Сўнгги йилларда турли сиёсий можаролар туфайли дунё матбуоти эътиборидан тушмай келаётган Украинада яна бир шов-шувли ҳодиса рўй берди. Мамлакат ҳуқуқ идоралари таниқли журналист Георгий Гонгадзенинг қатл этилиши билан боғлиқ жиноий ишнинг бир қисмини якунлади. Деярли саккиз йил давом этган тергов ва суриштирувлардан кейин мамлакат ички ишлар вазирлигининг уч нафар офицери журналист жонига қасд қилишда айбланди ва узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.
«Украина ҳақиқати» интернет сайтининг асосчиси бўлган Георгий Гонгадзе 2000 йилнинг 16 сентябрида изсиз йўқолган эди. Икки ойлик қидирувдан кейин 2 ноябрьда унинг жасади Киев шаҳридан 100 км. масофада жойлашган қишлоқдан топилганди. Журналист боши танасидан жудо қилинган ҳолда кўмиб юборилган эди. Ўша пайтдаёқ ушбу жиноят тасодифий бўлмай, бу журналистнинг касбий фаолияти билан боғлиқ экани тахмин қилинганди. Чунки бунга қадар Г. Гонгадзе Украидаги катта амалдорларни доимий танқид қилиши билан тилга тушган, «Украина ҳақиқати» интернет сайтида эълон қилинаётган коррупция ва порахўрлик тўғрисидаги материаллар ҳам кўпчилик мансабдорларга ёқмаслиги табиий эди.
Маълумки, 2005 йили Украинада «рангли инқилоб»дан кейин ҳокимият тепасига Виктор Юшченко раҳбарлигидаги сиёсий кучлар келди. Собиқ президент Леонид Кучманинг мухолифи бўлган В. Юшченко Гонгадзенинг ўлими бўйича жиноий иш тез муддатда очилишига ваъда берди.
Тергов ва суриштирув натижасида қотиллик мамлакат ички ишлар вазирлиги ташқи кузатув ва разведка департаменти раҳбари Алексей Пукач ва унинг ходимлари Николай Протасов, Валерий Костенко ва Александр Попович томонидан содир этилгани аниқланди.
Маълум бўлишича, собиқ офицерлар журналистни ўлдириш амалиётини олдиндан режалаштирганлар. Ёвуз режа 2000 йилнинг 16 сентябрида амалга оширилган.
Тергов давомида жиноятнинг бевосита ижрочилари бўлган шахслардан фақатгина учтаси – Николай Протасов, Валерий Костенко ва Александр Попович қўлга олинди ва уларга суд ҳукми билан 13, 12 ва 12 йиллик озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Асосий айбдор – ИИВ департамент раҳбари, генерал-лейтетант Алексей Пукач эса қочиб кетишга улгурган.
Айтиш керакки, Георгий Гонгадзенинг ўлими билан боғлиқ суд жараёнининг ўзи уч йилга яқин давом этди. Прокуратура идораси терговни якунлаб, 2005 йилнинг 19 декабрида судга топширган эди. Халқаро ҳамжамият эътиборида бўлган жиноий иш ёпиқ эшиклар ортида, журналистлар иштирокисиз ўтказилди. Суд жараёнининг мутлақо махфий тамғаси остида ўтиши бежиз эмас эди. Бунга қадар Гонгадзенинг ўлимида Украинанинг ИИВ офицерлариданда мартабалироқ амалдорлари қўли борлиги тахмин қилинган эди…
Ўшанда Украина президенти Леонид Кучманинг қўриқлаш хизматида ишлаган маёр Николай Мелниченко томонидан ҳуқуқ идораларига аудиокассета тақдим этилгани катта овозаларга сабаб бўлди. Чунки ушбу ёзувнинг ҳақиқийлиги тасдиқлангудек бўлса, ушбу шов-шувли ишда мамлакат раҳбарининг ҳам қўли бор дейишга асос бўлар эди.
Кассетада гўёки мамлакат президенти Леонид Кучма ва ички ишлар вазири Юрий Кравченко ўртасидаги телефон мулоқоти ёзилганди. Дастлаб Украинанинг собиқ раҳбариники деб тахмин қилинган овоз вазирга қотиллик деталларини айтаётгани эди. Бироқ қайта-қайта экспертизаларда кейин ёзувнинг ҳақиқийлиги тасдиқланмади ва у терговда ҳам далилий ашё сифатида инобатга олинмади.
Кузатувчиларнинг фикрича, гарчи журналистнинг ўлимида айбдор деб топилган уч нафар шахс жазога тортилган бўлсада, ушбу ишни тўла хотима топди деб бўлмайди. Нега деганда, қотилликнинг асосий иштирокчиси ва ижрочиси бўлган генерал Алексей Пукач ҳали ҳам одил судловдан қочиб юрибди. Тахминларга кўра, агар собиқ генерал қўлга олинса, жиноят ортида турган буюртмачилар кимлигини ҳам аниқлаш мумкин.
«Ҳуррият»дан олинди.