АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда 2021 йил 15 ноябрдан 7 декабргача бошланғич синфларда ўқиш (EGRA) ва математика кўникмаларини баҳолаш (EGMA) бўйича мамлакат бўйлаб тадқиқот олиб боради. USAID ва вазирлик ўртасидаги ушбу ҳамкорлик Ўзбекистонда бундай кўламдаги миллий стандартлаштирилган баҳолашни ўтказиш илк бор амалга оширилаётгани билан диққатга сазовор.
“Биз таълимга сармоя киритишни ҳар бир мамлакат бажара оладиган энг муҳим амал деб ҳисоблаймиз. Ёш авлодга инвестиция киритиш келажакка инвестиция киритиш демакдир. Биз халқ таълими вазирлиги билан биргаликда амалга ошираётган ушбу лойиҳа бутун Ўзбекистон бўйлаб 3- ва 5-синф ўқувчиларининг ўқиш ва математика кўникмаларини баҳолашга ёрдам беради. Баҳолаш ушбу фанлар бўйича ўқув дастурларини такомиллаштириш ва шу фанларни ўқитишга тўғри инвестиция киритиш имконини беради”, – дейди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэл Розенблюм.
Ўзбекистон халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов ҳам ушбу лойиҳа бошланғич синфларда юқори сифатли таълимни таъминлаш йўлида қўйилган муҳим қадам эканини таъкидлаган.
EGRA ва EGMA – умумтаълим мактаблари бошланғич синф ўқувчиларининг саводхонлик ва ҳисоблаш кўникмаларини баҳолашга мўлжалланган илмий асосланган моделларга таянади. EGRA ва EGMA тадқиқоти 937 та давлат умумтаълим мактабидаги 11 минг нафар ўқувчининг ўзбек, рус, қорақалпоқ, қозоқ, тожик, қирғиз ва туркман тиллари, шунингдек, иккинчи тил сифатида ўзбек тилига оид кўникмаларини баҳолайди. Ушбу баҳолаш натижалари бўйича тўпланган аниқ маълумотлар вазирлик ва унинг ҳамкорларига Ўзбекистон ўқувчиларининг таълимда муваффақиятга эришиш, жамиятнинг фаол ҳамда самарадор аъзоси ва ишчи кучига айланиши учун зарур бўлган асосий кўникмалар ҳисобланган ўқиш ва математика бўйича кўникмаларини такомиллаштиршга оид аниқ, асосли қарорлар қабул қилишга ёрдам беради.
Эслатиб ўтамиз, USAID Ўзбекистонга иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, хусусий секторни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш, сув ресурсларини бошқариш, қонун устуворлигини такомиллаштириш, миграция ва одам савдоси билан боғлиқ йўналишларда кўмак кўрсатиб келмоқда.