17 февраль куни АҚШ элчиси Жонатан Ҳеник Ўзбекистонда илк бор ташкил этилган тадбиркор аёллар академияси (AWE) битирувчилари – Фарғона, Андижон ва Намангандан келган 25 ёшдан 40 ёшгача бўлган 25 нафар ишбилармон аёлга сертификат топширди. Бу ҳақда АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.
“АҚШ хилма-хил дастур ва ташаббуслар ёрдамида ўзбекистонликлар учун барқарор иқтисодий имкониятларни ривожлантириш бўйича ҳамкорликни давом эттирмоқда. Мен Ўзбекистонда AWEнинг ишга туширилиши ва муваффақиятли якунланиши хотин-қизларнинг бизнес ва иқтисодиёт соҳасидаги етакчилар сифатидаги нуфузини оширганини кўришдан ниҳоятда мамнунман”,– деди элчи Ж.Ҳеник табрик сўзида.
AWE тадбиркорларга ўз бизнес фаолиятини йўлга қўйиш, маҳсулотни бозорга чиқариш ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётига ҳисса қўшишда ўзларига бўлган ишончни ошириш мақсадида тренинг ўтказди.
Виртуал ва юзма-оз ташкил этилган дарсларда иштирокчилар тажрибали мутахассислар, маҳаллий мураббийлар ва АҚШ алмашинув дастурлари битирувчиларидан бизнесга оид асосий кўникмаларни ўргандилар.
“Tech4Impact” АҚШда малака ошириб қайтган тадбиркор бошқараётган ННТдир. Нодавлат ташкилот академия фаолиятини АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси халқ дипломатияси бўлими номидан амалга оширди. “Tech4Impact” бу борада Аризона давлат университети қошидаги “Thunderbird” глобал бошқарув мактаби ҳамда “Freeport-McMoRan” мис қазиб чиқарувчи компания ҳамкорлиги натижасида ишлаб чиқилган “DreamBuilder” платформасидан фойдаланди.
AWE АҚШ ва Ўзбекистон ҳукуматларининг жамиятнинг барча соҳаларида аёллар ролини оширишга қаратилган гендер тенглиги борасидаги саъй-ҳаракатларига мос келади.
Тадбиркор аёллар академияси – АҚШ Давлат департаментининг хотин-қизларга муваффақиятли бизнесни йўлга қўйиш ва кенгайтириш учун зарур бўлган билим, алоқа тармоғи ва тегишли ресурслардан фойдаланиш имконини берувчи дастурдир. Маҳаллий даражада AWE давлат ва хусусий сектордаги ҳомийлар, турли ҳамкорлар ва алмашинув дастурлари битирувчилари кучидан хотин-қизлар ва уларнинг бизнесларини ривожлантириш мақсадида фойдаланади, бу эса 80 дан ортиқ мамлакатдаги жамоаларда фаровон турмушга туртки беради.
2019 йили тузилган “Tech4Impact”нинг асосий фаолияти Ўзбекистон ва Марказий Осиёда инновациялар, ахборот технологиялари, стартаплар, инсон капитали, яшил технологиялар, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган.
Мавзуга доир мақолалар:
АҚШ элчиси Самарқандда тадбиркор аёллар фаолияти билан танишди. 03.02.2023
Ўзбекистонлик ҳунарманд аёллар учун бизнес ғоялар танлови эълон қилинди. 15.01.2022