Ўзбекистондаги энг баланд бино қурилишига доир янги тафсилотлар маълум бўлди

Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлигида бунёд этилаётган, нафақат мамлакат, балки минтақадаги энг баланд иншоот бўлиши кутилаётган мажмуа “Nest One” деб номланади. Бу ҳақда 29 август куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

“Tashkent City” халқаро ишбилармонлик марказидаги осмонўпар иншоот Ўзбекистоннинг “Murad Buildings” ҳамда Туркиянинг “Özgüven” компаниялари томонидан қурилмоқда.

Матбуот анжуманида “Murad Buildings” компанияси асосчиси Мурод Назаров, “Özgüven” ширкати бошқарув раиси Ўзгур Ўзгувен (Özgür Özgüven) ҳамда Özgüven Architecture меъморчилик бюроси раҳбари Угур Ўзгувен (Uğur Özgüven) бир ярим гектар майдонни эгаллайдиган иншоот қурилишига доир янги тафсилотларни маълум қилдилар.

Қайд этилишича, иншоот номи (Nest One) “осмон барча учун” концепиясидан келиб чиққан бўлиб, мажмуа у ерда яшовчилар ва меҳмонлар учун фароғат маскани – шинам ва тинч “уя” вазифасини ўташи кўзда тутилган.

Тадбиркор Мурод Назаров Nest One мамлакатдаги энг баланд бино бўлиб қолмай, жаҳон стандартларига жавоб берадиган мукаммал инфратузилмага эга бўлишини қайд этди.

“Murad Buildings” компанияси асосчисига кўра, мажмуа нафақат хонадонлар, балки анжуман заллари, кинотеатр, ҳаммом ва сауна, сузиш ҳавзаси, кутубхона, меҳмонларни қабул қилиш жойи каби 33 жамоат масканидан таркиб топади. Дейлик, 40 квадрат метр майдонни эгаллаган бир хонали хонадонни сотиб олган мижоз ана шу 33  жамоат масканидан фойдаланиш имконига эга бўлади.

Özgüven Architecture меъморчилик бюроси раҳбари Угур Ўзгувен иншоотни лойиҳалаш жараёни хусусида сўзлаб берди.

“Биз бинони модерн стилида лойиҳаладик: унинг дизайн ва шакллари кўзни қувнатадиган эркономикани ва эстетикани таъминлайди. Nest Onе’да ҳатто майдони кичик хонадонни сотиб олар экансиз, нафақат тураржой маконига, 5 юлдузли меҳмонхона даражасидаги қулайликларга ҳам эга бўласиз”, – деди Угур Ўзгувен.

“Özgüven” ширкати бошқарув раиси Ўзгур Ўзгувен иншоотнинг қурилиши, хусусан, хавфсизлик ва зилзилабардошликни таъминлаш борасидаги тажриба ва изланишлар ҳақида сўзлаб берди.

“Бинонинг барча конструкциявий ҳисоб-китоблари, шунингдек, ер силкинишларида мустаҳкамлигини синаш ишлари тугалланди. Истанбул университетидаги тажрибалар бино 9 балгача зилзилага бардош беришини кўрсатди”, – деди “Özgüven” ширкати бошқарув раиси.

Таъкидланишича, иншоот лойиҳаси жаҳон меъморчилигининг илғор тажрибасини ўрганган ҳолда ишлаб чиқилди ва бу жараёнда дунёнинг 500 дан ортиқ эксперти иштирок этди.

Туркиялик ака-ука ишбилармонлар аждодларининг тарихий ватани – ота юртда амалга оширилаётган бунёдкорлик лойиҳасида қатнашаётганидан мамнун эканини алоҳида таъкидладилар.

Дастлабки лойиҳада бино 215 метр бўлиши белгиланган эди. Қайта ҳисоб-китоблардан кейин бино баландлиги 266,5 метрга етказилди. 150 миллион долларлик лойиҳа қурилиши 2021 йилнинг декабрида якунланиши режалаштирилган. Осмонўпар бинода “люкс” тоифали 746 та хонадон қурилади. Nest Onе мажмуасида қурилаётган кўчмас мулкни сотиш жорий йил 14 сентябрдан бошланади.

С.Салим