Туркия тиббий туризм учун энг яхши йўналишларидан бири экани маълум қилинди

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ривожланиш даражаси туфайли Туркия касалликларга ташхис қўйиш ва даволаш бўйича энг машҳур ўнта мамлакат қаторига киради. Бу ҳақда мамлакат маданият ва туризм вазирлиги PR гуруҳи маълум қилди.

“Европа ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари Туркияни ўзларининг янги соғлиқни сақлаш ҳамкори ва тиббий туризм маркази сифатида тан оладилар. Туркия хорижлик беморлар учун сифатли ва қиммат бўлмаган тиббий саёҳат пакетларини таклиф этади”, – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, тиббий саёҳат пакетлари даволаш ва соғломлаштириш, курорт ва термал туризм марказлари билан беш юлдузли меҳмонхоналарни ўзаро уйғунлаштирган ҳолда шакллантирилади. Бу пакетлар беморларнинг даволаниши билан боғлиқ барча жиҳатларни ўз ичига олади.

Дунё бўйлаб беморлар онкология, нейрохирургия, юрак-қон томир жарроҳлиги, офтальмология, нейрохирургия, педиатрия ва дерматология бўлимларида тиббий ёрдам оладилар. Тадқиқотларга қараганда, Туркия сўнгги йилларда Ҳиндистон, Таиланд ва Малайзия каби дунёнинг энг юқори рейтингга эга бўлган мамлакатлари каби тиббий ёрдам кўрсатиши исботланди.

Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсойга кўра, пандемия шароитига қарамай, мамлакатга 2021 йилда 29 милллиондан зиёд хорижлик сайёҳ ташриф буюрди. Туризм соҳасидан олинган даромад 24 миллиард доллардан ошди.