Бугун, 9 февраль куни Тошкентда Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев ҳамда Қозоғистон экология, геология ва табиий ресурслар вазири Сериккали Брекешев учрашди. Бу ҳақда Қозоғистон вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, йиғилишда Сирдарёнинг ўрта ва қуйи оқимида сув ҳолатини яхшилаш бўйича қўшма чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Муҳокамалар натижасида Шардара сув омборига сув оқимини кўпайтириш ва давлатлараро “Дўстлик” канали орқали барқарор сув таъминотини таъминлаш бўйича ҳамкорликда чора-тадбирлар кўришга келишиб олинди.
Учрашувда, шунингдек, икки давлат ҳукуматлари ўртасида трансчегаравий сув объектларини биргаликда бошқариш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги келишувни имзолаш масаласи муҳокама қилинди. Томонлар келишув лойиҳаси тезроқ маъқулланиши мақсадга мувофиқ эканини билдирдилар.
Вазирлар учрашувида икки давлат бош вазирлари даражасида сув муносабатлари соҳасида ҳамкорлик бўйича комиссия тузиш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Қолаверса, машваратда Марказий Осиё сув-энергетика консорциумини ташкил этиш ва ГЭСлар қурилишида иштирок этиш бўйича ўзаро маслаҳатлашиб олди.