Арманистонлик блогер Рубен Вардазарян Озарбайжоннинг ишғол остида бўлган Ағдам, Зангилан, Жаброил каби ҳудудларидаги бино ҳамда иншоотларнинг вайрон этилганидан таассуф ва ҳайрат изҳор этди. Бу ҳақда Озарбайжон матбуот нашрлари хабар беради.
“Ушбу ҳудудларда қандай уруш рўй бердики, бирорта уй, бирорта эшик-дераза соғ қолмаган. Наҳотки, бизникилар Ағдам ва Зангилан томон водород бомба ёғдирган бўлса?” – дея савол қўяди муаллиф.
Қайд этилишича, мазкур ҳудудларга бомба ёғдирилмаган, балки оккупация даврида атайин вайрон қилингандир.
“Бузғунчиликка ким йўл қўйиб берди? Бу шаҳарлар, ёдгорликлар, муқаддас жойлар ва одатий бинолар нима айб қилдики, уларни вайрон қилдингиз ёки вайрон бўлишига томошабин бўлиб турдингиз? Энди дунё аҳлига нима деб жавоб берамиз?” – дея саволга тутади Р.Вардазарян.
Блогер оккупация қилинган ҳудудлардаги болалар боғчалари ҳам омон қолмаганини таассуф ила қайд этар экан, ҳодисани тарихда ўтган мўғул босқинига муқояса қилган.
Р.Вардазарян бу ҳолат маданиятли халққа асло ярашмаслигини таъкидлаб, ўз миллатдошларини вайрон этилган ҳудудларни кўришга чақирган. У, айни чоқда, ушбу маданий бузғунчилик ҳақида Арманистонда очиқ гапирилмаётганини ҳам қайд этган.
Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов ҳам 2021 йил 10 ноябрь куни ЮНЕСКО Бош конференцияси 41-сессиясида сўзлаган нутқида қарийб 30 йиллик оккупация даврида Қорабоғ минтақасидаги тарихий-маданий обидалар аянчли ҳолатга солингани ҳақида гапирган.
“Оккупация даврида юзлаб маданий обидалар қасддан буткул вайрон қилинган, зарар-зиён етказилган, талон-торож этилган ҳамда тарихий-маданий хусусиятини йўқотиш мақсадида ўзгартирилган. 67 масжиддан 65 таси ер билан яксон қилинган. Қолган иккитаси эса таҳқирланган – чўчқа ва сигирлар учун оғилхона сифатида фойдаланилган”, – деган Ж. Байрамов.
Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон армияси Қорабоғда 2020 йил 27 сентябрдан 9 ноябрга қадар Арманистон Қуролли кучларига қарши кечган жангларда қарийб 30 йил ишғол остида бўлган ҳудудларини қайтариб олди. 2020 йилнинг 10 ноябрида Озарбайжон, Арманистон ҳамда Россия ўртасида уч томонлама битим имзоланди. 44 кунлик уруш якунида Қорабоғдаги 5 та шаҳар, 4 та посёлка ҳамда 286 та қишлоқ яна Озарбайжон тасарруфига ўтди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йил март ойида Туркий кенгашнинг видеоконференция шаклида ўтказилган саммитидаги нутқида Ўзбекистон Қорабоғ заминидаги кўҳна обидалар, маданият ва маърифат масканларини тиклаш ишларига ҳисса қўшишга тайёр эканини билдирган.
С.Салим