурки йўқдур дину имони.

Яна бир матншунослик даъвосини қилиб юрган олимимизнинг ишидан бир нечта мисол келтираман.

Бобо Машраб:

На қилсанг ман ўшандоғ.

Нигорим аҳдида турди (58-бет)

Эътибор қилинг. Шеърнинг вазни бузуқ. Битта сўз тушиб қолган.

Асли қуйидагича:

На қилсанг ман ўшандоқман.
Нигорим аҳдида турди.

Яна бир мисол:

Сендан ўзга кимга саргардон қилай (72-бет)

Кимга эмас, кимни саргардон килай бўлиши керак.

918-ғазалнинг мақтаи куйидагича:

Чун аёзи хос бўлдим эшигингда Хофизо
Ушбу дам мендан талаб қил навбати маҳмудни.

Аввало Маҳмуд ҳам, Аёз ҳам исм, булар катта ҳарф билан ёзилиши керак. Кейин «навбат» эмас, давлат. Шоир ғазнавийлар шоҳи Султон Маҳмуд билан унинг ҳозиржавоб қули Аёзни кўзда тутаяпти.

Мен Аёз сингари сенинг хизматкори хосинг бўлдим, сен энди мендан Султон Маҳмуднинг давлатини талаб қилабер демоқчи. Бу ерда «навбат» деган сўзнинг алоқаси йўқ.

Султон Маҳмуд билан Аёз ҳақида Хусайн Кошифийнинг достони бор.

Деҳқон Сомон деган форс-тожик шоирининг мана бу мисрасида ҳам ана шу исмлар келтирилади:

Сари Маҳмуд шуда хоки кафи пои Аёз
Шаҳ надидамки сараш пойи ғулом андозад.

Мазмуни:

Маҳмуднинг боши Аёзнинг оёғига тегяпти, шоҳ ғуломининг оёғини ўпганини кўрмаганман.

Олимларимиздан бири менинг мақоламга шарҳ — изоҳ ёзиб:

«Аёз кичик ҳарф билан ёзилгани дуруст, чунки аёз совуқ маъносини англатади. Маҳмуд ҳам исм эмас, қиём пайти саройда чалинадиган ноғора», деб фатво бердилар. Биз каби илмий даражаси йўқ одамлар бунга нима ҳам деймиз?

Матншунос олим фақат араб алифбосини ўқишинигина эмас, бутун шарқ адабиёти, унинг тарихини билиши ҳам шартдир.

Муродиф — жуфт келадиган сўзлар бор. Масалан, ишқу муҳаббат, дарду ҳасрат, ғаму ғусса, шоду хуррам. Булар ҳамиша жуфт келади. Матншуносгина эмас, ҳар бир қалам аҳли буни билиши керак.

1038-ғазалда шундай мисра бор:

Туну кун зору афғон чекар бўлсам ғариб эрмас.

Сўзсиз бу қуйидагича бўлиши керак:

Туну кун нолаю афғон чекар бўлсам ажаб эрмас.

279-бетда:

Кўрар бўлса муаззин қоматини
Унутқай бехато такбиру қомат.

Агар намоз вақти мабодо муаззин унинг қадду қоматини кўрса тоату ибодат, яъни такбиру тоатни ҳам унутиб юборади. «Қомат»нинг бу ерда алоқаси йўқ.

513-ғазалда шундай мисра бор:

Гар тўтисифат канду шакар толиби бўлсанг
Шакар лабни қилғилу ширин бўла кўргил.

Мен бу ҳақда бир вақтлари «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасига «Қилни қирқ ёрганда» сарлавҳаси билан мақола ёзиб: шоир шу тариқа беҳаё, беодоб бўлмаса керак. Маъносига қараганда бу сатр қуйидагича:

Гар тўтисифат қанду шакар толиби бўлсанг
Шакар лабини сўрғилу ширин бўла кўргил,—

бўлиши керак деган эдим. Нашрга тайёрловчи олимимиз: «Йўқ, Қаҳҳорова ноҳақ. Шакар лабни қилғилу ширин бўла кўргилининг ўзи дуруст деб раддия ёздилар. Нима ҳам дер эдик. Тилимиз лол.

Мен китобда кетган хатолар ҳақида ҳеч нарса деганим йўқ. Фақат матншуносларимизнинг аруз зазнига тушунмасликлари ҳақида фикр-мулоҳазаларимни айтдим, холос.

Охирги бир мисол:

Табиб ғами тиригу бемор аъмолини сўргудек.

Мана, диққат қилиб ўқинг, аруз вазнига сира тушмайди. Асли қуйидагича:

Табиби ғам керак бемор аъмолини сўргудек.

Менинг назаримда, ҳозирги кунда ёшларимиз орасида маънавий қашшоқлик ҳукм сурмоқда. Жуда кўп шоирларимиз ҳатто ўз шеърларини қоғозсиз ўқимайди. Илгари шоир бўлиш учун камида икки минг сатр шеърни ёддан билиш керак бўлган. Ҳозирги кунда бизда шеърхонлик умуман йўқ. Нима бўлар экан, агар Ёзувчилар уюшмаси ҳеч бўлмаса ойда бир маротаба шеърхонлик — байтбарак кечаларини уюштирса. Шеърият аҳли келиб бир кечани Навоийга, бир кечани Бобурга, бир кечани Муқимийга бағишлаб, шеърият оқшоми ўтказса…

Ҳали юқорида айтдим, мактабларда ўқитувчилар ҳеч бўлмаганда ҳар кун ўқувчиларга тўрт мисра шеър ёдлаб келишни вазифа қилиб қўйса, нур устига аъло нур бўлур эди.

Суҳбатни Ортиқбой Абдуллаев олиб борди.

“Шарқ юлдузи” журнали, 1989 йил, 12-сон