Бугун, 21 февраль куни Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига роппа-роса 30 йил тўлди. Шу муносабат билан мамлакатимиз ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Малайзия ташқи ишлар вазири Сайфуддин Абдуллоҳга табрик йўллади.
Қутлов мактубида сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни фаоллаштириш учун мустаҳкам пойдевор яратилгани, томонлар халқаро ташкилотлар доирасида яқин ва конструктив ҳамкорликни йўлга қўйгани таъкидланади, деб хабар беради ТИВ матбуот хизмати.
Мактубда Тошкент ва Куала-Лумпур ўртасидаги робиталарни янада мустаҳкамлаш ва чуқурлаштиришга ишонч билдирилган.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган БМТ Бош ассамблеясининг “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюциясини Малайзия қўллаб-қувватлаган ва унинг ҳаммуаллифларидан бири бўлган.
Малайзия Ўзбекистон мустақиллигини 1992 йил 1 январда тан олган. 1992 йил 21 февраль куни ўзаро дипломатик алоқалар ўрнатилган.
Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 1992 йил ва Малайзия бош вазири Маҳатҳир Муҳаммаднинг 1993 йилги расмий ташрифларида дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг тамал тоши қўйилган. 2003 йилда юртимизга Малайзия подшоҳи Туанку Сайед Сиражуддин Сайед Жамалуллайл ташриф буюрган.
Шунингдек, 2005 йил октябрь ойида Ўзбекистон Президентининг Малайзияга, 2008 йил ноябрда Малайзия бош вазири Аҳмад Бадавийнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи амалга оширилган.
2020 йил февраль ойида Малайзия парламентида Малайзия–Ўзбекистон дўстлик гуруҳи ташкил этилган. 2020 йил май ойида эса Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон–Малайзия парламентлараро дўстлик гуруҳи фаолият бошлаган.
Ўзаро муносабатларни жадаллаштиришда икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ўтказиладиган сиёсий маслаҳатлашувлар муҳим аҳамият касб этади.
Савдо-иқтисодий ришталар ҳам тобора мустаҳкамланмоқда. Ҳозирги кунда мамлакатимизда Малайзия инвестицияси иштирокида 16 та корхона фаолият юритмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Малайзия техник ҳамкорлик дастури (МTCP) доирасида ташкил этилаётган қисқа муддатли ўқув курсларида ҳам мамлакатимиз вазирлик ва ташкилотлари вакиллари доимий тарзда иштирок этиб келмоқда. 2020 йил сентябрь ойига қадар Ўзбекистондан 630 дан зиёд вакил МTCP семинарларида таълим олган.
Шу мавзудаги мақола:
Тошкентда “Малайзия куни” қандай ўтди? 15.12.2021