Ўзбекистон Жаҳон банки Гуруҳининг тадбиркорлик муҳитини яхшилаш бўйича “Бизнес юритиш-2018” (Doing Business 2018) рейтингида учинчи бор дунёнинг етакчи ўнта давлати қаторидан ўрин олди. Бу ҳақда Жаҳон банкининг юртимиздаги ваколатхонаси матбуот хизмати хабар қилади.
Тошкентда жорий йил 1 ноябрь куни мазкур ҳисоботнинг расмий тақдимоти ўтказилди.
“Мамлакатда ислоҳотларни амалга ошириш мақсадида ҳукумат кўраётган қатъий чора-тадбирларни инобатга олсак, бу йил Ўзбекистон бир қатор ютуқларни қайд этиши мумкин. Жаҳон банки мамлакатда ишбилармонлик ва сармоя муҳитини яхшилаш бўйча ҳукумат саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайди. Ислоҳотлар жараёнида тадбиркорлар қийинчиликларга дуч келаётган жабҳаларга кўпроқ эътибор қаратиш лозим”, – деган Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Лилия Бурунчук тақдимот маросимида.
Жорий йилги мавзуси “Иш ўринларини яратиш учун ислоҳотлар қилиш” бўлган янги ҳисоботда Ўзбекистон ўтган йилги 87-ўриндан 13 поғона юқорилаб, 74-ўринни банд этди.
Рейтинг тузувчилари мамлакат рейтингини яхшилашга хизмат қилувчи бизнес соҳасидаги бешта ислоҳотни қайд этади. Бизнесни рўйхатга олиш, қурилиш учун рухсатнома олиш, миноритар инвесторларни ҳимоя қилиш, солиққа тортиш ва электр таъминоти тизимига уланиш соҳаларидаги ўзгаришларни баҳолайди.
Ҳисоботда келтирилишича, Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини рўйхатга олиш учун янги платформа ишга туширилиши туфайли бизнесни бошлаш осонлашди, бунда жараёнлар 4 тадан 3 тага камайтирилди. Мазкур кўрсаткич бўйича Ўзбекистон глобал рейтингда 11-ўринни эгаллайди.
15 йил муқаддам янги бизнесни рўйхатга олиш 10 та жараён, 28 кун ва аҳоли жон бошига даромаднинг 14 фоизини (у 2220 АҚШ долларига баҳоланади) талаб қилган бўлса, айни пайтда бу кўрсаткич 3 та жараён, 5 кун ва аҳоли жон бошига даромаднинг 3 фоизини ташкил этмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистон рейтингда халқаро савдо индикатори ва қурилишга рухсат олиш мезонларида ортда қолмоқда. Жорий йилдаги рухсат олишни енгиллаштиришга йўналтирилган ислоҳотларга қарамасдан, бу жараён ҳамон 17 та жараён ва 246 кунни талаб қилмоқда.