Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Саудия Арабистонидаги “Abu Sarhad” ҳамкор ширкати билан “Умра-2022” мавсумини амалга ошириш бўйича тузилган шартномага кўра, ҳудудларда пандемиядан олдин навбатда турган фуқаролар рўйхатини шакллантириш, авиақатнов жадвалларини ишлаб чиқиш, қўшимча тўловларни амалга ошириш ва зиёратчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари бошлаб юборилди, деб хабар беради ЎзА.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ахборот хизматига кўра, жорий йил 22 январь куни мамлакатимиздан биринчи рейс Саудия Арабистонигa учишга тайёргарлик кўрмоқда. Шундан сўнг 25, 28 январь кунлари ҳам навбатдаги рейслар амалга оширилади. Келгусида муборак сафарга рейслар сезиларли даражада ошириб борилади.
Жорий йил умра мавсумида биринчи навбатда пандемиядан олдин, яъни 2020 йил февраль ойи охирига қадар умра зиёрати учун тўловларни амалга ошириб, сафарга бора олмаган фуқаролар юборилади.
“Пандемиядан олдин, яъни 2020 йил февраль ойига қадар умра зиёрати учун охирги белгиланган тўловларни амалга оширганлар томонидан қўшимча равишда 4.770.000 сўм маблағ тўланади. Ушбу қўшимча тўловни белгилашда меҳмонхоналарда зиёратчиларнинг хоналарга, автобусларда ўриндиқларга жойлаштиришда оралиқ масофа ҳисобига 50 фоизгача қисқартирилиш, озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқланган ҳолда тарқатиш, ўрнатилган бошқа карантин тартиб-қоидаларини таъминлаш, 15 фоиз Саудия ҚҚС солиғи каби сарф-харажатлар ҳам ҳисобга олинган. Шунингдек, Макка ва Мадина шаҳарларида энг замонавий меҳмонхоналар зиёратчиларга хизмат қилади”, – дейилади Мусулмонлар идораси изоҳида.