Маматқул Ҳазратқулов. Бир тилим қовун (ҳикоя)

«Олтмиш йиллик командировка» туркумидан

Бўриев чўчиб уйғонди.
Онаси тушига кирибди. Оппоқ рўмол ўраган. Йўлдошга қараб турганмиш. Унинг кайфияти яхшилигини ҳам, ёмонлигини ҳам билиб бўлмасмиш. Қарашлари жиддий, қатъий. Йўлдош ҳайрон бўпти: Энам нега бундай қараяпти менга? Гапирмоқчи бўптию гапиролмас эмиш.
Онаси жиддий аёл эди. Бўлар-бўлмасга ҳиринглайвермас, шундайларни хуш кўрмасди. Бу борада болаларига ҳам қаттиққўл эди. Биронтаси ортиқча кулаверса: “Мунча тиржаясан”, деб жеркиб берарди. Шу боис болалари унинг олдида ўзини сипо тутарди. Ҳозир ҳам шундай ҳолда эмиш. Бироздан кейин: “Йўлдошжон, болам, яхшимисан?” депти. Йўлдош бироз енгил тортиб, онаси томон бир қадам қўйипти. “Яхшиман, эна, ўзингиз…” Унинг гапини бўлипти онаси: “Анчадан бери кўринмайсан, болаларинг яхшими?” “Яхши, энажон, ўзингиз тузукмисиз?” У яна бир қадам юрди, онаси эса орқага тисарилди. Йўлдош ажабланди: “Нега энам мендан қочяпти?” Аммо буни онасига айтолмади. “Анча қариб қопсан, болам… Кўп ташвиш чекаверма, ўғлим, ҳаммаси қоп кетади…” Шундай дедию кўздан ғойиб бўлди онаси. “Энажон!” деб бақирди Йўлдош. Ўзининг овозидан чўчиб уйғониб кетди.
Чалқанча ётганча кўрган туши таъбирини ўйлади. Онаси анча ёш кўринармиш. Рост, онаси вафот этганида Йўлдошнинг ҳозирги ёшидан анча ёш эди-да. Тавба, одам боласи неча ёшда вафот этса, шу ёшида турар эканми… Бўриевни чуқур ўй босди. “Энам нега мендан ўзини олиб қочди? Мендан норозими?..”
У онасининг сўнгги кунларини эслади.
Бунга кўп йиллар бўлди.
Йўлдош илмий-текшириш институтида кичик илмий ходим бўлиб ишларди. У вақтларда телефон анқонинг уруғи эди. Бутун институт бўйича директор хонасида телефон бўларди. Ходимлар бирон жойга қўнғироқ қилиш учун директорнинг қабулхонасига борарди. Котибанинг кайфияти яхши бўлса-ку хўп-хўп, феъли айниб турган бўлса (бундай ҳол тез-тез бўлиб турарди), қабулхонага кирган одамга заҳрини сочарди: “Телефонни кўп банд қилманг, директорга қўнғироқ бўлиши керак!”. Ходим ийманибгина “мен институт иши бўйича қўнғироқ қиламан”, деса “барибир” деб жеркир эди. Ходимлардан биронтасига қўнғироқ бўлса, айниқса уйидан, котибанинг тепа сочи тикка бўлиб кетар, “Нима, мен сизларнинг дастёрингизманми, уйингиздагиларга айтиб қўйинглар, бу ер телефон станцияси эмас, илмий-текшириш институти”, деб охирги сўзларни алоҳида таъкидларди. Буни Йўлдошнинг хотини ҳам биларди, шунинг учун деярли қўнғироқ қилмасди.
Йўлдошнинг акаси унинг уйига қўнғироқ қилди. Қисқа салом-аликдан кейин: “Келин, Йўлдошга айтинг, энамнинг мазаси йўқ… Бир ҳафтача бўлди, ётипти… Бир кесин, келинглар”, деди. Охирида қўшиб қўйди: “Иложи борича тезроқ”.
Бу гапдан келиннинг юраги шувиллаб кетди. “Акам, нега бундай дедилар? Ойимнинг аҳволлари оғирми дейман-да. Ойим олдинлари бетоб бўлганларида телефон қилишарди. Лекин гапни қисқа қилиб, тезроқ келинглар демасди. Унинг устига акамнинг овози ғалати, жуда тушкун”. Шуларни ўйлаб Йўлдошнинг ишхонасига қўнғироқ қилишга мажбур бўлди. Юраги безиллаб гўшакни кўтарди. Номер терар экан, ўйларди: “Ишқилиб котибанинг кайфияти яхши бўлсин-да, чақириб берсин-да… Қишлоқдан телефон қилишганини айтсам тушунар…” Бу орада гўшакдан “эшитаман” деган совуқ овоз келди. “Ассалому алайкум, опажон. Минг бор узр, опажон, сизни безовта қилишга мажбур бўлдим. Мен Бўриевнинг аёлиман. Ҳозиргина қишлоқдан телефон бўлди, Йўлдош акамнинг оналари бетоб эканлар…” Котиба унинг гапини бўлди: “Шуни ҳозир телефон қилиб айтиш шартми?” “Опажон, тезроқ етиб келинглар, дейишди…” Яна котибанинг ҳиссиз овози келиннинг гапини бўлди: “Ўлиптими?” Унинг бу қадар совуқ, қўпол гапидан келиннинг жаҳли чиқиб, боши қизиб кетди. Бироқ ўзини босди. Иложи борича вазминлик билан гапиришга ҳаракат қилди. Биладики, сал ортиқча ёки ножўя гапирса, шарақ эткизиб гўшакни қўйиб қўяди. “Йўғ-э, унақа деманг, опажон… Аҳволлари оғир эмиш…” Гўшакдан оғринган “уфф” деган овоз эшитилди: “Бўпти, кўп дийдиё қилаверманг, ҳозир қарайман”. “Хайрият-эй”. Бироздан кейин гўшакдан Йўлдошнинг овози эшитилди. Келин воқеани қисқача тез-тез айтди. “Бўпти, сиз тайёргарлик кўраверинг, мен ҳозир бораман”, деди Йўлдош.
Бўриевнинг бахтига директор жойида экан, котибанинг рухсати билан унинг олдига кирди. Вазиятни тушунтирди. Директор жуда маданиятли, одамохун, ходимларга меҳрибон киши эди (Ходимлар директордан кўра котибадан кўпроқ безилларди). Йўлдошнинг аҳволини тушунди.
– Ҳеч нарсани ўйламанг, ука, – деди директор. – Тезда боринг қишлоққа. Онангиз бетоб ётсаю сиз бу ерда тарих титкилаб ўтирсангиз… Бу ҳеч бир рисолага тўғри келмайди. Ота-онага қараш фарзанднинг бурчи… Боринг, онангизга қаранг, дўхтирларга кўрсатинг… Иш қолиб кетмайди… Тарихни уч-тўрт кун кейинроқ тадқиқ қилсак ҳеч нарса қилмас. – Жилмайиб Йўлдошга қўл узатди. – Яхши бориб келинг, онангизга шифо берсин…
Бўриев хотини билан қош қорайганда ­қишлоққа кириб келди.
Онаси мана шу уйда, мана шу жойда ётган экан. Унча-мунча дардга бўй бермайдиган аёлнинг ранги-рўйи бир ҳол эди. Онасининг аҳволини кўриб Йўлдошнинг бутун вужуди титраб кетди, йиғидан базўр тутди ўзини. Онасининг ёнига чўккалади, юзини юзига қўйди.
– Яхшимисиз, энажон, – деди лаблари пирпираб. – Нима бўлди сизга?
Йўлдошни кўриб, онасининг руҳи тетиклашгандай бўлди, ҳатто бироз жилмайди.
– Келдингми, улим… – Овози хаста чиқди. – Ўзинг яхшимисан, болаларинг, келин яхшими…
– Ҳаммаси яхши… Мана келинингиз.
Келин қайнонасига салом бериб, кўришди.
– Невараларимни опкемадингизми, ­келинжон?
Онанинг бу саволига на Йўлдош, на хотини нима деб жавоб беришни билмай талмовсиради.
– Биз шошиб жўнадик, – деди ниҳоят Йўлдош. – Узоқ йўлга кичкина болаларни етаклаб юрмай қўя қолайлик, дедик.
Она бир ўғлига, бир келинига қаради.
– Ҳа, тўғри, узоқнинг шуниси ёмон-да… Невараларимни охирги марта бир кўрсам, деган эдим-да, – деди маҳзун оҳангда. Унинг кўзларида ёш йилтиради.
Йўлдошнинг ҳам, хотинининг ҳам ҳалқумига бир нарса тиқилди. Онасига қараб ўтирган опаси гапга аралашди.
– Ундай деманг, энажон, Худо хоҳласа, тузалиб кетасиз… Невараларингизнинг тўйларини кўрасиз.
Она синиқ жилмайди. Бу билан менинг аҳволимни сен қаёқдан биласан, демоқчи бўлди шекилли.
– Опам тўғри айтаяпти, эна, – деди Йўлдош ўзини бироз босиб олиб. – Ҳеч нарса кўрмагандай бўлиб кетасиз ҳали… Ўзим Тошкентга олиб бориб зўр дўхтирларга кўрсатаман.
– Майли, – деди секин ва ҳамма нарсадан ҳафсаласи пир бўлган каби қўлини силтаб қўйди.
Йўлдош айвонга чиқиб акаси билан ­гаплашди.
– Ўн кундан ошди ётиб қолганига. Мулла Рустам бова уч-тўрт марта ўқиди. Дўхтирга кўрсатдик. Микроинсульт бўлган, қимирлатманглар, деб тайинлаб кетди. Қиш­лоқдаги касалхонадан ҳамшира келиб укол қилиб турипти. – Акаси чуқур уҳ тортди. – Ўнгланиш сезилмаяпти… Шаҳарга олиб боришга энам ўзи кўнмаяпти, бир томондан қимирлатишга қўрқамиз.
Ака-ука жим қолди. Йўлдош ҳам бирон нима дейишга ожиз эди.
Бугун у, эрта бу деб, бир ҳафта ўтди. Йўлдошнинг ичига чироқ ёқса ёришмайди. Бу ёқда онаси бу аҳволда, у ёқда болалардан бирининг ўқиши, бирининг боғчаси. Ким эплайди уларни. Кекса қайнонаси овқатини пишириб берсаям катта гап. Ишхонасида-ку директор рухсат берди, лекин шунча чўзилиб кетса, нима деркин…
Акаси, опалари билан кенгашиб, хотинини уйига жўнатадиган бўлди. Болаларга қарасин, унинг устига уй ёлғиз.
– Яхши ўйлабсилар, улим, – деди онаси. – Бу ерда ўтиравергандан нима наф. Мени аҳволим шу. Неча кунлигим қолди – Яратган эгам билади… Орқамда қолинглар… Худди отангдай мениям тепиб-тепкилаб кўмиб қў­йинглар… Сенам боравер, Йўлдош, ишингдан қолма. Уйинг ёлғиз…
Йўлдошнинг кўзига ғилт-ғилт ёш келди. Эҳ, онаизор-а, шу аҳволдаям бизни ўйлайди-я. Бизни, хусусан, мени катта қилиб нима роҳат кўрди энам шўрлик. Мен нима каромат кўрсатиб қўйдим энамга? Отам-ку ёшлигимда вафот этдилар. Энамга ҳам ёлчитиб хизмат қила олмаяпман.
Онасига узоқ термулди. Онаизор кўзини юмиб ётарди. Йўлдошнинг назарида онаси кўзи юмуқ бўлса-да, ҳамма нарсани кўриб турарди.
– Эна, – деди Йўлдош ниҳоят, – мен келинингизни жўнатиб келай.
Онаси кўзини очмаган кўйи секин пичирлади:
– Боравер, улим… Ўзинг ҳам кетавер… Менга бирон нарса бўлса, акаларинг хабар беришади.
Йўлдош индамади. Рўмолчаси билан намли кўзини артиб, айвонга чиқди. Келин айвонда Йўлдошни кутар эди.
– Кетдикми, – деди хотини. – Сиз нима қиладиган бўлдингиз?
– Мен бироз бўлиб турай, шаҳардаги таниш-билишлардан тузукроқ дўхтир суриштириб кўрай-чи, – деди. – Юринг, сизни кузатиб қўяман.
Хотинини автобусда кузатиб қўйди-да, вилоят шифохонасида ишлайдиган мактабдоши олдига борди. Унинг ёрдамида бир профессорга учради, онасининг аҳволини тушунтирди. Профессор эртага боришга ваъда берди. Бундан Йўлдошнинг кўнгли бироз ёришди.
Эртаси куни амакисининг машинасида профессорни олиб келди. Профессор билан шогирди – ёшгина жувон бирга келди. Унинг қўлида кичикроқ чамадонга ўхшаш нарса бор эди.
– Бу портатив электрокардиограмма, – деди профессор. – Беморнинг юрагини кардиограмма қилишимиз керак.
Кардиограмма қилди, қон босимини ўлчади. Сўнг касал бўлиш тафсилотини сўради. Акаси, опаси қачон, нима бўлганини батафсил гапириб берди. Онаси ҳар замон уларга қараб-қараб қўядию индамайди.
Профессор шогирдига қайси дорилардан укол қилишини буюрди-да, ўзи айвонга йўл олди. Йўлдош билан акаси унга эргашди.
– Онангизнинг аҳволини яхши дея олмайман, – деди профессор. – Аммо ваҳимага ўрин йўқ. Шаҳарга олиб борса, касалхонага ётқизилса яхши бўларди, албатта. Лекин ҳозир бу аҳволда узоқ йўлга мошинада юриши хавфли, қийналади. – Оқибати ёмон бўлиши мумкин дейишга тили бормади. – Шунинг учун ҳозирча шу ерда яхши қараш лозим. Мен керакли дорию муолажаларни ёзиб бераман. Шуларни, албатта, қилинглар, дориларни топиб келинглар. Сал ўзига келса, ке­йин шаҳарга олиб борсангиз бўлади. Оллоҳ шифо берсин.
– Раҳмат, домла, – деди Йўлдош. – Айтганларингизни, албатта, қиламиз.
– Онангиз иродали аёл экани кўриниб турибди. Бунақа одамлар дардга чидамли бўлади. Худо хоҳласа, тузалиб кетади.
– Айтганингиз келсин. Яхши тилакларингиз учун раҳмат сизга, домла, – деди акаси.
…Профессорнинг айтганларини қилишди. Бир ҳафталардан кейин онаси бироз ўнг­лангандай туюлди. Ҳамма суюнди. Аммо онасининг чиройи очилмасди. Бир қўлини опаси, бир қўлини Йўлдош силаб-уқалаб ўтирар экан, онасининг кўнглини кўтармоқ учун Йўлдош ҳазиллашди.
– Нимага пакарсиз, эна. Мана, анча яхши бўп қолдингиз. Худо хоҳласа, ҳа демай тузалиб, ҳеч нарса кўрмагандай бўлиб кетасиз. Кейин Тошкентга олиб кетаман.
Онаизорнинг сўлғин лабларига енгил кулги югурди.
– Э, болам, қилган дориларинг, уколларинг бари бекор… Худойимнинг ўлчаб берган ризқи, санаб берган куни бор. Шулар тамом бўлгандан кейин… – Бир зум кўзини юмиб жим қолди. – Отанг тушимга кирди бу кеча… Чақиряпти…
– Қўйинг, эна, шунақа гапларни. Тушга нималар кирмайди, дейсиз.
…Бўриев телефонидаги соатга қаради: Тўртдан ошибди. Кўзи числога тушди. “Ие, бугун учинчи октябрми? Демак, эртага энам вафот этган кун… Бекорга тушимга кирмабди-да. Ўйланиб қолди… Балки эртага бир қўй сўйиб, қишлоқ оқсоқолларини чақириб, Қуръон ўқитиб юбориш керакмикан…”
Ҳали барвақт экан деган хаёл билан ёстиққа ёнбошлади. “Балки яна бирор соат ухларман”. Йўқ, бир соат эмас, бир дақиқа ҳам ухлаёлмади, умуман кўзи илинмади. Кўз ўнгидан касал ётган онаси кетмади.
…Йўлдошнинг қишлоққа келганига икки ҳафтадан ошди. Онаси уч-тўрт кун ўзига келади-да, яна оғирлашади. Опалари навбатма-навбат қарайди. Нима қилишни билмай боши қотган Йўлдошнинг. Акаси ҳам бир нарса деёлмайди. У ёқда ишини ўйлайди. Шаҳарга бориб ишхонасига қўнғироқ қилди. Директорига аҳволни тушунтирди. “Ҳеч нарсани ўйламанг, Йўлдош. Онангизга қаранг… Шифосини берсин”, деди директори. Бироз кўнгли таскин топди.
Онаси сал ўзига келганда Йўлдошни қистайди:
– Йўлдош, улим, бу ерда ўтириб нима қиласан, бор уйингга, келин, болаларинг ёлғиз. У ёқда ишинг қоп кетди, хўжайинларингдан гап эшитиб юрмагин.
Йўлдошнинг кўнгли бўлмади. Онасини шу аҳволида ташлаб, қаёққа боради? Иш сиғадими кўнглига. Хотини билан гаплашди, болалари тинч, бири боғчага, бошқаси мактабга қатнамоқда. Онасига бирон-бир ёрдам беролмаётганидан, дардини бироз бўлса-да, енгиллата олмаётганидан эзилади. Ҳалиги профессорга яна учрашди. У ҳам тайинли бир гап айтмади. Шаҳарга олиб боришга чўчийди, унинг устига онаси кўнмайди. Бир куни шу ҳақда гап очган эди, онаси рози бўлмади.
– Қўй, болам, аҳволим ўзимга аён… Фалончи момо касалхонада ўлиб қопти, деган гап яхши эмас… У ерда ўлганларни қорнини ёраймишми-эй… Қўй, улим, ўлигимни у ёқдан бу ёққа судраб юрасиларми… Шу ерда, ўз уйимда тинчгина Эгамга омонатини топширай, болам.
…Бир куни чошгоҳларда онаси анча тетик кўринди, ҳатто бир-икки ҳазил-ҳузул ҳам қилди. Йўлдошга юзланди:
– Бир тилимгина қовун топилармикан, болам, – деди. – Қовун егим кеп кетди шу топда.
Бу гапдан опаси ҳам, Йўлдош ҳам суюнди. Онасида иштаҳа пайдо бўлаётгандай туюлди. Чунки касал бўлганидан бери (бир ойдан ошди) тайинли овқат егани йўқ.
– Албатта, топилади, энажон, – деди Йўлдош. – Ҳозир олиб келаман.
Ҳовли ишлари билан куймаланиб юрган акасининг олдига борди. Онасининг гапини айтди.
– Қаерда қовун сотади, ака?
– Гузарда сотарди, лекин анчадан бери кўринмайди… Октябрда қовун-тарвуз кам бўлади-да бу ерларда. Шаҳарда бўлса керак, – деди акаси.
– Бўлмаса мен шаҳарга бориб келай, ака.
– Машина йўқ-ку…
– Йўлга чиқсам йўловчи машина топилар, нима бўлсаям битта қовун топиб келмасам бўлмайди. Озиб-ёзиб бир нарса сўрадилар, шуни топиб бермасак… Кейин армонда қоламиз, ака.
Йўлдош шундай деб йўлга тушди. Катта йўлда бир машина билан гаплашиб, шаҳардан иккита қовун олиб келди. Қовуннинг биттасини сўйиб, чинни лаганга чиройли қилиб терди. Хурсанд бўлиб онасининг олдига кўтариб кирди.
– Энажон, мана қовун. Олинг, жуда ширин экан, олинг енг.
Йўлдош онасининг елкасидан кўтарди, опаси орқасига иккита ёстиқ қўйди. Йўлдош лаганни яқин олиб борди. Онаизор деярли қоқ суяк бўлиб қолган, томирлари бўртиб турган қўллари билан бир бўлак қовунни олди. Икки марта майда-майда тишлади. Қолганини лаганга ташлаб, бошини ёстиққа қўйди. Кўзини юмиб, ширин тамшанди.
– Раҳмат, болам, – деди ўша алпозда. – Умрингдан барака топ.
– Яна енг, эна, – деди опаси.
Қўли билан йўқ ишорасини қилди-да, жим ётди. Йўлдош лаганни бир чеккага қўйди. Балки бироздан кейин яна сўраб қолар. Аммо бошқа сўрамади. Йўлдош ҳам, опаси ҳам бутун вужуди билан онасига термулган. У овозини чиқармай, нималар деб пичирларди. Сўнгра жуда хаста овозда деди:
– Йўлдош… акангни, опаларингни чақир.
Йўлдошнинг юраги шувиллаб кетди.
Айвонга чиқиб акасини чақирди. Қолганларга одам жўнатди. Бир зумда ҳамма жам бўлди. Уларнинг бири қўйиб, бири онасидан аҳвол сўрарди. Она бечора жим, кўзларини юмиб олган. Акаси жим бўлинглар, шовқин қилманглар ишорасини қилди. Опаси устига эгилиб олганларни орқага тортди. Оғир сукунат чўкди. Бу сукунат бир дақиқа, балки кўпроқ давом этгандир, аммо Йўлдошга бир соатдай, бир кундай узоқ туюлди. Бу оғир сукунатни онасининг ҳазин овози бузди.
– Болаларим… мен ҳаммангиздан розиман… Силарам мендан рози бўлинглар…
Онаизорнинг сўнгги сўзлари шу бўлди.
Ака-укалар, опа-сингиллар баб-баравар “Энажон!” деб ўкирди. Аммо бу ўкирикни онаизор эшитмади…
…Нонушта пайти Тўрақул амакисига разм солди. Унинг кайфияти йўқ. Ҳар куни чой маҳали Тўрақулнинг болаларига ҳазил-ҳузул қиларди. Бугун жим. Индамай чой ичди.
– Ака, яхши ётиб турдингизми?.. Уйқунгиз яхши бўлмадими? – деди Тўрақул.
Бўриев бир нуқтадан кўз узмай ўтирарди.
– Яхши, – деди. – Тўрақул, қўй сотадиган одам борми?
Бу гапдан Тўрақул ҳайрон бўлди.
– Тинчликми, ака?
– Тинчлик, тинчлик… Эртага катта энанг вафот этган кун… Шунга бир қўй сўйиб, кичкина худойи қилиб юборсакми, деб ўйловдим. Нима дейсан?
– Майли, – деди Тўрақул.
– Сени, келинни овора қилиб қўймайманми?
– Бу гапларни қўйсангиз-чи, ака.
– Бугун энам тушимга кирди.
Тўрақул амакисининг нега кайфияти йўқлигини энди тушунди.
Худойи ўтгандан кейин Йўлдош Бўриев Тўрақул билан қабристонга борди. Аввал онасининг, кейин отасининг бошига бориб, Қуръон тиловат қилди.
Қабристондан қайтар чоғи, Бўриев ­ўзини анча енгил ҳис этди…

“ЎзАС”дан олинди.