Наби Жалолиддин. Чувалчанг ёққан кеча (ҳикоя)

Эшикдан кирди-ю ҳаракатларидан ўзини ҳушёр кўрсатишга уринаётгани сезилди.
– Ёмғир ёғади шекилли. Шамол бўляпти, – деди ёмғирдан қочиб, панага ўтгандай елкаларини силтаб. – Яхши ўтирибсизларми?
Дераза ойнаси басма-бас тиқирлаб, тирқишидан шамол уфургандай бўлди.
Онасининг ёнига чўкиб, болишга ёнбошлади. Хаёлидан ушбу гап ўтди: “Дадам чиқибди шекилли, болиш қўйилиб қолибди”. Онасининг пинжига суқилган уч ёшлар чамасидаги ўғлини панжаларидан тутиб, ўзига тортди. Бола кўнмади, буралиб, бувисига баттарроқ ёпишди.
– Чироқ ўчмаса гўргайди, – деди хотини унинг гапига ҳамоҳанг овозда ва хонтахта устидаги чинни косаларни йиғиштиришга тушди.
– Яна ичдингми, болам? – Онаси одатдагидек юзини буриштириб, йилтираган кўзларига қараб қўйди. – Даданг хафа бўлади-да!
Туйқус хотинига боқди: “Ҳе, ўлинг-э”, дея ёзғирарди нигоҳи. Кўзи билан унга пўписа қилиб, олдидаги пиёлани кескин узатди.
– Чойдан қуй! – Сўнг онасига қайрилди. – Ўзи тузукми дадам?
– Худога шукр, бугун хийла тузук. Опанг минан сийнинг келишувди, шейда анча гаплашиб ўтирди. Биннасаларни гапириб, худди болаликларингдагидек кулдирди. – Онаси дастурхон четини беихтиёр ўрамоқлаб, кўкси шишиб, хўрсинди. – Қалампирни эзиб-эзиб, бир коса овқат ҳам ичди.
– Хайрият, – деди қаддини кўтариб. – Яхши бўп қопти, а?
– Опаларингни кузатиб, сени кута-кута ҳозиргинада кириб кетди.
– Овқат ичассими? – сўради хотини қўлидаги коса-қошиқларни шақирлатганча кучаниб ўрнидан туриб.
Белини ушлаганди, қорни янада дўмпайди.
– Йўқ! – деди дағал овозда. – Қорним тўқ!
Хотини ташқарига чиқиб кетди.
– Олдига бир кириб қўй, ўғлим! – Онаси набирасини қучоғига олиб, ухлатмоқчидай ёнбошлади. – Барибир сени кутади.
Шамол ойналарни яна тиқирлатди.
У чойни тез-тез ҳўплаб, пиёлани бўшатди.
– Ичганман-ку, ая?..
– Яқинлашмайроқ ўтирасан-да.
– Хўп. Ё бисмилло!.. – дея ўрнидан турди.
Дадаси кўрпалар қалин тўшалиб, қат-қат болишлар қўйилган темир каравотда шифтга термилиб ётарди. Ёнида – пастда чойнак, пиёла, иккита китоб устида кўзойнак. Бош томонидаги токчада ҳам китоблар.
Унинг шарпасини пайқаб, қайрилди.
– Ассалом алайким, дада! – Энкайиб, нафасини ютиб кўришди. – Тузукмисиз? – Берироқдаги тўшакка чўкди.
– Келдингми, ўғлим? Худога шукр, анча тузукман. – Дадаси ётган кўйи қўлини дуога очди. – Омин, тинчлик-хотиржамлигини берсин! Овқатийни ичдингми?
Дадасининг кўнглини ўйлаб, ёлғон гапирди:
– Ҳмм, ичдим. – Ён-верига аланглади. – Телевизорни обчиқиб берсам бўларкан-а? Зерикмасдингиз. – Аслида дадасининг телевизорни унча хушламаслигини яхши билади. Ҳозирги гапини нима дейишни билмаганидан беихтиёр айтиб юборди.
– Дилбузарийни (дадаси телевизорни шундай атарди) нима қиламан-а, болам, бошимни оғритиб… Шамол бўляпти шекилли-а? Ёмғир ёғади. Баҳор ҳавоси-да, ёққани яхши. Ерга фойда, – дея хўрсинди. Сўнг унга беозор тикилди. – Тағин ичдингми, ўғлим?
– Ҳа, энди… – Дадасига бирров хижолатли назар ташлади: хийлагина озганини, кўзлари маҳзунлашганини илғади. Мўйлови, жағининг учидаги калта соқоли оппоқ. Озғин қўлларининг томирлари бўртган. Олтмиш бешни қоралаётган одам қартайгандек кўринади. Дадасининг аҳволи дийдасини юмшатди, димоғида ғимирлаётган зардасини ютиб, сархуш шуури озорсиз сўз қидирди. – Улфатлар минан ўтирдик-да, дада. Ҳаммалари яхши боллар…
Дадаси ёнбошлаб, чап кафтини чаккасига тиради.
– Яхши боллар бўлса бордир, – деди қўпол гапириб қўйишни истамаётганлигини сездириб. – Аммо улар бирон жойда ишлаб, тирикчилигини йўлга солволиб, иннайкейин улфатчилик қилишаётгандир балки…
У ғаши келиб, тебранди, юзи тиришиб, пишиллади. Чаккалари қизиб, ўзини тутолмади.
– Яна юзимга соляпсизми, дада? – дея тўнғиллади.
– Йўқ, ўғлим! – Дадаси жиддий, лекин меҳрли гапирди. – Юзингга солганим йўқ, эсингга соляпман. Сен менинг ёлғиз ўғлимсан, суянганим, ишонганимсан! – Охирги сўзлари ялинчоқ оҳангда чиқди. – Менинг сафарим қаримоқда. Энди уйнинг эркаги сенсан, ўғлим! Кўзим очиқлигида бир ишнинг бошини тутгин, дейман!
– Йўлкирага пул топволай, Россияга кетаман, – деди у мана-мана йўлга чиқадигандай ишонч билан.
Дадасининг қошлари чимирилди.
– Тағин ўша гапми?! Узоқнинг буғдойидан яқиннинг сомони яхши, болам! Ўз юртида бой бўлмаган…
– Бу гапларни аввал ҳам айтгансиз! – дея дадасининг гапини бўлди. – Сомонниям, ўзга юртда бой бўлмасликниям биламан. Ома бундан менга нима фойда? – У рўпарасидаги одам падари эканлигини ва ҳатто унинг бетоблигини ҳам унутиб борарди. – Агар ўшанда қайтармаганингизда, беш-ўн сўм пул ишлаб келган, мошина олиб, ҳозир ҳеч йўқ кира қилиб, тирикчилигимни ўтказаётган бўлармидим!..
Отанинг юз-кўзида надомат балқиб, туриб ўтирди. Энкайиб, пиёлага чой қуйди. Қаддини тиклаб, бир кўтаришда сипқорди. Пиёлани тўшак устига ташлаганди, ёнбошлаб қолди.
У дадаси билан яна айтишиб қолишдан сақланиш учун қўзғалди.
– Қўйинг, дада, мен чиқиб кета қолай!
– Йўқ, ўтир! – деди дадаси юмшоқлик билан, бироқ қатъий. – Ҳозир гаплашмасак, кейин кеч бўлади. – Фикрини жамламоқчидай соқол-мўйловини силади.
У ғашланиб, пишиллади.
Дераза ойналари қаттиқроқ тиқирлаб, парда пуфакдай шишди – шамол авжланди шекилли.
– Ёлғиз ўғлимизни Россияга жўнатиб, онанг икковимиз бейда қандай тинч ўтирамиз, болам?! – Дадаси бироз қизишди. Овози титради. – Опа-сингилларинг бировнинг хасми. Ўлиб-нетиб қолсак, маҳалла-кўй кўмиб қўяр! Аммо уят бўлмайдими, ўғлим? – Унга синовчан тикилди. – Мана, ўзинг, анови ёлғиз ўғлингни Россияга жўнатармидинг?..
У заҳарханда иршайди.
– У ҳали ёш бола-ю, дада! Мен уни зўр одам қилиб ўстираман. Эрта кунда тик­лаб қўяман. Ҳадеб ақл ўргатмайман! Ўз ҳолига қўяман…
– Шунақа дегин?.. – Дадаси яна чаккасини кафтига тиради. – Менам борки орзу-умидимни сенга тиккандим, ўғлим. Эркалатиб ўстирдим. Ўқитдим…
– Ўқидим, каттакон домла бўлдим, а? – кесатди у кейинги ой-кунлардаги ҳамма аламларини овозига жамлаб.
– Домлаликни нимаси ёмон? Биласан, отам, бобонг-да эрта ўтиб кетган. Мактабни битираётганимда тушимга кирган. Малим (муаллим) бўласан, деган. Отам раҳматлининг бир оғиз гапи минан ўқитувчи бўлдим.
У “фу-у” дегандай тағин иршайди.
Ота ҳамон айтишиб қолишдан сақланар, гап-сўзларидан ичидагини тўкиб солгиси келаётганга, жигаргўшасини шаштидан қайтаришни истаётганга ўхшарди:
– Сизларниям бир умр ўқитувчилик қилиб боқдим. Ўқитувчининг нони ҳалол.
– Лекин кўпаймайди! Шунинг учун мениям ўқитувчи қилмоқчи бўлдингиз.
– Ҳа! Университетни битирдинг – бунинг нимаси ёмон? Зиёли, деган номинг бор. – Ота овозини майинлаштирди. – Агар мактабда ишлолмаган бўлсанг, бунинг учун бошқаларни айблама!
– Шунақа дейсиз-да! – У росмана тутоқди. – Нима, сизнингча, озгина ойликка эртамандан кечгача чулдирвақиларнинг манқасини артиб юришим керакмиди? Яна-тағин мактабда фақат хотинлар қолган. Хотинларнинг энаси бўлиб…
Дадаси жилмайишга уринди.
– Хотинларнинг энаси эмас, хотинларнинг эркаги бўлиб, дегин. Кейин… сабр қилсанг, озгина ойлик ҳам етарди. Ойлик – бу нақд нарса. Барака сабрда, болам.
У бошини сарак-сарак қилди-ю, индамади.
Буни дадаси ўзича тушунди.
– Экзюпери деган ёзувчининг “Кичкина шаҳзода” деган китоби бор. Аши кичкина шаҳзода ҳамманинг ўз сайёраси бор, уни тез-тез супуриб-сидириб туриши керак, дейди. Яъни кўнглини-да, – ота тушуняптими-йўқми қабилида тикилди. – Сениям кўнглинг кирлаган, болам. Уни тозалашинг керак. Бунинг учун китоб ўқишинг, яхши нарсаларни ўйлашинг керак.
У “вой дада-ей”, дегандай бошини тебратиб, аччиқ жилмайди.
Шу пайт эшик очилиб, келин кўринди.
– Чой дамлаб берайми, дадажон? – дея эрига кўз ташлаб қўйди.
– Майли, қизим, ўзи тугаб қолди шекилли.
Келин чап қўлида белини ушлаб, қийналиб чойнакни олди.
Ота ўғлига норози қараш қилди. Аммо у буни пайқамади. Хотини чиқиб кетиши ҳамоно яна тўнғиллади:
– Э, дада-я, ҳалиям китобларда яшайсиз, “китоб-китоб”, дейсиз. Анови Эркин ака ўқиш тугул умрида бирон марта китоб ушлаганмикин? Ома бой-бадавлат яшайди. Мошиналарини, қурган уйларини қаранг…
– Гапинг тўғри, ўғлим, – деди ота бамайлихотир. – Лекин Эркинжон Худодан фақат бойлик сўрайди-да.
– Нима, мен сўрамаяпманми? – силтанди у.
– Йўқ, сен икки ўт орасидасан, болам! – Ота “қанийди гапларимни тўла тушунсанг”, дегандай ҳаловатсизланиб, туриб ўтирди. – Гап қизиб қолди, энди айтай: сен нима истаётганингни билмайсан. Ичишга-ку тинмай ичяпсан. Эшитишимча, анови чойхонанинг бурчагида қимор ҳам ўйнаётган эмишсан…
– Ёлғон! – деди у ишончсизроқ овозда.
– Алдама, болам!
У бошини эгди.
– Йўлкирага пул топмоқчийдим, – дея ғўлдиради ер остидан.
– Ҳаром пулни йўлкира қилиб, сафарга чиқмоқчимисан ҳали?! Шунақа қилиб пул топмоқчимисан? – Ота бирпас жим қолди. – Бу ишнинг охири вой, болам, кўзингни оч!..
Келин чой олиб кирди. Чойнакни эрининг олдига қўйиб, сўради:
– Бошқа ҳеч нарса керакмасми, дадажон?
– Йўқ, қизим, – деди ота эркаловчи оҳангда. – Дамингизни олаверинг.
– Хўп, яхши ётиб туринг, дадажон! – Келин чиқиб кетди.
У чойни бир-икки қайтаргач, пиёлага қуйиб, дадасининг қўли етадиган жойга қўйди.
– Россияга кетаман, дейсан, ҳадемай боланг иккита бўлади-ку, – ота вазиятни юмшатиш учун зўраки пўписа қилди. – Ўз уйим – ўлан тўшагим, деган гап бор, ўғлим, – сўнг гап пайновини бошқа ёққа бурмоқчи бўлди. – Олдингилар осон кўзи ёрийди, деб, – ҳомиладор келинини кўриб, ўғлига гапираётгани учун “осон туғади”, деёлмади, – оғироёқ аёлларга келида шоли туйдиришар экан.
– Ҳамма гапларийиз мақол, матал, эски гаплар-а, дада! – У энди хийла енгил тортди. – Ҳозир замон бошқа. Ҳеч қачон сизнинг айтганингиз бўлмайди, – қўлини силтаб, кўзларини олайтирди. – Ҳозирги иккиқат хотинларга шоли туйдириб кўрингчи! Ўлибла қолар!..
Ота пиёладаги чойдан ҳўплади.
– Хуллас, гап шу: ҳеч қаёққа кетмайсан! – Шундай дея, чойни охиригача симириб, пиёлани яна тўшакка ташлади. – Ҳажга бораман, деб пул тўплаётгандим. Онангга айтсанг, беради. Ашинга ер олиб, деҳқончилик қил ёки уч-тўртта новвос боқ. У ёғини ўзинг биласан. Ҳаж бир гап бўлар, – дадаси бирдан хомуш тортди.
У буни бошқача тушунди. Ҳам дадасининг кейинги гаплари кўнглини эритиб юборди.
– Ҳажга ўзим жўнатаман, дада! – деди юзи ёришиб. – Мениям омадим кеб қолар.
– Илоҳи, ниятингга ет, болам. Худо хоҳласа, омадинг, албатта келади. Фақат меҳнат қилиш керак холос, ўғлим. – Отанинг кўзида тафаккур балқди. – Fашинг келсаям айтаман: тағин бир ёзувчи вақтни даҳшатли нарса, деган. У жуда бешафқат. Вақтни бой берма, ўғлим!
Унинг энсаси қотди: яна насиҳат! Аммо ўйини ташига чиқармади.
– Мактаб директорига ҳам айтиб қўйдим – ишга олади. Ичишни ташласа бўлди, деди. Озгина дарс олсанг, эрмак-да.
– Мактабда қайтиб ишламайман! – деди у болаларча қайсарлик билан.
– Ҳали сизни айтганингиз ҳеч қачон бўлмайди, дединг. – Ота билинар-билинмас жилмайди, лекин кўзлари ўйчан эди. – Айтганимни қилсанг бўлади-да. Энди тур! – Чалқанча ётиб, шифтга тикилди. – Деразани қия очиб қўй-да, жойингга чиқ.
У туриб, пардани сурди. Эҳтиёткорлик билан деразани очди. Хонага тоза ҳаво ёпирилди. Кайфи тарқаб қолганидан оғришга мойил бошига, димоғига хуш ёқди. Қалай, дегандай дадасига қайрилди.
Ота чуқур нафас олди.
– Ёмғир бошлаяпти, – деди ўзига гапираётгандай. – Чувалчанг ёмғир шекилли…
– Нима? – У тиззасига шапатилаб, пиқиллаб кулди. – Ҳазиллашяпсизми, дада? Ҳеч жаҳонда чувалчанг ёмғирам бўладими?.. Бўпти, яхши ётиб туринг. Вой, дадажоним-ей!.. – деди-ю эшикка йўналди.
Ота маҳзун жилмайганча унинг ортидан термилиб қолди.
– Бўлади, болам, бўлади!.. – дея шивирлади лаблари…
Онаси набирасини бағрига олиб, бошини кафтига тираганча пинакка кетганди. Унинг шарпасини сезиб, уйқули кўзларини хиёл очди.
– Ая, – деди ҳазилкаш оҳангда, – дадам ростданам тузук бўп қопти, а? Бунақа кўп гапирмасди-ю.
Онаси “ҳм-м”, деди-ю яна кўзларини юмди.
Ташқарига чиқди. Олам зимистон. Шамол тинган. Танасининг очиқ жойларига яккам-дуккам томчилар урилади. Осмонга қараб, кўксини тўлатиб ҳаво симирди. Кескин чиқаргач, енгил тортгандай бўлди. Ҳалигидан бир пиёла зўр кетарди-да ҳозир. Уйда йўқ, чойхонаям бекилгандир… Рўпарасида қўшниси Эркиннинг улкан уйи уларнинг ҳовлисини босиб тушгудай бўлиб қоп-қорайиб кўринди. Қуббалари девнинг калласига ўхшайди. Шунақа бўлгач, Худодан фақат бойлик сўрайди-да! Хаҳ, дадажоним-а! Чувалчанг ёғармиш!.. Қҳм-м!..
Уйга кириб, пишиллаб ухлаётган хотинининг қорнини оҳиста силади-да, юзидан ўпди: “Акашти хотини, яна ўғил туққин!” Мамнун хўрсиниб, уйқуга ётди…
Туш кўрибди. Каттакон дарахтга осилган ҳалинчакда ўтирганмиш. Дадаси тинмай тебратармиш. Ҳар итарганда ҳалинчак юқорига кўтарилиб, боши оппоқ булутларга тегай-тегай дермиш. У юраклари ҳаприқиб, куларкан: “Бўлди, дада, ниятингизга етдингиз-ку”, – дея қичқирармиш… Бир пайт елкаси силтаниб кетди. Яна, яна… “Туринг! Туринг!” – дерди кимдир. Шуури тиниқлашиб, овоз эгасини таниди: хотини. Кўзини очди.
– Нима дейсан? – дея инжиқланди.
– Туринг тезроқ. Турсайиз-чи! – тағин турткилади аёл.
– Ишга бормасам, нима қиламан саҳармардонда туриб? Тинч қўй мени! – У терс ўгирилди.
– Туринг, дадажон узилиб қолди. Эшитяпсизми, туринг! – дея пиқиллади хотини.
У бирдан сапчиди.
– Нима дединг? Дадам?! Нега?! – Силтаниб, қаёққадир чопмоқчи бўлганди, хотини қўлидан маҳкам тутди.
– Аввал бет-қўлингизни ювинг, кейин кирасиз, – деди йиғлаб. – Ҳали қўни-қўшни, қариндош-уруғларни айтишингиз керак!
У бўшашиб, ўтириб қолди. Кўз олди қоронғилашди…
Ҳаво мусаффо эди. Тун бўйи ёмғир ёққан шекилли, дов-дарахту ўт-ўлан – ҳаммаёқ шалаббо. Димоққа ёқимли ҳид урилади.
У мустаҳаб қилиб қайтди. Таҳорат олиш учун саҳн четига чўнқайди. Fарғара қилаётганда Эркиннинг уйига кўзи тушди. Осмон очиқлигигами, негадир кичрайиб қолгандай туюлди. Кечаги ҳайбати йўқолгандай. Энди бурнига сув олиб, қоқиш учун энкайди. Оёғи остида ингичка чувалчанг ғимирлади. Парво қилмади. Бирдан тошдай қотди. Хотирасининг аллақайси пучмоғида чувалчанг билан боғлиқ фикр жимирлагандай бўлди. Дарвоқе, чувалчангли ёмғир – дадаси айтувди шекилли… Нигоҳи тентиди. Бояги чувалчангдан нарироқда яна биттаси кулча бўлиб ётарди. Аланглади. Ўнгида бир неча, сўлида бир неча, саҳннинг ҳамма ерида чувалчанг. Бари ингичка, ожиз-ожиз қимирлайди. Ахир саҳн асфальтланган-ку, булар қаёқдан чиқдийкин? Асфальтни тешолмаслиги аниқ. Наҳотки осмондан ёққан бўлса? Ёмғир бўлиб. Чувалчангли ёмғир! Демак, дадаси тўғри айтган экан-да, чувалчангли ёмғир бўларкан-да!
У энкайиб, чувалчангларни териб, кафтига сола бошлади.
– Дадажон, сиз тўғри айтибсиз! – овози чийиллаб, кўзларидан ёш сизди. – Айтганингиз бўлибди, дада! – Ҳўнграб йиғлаб юборди. – Энди ҳамма айтганларингиз бўлади, дадажон! Мендан рози бўлинг! Рози бўлинг, дада!..
Кафтидаги чувалчангларни ёмғирда лойланган тупроққа олиб бориб ташлади.
– Энди ерда яшайсизлар! – дея шивирлади.

«Шарқ юлдузи», 2017 йил, 8-сон