Таниқли ўзбек шоираси, Ўзбекистон ва Озарбайжон Ёзувчилар уюшмалари аъзоси Хосият Рустамованинг “Find me in hearts” (“Мени юраклардан топ”) деб номланган китоби АҚШдаги “Mundus Atrium Press” нашриётида чоп этилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Нашриёт билан имзоланган шартномага кўра, китоб биринчи босқичда 10 минг нусхада босилиб, сотувга чиқарилди. Уни таниқли инглиз шоири Жон Фарндон ўзбек шоираси Мафтуна Дунё билан ҳамкорликда таржима қилган.
Бу – Х.Рустамованинг инглиз тилида чоп этилган иккинчи катта китобидир. 2020 йилда Буюк Британиянинг “EGG London” нашриётида ҳам унинг шеърий тўплами чоп этилган.
Бир неча халқаро адабий танловлар совриндори бўлган муаллифнинг асарлари ўнлаб хорижий тилларга ўгирилган. Хосият Рустамова қатор мамлакатларнинг нуфузли адабий танловлари ҳайъати аъзоси ҳамдир.