Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камолга Евроосиё университети фахрий доктори унвони берилди

Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол таваллудининг 80 йиллиги нишонланди. Шу муносабат билан Озарбойжон Миллий фанлар академияси Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институтида “Жамол Камол ва Озарбойжон адабиёти” мавзусида халқаро анжуман ташкил этилди. Анжуманда нутқ сўзлаган Адабиёт институти директори Иса Ҳабиббейли икки қардош халқ ўртасидаги маданий-адабий алоқалар ривожланиб бораётгани, бунда Жамол Камолнинг хизмати катта эканини қайд этди.

Миллий Мажлис депутати, сиёсий фанлар доктори Ганира Пошоева ҳам ўз чиқишида Жамол Камол Низомий Ганжавий, Муҳаммад Фузулий, Бахтиёр Ваҳобзода каби улуғ озарбойжон шоирлари асарларини таржима қилиб, кўп асрлик адабий алоқаларни янги босқичга олиб чиққанини таъкидлади.

Анжуманда шоир Жамол Камол ижоди ва икки қардош халқ адабий алоқалари мавзусида илмий маърузалар тингланди.

Жамол Камолнинг 80 йиллик юбилейи муносабати билан унга  Боку Евроосиё университети фахрий доктори ва Озарбойжон Ёзувчилар уюшмаси фахрий аъзоси унвони берилди.

Шоирнинг “Олам кирар юрагимга” (1968), “Чўққиларга ёғилди ёғду” (1971), “Тош туғён” (1973), “Ҳасан ва ой” (1974), “Қуёш чашмаси” (1975), “Достонлар” (1978), “Тафаккур” (1979), “Қадаҳ” (1980), “Сувайдо” (1983), “Умидли дунё” (1988) каби шеърий асарлари чоп этилган.

Жамол Камол забардаст таржимон сифатида ҳам баракали ижод қилиб келмоқда. Хусусан, унинг таржимасида Низомий Ганжавийнинг “Сирлар хазинаси” ва “Лайли ва Мажнун” асарлари ўзбек тилида чоп этилди. Айни пайтда ижодкор Низомий Ганжавийнинг “Искандарнома”сини ўзбек тилига ўгирмоқда.

Жамол Камол, шунингдек, озарбойжон шоири Бахтиёр Ваҳобзоданинг Муҳаммад Фузулий ҳақидаги “Шабиҳижрон” достонини, Мавлоно Жалолиддин Румийнинг олти китобдан иборат “Маснавийи маънавий” асарини, Шайх Фаридуддин Атторнинг асарларини, Абдураҳмон Жомийнинг ғазаллар китобини, Шайх Маҳмуд Шабустарийнинг “Гулшани роз” асарини, буюк инглиз драматурги Вильям Шекспирнинг ўндан ортиқ асарларини бевосита инглиз тилидан, Александр Пушкиннинг “Моцарт ва Сальери”, Ян Райниснинг “Олтин тулпор” асарларини рус тилидан таржима қилган.

Жамол Камол шеърлари рус, инглиз, француз, поляк, украин, турк, озарбойжон, тожик ва бошқа кўплаб тилларга таржима қилинган.

Шу мавзудаги мақола:

Ўзбекистон – Озарбойжон: маданий ҳамкорлик истиқболлари. 08.04.2017